язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Нотариат/ Адлия вазирлигининг 5-сон, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 16-қ/қ-сон, Молия вазирлигининг 89-сон "Давлат нотариал идоралари ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 19.06.2017 й. Қарори (АВ томонидан 28.06.2017 й. 2168-2-сон билан рўйхатга олинган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

28.06.2017 й.

N 2168-2

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ

19.06.2017 й.

N 5


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ

МУНОСАБАТЛАРИ

ВАЗИРЛИГИНИНГ

19.06.2017 й.

N 16-қ/қ


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ

19.06.2017 й.

N 89


ҚАРОРИ



Давлат нотариал идоралари ва нотариал

архивлар   фаолиятини   молиялаштириш

тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 июндаги 104-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2010 йил 5 майдаги ПФ-4216-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2010 йил 22 декабрдаги 19, 201 ва 106-сон қарори (рўйхат рақами 2168, 2010 йил 22 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 51-сон, 501-модда) билан тасдиқланган Давлат нотариал идоралари ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Адлия вазири

М. Икрамов

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

А. Абдуҳакимов

Молия вазири

Б. Ходжаев

        





Қарорга

ИЛОВА



Давлат нотариал идоралари ва нотариал

архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби

тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 10-банднинг "б" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) мазкур Низомнинг 1-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар қуйидаги харажатларни қоплаш учун йўналтирилади:

ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устама ўрнатиш, уларни мукофотлаш, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга, иш берувчиларнинг тўловларини ўз ичига олган ҳолда;

коммунал-эксплуатацион ва жорий сақлаш бўйича бошқа хизматлар харажатларини (коммунал хизматлар, алоқа хизмати, бинолар ижараси, канцелярия ва идора анжомларини сотиб олиш, техникани таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш, архивга ишлов бериш ва бошқа харажатларни) қоплашга;".


2. 16, 18 ва 19-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.


3. 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"17. Ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар қуйидаги мезонлардан бири мавжуд бўлган тақдирда ўрнатилади:

а) нотариуслар учун:

нотариус лавозимида бир йилдан кам бўлмаган иш стажи;

юридик фанлар номзоди ёки доктори илмий даражасининг мавжудлиги;

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги;

нотариат институтини такомиллаштириш бўйича таклифлар, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашиши.

б) бошқа ходимлар:

олий маълумотга эгалиги;

нотариал идорада ёки нотариал архивда бир йилдан кам бўлмаган иш стажи.".


4. 20 ва 21-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Нотариус ва унга бириктирилган ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ўрнатишга нотариус томонидан ҳисобот ойи давомида амалга оширилган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундирилган тушумларнинг 40 фоизи ажратилади.

Ажратилган маблағларни нотариус ва унга бириктирилган ходимлар ўртасида тақсимлаш нотариуснинг таклифига асосан амалга оширилади. Маблағларни тақсимлашда ходимнинг нотариал идора вазифа ва функцияларини бажаришга қўшган ҳиссаси, уларнинг меҳнат ва ижро интизомига риоя этганлиги инобатга олинади.

Нотариал архив ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар улар лавозим маошларининг 75 фоизи миқдорида белгиланади.

21. Ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ҳисобот ойи якуни натижаси бўйича ҳудудий адлия органлари раҳбарларининг буйруқлари билан ўрнатилади.".


5. Қуйидаги мазмундаги 21-1-банд билан тўлдирилсин:

"21-1. Ходимнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар қуйидаги ҳолларда ўрнатилмайди:

ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганда (ушбу интизомий жазонинг амал қилиш муддатига);

нотариус томонидан бир ойда амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони муайян ҳудуд бўйича (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) нотариал ҳаракатлар умумий сонининг ҳар бир нотариусга тўғри келадиган ўртача миқдорининг ярмидан кам бўлса - нотариус ва унга бириктирилган ходимларга.".


6. 22-банднинг учинчи хатбошиси "нафақага чиқиш," деган сўзлардан кейин "коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари ҳақида хабар бериш," деган сўзлар билан тўлдирилсин.


7. 24-бандда:

биринчи хатбошидаги "Нотариал идоралар ва нотариал архивлар ходимларини моддий рағбатлантириш" деган сўзлар "Ходимларни мукофотлаш, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

ўзбек тилидаги матннинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"катта нотариусларнинг (нотариусларнинг) таклифлари бўйича - нотариал идораларнинг бошқа ходимларига нисбатан амалга оширилади.".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 598-модда