язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Президенти/ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссия ва органлар/ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 27.07.2017 й. ПҚ-3150-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 27 июлдаги

ПҚ-3150-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.


3. Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳр ва бланкага, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобрақамларига эга бўлади.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади), нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари ва мутахассислари билан, жумладан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш орқали ўзаро ҳамкорлик қилади.

6. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш (кейинги ўринларда - Ягона миллий ахборот тизими);

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш;

Ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш;

лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирларини кўриш.

8. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш соҳасида:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларига интеграция қилишни назарда тутувчи Ягона миллий ахборот тизимини ягона технологик ёндашув асосида шакллантиради;

Ягона миллий ахборот тизимини юритиш тартибини белгилайди;

Ягона миллий ахборот тизимига функционал талабларни белгилайди, техник топшириқларни ишлаб чиқади, лойиҳа фаолияти иштирокчиларини тизим билан ишлашида функционал бошқариш ва ўқитишни амалга оширади;

Ягона миллий ахборот тизимининг ишлаб чиқилиши, жорий этилиши, эксплуатация қилиниши ва узлуксиз ишлашини таъминлайди;

Ягона миллий ахборот тизимининг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради;

Ягона миллий ахборот тизими - Ягона электрон ҳужжат айланиши, Электрон ҳукумат, Давлат харидлари ягона портали, Геоахборот тизими ва бошқаларнинг блокига талабларни белгилайди;

ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳолатини баҳолайди, шу жумладан, лойиҳа бошқаруви жараёнида ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этиш самарадорлигини ўрганади;

Ягона миллий ахборот тизимини самарали жорий этиш ва эксплуатация қилиш учун норматив-ҳуқуқий базани тизимли таҳлил қилади ҳамда уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Ягона миллий ахборот тизимини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида ривожлантириш ва такомиллаштириш йўналишларини ишлаб чиқади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лойиҳа бошқаруви бўйича фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини келишади;


б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш соҳасида:

лойиҳа бошқарувини амалга оширишни мувофиқлаштиради, назорат қилади ва унинг самарадорлигини баҳолайди ҳамда мазкур жараёнларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;

лойиҳа бошқаруви соҳасида миллий стандартларни, регламентлар, услубий кўрсатмалар ва тавсияларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

лойиҳа бошқаруви бўйича тадбирларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни амалга оширади ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лойиҳа бошқаруви тизимларини ривожлантириш чораларини кўради;

лойиҳа бошқаруви гуруҳларини шакллантириш бўйича талабларни белгилайди ва уларнинг мақсадини келишади;

лойиҳа бошқаруви соҳасида қайта алоқа, шикоят ва таклифларнинг таҳлилини амалга оширади;

навбатдаги йил учун давлат ва ҳудудий дастурлар лойиҳалари бўйича хулосалар беради;

давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг ва таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини баҳолайди;

лойиҳа бошқаруви соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан мониторинг ва назоратни таъминлайди;

илғор халқаро тажрибани инобатга олиб, ислоҳотларни амалга оширишнинг муаммолари ва якунларини тизимли ўрганиш асосида, шу жумладан, Ягона миллий ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши, жорий этилиши, амалга оширилишини ташкил қилади ҳамда мувофиқлаштиради, уларнинг назорати ва мониторингини амалга оширади;


в) ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш соҳасида:

ресурслар ягона миллий маълумотномасига талабларни белгилайди, ресурсларнинг (товарлар, ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш мақсадида унинг самарали ишлашини таъминлайди;

товарлар, ишлар ва хизматлар классификаторини шакллантирган ҳолда ҳар бир ресурс (товар, иш ва хизмат)ни ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар билан маълумотларни автоматик тўплаш тартиб-таомилларини ташкил этади;

товарлар, ишлар ва хизматлар, шу жумладан, чет элда ишлаб чиқарилганлари ҳақидаги маълумотлар ва ахборотларнинг ресурслар ягона миллий маълумотномасида доимий янгиланишини таъминлайди;

ресурслар ягона миллий маълумотномасидан фойдаланган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этади;

д) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаш, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаш соҳасида:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда лойиҳа бошқарувини юритишга оид талабларни белгилайди;

инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва ҳужжатларини тасдиқлаш тартибига мувофиқ тегишли экспертиза органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган самарали, сифатли ва ўз вақтида экспертиза қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда лойиҳа фаолиятининг режалаштирилиши, жорий этилиши ва ривожланишига кўмаклашади;

лойиҳаларни рўёбга чиқариш жараёнининг тизимли таҳлили асосида хулосалар тайёрлайди ва уларни камчиликларни бартараф этиш учун лойиҳа бошқаруви гуруҳларига юборади;

лойиҳа бошқаруви гуруҳлари раҳбарлари ва ижрочилари ишларининг сифатини баҳолайди ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозимига муносиблиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида таклифлар киритади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг лойиҳа бошқаруви бўйича фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини келишади;

е) давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлаш соҳасида:

илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилиши ҳамда ҳар томонлама таҳлил этилишини таъминлайди;

лойиҳа фаолиятини амалга оширишда лойиҳа бошқарувининг илғор услубларини ва тегишли ахборот технологияларини жорий этиш масалаларини кўриб чиқади;

з) Ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этиш соҳасида:

Ягона миллий ахборот тизими билан интеграция қилиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан сотиб олинадиган ахборот тизимлари ва асбоб-ускуналар хусусиятларини ишлаб чиқишга техник топшириқларни келишади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилишини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштиради;

ахборот тизимлари фойдаланувчиларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ва уларга маслаҳатлар беради, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёнининг самарадорлигини ошириш, фойдаланувчиларнинг иш жойларида ахборот тизимларини жойлаштириш, ишлаб чиқилаётган ахборот тизимларининг сифатини таъминлаш чораларини кўради;

сервер таъминотининг аппарат қисмини созлайди, эксплуатацияга киритади ва ишлаб туришини таъминлайди, сервернинг функционал вазифасидан қатъи назар, оператив тизим даражасида серверларни, шунингдек, муайян сервер хизматлари ва функционал вазифалари бўйича унга иловаларни бошқаради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда лойиҳа бошқарув тизимининг жорий этилиши ва ишлаш даражасини мониторинг қилади;


и) лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш соҳасида:

лойиҳа бошқаруви бўйича ўқув-услубий материалларни шакллантиради ва долзарблигини таъминлайди, уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотларга етказилишини таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи лойиҳа бошқаруви моделларини ишлаб чиқади;

лойиҳа фаолияти иштирокчилари - лойиҳа бошқаруви гуруҳлари учун лойиҳа ваколатлари тизимини ишлаб чиқади;

лойиҳа бошқаруви масалалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахслари ҳамда ходимлари ўқишини ташкил этади;

лойиҳа бошқаруви соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари тажриба тўплаши ва касбий тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек, тегишли кадрлар захирасини шакллантириш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, тингловчилар ўртасида лойиҳа бошқарув концепциясини оммалаштириш юзасидан қўшма тадбирларни ташкил этиш масалалари, ёш профессионалларни узоқ муддатли қўллаб-қувватлашни таъминлаш механизмларини ҳамда ўрта ва олий касбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

ходимларнинг касбий аттестация тизими ривожланишига кўмаклашади, лойиҳа бошқаруви гуруҳлари ходимларининг касбий аттестациясини ўтказади;

лойиҳа бошқаруви соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник ҳужжатларни эълон қилади;

к) инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирларини кўриш соҳасида:

инвестиция иқлими, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ва рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда ишбилармонлик муҳити ва инвестиция иқлими яхшиланишига таъсир қилувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тегишли таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бизнес ҳамжамиятлар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар билан инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.


3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материал ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, чет эл компанияларининг юқори малакали ходимларини ва мутахассисларни жалб қилиш;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари билан иш ёзишмаларини олиб бориш, тадбирларни ташкил этиш ва ҳадли келишувларни тузиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ахборот материаллари, даврий нашрлар ва бошқа босма маҳсулотларни чиқариш ҳамда тарқатиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


12. Агентлик ҳар ойда лойиҳа бошқаруви доирасида қуйидагиларни акс эттирадиган мониторинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритади:

инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда аниқланган камчилик ва нуқсонлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар;

инвестиция соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали инвестиция иқлимини яхшилаш бўйича аниқ таклифлар.


4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


14. Агентлик директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчисига, директор ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади.

Агентлик директори ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланади.


16. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.


17. Агентлик директори:

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Агентликка юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши бўйича шахсан жавоб беради;

зарурат бўлганда, Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Агентликнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Агентликнинг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Агентлик ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлайди;

Агентлик ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ўз ваколати доирасида Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 728-модда