язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Президенти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.07.2017 й. ПҚ-3161-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.07.2017 й.

N ПҚ-3161



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ДЕВОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги ПФ-4974-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг таркибий тузилмалари фаолиятини самарали ташкил қилиш, улар раҳбарлари ва ходимларининг Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқларини сўзсиз ижро қилиш бўйича шахсий масъулиятини белгилаш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича ижобий натижаларга эришиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг регламенти (бундан буён матнда Регламент деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмалари раҳбарлари:

биринчидан - Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили эканлиги, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатларини самарали рўёбга чиқарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни;

иккинчидан - тегишли таркибий бўлинмаларда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек барча даражадаги ҳокимликларда ишни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида назарда тутилган сиёсатни самарали амалга ошириш заруратини ҳисобга олиб ташкил қилишни;

учинчидан - Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмаларига юклатилган вазифалар ва функцияларни сўзсиз бажаришни;

тўртинчидан - Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширилиши ҳолатини, шунингдек уларнинг самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган камчиликлар ва муаммоларни танқидий ҳамда тизимли таҳлил қилиш, уларни ҳал қилиш бўйича чуқур ишланган ва ҳар томонлама асосланган таклифлар киритиш, шунингдек бошқарув органлари мансабдор шахсларининг иқтисодиёт тармоқларида, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий соҳаларда ишнинг якуний натижалари учун ҳамда республика аҳолисининг барча тоифалари ҳаётининг муносиб даражаси ва сифатини оширишда шахсий жавобгарлиги чораларини белгилашни;

бешинчидан - ўзлари раҳбарлик қилаётган таркибий бўлинмаларда шахсий ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқишга киритиладиган ҳужжат лойиҳалари ва масалаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш бўйича ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси бир ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бошқа ҳужжатларини мазкур Регламент талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқсин.


4. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Регламент талабларига сўзсиз риоя қилинишини таъминласин, бунда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқларида ва йиғилишларда, шу жумладан минтақаларга қилган ташрифларида берган топшириқларини қатъий бажаришга алоҳида эътибор қаратсин.

Кўрсатилган органлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли ижро қилиниши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифларни пухта иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини таъминлаш юзасидан шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин, бунда ҳисоб-китобларнинг ҳар томонлама асослантирилгани, молия манбаларининг ва прогноз натижаларга эришишнинг ҳаққонийлиги назарда тутилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 4 февралдаги Ф-2118-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш ва имзолаш тартиби тўғрисида"ги фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг таркибий тузилмалари раҳбарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 769-модда