язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 530-сон қарорига 6-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

530-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат

қўмитаси Ўрмон хўжалигини ривожлантириш

жамғармаси маблағларини шакллантириш ва

улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва қуйидаги мақсадларда ташкил этилади;

ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, такроран кўпайтириш;

ўрмон хўжалигини ривожлантириш, ўрмон хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларини сақлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни молиялаштириш.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

а) ўрмон фонди ерларида Ўзбекистон Қизил китобига киритилмаган ўсимликлар турларини табиий муҳитдан тайёрлаш (тўплаш) учун олиб қўйиш, йиғишга рухсатнома олиш учун аризаларни кўриб чиққанлик ва рухсатномалар берганлик учун ундириладиган маблағларнинг 100 фоизи;

б) ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни қоплаш учун ундириладиган маблағларнинг 50 фоизи;

в) ўрмон фондининг рухсат этилган ҳудудларида (ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни амалга оширишда дарахтлар ва буталар кесилганлиги, шунингдек, ўсимлик қопламаси шикастланганлиги учун) чорва молларини ўтлатиш, ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш, ўрмон фонди участкаларида асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш, ўрмон фонди участкаларида дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш, давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланганлик учун тўловларнинг 50 фоизи;

г) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимига кирадиган ўрмонни, ўрмон-овчилик, ихтисослаштирилган ўрмон хўжаликлари миллий табиат боғларини ривожлантириш жамғармаларига тушган маблағларнинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар (ушбу банднинг "а", "б", "в" кичик бандларида белгиланган тўловлар чегириб ташланган ҳолда);

д) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг маблағлари;

е) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларида жойлаштиришдан олинган даромадлар, белгиланган тартибда ташкил этилган ташкилотларнинг устав фондидаги улушлар (акциялар) бўйича дивидендлар (даромадлар) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

4. Жамғармага тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилик шахсий ҳисоб рақамида жамланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

а) ўрмон хўжалиги, ўрмон-овчилик хўжалиги, давлат қўриқхоналари ва ўрмон фонди ерларидаги бошқа муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

б) ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни бартараф этиш ва унинг олдини олиш, ёввойи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобини олиш бориш, уларнинг давлат кадастрини юритиш учун маълумотлар тўплаш ҳамда фойдаланиш миқдорини аниқлаш тадбирларини амалга ошириш;

в) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ва унинг тизимидаги давлат ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шу жумладан:

ўрмонларни муҳофаза қилиш учун техника ва технологиялар, экологик мониторинг тизимлари, асбоб-ускуналар ва компьютер дастурларини сотиб олиш;

ўрмон муҳофазаси ва инспекцияси автомобилларига техник хизмат кўрсатиш, улар учун эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш материаллари, алоқа воситаларини сотиб олиш;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоят ўрмон хўжалиги бошқармалари ходимларини белгиланган намунадаги кийим-бош, рақамли жетон, дурбин ва транспорт билан таъминлаш;

маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси бланкалари, баённомаларни рўйхатга олиш китоби ва хизматга оид зарур инвентарлар билан таъминлаш;

г) табиий питомниклар, шу жумладан давлат қўриқхоналарининг қўриқланадиган (буфер) зоналарида ҳам ташкил этиш, ўрмон фонди ерларидаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларида уларнинг режимига мувофиқ питомниклар ва серпентарийлар барпо этиш;

д) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошларига ойлик устама (мукофот, моддий ёрдам, транспорт, овқат пули, меҳнат стажи учун тўлов) белгилаш орқали моддий рағбатлантириш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоят ўрмон хўжалиги бошқармалари ходимларини сақлаш ва моддий рағбатлантириш харажатларини қоплашга йўналтириш;

е) ходимларга амалда ишлаган вақт учун лавозим маошларига (вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларида қайд этилган кунлар ва меҳнат таътили кунлари бундан мустасно) ҳар ойда бир лавозим маоши миқдоригача белгиланган устамалар тўлаш;

ж) рухсатномалар бланкаларини тайёрлаш;

з) ўрмон хўжалиги учун объектларни қуриш, техникавий қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

и) ўрмон барпо этиш ва лойиҳа-қидирув ишларини молиялаштириш;

к) ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун препаратлар сотиб олиш ва қўшимча тадбирларни амалга ошириш;

л) ўрмон маҳсулотларини қайта ишлаш учун мини-цехларни ташкил этиш, асаларичилик, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек қўшма корхоналар очишда таъсисчи бўлиб кириш;

м) ўрмон, овчилик хўжалиги, ўрмон фонди ерларидаги муҳофаза қилинадиган ҳудудларнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини ходим ойлик иш ҳақининг икки баробаридан кўп бўлмаган миқдорда моддий рағбатлантириш;

н) ўрмон фонди ерларида (миллий табиат боғлари, овчилик, ўрмон ва ихтисослаштирилган хўжаликлар инспекторлари ва егерлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлардан ташқари) ҳайвонот ва ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаган шахсларга уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР, яшаш жойи, телефон рақами кўрсатилган, паспортининг нусхаси, банк ҳисоб рақами илова қилинган мурожаати асосида қуйидаги миқдорларда мукофотлар тўлаш;

о) тармоққа оид илмий ишлар, инновация лойиҳалари ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ихтиролар, илмий ишлар яратишни рағбатлантириш, тармоқ масалаларига оид методик кўрсатмалар ва мақолаларни нашр этишга, илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш ва ўтказиш;

п) ўрмон хўжалиги, ўрмон-овчилик хўжалиги, ўрмон фонди ерларидаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар кадрларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида стажировкаларини ташкил қилиш;

р) ўрмон хўжалиги, ўрмон-овчилик хўжалигини, ўрмон фонди ҳудудидаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича халқаро кўргазмалар, лойиҳалар ва дастурларда қатнашиш;

с) хорижий ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини Ўзбекистон Республикасида бўлиши даврида қабул қилиш ва кузатиш ҳамда конференциялар ташкил этиш ва ўтказиш;

т) Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси, шунингдек, "Шифобахш" доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш марказини бошқаришнинг бюджетдан ташқари қисмини молиялаштириш ва сақлаб туриш.

6. Жамғарма маблағларидан қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мақсадларда фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан фойдаланилиши мумкин.


7. Буюртманомаларни кўриб чиқиш, келиб тушиши кутилаётган молиявий маблағлар ҳисоби ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун 7 нафар аъзодан иборат Жамғарма кенгаши тузилади. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан шакллантирилади ҳамда қўмита раиси томонидан тасдиқланади.


8. Жамғарма буюртманомаларини қабул қилиш, умумлаштириш, Жамғарма кенгашига тақдим этиш, кенгашнинг қарорига асосан даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини тузиш - Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Иқтисодий таҳлил, прогнозлаштириш, молиялаштириш ва ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини бошқариш бошқармаси томонидан, Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан доимий мониторинг олиб бориш - Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси томонидан амалга оширилади.


9. Жамғарма кенгаши:

ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар учун маблағлар ажратилиши юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқади;

қабул қилинган буюртманомалар орасидан энг долзарблари ва асосланганларини танлаб олади, умумлаштиради ва маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ажратилган маблағлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатади ва ажратилган маблағларни ундириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг бухгалтерия ҳисоби бўлимига топшириқ беради;

маблағларни олувчилардан маблағлардан фойдаланилиши ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади;

ўз фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.


10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича амалга оширилади. Даромадлар ва харажатлар сметаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.


11. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси йилда молиявий маблағлар келиб тушишининг кутилаётган прогнози ва тадбирларни ўтказиш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда тузилади.

Қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаган шахснинг мурожаати Жамғарма кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади ва пул мукофоти ажратиш тўғрисида тавсия берилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари, ўрмон хўжалиги, овчилик хўжалиги, ўрмон фонди ерларидаги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар маблағ ажратишни даромадлар ва харажатлар сметасига киритиш учун буюртманома тақдим этадилар.

Буюртманомада тадбирлар, уларни амалга ошириш заруриятининг асослари, зарур маблағлар миқдори, шунингдек уларни бажариш учун бошқа маблағларнинг йўқлиги кўрсатилади.

Буюртманомалар келгуси молия йили учун жорий йилнинг 1 июнигача Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тақдим этилади.

Буюртманома ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Буюртманомада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ташкилотнинг тўлиқ номи ва аниқ манзили ҳамда банк реквизитлари;

тадбир (лойиҳа) номи;

лойиҳани амалга ошириш заруратининг асослари, мавжуд муаммолар ва уларни (тўлиқ ёки қисман ва белгиланган муддатларда) ҳал қилиш имконияти, талаб этиладиган маблағ миқдори, маблағдан фойдаланиш мақсади, лойиҳани амалга оширишга маблағнинг йўқлиги, шунингдек кутилаётган натижалари кўрсатилган тушунтириш хати;

сўралаётган маблағларнинг ҳисоб-китоби (лойиҳани амалга ошириш учун сарф этиладиган маблағ калькуляцияси ёки лойиҳани амалга ошириш сметаси).

Зарурат бўлганда буюртманомага уни асословчи тегишли ҳужжатлар ҳам илова қилинади.

Жумладан:

лойиҳанинг қисқача мазмуни, мақсади, унинг иқтисодий, экологик аҳамияти, кутилаётган натижа, амалга ошириладиган манзил (3-4-бет);

лойиҳа иш тури (илмий, тавсиявий, амалий-ишлаб чиқариш);

лойиҳани амалга ошириш муддати (йил, ой, кун);

лойиҳани амалга ошириш календарь иш режаси;

лойиҳани амалга ошириш техник вазифалари;

лойиҳани амалга оширувчи ташкилот номи, юридик мақоми ва бошқа реквизитлари (жойлашган жойи, почта манзили ва бошқалар);

лойиҳа гуруҳ томонидан амалга оширилса - гуруҳ раҳбари Ф.И.О. ва у ҳақда маълумотлар (туғилган йили, лавозими, илмий даражаси, яшаш манзили ва бошқалар), ижрочи гуруҳ аъзолари рўйхати;

лойиҳанинг амалга оширилишида бошқа ташкилотлар қатнашса, унинг номи, манзили, мазкур лойиҳа учун ўзаро алоқалар ҳақида қисқача маълумот, уларнинг йўлланма ёки хулосалари;

давлат ўрмон фонди ҳудудида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома ёки баённома нусхаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни қоплаш суммаси бўйича тўловни ундирилганлигини тасдиқловчи тўлов хабарномаси (квитанция) нусхаси ёки бош бухгалтер маълумоти.


13. Тақдим этилган буюртма ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда Жамғарма кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва маблағлардан фойдаланишнинг устувор йўналишлари белгиланади ҳамда унинг асосида маблағлар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


14. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Жамғарма маблағларининг тасдиқланган сметага мувофиқ тасарруф этувчиси ҳисобланади.


15. Жамғарманинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ғазначилик шахсий ҳисоб рақамида сақланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ,

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


16. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси, бош бухгалтери - бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан жавоб беради.

Жамғармани шакллантириш учун зурур бўлган маблағларни ўтган ой учун кейинги ойнинг 1-санасидан кечикмасдан жамғармага ўтказилиши ва бу тўғрида 5-санасигача Қўмитага ҳисоботлар тақдим қилиниши учун тизим бошқармалари ва хўжаликлари раҳбарлари масъул ҳисобланади.


18. Ўрмон хўжаликлари, овчилик хўжаликлари, юридик шахс мақомига эга бўлган муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар Жамғарма маблағларининг бошқа олувчилари олинган маблағлардан фойдаланганлик ва бажарилган ишлар тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳисобот тақдим этадилар.


19. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг бош бухгалтери - Жамғарма маблағларини олувчилардан маблағлардан фойдаланилиши ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни кенгаш эшитувидан сўнг қабул қилади ва умумлаштиради.

Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳар чоракда, ҳисобот даври тугагандан сўнг 25 кундан кечиктирмай, йиллик ҳисоботларни эса - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 февралидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 734-модда