ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссия ва органлар /

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 27.07.2017 й. ПҚ-3150-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 27 июлдаги

ПҚ-3150-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар

миллий агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.


3. Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳр ва бланкага, бюджет ҳамда қонунчиликда белгиланган давлат божлари ва бошқа йиғимлар ҳисобига шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлари бўйича Ягона ғазна ҳисобварағида шахсий ғазна ҳисобварақларига, грантлар, кредитлар, қарз ва ҳомийлик хайриялари бўйича Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Агентлик крипто-активлар айланмасини, капитал бозори ва суғурта бозорини, электрон тижоратни, лотерея ҳамда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш, шу жумладан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


5. Агентликка юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда - давлат органлари ва бошқа ташкилотлар), нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва мутахассислари билан, жумладан, иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилади.


6. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, қисқартирилган номи - Истиқболли лойиҳалар агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - National Agency of Perspective Projects of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Perspective Projects Agency;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Национальное агентство перспективных проектов Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство перспективных проектов.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғурта бозори соҳаларини, электрон тижорат, лотерея ҳамда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятлари соҳаларида (кейинги ўринларда - тартибга солинадиган соҳалар) ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларининг суғурта муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш.


9. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) крипто-активлар айланмаси, капитал бозори ва суғурта бозори соҳаларини, электрон тижорат, лотерея ҳамда Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятлари соҳаларида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

тартибга солинадиган соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш ва келгусида ривожланишнинг устувор йўналишларини аниқлаш борасида таклифларни ишлаб чиқади;

тартибга солинадиган соҳаларда давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишга кўмаклашади;

соҳаларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

тартибга солинадиган соҳалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказади;

тартибга солинадиган соҳаларда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тартибини белгилайди ва амалга оширади, шунингдек, лицензия ва рухсат бериш талаб ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

мазкур Низомга иловага мувофиқ фаолият олиб борадиган Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимини ("Тартибга солиш қумдони" махсус режими) белгилайди;

тартибга солинадиган соҳаларда қоидалар, нормалар ва стандартларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг тартибга солинадиган соҳалардаги масалалари бўйича ўқишларини ташкил этади;

илмий-таълим муассасалари билан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини тартибга солинадиган соҳалари бўйича тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилади;

тартибга солинадиган соҳаларда халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилади;

маҳаллий капитал бозорининг ривожланиш ҳолати ва унинг профессионал қатнашчилари ҳақида, шу жумладан, қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар ошкоралигини таъминлаш орқали инвесторлар ва жамоатчиликни хабардор қилади;

капитал бозори соҳасида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимини таъминлаш тартибини белгилайди;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларнинг мутахассисларини аттестациядан ўтказади ва малака гувоҳномаларини беради;

қимматли қоғозларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш, улар юзасидан ҳисобот бериш ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини ва қимматли қоғозларга доир битимларни ҳисобга олиш реестрини юритиш талабларини белгилайди;

ўз маблағлари етарли даражада бўлишига доир мажбурий нормативларни ва қимматли қоғозларга доир операциялар бўйича таваккалчиликларни чекловчи кўрсаткичларни ўрнатади;

қонунчилик ҳужжатларини тизимли таҳлил қилади ҳамда тартибга солинадиган соҳаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;


б) крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш соҳасида:

крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида чора-тадбирлар кўради;

крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида қонун бузилишлари аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирларни қўллайди;

крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларининг ривожланиш ҳолати тўғрисида инвесторларни ва жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этади, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) расмий веб-сайтида крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларининг ривожланиш ҳолати юзасидан доимий равишда маълумотларни чоп этади, ҳамда аҳолининг крипто-активлар айланмаси ва капитал бозори соҳаларида саводхонлиги даражасини ошириш чора-тадбирларини кўради;


в) суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларининг суғурта муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган фаолияти устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

ўз ваколати доирасида суғурта фаолияти соҳасини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва қабул қилади;

қонунчиликда ўрнатилган тартибда, суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, суғурта бозори соҳасида рухсат этиш тартиб-таомиллари амалга оширади ҳамда лицензия ва рухсат этиш талаб ва шартларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

ижро этилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларини ҳамда уларни аниқлаш тартибини, айрим таваккалчиликлар бўйича суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп ҳажми ва жами мажбуриятларнинг йўл қўйиладиган кўп ҳажмини ҳисоблаб чиқариш услубини, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятини акс эттирувчи ахборотларни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) суғурта захиралари маблағларини шакллантириш ҳамда жойлаштириш тартиби ва шартларини, шунингдек бундай маблағларнинг ҳисобини юритиш ва улар бўйича ҳисоботлар тузиш тартибини белгилайди;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг), суғурта брокерининг ҳамда улар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарига ва бош бухгалтерига қўйиладиган малака талабларини белгилайди;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларнинг ва улар томонидан эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисоботнинг шаклини, шунингдек уни тақдим этиш ҳамда эълон қилиш тартиби ва муддатларини белгилайди;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) инвестиция фаолиятини амалга ошириши ва актуар хизматлари кўрсатиши тартиби ва шартларини белгилайди;

актуарий малака сертификатини олиш учун ўқув дастурларини ҳамда малака имтиҳонлари топшириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мазкур сертификатни олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳонини ўтказади, қонунчиликда белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади;

суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ва суғурталовчини (қайта суғурталовчини) қайта ташкил этишга берилган рухсатномаларнинг, шунингдек малака сертификатига эга бўлган актуарийларнинг реестрини юритади;

қонунчиликка мувофиқ суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг фаолиятини текширишни амалга оширади ва уларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро қилиниши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган нормативлари ва уларнинг молиявий барқарорлигининг бошқа талаблари таъминланишини назорат қилади;

суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар бузилганлиги учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав фонди (устав капитали) энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорида, белгиланган тартибда жарима солади;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерлари лицензияларининг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ёки айрим суғурта турларига (классларига) нисбатан тўхтатиб туради, шунингдек уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади;

суғурта фаолиятини тартибга солиш ва уни назорат қилиш борасидаги фаолият тўғрисида йиллик ҳисоботларни, шунингдек суғурта бозорининг молия йили давомидаги фаолияти ҳақидаги статистик маълумотларни ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой ичида эълон қилади;


г) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

тартибга солинадиган соҳаларида фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун ички назорат қоидаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимол тутилган хавфларни ўрганади, таҳлил қилади ва баҳолайди ҳамда аниқланган хавфларни камайтиришга доир чоралар кўради;

белгиланган тартибда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этади;

Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги Битимдан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар қўллайди;

тартибга солинадиган соҳалардаги амалга оширилган операциялар тўғрисидаги ҳисобот ва маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги устидан назоратни амалга оширади;

юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тартибга солинадиган соҳалардаги фаолиятни амалга оширувчи шахслардан беғараз шартлар асосида ҳужжатлар, маълумотлар ва материалларни талаб қилиб олади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича махсус ваколатли давлат органи билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;


д) давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларга маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни ташаббус қилиш ва илгари суришга кўмаклашиш соҳасида:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини жорий этиш борасида ҳамкорликни амалга оширади;

давлат органлари фаолиятига маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини жорий этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва техник топшириқларнинг лойиҳаларини келишади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини жорий этиш борасида профессионал тайёргарлик даражасини оширишда кўмаклашади;

маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш борасида хорижий давлатларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб қилишда кўмаклашади;

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларида илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясидан ва бошқа энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни ишлаб чиқишни таъминлайди;

иқтисодиётнинг турли соҳаларида маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясидан ва бошқа энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни амалга ошириш ҳақидаги таклифларни киритади;

давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бизнес ҳамжамиятлар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясидан ва бошқа энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Агентлик қуйидаги ваколатларга эгадир:

ўз ваколатлари доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материал ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан суғурта фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ва суғурта фаолияти билан боғлиқ бошқа маълумотларни белгиланган шаклда олиш;

ўз ваколатлари доирасида қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний, шу жумладан, мансабдор шахслардан ёзма тушунтиришлар ва маълумотларни олиш;

Агентликнинг ваколатига тегишли масалалар бўйича судга даъво тақдим этиш;

Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компанияларининг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни жалб қилиш;

тартибга солинадиган соҳаларда хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари билан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот материаллари, даврий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотларни чиқариш ҳамда тарқатиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан бўлмаган маблағлар ҳисобига харид қилинган ва ўз балансида ҳисоби юритилган мол-мулкни, шу жумладан, кўчмас мулкни, мустақил равишда ҳисобдан чиқариш ёки бошқа тарзда бошқариш;

ҳомийлик хайриялари, грантлар, кредитлар ва қарзлар сифатида қабул қилинган, Крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион технологияларни ўрганиш ва синовдан ўтказиш бўйича махсус лаборатория фаолияти давомида олинган, шунингдек, суд қарорига асосан давлат фойдасига ўтказилган крипто-активларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида миллий крипто-биржада сотиш кунида шаклланган курс бўйича сотиш;

ўз ваколати доирасида лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талаб ва шартларига ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши борасида текширувлар ўтказиш ва натижаси бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш;

ўз ваколати доирасида қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва судга юбориш;

аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва Агентлик ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларга огоҳлантириш, хулоса ва ижро учун мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш;

Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мутахассисларини жалб қилиб, белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;

тартибга солинадиган соҳалари бўйича халқаро ташкилотларда мамлакат манфаатларини ифода этиш ҳамда белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари, шунингдек, илмий институтлари билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш.

Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга, шу жумладан биринчи ўринбосарга эга бўлади.

Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари бўйича тегишли равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


13. Агентлик ходимлари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


14. Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Агентлик директори томонидан белгиланади.

Агентликда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ҳамда Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасининг тариф коэффициентларини қўллаш тавсиявий тусга эга.


15. Қуйидагилар:

грантлар, кредитлар ва қарзлар, шу жумладан, крипто-активлар;

қонунчилик ҳужжатларда белгиланган миқдордаги Агентлик томонидан амалга ошириладиган лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ажратмалар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, чет эл жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайриялари, шу жумладан, крипто-активлар;

юридик шахслар устав фонди (капитали)да Агентликка тегишли акциялар (улушлар, пайлар) бўйича қонунчиликда белгиланган миқдорда олинадиган даромадлар;

давлат-хусусий шериклик шартларида лойиҳаларни амалга оширишдан олинадиган даромадлар;

Агентликнинг вақтинча бўш турган маблағларини банкларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


16. Агентлик директори:

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Агентликка юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши бўйича шахсан жавоб беради;

Агентликнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Агентлик тузилмаси ва штатлар бирлигини тасдиқлайди;

Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини белгилайди;

Агентликнинг таркибий тузилмалари ҳамда Крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион технологияларни ўрганиш ва синовдан ўтказиш бўйича махсус лаборатория тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Агентлик ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлайди;

Агентлик ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

чет эл давлатлари ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-таълим муассасалари ва компаниялари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва бошқа шартномалар тузади;

ўз ваколати доирасида Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради.






Низомга

ИЛОВА



Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тартибга

солиш махсус режими ("Тартибга солиш қумдони"

махсус режими) тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тартибга солиш махсус режимининг ("Тартибга солиш қумдони" махсус режими) умумий қоидаларини белгилайди.


2. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тартибга солиш махсус режими ("Тартибга солиш қумдони" махсус режими) деганда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги технологияларни (кейинги ўринларда - тажриба-синов лойиҳалари) жорий этаётган юридик шахслар учун алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, тажриба-синов лойиҳаларини синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларда енгиллик яратиш тушунилади (кейинги ўринларда - махсус режим).


3. Махсус режим доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ёки тўловни қабул қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади.


4. Махсус режимни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринда - Агентлик) томонидан тасдиқланади.



2-БОБ. МАХСУС РЕЖИМНИ ТАҚДИМ ЭТИШНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ


5. Махсус режимни тақдим этишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни синовдан ўтказиш ва тажриба тариқасида амалга ошириш учун майдонча яратиш;

амалдаги талабларга жавоб бермайдиган меъёрлар аниқланган тақдирда, янги тартибга солиш механизмларини шакллантириш ва синовдан ўтказиш;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги замонавий технологияларни, шу жумладан, инвестицияларни жалб қилиш мақсадида токенларни чиқариш юзасидан тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги маҳсулотлар ва хизматлар турларини, шу жумладан, экспортга мўлжалланган ечимларни кенгайтириш;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни жорий этиш жараёнларида тегишли назоратни таъминлаш;

махсус режим доирасида ўтказилган тажрибалар асосида янги тартибга солиш услубларини ишлаб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

республика бозорига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни олиб чиқиш муддатини ва сарф-харажатларни қисқартириш;

крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тадқиқотларни ташкил қилиш ва ўтказиш ҳамда таҳлилий материалларни тайёрлаш.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ МАХСУС РЕЖИМ

ДОИРАСИДАГИ ҲУҚУҚЛАРИ


6. Агентлик:

махсус режимни тақдим этиш, иштирокчиларни махсус режимда рўйхатдан ўтказиш тартибини, улар фаолиятига қўйиладиган талабларни, тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида уларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан, тегишли ваколатли органлар билан маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда қонуности ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддатида истисно қилиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

махсус режим иштирокчиларини рўйхатдан ўтказади;

махсус режим иштирокчилари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ўз вақтида бажарилишини тизимли назорат қилади;

тегишли ваколатли давлат органи билан тузилган шартномалар асосида махсус режим иштирокчилари томонидан шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни қайта ишлаш тартиби ва шартларини, шунингдек, уларга қўйиладиган талабларни белгилайди;

махсус режим иштирокчиларини тажриба-синов лойиҳалари муддати давомида ташкилий-ҳуқуқий, консультатив қўллаб-қувватлайди.


7. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



4-БОБ. ИШТИРОКЧИЛАРНИНГ МАХСУС

РЕЖИМДАГИ МАҚОМИ


8. Махсус режим иштирокчилари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганларидан сўнг тажриба-синов лойиҳаларини крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олмасдан амалга оширади.


9. Махсус режим иштирокчиларининг фаолияти, шунингдек, уларнинг тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида бошқа субъектлар билан тузилган шартномавий муносабатлари Агентликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланадиган ҳуқуқий режимлар билан тартибга солинади.

Махсус режим иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси резидентлари ёки норезидентлари - субъектлар билан хизмат кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар (оферталар, битимлар)нинг максимал қиймати, шунингдек, махсус режимда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари доирасида мижозларнинг чекланган сони Агентлик билан келишилиши шарт.


10. Махсус режимда тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилади.


11. Тажриба-синов лойиҳаларини махсус режим доирасида амалга ошириш муддати уч йилдан ошмаслиги лозим.

Белгиланган муддат ўтгач Агентлик тажриба-синов лойиҳаларини махсус режим доирасидан чиқариш мақсадида амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида (тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш натижалари ижобий баҳоланган тақдирда) тегишли муносабатларни тартибга солиш учун тегишли нормаларни тарқатиш ёхуд тегишли асосларни кўрсатган ҳолда тажриба-синов лойиҳасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 728-модда













































Время: 0.2190
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск