язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ 1991 йилдан 1997 йилгача солиқ қонунчилигига оид ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Мажбурий ажратмалар ва тўловлар/ Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 740-XII-сон "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 740-XII



ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Давлат божини тўловчилар


Ўзларининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи ва махсус ваколатларга эга бўлган ташкилотларда юридик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни олувчи юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилар деб ҳисобланадилар.



2-модда. Давлат божи ундириладиган объектлар


Давлат божи:

судларга бериладиган даъво аризаларидан, махсус ишлар тўғрисидаги аризалардан (шикоятлардан), маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга доир шикоятлардан, судларнинг қарорлари юзасидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхаларини берганлик учун;

хўжалик судларига берилган даъво аризаларидан, шунингдек хўжалик судларининг қарорларини қайта кўриш тўғрисидаги аризалардан;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалардан, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;

нотариал идоралар ҳамда шаҳар, туман ва қишлоқ бошқарув идоралари томонидан нотариал ҳаракатларни бажарганлик учун, шунингдек ҳужжатларнинг нотариал йўл билан тасдиқланган нусхаларини берганлик учун, қайд этилган идоралар томонидан битим, ариза лойиҳалари тузилганлиги, ҳужжатлар тайёрланганлиги ва улардан кўчирмалар қилинганлиги учун;

фуқаролик ҳолати актларини қайд этганлик учун, шунингдек фуқароларга фуқаролик ҳолати актлари қайд этилганлиги тўғрисидаги такрорий гувоҳномалар берганлик учун ва фуқаролик ҳолати актлари қайд этилган ёзувларга ўзгартишлар, қўшимчалар, тузатишлар киритган ҳамда уларни қайта тиклаган ҳолда гувоҳномалар берганлик учун;

юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун;

чет элдан республикага келиш ва республикадан чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, шунингдек бошқа давлатлардан Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни берганлик, ана шу ҳужжатларга ўзгартишлар киритганлик учун; яшашга доир ҳужжат берганлик ёки унинг муддатини узайтирганлик учун; республика ҳудудига келиш ва республика ҳудудидан чет элга чиқиш ҳуқуқини берадиган чет эл паспортига ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатга виза берганлик учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш тўғрисида бериладиган аризалардан;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турар жойига қайд этганлик учун;

ов қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги рухсатномалар берганлик учун;

чет элдан келган пул жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берганлик учун;

жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар берганлик учун ундирилади;

фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия берганлик учун.


3-модда. Давлат божи ставкалари


Давлат божи ставкаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



4-модда. Давлат божи бўйича имтиёзлар


1. Судларда қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод қилинадилар:

а) даъвогарлар-иш ҳақини ундириб олиш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан;

б) даъвогарлар - муаллифлик ҳуқуқларидан келиб чиқадиган даъволардан, шунингдек янгилик очиш, ихтиро қилиш, рационализаторлик таклифлари ва саноат намуналарига бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги даъволар юзасидан;

в) даъвогарлар - алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

г) даъвогарлар - майиб бўлишдан ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланишлардан, шунингдек боқувчисининг ўлимидан келиб чиққан зарарларни қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

д) даъвогарлар - қонунга зид тарзда маҳкум этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, маъмурий жазо солиш орқали фуқарога етказилган зарарни тўлаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

е) ижтимоий таъминот бўлимлари - зарар етказувчидан регресс даъволар бўйича қуйидагиларни ундириш юзасидан:

- жабрланувчига ёки унинг оила аъзоларига тўланган пенсиялар ва нафақалар суммасини;

- бензинга, автотранспорт воситаларини таъмирлашга, уларга техник хизмат кўрсатишга ва эҳтиёт қисмлар сотиб олишга, ногиронларни автотранспорт воситаларини ҳайдашга ўргатишга кетадиган харажатларнинг суммасини, шунингдек нотўғри тўланган пенсия ва нафақа суммаларини ундириб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

з) даъвогарлар - жиноят туфайли етказилган моддий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

и) шахслар - мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ бўлмаган никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича кассацион шикоятлардан;

к) юридик ва жисмоний шахслар - жиноий ишлар ва алиментларни ундириш тўғрисидаги ишлар билан боғлиқ ҳужжатларни уларга берганлик учун;

л) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг маҳаллий идоралари - кўчиб борувчиларга нисбатан кўчиб бориш жойига бормаганликлари ёки кўчиб борган жойларини ўз ҳолича тарк этганликлари учун, кўчиб бориш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

н) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, унинг идоралари - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилаётган сув тўғрисидаги қонунларни бузиш натижасида давлатга етказилган зарарни қоплаш учун маблағларни давлат фойдасига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

о) шахслар - жиноят туфайли етказилган моддий зарарни ундириб олиш тўғри эканлиги баҳслашилаётган жиноий ишлар юзасидан кассацион шикоятлардан;

п) қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар;

р) даъвогарлар - ўрмон хўжалиги даромадини ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан (шу жумладан, дарахтларни ўсиб турган жойида сотиш тўғрисидаги қоидаларни бузганлиги учун кўрилган зарар ва жарима, шунингдек ўзбошимчалик билан дарахтларни кесганлиги, пичан ўрганлиги ва моллар ўтлатганлиги учун ундириладиган жарималар), жисмоний шахслар мулки бўлган уй-жойларни, дала ҳовлиларни ва бошқа мулкларни маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари фондига бепул олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан, шунингдек жисмоний шахслардан уларга тегишли бўлган тарихий, бадиий ва бошқа жиҳатдан жамият учун аҳамиятга эга бўлган мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги ишлар юзасидан - жисмоний шахслар бу мулкка хўжасизларча муносабатда бўлган ҳолларда;

с) Ўзбекистон Республикаси молия, солиқ, божхона органлари ҳамда монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш органлари - барча ишлар ва ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида ишлар бўйича судга ариза берганлик учун;

т) Ўзбекистон Республикаси давлат суғурта идоралари - мажбурий суғурта қилиш операциялари билан боғлиқ ишлар юзасидан;

у) даъвогар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари - алиментлар ва бошқа тўловлар тўлашдан қочиб юрган шахсларни қидириш учун қилинган харажатларни ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан;

ф) юридик ва жисмоний шахслар - суднинг ишни тўхтатиш ёки уни қараб чиқишни қолдириш тўғрисидаги, қарор ижросини кечиктириш ёки чўзиш, ижро усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги, даъвони қондириш ёки уни бошқасини қондириш билан алмаштириш тўғрисидаги ажримларини бекор қилиш ҳақидаги аризалар, янги очилган ҳолатлар муносабати билан судлов қарорини, ажримни ёки қарорни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризалар, суд томонидан белгиланган жарималарни бекор қилиш ёки камайтириш тўғрисидаги, судлов қарори ижросини ўзгартириш тўғрисидаги, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги аризалар, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар, судларнинг жаримани бекор қилиш ва камайтиришни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоятлар ҳамда суд ажрими устидан бошқа хусусий шикоятлар;

х) прокуратура идоралари - жисмоний ва юридик шахслар фойдасини кўзлаб қилинадиган даъволар юзасидан;

ц) ногиронлар жамоат ташкилотлари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари - ҳамма даъволар юзасидан;

ч) Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги идоралари - балиқчилик ва балиқ захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш муносабати билан балиқ хўжалигига; атроф-муҳитни ифлослантириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида овчилик хўжалигига ва давлат овчилик фондига етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

э) адлия органлари - давлатнинг ва Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг манфаатларини кўзлаб қилинадиган даъволар юзасидан;

ю) истеъмолчилар - ўзларининг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ даъволар юзасидан, шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари - истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) манфаатларини кўзлаб қилинадиган даъволар юзасидан;

я) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва Қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тадбиркорлик субъектлари судга мурожаат қилганлик учун;

я1) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари - мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

я2) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари, шунингдек фуқаролар тузилган шартномаларнинг шартлари аҳолига уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар томонидан бажарилмаганлиги ёки сифатсиз бажарилганлиги оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

я3) туманлар ва шаҳарлар (шаҳар таркибига кирувчи туманлар) ҳокимликлари - коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги, коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ киритилган даъволар юзасидан;

я4) нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда.

2. Қуйидагилар хўжалик судларида кўриладиган ишлар бўйича давлат фойдасига бож тўлашдан озод қилинадилар:

а) ижтимоий таъминот бўлимлари - зарар етказувчидан регресс даъволар бўйича қуйидагиларни ундириш юзасидан:

- жабрланувчига ёки унинг оила аъзоларига тўланган пенсиялар ва нафақалар суммасини;

- бензинга, автомобиллар ва мотоаравачаларни таъмирлашга, уларга техник хизмат кўрсатишга ва эҳтиёт қисмлар сотиб олишга, ногиронларни автотранспорт воситаларини ҳайдашга ўргатишга кетадиган харажатларнинг суммасини;

в) даъвогарлар - ўрмон хўжалиги даромадини ундириш тўғрисидаги ишлардан (шу жумладан, дарахтларни ўсиб турган жойида сотиш тўғрисидаги қоидаларни бузганлиги учун кўрилган зарар ва жарима, шунингдек ўзбошимчалик билан дарахтларни кесганлиги, пичан ўрганлиги ва моллар ўтлатганлиги учун ундириладиган жарималар);

г) Ўзбекистон Республикаси молия, солиқ, божхона органлари ҳамда монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш органлари - барча ишлар ва ҳужжатлар юзасидан, шунингдек алоҳида ишлар бўйича судга ариза берганлик учун;

д) давлат суғурта идораларининг даъвогарлари ва жавобгарлари - мажбурий суғурта қилиш операциялари билан боғлиқ барча ишлар юзасидан;

е) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, унинг идоралари - сув тўғрисидаги қонунларни бузиш натижасида давлатга етказилган зарар ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат фойдасига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

ж) "Ўзстандарт" агентлиги ва унинг идоралари - стандартларни, техник шартларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи ҳамда маҳсулотлар сифати устидан назорат қилувчи идоралар ёки шундай ваколатларга эга бўлган бошқа идоралар жўнатишни ман этган маҳсулотларни етказиб бергани учун, корхоналар ва ташкилотлардан бюджет фойдасига жарималар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

з) Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги идоралари - қуйидаги даъволар: балиқчилик, балиқ захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, шунингдек балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларига ифлосланган оқова сувларни ва бошқа чиқиндиларни ташлаш оқибатида балиқ хўжалигига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар, овчилик хўжалигига ва давлат овчилик фондига етказилган зарарни қоплаш учун ташкилотларга қилинган даъволар, атроф-муҳитни ифлослантириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида давлатга етказилган зарар ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат фойдасига ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

и) прокуратура идоралари - юридик шахслар манфаатини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

к) ногиронлар жамоат ташкилотлари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари - барча даъволар юзасидан;

л) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар - пул маблағлари бўлмаган ва бу нарса банк муассасаси томонидан тасдиқланган тақдирда хўжалик суди ажрими юзасидан.

м) адлия органлари - юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинадиган даъволар юзасидан;

н) Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари - давлат мулкига етказилган зарарни қоплаш учун давлат даромади фойдасига маблағлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

п) Ўзагросуғурта давлат-акциядорлик-суғурта компанияси, унинг дирекцияси ва жойлардаги бўлимлари - қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан банк кредитларини тўламаслик хавфини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, шунингдек фьючерс контрактлар бўйича ишларни амалга ошириш учун олдиндан бериладиган маблағларнинг қайтарилишини суғурта қилиш шартномалари бўйича тўланган суғурта томони учун қишлоқ хўжалик корхоналаридан қарзни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан.

р) аризачи ва жавобгар - қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) ўз устав фондини шакллантирмаган корхоналарни тугатишга доир ишлар юзасидан.

с) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа органларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тадбиркорлик субъектлари судга мурожаат қилганлик учун.

т) қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари - тайёрлов ва хизмат кўрсатув ташкилотлари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан;

у) туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари - қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини кўзлаб киритилган даъволар юзасидан;

ф) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари - мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

х) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари - тузилган шартномаларнинг шартлари аҳолига уй-жой-коммунал хизматлари кўрсатувчи корхоналар томонидан бажарилмаганлиги ёки сифатсиз бажарилганлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

ц) туманлар ва шаҳарлар (шаҳар таркибига кирувчи туманлар) ҳокимликлари - коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги, коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ киритилган даъволар юзасидан;

ч) нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда.

3. Нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи идораларда қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод этиладилар:

а) шахслар - давлат пенсиялари ва нафақаларини олиш учун зарур бўлган, шунингдек васийлик қилиш ва ўғил (қиз) қилиб олиш тўғрисидаги ишлар юзасидан ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;

б) шахслар - мулкларини давлат фойдасига, шунингдек юридик шахслар фойдасига инъом қилиш тўғрисидаги васиятнома ва шартномаларни тасдиқлаганлик учун;

в) солиқ ва молия идоралари - уларга давлатнинг мерос ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар (гувоҳномалар дубликатлари) берганлик учун, шунингдек ана шу гувоҳномаларни (гувоҳномалар дубликатларини) олиш учун керакли ҳамма ҳужжатлар учун;

г) ногиронлар жамоат ташкилотлари, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари - барча нотариал ҳаракатлар юзасидан;

д) юридик ва жисмоний шахслар - уларга мерос ҳуқуқи тўғрисида қуйидаги гувоҳномалар:

Ватанни ҳимоя қилиш чоғида, давлат ёки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бошқа вазифаларни ўтаётганда ёхуд инсон ҳаётини қутқариш, давлат мулкини асраш ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилишда фуқаролик бурчини адо этиш муносабати билан ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулкига мерос ҳуқуқи тўғрисида;

уй-жой (квартира) учун, уй-жой-қурилиш кооперативидаги пай учун мерос ҳуқуқи тўғрисида, агарда улар мерос берувчининг вафот қилиш кунигача бирга яшашган, прописка қилинган бўлса ва мерос берувчининг вафотидан кейин ҳам шу уйда (квартирада) яшаётган бўлишса;

банкларга қўйилган пул жамғармалари тўғрисида, шахсий ва мулкий суғурталар шартномалари бўйича суғурта пуллари тўғрисида, давлат заём облигациялари учун, иш ҳақлари суммалари учун, муаллифлик ҳуқуқи, кашфиёт, ихтиро, рационализаторлик таклифлари ва саноат намуналари учун муаллифлик қалам ҳақи ва мукофот суммалари учун мерос ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганлик учун;

е) шахслар - пенсия ва нафақаларни олиш учун ишонч қоғозини тасдиқлатганликлари учун;

ж) оналар - кўп болалик учун уларга орденлар ва медаллар берилганлиги ҳақидаги ишлар бўйича ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;

з) мактаб-интернатлар - фарзандларининг мактаб-интернатлардаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро кўрсатмаларини амалга оширганлик учун;

и) молия идоралари - фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг махсус мактаблари ва махсус ҳунар-техника билим юртларидаги таъминоти учун ота-оналардан қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро кўрсатмаларини амалга оширганлик учун;

к) ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисадан вафот этиш ва ҳалок бўлиш ҳодисасига корхоналар ва ташкилотлар ҳисобидан суғурта қилинган фуқароларнинг меросхўрлари - суғурта пулига мерос ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномалар берганлик учун;

л) сурункали руҳий касалликка чалинганликлари туфайли қонунларда белгиланган тартибда васийлик ўрнатилган шахслар - мулкка меросхўрлик қилишлари тўғрисида гувоҳномалар олганликлари учун;

м) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг органлари - ходимларни ташкилий йўсинда ишга қабул қилиш тартибида тузиладиган меҳнат шартномаларини тасдиқлаб берганлик учун;

н) Улуғ Ватан уруши ногиронлари, Улуғ Ватан уруши жанггоҳларида яраланган шахслар, Улуғ Ватан уруши жанггоҳларида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган шахсларнинг оила аъзолари, Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ҳамда Ватанни ҳимоя қилишда ва Совет Армиясида ўз хизмат бурчини ўтаётганда яраланган шахслар, Афғонистон Республикасида байналмилалчилик бурчини ўтаган шахслар, 1986-1987 йилларда Чернобиль АЭСнинг заҳарланган минтақаси доирасида фалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар, 1986 йилда Чернобиль АЭСдаги авария муносабати билан заҳарланган минтақадан кўчирилган (шу жумладан, ўз ихтиёри билан чиқиб кетган) шахслар, агар улар вафот этган бўлсалар, уларнинг оила аъзолари - имтиёзлар берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигини тасдиқлаб берганлик учун;

о) муаллифлик ҳуқуқи бўйича агентлик ва унинг идоралари - муаллифлик ҳуқуқи бўйича тўланиши керак бўлган мукофотларнинг ундирилиши ҳақидаги ижро кўрсатмаларини амалга оширганлик учун;

п) шахслар - йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта пулига ҳамда фуқароларга қарашли мол-мулк мажбурий суғуртаси юзасидан суғурта қоплови пулига бўлган мерос ҳуқуқи тўғрисида уларга гувоҳномалар берганлик учун.

р) фермер хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар - уларга фермер хўжалиги мол-мулкига мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун;

с) деҳқон хўжалигида фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар - уларга деҳқон хўжалиги мол-мулкига мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун;

т) хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари - мажбурий бадалларни тўлаш ва коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги ижро хатларини ёзганлик учун.

4. Фуқаролик ҳолатларини қайд этувчи идораларда қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод қилинадилар:

а) халқ таълими идоралари, балоғатга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар - етим болаларни ва ота-оналар ҳомийлигидан маҳрум бўлган болаларни барча болалар интернат муассасаларига ва ўқув юртларига юбориш учун туғилганлик тўғрисида такрорий гувоҳномалар берганлик учун;

б) жисмоний шахслар - туғилиш, ўлим, ўғил (қиз) қилиб олиш ва оталик ўрнатилиши қайд этилганлиги учун, оталик ўрнатилиши, ўғил (қиз) қилиб олиниши ҳолларида, шунингдек фуқаролик ҳолатларини қайд этиш пайтида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисида ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда уларга гувоҳномалар берганлик учун;

в) жисмоний шахслар - белгиланган тартибда дараксиз кетган ёки руҳий касаллиги ё ақли заифлиги туфайли фаолиятга яроқсиз деб топилган шахслар билан ёхуд қилган жиноятлари учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан бўлган никоҳларини бекор қилиш тўғрисида уларга судлов қарори асосида гувоҳномалар берганлик учун;

г) жисмоний шахслар - уларга оқланган қариндошларининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни такроран берганлик ёки илгари берилган гувоҳномаларни алмаштирганлик учун.

д) табиий офатлар натижасида жабрланган жисмоний шахслар - уларга такрорий гувоҳномалар берганлик учун.

5. Ўзбекистон Республикасидан чет элга бориш тўғрисидаги ишларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинадилар:

а) жисмоний шахслар - уларга дипломатик паспортлар берганлик учун;

б) жисмоний шахслар - яқин қариндошлари вафот этганлиги ёки уларнинг қабрларини зиёрат қилиш сабаби билан чет элга бориш учун чет эл паспортлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар берганлик учун. Айтилган имтиёзлар бериладиган фуқаролар қаторига ота-оналар, фарзандлар, эр-хотинлар, туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар киради;

в) 16 ёшга тўлмаган жисмоний шахслар - уларга чет элга бориш учун ҳужжатлар берганлик учун;

г) ажнабий сайёҳлар - чет эл паспортларини рўйхатдан ўтказганлик учун;

д) фуқаролик иши, оилавий ва жиноий иш бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга биноан чет эл судларига фуқаролик ва жиноий ишлар юзасидан томонлар, гувоҳлар ва экспертлар сифатида чақириладиган жисмоний шахслар - чет элга бориш учун уларга ҳужжатлар берганлик учун;

е) ўқишга, стажировкага ёки ишлаб чиқариш практикасини ўтиш учун чет элга борувчи 16 ёшга тўлган ўқувчилар - уларга чет эл паспортлари берганлик учун.

Чет элга чиқишга ҳужжатлар берганлик учун бож тўлашдан озод қилинган шахслар шу ҳужжатларга бирон-бир ўзгартишлар киритилганлиги учун давлат божи тўлашдан ҳам озод қилинадилар.


6. Турар жойга қайд этишда қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод қилинадилар:

а) қарилар ва ногиронлар интернат-уйларида яшовчи қарилар ва ногиронлар;

б) мактаб-интернатлар ва ҳунар-техника билим юртларининг бутунлай давлат таъминотида бўлган ва ётоқхоналарда яшовчи ўқувчилари.


7. Бож тўловчиларнинг айрим гуруҳлари ва тоифаларига давлат божи тўлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган тартибда қўшимча имтиёзлар берилиши мумкин.



5-модда. Давлат божини тўлаш ва уни бюджетга ўтказиш тартиби


Давлат божи нақд пул, бож маркалари билан, шунингдек бож тўловчининг кредит муассасасидаги ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан тўланади.

Мулкий низо бўйича судга, хўжалик судига даъво аризаси берилганда, шунингдек олди-сотди шартномасини, инъом қилишни, мол-мулкни алмаштиришни нотариал йўл билан тасдиқлашда, мерос ҳуқуқини расмийлаштиришда, даъво қиймати, шартнома суммаси ёки мерос миқдори чет эл валютасида белгиланадиган ҳолларда давлат божи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилаб қўядиган тартибда чет эл валютасида ундирилиши мумкин.

Кўрсатилган хизмат учун давлат божи давлат идораси ихтиёрида қолдириладиган қисмини истисно этган ҳолда, бюджетга ўтказилади.

Қолдириладиган қисмининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.



6-модда. Давлат божини қайтариш


Тўланган давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилади:

бож амалдаги қонунларда талаб этилганидан ортиқча миқдорда тўланганда;

аризалар (шикоятлар) қайтариб берилганда ёки уларни қабул қилишдан бош тортилганда, шунингдек нотариал идоралар ёки туман, шаҳар ва қишлоқ бошқарув идоралари нотариал ҳаракатларни бажаришни рад этганда;

судда ёхуд хўжалик судида кўрилмайдиган бўлганлиги туфайли ишнинг кўрилиши тўхтатилганда ёки даъвони кўриб чиқиш бекор қилинганда, шунингдек даъвогар томонидан айнан шу ишлар тоифаси учун низоларни дастлабки тарзда ҳал қилишнинг белгиланган тартиби бузилган бўлса ёхуд даъво салоҳиятсиз шахс томонидан қилинган бўлса;

судлов қарори белгиланган тартибда бекор қилинганда, башарти бунда жавобгардан давлат божи давлат фойдасига ундириб бўлинган бўлса;

балоғатга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинларнинг никоҳи ўзаро розилик асосида бекор қилинганлигини қайд этиш учун бож тўланганда, башарти эр-хотинларнинг ярашиши ёки улардан бирининг судга келмаслиги туфайли никоҳни бекор қилиш содир этилмаган бўлса;

умум фуқаролик чет эл паспортини бериш рад этилганда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган бошқа ҳолларда.



7-модда. Давлат божини ундирувчи идораларнинг масъулияти


Давлат божини ундирувчи муассасаларнинг раҳбарлари божлар тўғри ундирилиши учун, шунингдек улар ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда бюджетга ўтказилиши учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



8-модда. Давлат божи тўғри ундирилиши устидан назорат


Давлат божи тўғри ундирилиши устидан назоратни молия ва давлат солиқ идоралари амалга оширадилар.



9-модда. Ушбу қонунни қўллашга доир йўриқнома


Ушбу қонунни қўллашга доир йўриқномани Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда чиқаради.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов