язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Давлат кадастрлари/ Давлат кадастрларининг ягона тизими. Ўзгеодезкадастр / Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 529-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

529-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари,

геодезия, картография ва давлат кадастри

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давергеодезкадастр деб аталади) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Давергеодезкадастр ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади.

3. Давергеодезкадастр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади), туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, шунингдек қўмита тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар Давергеодезкадастрнинг ягона тизимини ташкил этади.


5. Давергеодезкадастр ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Давергеодезкадастр ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


7. Давергеодезкадастрнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


8. Давергеодезкадастр юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига, банк, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисоб рақамларига эга бўлади.

9. Давергеодезкадастрнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чўпонота кўчаси, "Ц" мавзеси, 100097.



2-БОБ. ДАВЕРГЕОДЕЗКАДАСТРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Давергеодезкадастрнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография соҳаси фаолияти бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш;

ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича тизимли давлат назоратини, давлат геодезия назоратини қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан уни бузганлик учун айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш орқали амалга ошириш;

ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат ер кадастрини, давлат картография-геодезия кадастрини, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини, ҳудудлар давлат кадастрини, шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш, геодезия маълумотлари ва картография материалларидан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш;

аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда, картографик мониторингни амалга ошириш;

кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини, кўчмас мулк баҳосини бозор қийматида баҳолашга босқичма-босқич ўтиш учун давлат кадастрлари геоахборот тизимларини яратиш ва доимий равишда янгилаб бориш;

соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шу жумладан, давлат хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида фуқароларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш;

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро грантларни жалб этиш;

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари бўйича тизимли равишда кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни таъминлаш.

11. Давергеодезкадастр ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография соҳаси фаолияти бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

ер тузиш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ер фондининг ҳолатини кузатиш, ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш мақсадида ерлар мониторингини амалга оширади;

ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базасини шакллантиради;

қишлоқ хўжалиги ерларининг олиб қўйилиши муносабати билан қишлоқ хўжалиги нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш учун келиб тушадиган маблағларни жамлаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил қилади;

ер ресурсларининг ҳолати тўғрисида ҳар йилги Миллий ҳисоботни тузади;

геодезия ва картография фаолиятини мувофиқлаштиради ва тартибга солади;

давлат картография-геодезия фондини шакллантиради ва юритади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш билан боғлиқ ер тузиш, геодезия, картография, топография, гидрография ва ўз ваколати доирасида бошқа ишларни тизимли асосда ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш масалалари бўйича геодезия маълумотлари, ерни масофадан зондлаш, ер тузиш, топографик, картографик, гидрографик ва бошқа материаллар билан таъминлайди;

геодезия, картография ва кадастр ишларини метрология жиҳатидан таъминлашни ташкил қилади;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказади, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини амалга оширади, географик объектлар номлари давлат реестрини юритади;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва тажриба-технология ишларини бажаради, геодезия ва картография асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил қилади;

жисмоний ва юридик шахсларни белгиланган тартибда геодезия маълумотлари ва картография материаллари билан таъминлайди;


б) ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

давлат бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерлардан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ер тузиш, ердан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш соҳаларида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

тупроқларнинг сифатини баҳолаш мақсадида тупроқ съёмкасини, тупроқларнинг бонитировкасини ўтказади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган табиий яйловларда геоботаник изланишларни амалга оширади;

қишлоқ хўжалик ерларининг меъёрий қийматини аниқлайди;

геодезия ва картография фаолияти лицензияланишини ташкил қилади;

геодезия пунктларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштиришда зичлик меъёрларини ва давлат топография хариталари ҳамда планларини даврий янгилаш меъёрларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геодезия пунктларини ҳисобга олишни ва юритишни ташкил этади;

геодезия, топография ва картография ишларини рўйхатга олишни амалга оширади;

в) ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича тизимли давлат назоратини, давлат геодезия назоратини амалга ошириш соҳасида:

ерга оид муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга йўналтирилган ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат геодезия назоратини амалга оширади;

ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, юридик ва жисмоний шахслар, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилади ва амалга оширади, йўл қўйилган қонун бузилишларини олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди;

фойдаланмаётган ва самарасиз тарзда фойдаланаётган ерларни аниқлаш, уларни ўрнатилган тартибда олиб қўйиш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш, жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ажратиб бериш юзасидан таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ер ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ер муносабатларини тартибга солиш, ер қонунчилигига риоя қилиш, ерлардан самарасиз фойдаланишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли ташкил этади ва амалга оширади;


г) Давлат кадастрлари ягона тизимини, шу жумладан давлат ер кадастрини, давлат картография-геодезия кадастрини, бинолар ва иншоотлар кадастрини, ҳудудлар давлат кадастрини юритиш соҳасида:

давлат кадастрларини юритишни такомиллаштиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини таъминлайди;

давлат ер кадастрини юритади;

бинолар ва иншоотларнинг давлат кадастрини юритади;

давлат картография-геодезия кадастрини юритади;

ҳудудлар давлат кадастрини юритади;

Давлат кадастрлари ягона тизимини юритади;

Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиладиган тармоқ кадастр ахборотларини йиғиш, таҳлил қилиш, туркумлаш, сақлаш ва янгилашни амалга оширади;

жисмоний шахсларнинг эгалигида бўлган бино ва иншоотларнинг инвентаризация қийматини белгилайди;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва кўчмас мулкка доир битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши, бекор бўлиши ва кўчмас мулкка доир бошқа битимлар тўғрисидаги маълумотлар базасини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикасининг туманлар ва шаҳарларнинг ер кадастри навбатчи хариталарини электрон шаклида юритади;

маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш бўйича материалларни тайёрлайди;

ер участкаларни танлаш ва ажратиш бўйича ҳужжатларни тайёрлайди;

ер тузиш ва ерларни инвентаризация қилишни амалга оширади;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;


д) учувчисиз учиш аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилиш, геодезия маълумотлари ва картография материаллардан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш соҳасида:

қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни ташкил этишда иштирок этади;

сунъий йўлдош навигация тизимининг ишлашини таъминлаш учун геодезия маълумотлари, картография материалларини яратади ҳамда янгилаб боради;

учувчисиз учиш қурилмаларининг функционал ва техник имкониятларини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этади ва амалга оширади;

иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз учиш қурилмаларини қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқади;

учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш жараёнида олинган маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш ишларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;

учувчисиз учиш қурилмалари учун конструктив элементлар ишлаб чиқаришни босқичма-босқич маҳаллийлаштиришда ва дастурий таъминотни ишлаб чиқишда иштирок этади;

учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишда энг замонавий технологиялар ва хорижий тажрибанинг жорий этилишини таъминлайди;

учувчисиз учиш қурилмаларини бошқариш соҳасида мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашади;

оперататори бўлмаган учувчисиз учиш қурилмаларини фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсатномасига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларига иқтисодиёт тармоқларидаги бошқа ташкилотлар учун оператор билан ижарага беради;

учувчисиз учиш қурилмаларини таъмирлаш ва техникавий қўллаб-қувватлаш хизматлари кўрсатади;

е) аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картография, тупроқшунослик, геоботаникага оид ва бошқа изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш соҳасида:

картография мониторинги, ерни масофадан зондлашни ва геодинамик тадқиқотларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини масофадан зондлаш, геодезия ва картография ишларини амалга оширишда истиқболли режаларини ишлаб чиқади;

ерни масофадан зондлаш материалларидан фойдаланиш фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда геодезия, картография ва ерни масофадан зондлаш бўйича замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни ташкил этади;

давлат геодезия тармоғини яратади, ривожлантиради ва иш ҳолатида сақлайди;

давлат мақсадидаги ҳамда махсус мақсаддаги график, рақамли, фотосуратли ва бошқа шакллардаги топография хариталари ва планларини яратади, янгилайди ва нашр қилади;

умумгеографик, сиёсий-маъмурий, илмий маълумотнома ва бошқа мавзули хариталарни ҳамда тармоқлараро мақсаддаги атласларни, ўқув картография қўлланмаларини тузади ва нашр қилади;

давлат мақсадидаги ва махсус мақсаддаги геоахборот тизимларини яратади, ривожлантиради ва юритади;

илмий-тадқиқот ва тажриба-технология ишларини бажаради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;


ж) кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини, кўчмас мулк баҳосини бозор қийматида баҳолашга босқичма-босқич ўтиш учун давлат кадастрлари геоахборот тизимларини яратиш ва доимий равишда янгилаб бориш соҳасида:

кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини, кўчмас мулк баҳосини бозор қийматида баҳолашга босқичма-босқич ўтиш учун давлат кадастрлари геоахборот тизимларини яратади ва доимий равишда янгилаб боришни таъминлайди;

давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрининг электрон маълумотлар базасини яратади ва юритади;

манфаатдор вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ўзаро электрон ахборот алмашувини таъминлайди;


з) соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шу жумладан, давлат хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида фуқароларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш соҳасида:

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатади;

фойдаланувчиларни кадастр ахборотлари билан таъминлайди;


и) ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро грантларни жалб этиш соҳасида:

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ишларини ташкил этади, халқаро грантларни жалб этишни таъминлайди;


к) ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари бўйича тизимли равишда кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни таъминлаш соҳасида:

ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастрлари бўйича тизимли равишда, шунингдек масофавий ўқитиш технологияларини қўллаган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишни таъминлайди;

Давергеодезкадастр қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.


12. Давергеодезкадастр ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий бошқармалар ҳамда тизимига кирувчи ташкилотлар орқали бажаради.



3-БОБ. ДАВЕРГЕОДЕЗКАДАСТРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Давергеодезкадастр ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича текширишларни белгиланган тартибда амалга ошириш, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши сабаблари ва оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган, давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

айбдор фуқаролар ва мансабдор шахсларни белгиланган тартибда ваколати доирасида маъмурий жавобгарликка тортиш, ер қонунчилиги бузилиши оқибатида етказилган зарарни ундириш бўйича даъволар тақдим этиш, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритиш;

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тўхтатиш тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;

геодезия ва картография фаолияти субъектлари томонидан геодезия ва картография фаолиятини амалга ошириш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилинишини белгиланган тартибда текшириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгиланиши билан боғлиқ архив материалларини ўрганишда иштирок этиш, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, делимитация ва демаркация бўйича топография-геодезия ва картография ишларини бажариш технологиясини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегара чизиғини жойида текшириш ва аниқлаш;

кадастр маълумотларига мувофиқлигини аниқлаш учун тупроқни текшириш;

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлардан қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун белгиланган тартибда зарур маълумотларни сўраб олиш;

давлат статистика органларидан зарур статистик маълумотларни бепул олиш;

соҳага оид муаммолар бўйича жамоатчилик, маслаҳат, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялар ташкил этиш, йиғилишлар чақириш ҳамда узоқ муддатли дастурларни, ҳудудий комплекс схемаларни, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек бошқа масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этиш;

олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига соҳага оид кадрлар захирасини тайёрлаш учун буюртма ва йўлланмалар бериш;

белгиланган тартибда марказий аппарат ва унинг тизимига кирувчи ҳудудий бошқармалар ҳамда ташкилотларнинг даромадлар ва харажатлар сметаси, штат жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш;

Давергеодезкадастр ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва бошқа рағбатлантиришларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;

Давергеодезкадастр тизими фаолиятига оид ноширлик фаолияти билан шуғулланиш.

Давергеодезкадастр қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Давергеодезкадастр ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақли.

Давергеодезкадастр, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа турдаги ҳужжатларни чиқаришга ҳақли.


15. Давергеодезкадастр ва унинг мансабдор шахслари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. ДАВЕРГЕОДЕЗКАДАСТР ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Давергеодезкадастрга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.

Давергеодезкадастр раисининг Ўзбекистон Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.

Давергеодезкадастр раиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари ҳамда моддий ва ижтимоий таъминоти бўйича вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

Давергеодезкадастр раиси айни бир вақтда ерлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилинишини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг бош давлат инспектори ҳисобланади.


17. Давергеодезкадастр раиси:

Давергеодезкадастр фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат органларида ва бошқа ташкилотларда Давергеодезкадастр номидан вакиллик қилади ёхуд қўмита номидан ишончнома ва (ёки) ваколатлар беради;

белгиланган умумий штатлар сони доирасида Давергеодезкадастрнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларнинг штат жадвалини, шунингдек Давергеодезкадастрнинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизимига кирувчи ташкилотлар харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Давергеодезкадастрга ажратилган молиявий ва моддий маблағларни белгиланган тартибда тасарруф этади;

белгиланган тартибда марказий аппарат ва ҳудудий бошқармалар тузилмаси ва низомларини, шунингдек тизимга кирувчи ташкилотлар уставларини ва тузилмасини тасдиқлайди;

белгиланган тартибда Давергеодезкадастр марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар, тизимга кирувчи ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

Давергеодезкадастр ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раис ўринбосарларининг, қўмитанинг, унинг ҳудудий бошқармалари ва тизимга кирувчи ташкилотларининг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

зарур бўлганда марказий аппаратнинг, ҳудудий бошқармалар ва тизимга кирувчи ташкилотларнинг тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий штатлар сонига мувофиқ ўзгартиришлар киритади;

Давергеодезкадастр, ҳудудий бошқармалар ва тизимга кирувчи ташкилотлар ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Давергеодезкадастр тизимида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади, шунингдек соҳа тармоқларини ривожлантиришда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларга Давергеодезкадастрнинг кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлари ҳамда бошқа рағбатлантиришлар билан тақдирлайди;

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.


18. Давергеодезкадастр раисининг ўринбосарлари:

Давергеодезкадастр назоратидаги бўлинмаларга бевосита раҳбарлик қиладилар ва қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар;

Давергеодезкадастр раиси томонидан ўзларига юкланган бошқа функцияларни амалга оширадилар.

Давергеодезкадастр қўмитаси раисининг Ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бошқармасига мутасаддилик қилувчи ўринбосари айни бир вақтда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспекторининг ўринбосари ҳисобланади.

19. Қуйидагиларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқларини - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Давергеодезкадастр раиси томонидан;

Туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари бошлиқларини - Давергеодезкадастр билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари томонидан;

Давергеодезкадастр тизимига кирувчи ташкилотларнинг раҳбарларини - қўмита раиси томонидан амалга оширилади.

Ҳудудий бошқармалар Давергеодезкадастрга, шунингдек тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига ҳисобот беради.


20. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари айни бир вақтда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг бош давлат инспекторлари ҳисобланадилар.

21. Давергеодезкадастрда, унинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирадиган, қўмита раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек қўмита марказий аппарати бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи, ҳудудий бошқармалари, тизимга кирувчи ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Давергеодезкадастр раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

22. Ҳайъат томонидан қуйидагилар билан боғлиқ бўлган масалалар кўриб чиқилади:

Давергеодезкадастрнинг мазкур Низомда назарда тутилган фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

кадрларни Давергеодезкадастр номенклатурасига кирувчи лавозимларга танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

Давергеодезкадастрнинг ҳудудий бошқармалари ва қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чорак якунлари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Давергеодезкадастр раҳбарлари ва ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун шахсий масъулиятини ошириш.

Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси маблағларини Давергеодезкадастр ҳудудий бошқармалари ва қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

Ҳайъат Давергеодезкадастр ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


23. Ҳайъат мажлисларига бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давергеодезкадастр ваколатларига кирувчи масалаларга алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилиниши мумкин.

Мажлисда Ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи ҳозир бўлганда Ҳайъат мажлиси ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


24. Ҳайъат томонидан қабул қилинган қарорлар Давергеодезкадастр қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Давергеодезкадастр раиси ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда раис мустақил равишда қарор қабул қилади, бунда юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига хабар қилинади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.

Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.


25. Давергеодезкадастр ҳузурида илмий-техник Кенгаш тузилади. Илмий-техник Кенгаш тўғрисида низом ва унинг шахсий таркиби қўмита Ҳайъати томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ДАВЕРГЕОДЕЗКАДАСТР ТИЗИМИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ


26. Давергеодезкадастр, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, Давлат геодезия назорати инспекцияси ва унинг таркибидаги Давлат картография-геодезия фонди, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини сақлаб туриш ва моддий-техник таъминлаш, шу жумладан уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

27. Давергеодезкадастр ходимларига қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган ва республиканинг тегишли тармоқ касаба уюшмаси билан келишиладиган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходимларига иш стажи Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида (узоқ муддат ишлаганлик) учун устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳар ойда иш стажи Давергеодезкадастр қўмитаси тизимида (узоқ муддат ишлаганлик) учун устама тўланади.

28. Давергеодезкадастр тизимида иш стажи (узоқ муддат ишлаганлик) учун тўланадиган устамалар фақат асосий иш жойи бўйича ҳар ойда ва ходимнинг лавозим маошига белгиланган разряд тариф ставкасига нисбатан қуйидаги фоизларда ҳисобланади:

Иш стажи бўйича гуруҳ


Стаж учун устама миқдори


3 йилдан 5 йилгача


20 фоиз

5 йилдан 10 йилгача


35 фоиз

10 йилдан 15 йилгача


50 фоиз

15 йилдан ва ундан ортиқ


60 фоиз

29. Давергеодезкадастр, ҳудудий бошқармалар ва қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, хусусан, замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва умумий фойдаланиш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш, дастурий воситалар билан таъминлаш ҳамда қўмита ходимларининг малакасини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий рағбатлантириш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа мақсадлар учун қўшимча манба сифатида Давергеодезкадастрнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳамда тизимга кирувчи ташкилотларнинг жами бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорида ажратмалар ўтказиши ҳисобига шакллантирилади.


30. Давергеодезкадастр қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соҳа ходимларининг ҳаётини суғурталаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширади.


31. Ходимларнинг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, рағбатлантириш тўловлари, шунингдек қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


32. Давергеодезкадастрни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 733-модда