язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўсимлик дунёсини муҳофазаси қилиш, ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш/ Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида ёнғин хавфсизлиги Қоидалари (ЎзР ВМ 22.11.1999 й. 506-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 22 ноябрдаги

506-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида

ёнғин хавфсизлиги

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар "Ўрмон тўғрисида", "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва республиканинг бошқа меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.


2. Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бажарилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат ёнғин назорати органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўз тасарруфида бўлган давлат ўрмон фонди ҳудудида Қоидаларнинг бажарилиши устидан идоравий назоратни амалга оширади.

3. Мазкур Қоидалар мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, шунингдек жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.



II. ЎРМОНЛАРДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИГА

РИОЯ ҚИЛИНИШИ УЧУН ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


4. Ёнғин хавфи мавсумида, яъни ўрмонда қор қатлами кетган пайтдан бошлаб барқарор ёмғирли куз об-ҳавоси келгунгача ёки қор қатлами пайдо бўлган давргача игнабаргли дарахт кўчатлари ўтқазилган жойларда, эски куюкларда, ўрмоннинг зиён етказилган участкаларида, ўрмоннинг кесилган дарахт қолдиқлари ва тайёрланган ёғоч-тахта қолдирилган дарахт кесилаётган участкаларида, ўтлар қуриган жойларда, шунингдек дарахтлар шох-бутоқлари остида гулхан ёқиш тақиқланади. Қолган жойларда атрофи камида 4 метр кенгликда маъданлаштирилган майдончаларда гулхан ёқишга рухсат этилади. Зарурат тугаши билан гулхан пухталик билан ўчирилган бўлиши керак.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари зарур ҳолларда:

а) ўрмонда белгиланган участкаларда ёки ёнғин хавфи мавсумининг белгиланган даврларида гулхан ёқишни;

б) ўрмонга ёниб турган гугурт, сигарет қолдиқларини ташлашни ва тамаки трубкасидан чўғли кулни қоқишни;

в) ўрмонда ов қилишда тез ёниб кетадиган ёки тутаб ёнадиган материаллардан бўлган тиқинлардан фойдаланишни;

г) мойли ёхуд бензин, керосин ва бошқа ёнувчи моддалар шимдирилган артиш материалларини ўрмонда махсус ушбу мақсадлар учун назарда тутилмаган жойларда қолдиришни;

д) ўрмонда двигатель ишлаб турган пайтда ёнилғи бакларига ёнилғи қуйишни, двигателнинг энергия тизими носоз бўлган машиналардан фойдаланишни, ёнилғи қуйилаётган машиналар ёнида чекиш ёки очиқ оловдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаб қўйиши мумкин.


5. Ўрмон ялангликларида, сайҳонликларда, ўтлоқларда ўтларни ёқиш ҳамда Давлат ўрмон фонди ерларида ҳамда ўрмонларга, ҳимоя ва кўкаламзорлаштириш дарахтзорларига бевосита туташган ер участкаларида анғизларни ёқиш тақиқланади.


6. Юридик ва жисмоний шахслар:

а) ўрмонда йўллар қурилаётганда, газ қувурлари, нефть қувурлари ва маҳсулот қувурлари ётқизилаётганда, электр узатиш, алоқа, радиолаштириш линиялари ва бошқа коммуникациялар ўтказилаётганда қолган ёғоч-тахта ва бошқа тез ёнадиган материалларни ўрмон хўжаликлари томонидан белгиланадиган тартибда ва муддатларда йиғиштириб олишга;

б) ўрмонда ишлар бажарилганда ёнилғи ва мойлаш материалларини тегишли стандартдаги ёпиқ идишларда сақлашга, ёнғин хавфи мавсумида улар сақланадиган жойларни ўсимлик қатламидан, дарахт қолдиқларидан ва бошқа тез ёнадиган материаллардан тозалашга ҳамда камида 1,4 метр кенгликда маъданлаштирилган полоса билан атрофини ўрашга;

в) ўрмонда ишлар бажариладиган ва объектлар жойлашган жойларда ёки маданий-оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нормалар бўйича ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш учун ёнғинга қарши асбоб-ускуналар ва воситаларга эга бўлишга мажбурдирлар. Кўрсатиб ўтилган ўт ўчириш асбоб-ускуналари ва воситаларини дарҳол фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолда сақлашга мажбурдирлар.

Ёнғинларни ўчириш учун ёнғинга қарши асбоб-ускуналар ва воситалар билан таъминлаш нормалари тасдиқланмаган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ишлар бажариладиган ва объектлар жойлашган жойларда дастлабки ўт ўчириш воситалари (сув қуйилган бочкалар, қум солинган қутилар, ўт ўчиргич, болталар, белкураклар, супургилар ва бошқалар)га эга бўлишга мажбурдирлар;

г) ёнғин хавфи мавсумида ўз таркибида ёки ўрмонда ишлар бажарувчи айрим бўлинмаларда, шунингдек ўрмонда жойлашган қўрғонларда ишловчилар ва бошқа фуқаролардан иборат ёнғинга қарши кўнгилли дружиналарни тузишга мажбурдирлар.


7. Ўрмонни маиший ва қурилиш чиқиндилари билан ифлослантириш, уларда ахлат учун ахлатхоналар ташкил этиш тақиқланади.

Аҳоли яшаш пунктларидан ташиб чиқиладиган ахлатлар ўрмон яқинида фақат белгиланган тартибда махсус ажратилган участкаларда қуйидаги шартларга риоя қилинган ҳолда ёндирилиши мумкин:

а) ёндириш учун жойлар игнабаргли ўрмон ёки алоҳида ўсувчи игна баргли дарахтлар ва ёш дарахтлар ёнларидан камида 50 метр, япроқли дарахтлар ва алоҳида ўсувчи япроқли бўлмаган дарахтлар ёнларидан камида 25 метр масофада ажратилиши керак;

б) котлованлар ёки ахлат ёқиш майдончалари атрофидаги ҳудуд қуриб қолган дарахтлар, синиб тушган дарахтлар, кесилган дарахтлар қолдиқларидан ва бошқа тез ёнадиган нарсалардан 15-20 метр радиусда тозаланган ва атрофи 1,4 метр кенгликда, қуруқ тупроқдаги игнабаргли ўрмонга яқин жойлашган участкаларда эса - камида 2,6 метр кенгликда маъданлаштирилган полоса билан ўралган бўлиши керак;

в) ёнғин хавфи мавсуми мобайнида ахлатни ёқиш фақат шамолсиз ёки ёмғирли об-ҳавода махсус ажратилган шахслар кузатуви остида амалга оширилади. Ҳаво қуруқ бўлганда ахлатни ёндиришга йўл қўйилмайди.


8. Ўрмонда ишлар бажарувчи ёки объектларга эга бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари ёнғин хавфи мавсуми бошланиши олдидан, ўрмонда маданий-оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказилиши учун масъул шахслар эса ўрмонга жўнаш олдидан ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ва ўрмон ёнғинлари пайдо бўлишининг олдини олиш тўғрисида, шунингдек уларни ўчириш усуллари тўғрисида ходимлар ёки маданий-оммавий ва бошқа тадбирлар қатнашчиларига махсус дафтарга имзо қўйдирган ҳолда йўриқнома беришга мажбурдирлар.



III. ДАРАХТ КЕСАЁТГАН ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Дарахт кесаётган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шунингдек фуқаролар, кесиш усули ва вақтидан қатъи назар, ёғоч тайёрлаш билан бир вақтда дарахт кесиш жойларини ёғоч қолдиқлардан тозалашга мажбурлар.

Тозалаш усуллари ҳар бир алоҳида ҳолатда дарахт кесиш чипталарида ўрмон хўжаликлари томонидан кўрсатилади.

Дарахт танлаб ва босқичма-босқич кесилганда, шунингдек ёппасига кесилганда ёғоч тайёрловчилар ниҳол ва ёш дарахтларни сақлаб қолишга мажбурдирлар, ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкасини ёғоч қолдиқларидан тозалашда ёндирилмайдиган усуллар қўлланиши керак.

Дарахт кесиш жойларини тозалашда ёғоч тайёрловчилар қуйидаги талабларни бажаришлари шарт:

а) дарахт қиш вақтида кесилганда кесиш жойларини кўкламда яна тозалаш;

б) кесилган дарахт қолдиқларини чиритиш (ёқиш) учун ғарамларга ёки уюмларга тахлаб қўйиш ёки ўрмон ёнидан камида 10 метр масофада ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкаси бўйлаб уларни майдалаб сочиб юбориш;

в) кесиш жойларини кесилган дарахт қолдиқларини ёндириш усули билан тозалашда ёндиришни ёнғин хавфи мавсуми бошлангунга қадар тугаллаш. Ёзги ёғоч тайёрлашдан қолган дарахт қолдиқларини ва кесиш жойларини кўкламда тозалашдан тўпланиб қолган кесилган дарахт қолдиқларини ёнғин хавфи мавсуми тугагандан кейин кузда ёндириш.

Кесилган дарахт қолдиқларини ёндиришда ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкаларидаги мавжуд ниҳоллар, уруғзорлар ва бошқа кесилмаган дарахтларнинг сақлаб қолиниши, шунингдек кесилган дарахт қолдиқларининг тўлиқ ёниб кетиши таъминланиши керак.

Ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкаларида кесилган дарахтлар қолдиқларини ёппа уюми билан ёндириш тақиқланади.


10. Кесилган дарахтлар ёнғин хавфи мавсумида ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкасида қолдирилган тақдирда, улар шох-бутоқлардан тозаланган ва ерга тиғиз қўйилган бўлиши керак.

Ёнғин хавфи мавсумида ўрмоннинг дарахт кесилаётган участкасида қолдирилаётган тайёрланган ёғоч маҳсулотлари штабелланган ёки саржинланган бўлиши керак.


11. Қуруқ тупроқдаги игнабаргли яланглик ўрмонларнинг ёнғин хавфи мавсумида қолдирилган тайёрланган ёғоч маҳсулотлари, шунингдек кесилган дарахт қолдиқлари чиритишга қолдирилган дарахт кесилаётган участкалари камида 1,4 метр кенгликда маъданлаштирилган полоса билан атрофи ўраб чиқилади, уларнинг участкалари 25 гектардан ошмаслиги керак.


12. Тайёрланган ёғочлар фақат очиқ жойларда:

жойлаштириш майдони 8 гектаргача бўлганда япроқли ўрмон четидан - 20 метр, 8 гектар ва ундан ортиқ бўлганда эса - 30 метр;

жойлаштириш майдони 8 гектаргача бўлганда игнабаргли ва аралаш ўрмон четидан - 40 метр, 8 гектар ва ундан ортиқ бўлганда - 60 метр масофада жойлаштирилади.

Жойлаштириш жойлари ва улар атрофидаги кўрсатиб ўтилган ёнғинга қарши масофа тез ёнадиган материаллардан тозаланган бўлиши ва камида 1,4 метр кенгликда маъданлаштирилган полоса билан, қуруқ тупроқлардаги игнабаргли дарахтзорларда эса - бир-биридан 5-10 метр масофада иккита шундай полоса билан атрофи ўралиши керак.



IV. ТАСАРРУФИДА ТЕМИР ЙЎЛЛАР

ВА АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ БЎЛГАН

КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


13. Тасарруфида ўрмон даҳалари орқали ўтадиган фаолият кўрсатаётган темир йўллар ва автомобиль йўллари бўлган корхоналар ва ташкилотлар:

а) темир йўллар ва шоссе йўллар бўйлаб ажратилган полосани шох-шаббалар, ёғоч қолдиқлари ва бошқа тез ёнадиган материаллардан тозаланган ҳолда сақлашга;

б) мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатиб ўтилган полосалар чегараси бўйлаб игнабаргли дарахтзорларда ёнғин хавфи мавсуми мобайнида 1,4 метр кенгликдаги маъданлаштирилган полосани, қуруқ тупроқдаги игнабаргли дарахтзорларда ва кесилган жойларда бир-биридан 5 метр масофада бўлган 2 та шундай полосаларни тозаланган ҳолатда сақлашга;

в) йўллар яқинида жойлашган қуруқ тупроқдаги игнабаргли дарахтзорларда, текис тахланган шпаллар ва қордан ҳимоя қилувчи тўсиқлар, шунингдек ёғоч кўприклар, турғун платформалар, турар жойлар ва йўл назоратчилари будкалари атрофларида ёнғин хавфи мавсуми мобайнида эни камида 1,4 метр бўлган маъданлаштирилган полоса қуриш ва уни тозаланган ҳолатда сақлашга мажбурдирлар..

Темир йўллар ва автомобиль йўллари ўтадиган ўрмон массивларидан фойдаланганда юридик ва жисмоний шахслар мазкур Қоидаларнинг 4 ва 12 -бандларида кўрсатиб ўтилган умумий талабларга риоя қилишлари керак.

Ўрмонда ёнғин пайдо бўлганда дарҳол уни ўчириш чора-тадбирлари ташкил этилади ва кўрилади. Кўрсатиб ўтилган талабларни бузганлик учун юридик ва жисмоний шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрмон хўжалигига етказилган зарар учун маъмурий ёки мулкий жавоб берадилар.



V. НЕФТЬ-ГАЗ ҚИДИРУВ ВА НЕФТЬ-ГАЗ ҚАЗИБ

ОЛУВЧИ КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


14. Нефть-газ қидирув ва нефть-газ қазиб олувчи корхоналар ва ташкилотлар давлат ўрмон фонди ҳудудида ишларни бажаришда:

а) ёнғин хавфи мавсуми мобайнида бурғулаш қудуғи ва бошқа иншоотлар учун ажратилган ҳудудларни ёғоч қолдиқлари ва тез ёнадиган материаллардан тозаланган ҳолда сақлашга, ушбу ҳудудлар чегаралари бўйлаб эни камида 1,4 метр бўлган маъданлаштирилган полоса қуриш ва уни ёнғин хавфи мавсуми мобайнида тозаланган ҳолатда сақлашга;

б) бурғуланаётган ва фойдаланилаётган қудуқлардан 50 метр радиусдаги (нефть ва газ қудуқларидан ёпиқ тизим бўйича фойдаланилганда 25 метр радиусда) майдонни дарахтлар ва буталардан тўлиқ тозалашга;

в) нефть очиқ идишларда ва котлованларда сақланишига, шунингдек ёнувчи моддалар билан ҳудудларнинг ифлосланишига йўл қўймасликка;

г) агар нефть чиқиндилари ёқиш йўли билан йўқ қилинса, нефть чиқиндиларини ёқиб юбориш тартиби ва вақтини ўрмон хўжаликлари билан келишиб олишга мажбурдир.



VI. ТАСАРРУФИДА ЭЛЕКТР УЗАТИШ, АЛОҚА,

РАДИОЛАШТИРИШ ЛИНИЯЛАРИ ВА ҚУВУРЛАР

БЎЛГАН КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


15. Тасарруфида электр узатиш, алоқа, радиолаштириш линиялари ва қувурлар бўлган корхоналар ва ташкилотлар ёнғин хавфи мавсуми мобайнида ушбу линиялар ўтган ўрмон сўқмоқларини хавфсиз ҳолатда сақлашга ва қуруқ жойларда бундай линияларнинг ёғоч мачталари ва симёғочлари атрофини қазиб қўйишга мажбурдирлар.

Тасарруфида қувурлар бўлган корхоналар ва ташкилотлар ёнғин хавфи мавсуми мобайнида ўрмон массиви орқали ўтадиган қувурлар бўйлаб ажратилган полосалар ва қўриқланадиган ҳудудларнинг ёнғинга нисбатан хавфсиз ҳолатини сақлашга ва линия назоратчилари турадиган уй-жойлар атрофида, шунингдек қувурлардаги қудуқлар атрофида эни 2-2,5 метр бўлган маъданлаштирилган полоса қуришга мажбурдирлар.



VII. ЎРМОНЛАРДА ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ОЛИБ

БОРУВЧИ КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


16. Қидирув, геодезия, геология, ўрмон тузиш экспедициялари ва бошқа экспедициялар, партиялар ва отрядлар ишлар бошлангунга қадар ишлар бажариладиган жойни, асосий базаларнинг ўрнашиш жойини, шунингдек ўрмонда юриш йўналишларини ишлар бажариладиган ҳудудлардаги ўрмон хўжаликларида рўйхатдан ўтказишга мажбурдирлар.



VIII. ЎРМОНЛАРДА МАДАНИЙ-ОММАВИЙ

ТАДБИРЛАР ЎТКАЗУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


17. Ўрмонларда маданий-оммавий тадбирлар ўтказувчи сайёҳлик базаларига, болалар соғломлаштириш лагерларига, дам олиш уйларига ва бошқа ташкилотларга ёнғин хавфи мавсумида доимий дам олиш жойларини, сайёҳлар тўхтайдиган жойларни ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларни фақат ўрмон хўжаликлари билан келишган ҳолда ушбу участкаларда ўрмон хўжаликлари кўрсатмаси бўйича гулхан ёқиш ва ахлат тўплаш жойлари жиҳозлангандагина ташкил этишга рухсат этилади.



IX. ЎРМОН ХЎЖАЛИКЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. Ўрмон хўжаликлари:

а) ўрмонда ёнғинга қарши оралиқ жойлар, йўллар, ёнғинга қарши маъданлаштирилган ҳимоя полосалари, зовурлар, сув ҳавзаларини қуришга, ўрмонларни ёғоч қолдиқларидан ва бошқа тез ёнадиган материаллардан тозалашга ва ўрмонларнинг ёнғин хавфсизлигини оширишга йўналтирилган бошқа ўрмон хўжалиги тадбирларини ўтказишга;

б) аҳоли, ўқувчилар, ўрмонда ишлар олиб борувчи ёки объектларга эга бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ходимлари ўртасида олов билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш ва ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш қоидалари бўйича тушунтириш ишларини олиб боришга;

в) кенг фойдаланиладиган ўрмон йўллари бўйлаб ўрмонда олов билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш зарурлиги ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирувчи эълонлар ва плакатларни ўрнатишга;

г) ўрмон йўллари бўйлаб дам олиш ва чекиш учун умумий фойдаланиладиган жойларни жиҳозлашга;

д) ўрмон хўжаликлари ҳудудларида пайдо бўладиган ёнғинларни ўз вақтида аниқлаш ва тугатишни таъминлаш чора-тадбирларини кўришга мажбурдирлар.



X. ЎРМОНЛАРДАГИ ЁНҒИНЛАРНИ ЎЧИРИШ

БЎЙИЧА ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


19. Ўрмонларда ишлар бажарувчи ёки қўрғонлар, йўллар, омборлар, иншоотлар ва бошқа объектларга эга бўлган ўрмон хўжаликлари ва бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ишлаш жойларида, қўрғонлар яқинида, йўллар, омборлар ва бошқа объектларда ўрмонлардаги ёнғинлар пайдо бўлган тақдирда дарҳол ўз кучлари ва воситалари билан ушбу ёнғинларни ўчириш чораларини кўришга ва ёнғин тўғрисида ёнғин муҳофазаси органига ва тегишли ўрмон хўжалигига ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органларига хабар беришга мажбурдирлар.


20. Жисмоний шахслар ўрмонлардаги ёнғинни пайқаганда дарҳол уни ўчириш чораларини кўришга, ўз кучи билан ёнғинни ўчириш иложи бўлмаганда ёнғин муҳофазаси органига, ўрмон хўжалиги ва ички ишлар органлари ходимларига ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органларига хабар беришга мажбурдирлар.

21. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари ёнғинни ўчириш раҳбари, ўрмон хўжаликларининг ўрмонни муҳофаза қилиш ходимлари талабига кўра жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарорларига мувофиқ ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш учун техника воситаларини тезда жўнатишга мажбурдир.


22. Ўрмонлардаги ёнғинларни ўчириш учун жалб қилинадиган жисмоний шахслар туманлар ҳокимликлари қарорларига мувофиқ ушбу ишларни ўрмон хўжаликларининг ўрмонни муҳофаза қилиш ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат ёнғин назорати органлари ва мансабдор шахслари раҳбарлигида бажаради.



XI. ЎРМОНЛАРДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


23. Юқорида санаб ўтилган юридик ва жисмоний шахслар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ўрмондан фойдаланишда ва ўрмонларда ишларни бажаришда мазкур Қоидаларнинг умумий талабларига риоя қилишлари керак.

Ўрмонда ёнғин пайдо бўлиши билан дарҳол ишларни ташкил этишга ва уни ўчириш чораларини кўришга мажбурдирлар.

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар ўрмон хўжалигига етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



XII. ЁНҒИН ЕТКАЗГАН ЗАРАРНИ АНИҚЛАШ


24. Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида ўрмон хўжалигига етказилган зарарни ундириш миқдорини ҳисоблаб чиқариш ва ёнғин пайдо бўлишининг турли сабаблари ва дарахтлар ҳамда бошқа ўсимликларнинг зарарланиш даражасига кўра, дарахтлар қуриши ёки ёғоч нобуд бўлишига оид даъво суммаларининг ҳисоб-китоби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ белгиланади.


XIII. ЁНҒИННИ ЎЧИРИШНИНГ

ДАСТЛАБКИ ВОСИТАЛАРИ


25. Ўрмон хўжалиги юритувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ҳар бир участка (ўрмон участкаси)да ёнғинни ўчиришнинг дастлабки воситаларини сақлаши, зарур бўлганда ўрмонлардаги айрим ёнғинларни бошланғич босқичда ўчиришни мустақил равишда ташкил этишлари керак.

Бунда улар қуйидагиларга эга бўлишлари зарур:

а) миниш ва юк ортиш эгарлари бўлган отлар;

б) кўчма ёнғин мотопомпаси ёки кичик кўчма ўрмон мотопомпалари;

в) ранецли (сафархалтаси) ўрмон ўтўчиргичлари - сув пуркагичлар;

г) бензин билан ишлайдиган арра;

д) ёнғин белкураклари, болталар, мотигалар, хаскашлар;

е) зарур суюқликларни ташиш учун сиғими 20 литрли канистралар;

ж) иш кийимлари ва махсус пойабзал, ичимлик суви учун сиғими 20 литргача бўлган бидонлар ёки канистралар, сув учун кружкалар;

з) биринчи ёрдам кўрсатиш учун тиббий дори қутичалари.

Кўрсатиб ўтилган барча воситалар ёнғин хавфи мавсуми бошланишидан бир ой олдин ўрмонлардаги ёнғинларга қарши кураш ишларига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган бўлиши керак.


26. Участкалар (ўрмон хўжалиги участкалари)да ўт ўчириш анжомлари ва воситаларини сақлаш учун ўрмон участкаси бошлиқлари (ўрмончилар)га бириктирилган бинолар, шунингдек майда таъмирлаш учун асбоб-ускуналар ва анжомлар бўлиши керак.


27. Ўрмон хўжалиги корхоналарининг мансабдор шахслари ёнғин анжомларининг сақланиши ва уларнинг ўрмонлардаги ёнғинларни ўчиришда тўғри ишлатилиши учун тўлиқ жавоб беради.

Анжомлар ишдан чиққанлиги ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги, шунингдек ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги, ушбу сабабларга кўра ўрмонларда ёнғин чиққанлиги учун ўрмон хўжалиги корхоналарининг мансабдор шахслари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавоб берадилар, ёки ўрмон хўжалигига етказилган зарар учун мулкий жавоб берадилар.