язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш/ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.08.2017 й. 606-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 9 августдаги

606-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Вазирлик табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси, гидрометеорология, сейсмик кузатувлар, кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни бехатар ишлатилишини, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ишларини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

3. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


4. Марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Фавқулодда вазиятлар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади), Гидрометереология хизмати маркази, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази, шунингдек идоравий бўйсунувдаги бошқа ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ягона тизимини ташкил этади.

5. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга,шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Вазирлик ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


7. Вазирликнинг белгиланган тартибда, ўз ваколати доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда фуқаролар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


8. Вазирликнинг ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизматда бўладилар.

Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва ходимлари (Гидрометеорология хизмати маркази ходимларидан ташқари) хизматни ўташ, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва маиший хизмат кўрсатилиши,барча таъминот турлари билан таъминланиши, уларнинг ҳуқуқлари ва имтиёзлари масалаларида, шу жумладан уларнинг оила аъзолари ҳам, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг тегишли тоифадаги ҳарбий хизматчилари ва ходимларига тенглаштирилади.

9. Вазирлик тизимининг ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг моддий-техник таъминоти ва меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар, Вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг ўз даромадлари, бюджетдан ташқари даромадлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


10. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, рамзга, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазначилик ҳисоб рақамларига эга бўлади.


11. Вазирлик Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Кичик халқа йўли кўчаси, 4-уй, 100084 манзилида (почта манзилида) жойлашган.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан бехатар фойдаланиш, сув иншоотларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш;

аҳолига фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, халқ билан мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борада ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини (кейинги матнларда - ФВДТ) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасини ривожлантириш ва бошқарувини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ва ривожланиши хавфини комплекс мониторинг ва прогноз қилишни таъминлаш, мазкур соҳада гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар олиб бориш;

аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техника ресурсларнинг давлат захира фондларини ташкил этишга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш, кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш хавфсизлигини самарали назорат қилиш, сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда мақсадли илмий-техника дастурлар ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда, аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда ФВДТ тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тизимли тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, гидрометеорологик ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, турар-жой фонди, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ишларини бажариш.

13. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан бехатар фойдаланиш, сув иншоотларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкиллаштиради;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади:

фуқаро муҳофазаси, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, гидрометеорология, сейсмопрогностик мониторинг ва сейсмологик кузатувлар, кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар ишлаб чиқилишини ташкил этади ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

қуйидагилар бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади:

тинчлик ва ҳарбий даврда фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш;

фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи, сейсмик хавф бўйича республика ҳудудларини районлаштириш, табиий офатлар, шунингдек техноген авария ва ҳалокатлар манбасининг ривожланиш хавфини аниқлаш ва чуқур таҳлил қилинишини кўзда тутган фавқулодда вазиятларни прогнозлаш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш;

давлат гидрометеорологик кузатувлар тизимини, иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини гидрометеорологик таъминлашни ривожлантириш ва такомиллаштириш;

сейсмологик мониторинг тармоғини ривожлантириш;

сув объектларида одамлар хавфсизлигини таъминлаш;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича давлат сирини, хизмат ахборотларини муҳофаза қилишга, махсус алоқани ривожлантиришга доир тадбирларни ўтказишни таъминлайди;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;


б) фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш соҳасида:

фавқулодда вазиятлар хавфи ва таҳдидлари омилларини олдиндан аниқлашнинг мақсадли ҳамда илмий-техник дастурлари бўйича тадбирларни режалаштирилиши ва бажарилишини таъминлайди;

аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, уларнинг мулкига бўлган хавфларни барвақт профилактика қилиш ва олдини олиш, ҳаёт фаолиятини таъминловчи объектлар мустаҳкамлигини ошириш, содир бўлиши мумкин бўлган хавфларнинг юзага келиши сабабларини барвақт аниқлаш, уларни бартараф этишнинг аниқ чораларини кўриш, ушбу соҳада аҳолининг хабардор қилиниши даражаси оширилишини таъминлайди;

авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилади ва уларнинг оқибатларини енгиллаштиради;


в) аҳолига фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, халқ билан мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борада ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилиш соҳасида:

фавқулодда вазиятлар хавфи ва таҳдиди бартараф этилишини, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда уларга ўз вақтида ва комплекс ёрдам берилишини таъминлайди;

халқ билан, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшлар билан мулоқотни кенгайтиради ва кучайтиради, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлайди;

Вазирлик ваколати доирасидаги масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг қабул қилиниши ва мурожаатлари кўриб чиқилишини таъминлайди ҳамда улар бўйича қонунда белгиланган тартибда тегишли чораларни қабул қилади;

республиканинг барча ҳудудларида тизимли равишда профилактик тадбирларни амалга оширади, шунингдек аҳоли билан кенг кўламли мулоқот олиб боради ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш масалаларида юзага келган муаммоларни ҳал этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорликни таъминлайди;

фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ёки содир бўлганда аҳолини автоматик тарзда хабардор қилиш тизими яратилишини ва бошқарилишини мувофиқлаштириб боради;

аҳолини катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларида фавқулодда вазиятлар оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган авариялар хавфи тўғрисида хабардор қилади;

ФВДТ ва фуқаро муҳофазасини хабар бериш тизими, алоқа, автоматлашган бошқарув тизими ва ахборотлар билан таъминлашнинг доимий тайёр ҳолатда бўлиши ташкил этилишини таъминлайди;

фавқулодда вазиятлар хавфи ёки юз берганлиги тўғрисида аҳолини хабардор қилиш ҳамда локал ва объект даражасида хабар бериш тизими ишларини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

республиканинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, муассасалар ва аҳолини юз берган ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар ва иқлим ўзгариши, атроф муҳитнинг зарарланганлик даражаси, содир бўлиши мумкин бўлган хавфли ва офатли гидрометеорологик жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлайди;

аҳолини табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан тезкор хабардор қилиш мақсадида мавжуд барча оммавий ахборот воситалари ва телерадио эшиттириш каналларидан белгиланган тартибда фойдаланади;

аҳолини фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, сув объектларида аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича билимини оширишни ташкил этиш ва бошқа давлат органлари, жамоат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ишларга услубий раҳбарлик қилади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишни ташкиллаштириш ва амалга оширишнинг барча босқичларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллайди;

жамоат бирлашмаларини ҳамда тегишли билим ва тажрибага эга бўлган алоҳида фуқароларни, шу жумладан, хорижий фуқароларни, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини ўтказишга белгиланган тартибда жалб қилиш ишларини ташкиллаштиради;


г) фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасини ривожлантириш ва бошқарувини таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини бошқаради ва давлат назоратини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни ташкиллаштиради;

қутқарув хизматларини, қутқарув тузилмаларини ташкил этиш, тайёрлаш ва доимий шай ҳолда бўлишини, фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан бартараф этиш ва тугатиш ишларини мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган куч ва воситаларни жойлаштириш ва жиҳозланишини белгилайди;

тўғридан тўғри ва оператив бўйсинувдаги қутқарув тузилмалар томонидан қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни режалаштириш ва амалга оширишни, вазирлик тизимига кирувчи, шунингдек уларни амалга оширишга жалб этиладиган бошқа қутқарув тузилмаларнинг ўқитилишини ташкил этади;

катта кўламли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, ушбу мақсадлар учун зарур бўлган куч ва воситаларни яратиш ва шайлигини таъминлаш ишларига раҳбарлик қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқаро муҳофазаси, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва тузилмалари томонидан фуқаро муҳофазаси тадбирлари амалга оширилишига бевосита раҳбарлик қилади, уларнинг сафарбарлик тайёргарлигини режалаштиради ва ташкил этади;

фуқаро муҳофазасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, фуқаро муҳофазаси тизимини шай ҳолга келтириш ва хабарлашни ташкиллаштириш бўйича директив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

фуқаро муҳофазаси куч ва воситаларининг жанговар ва сафарбарлик шайлигини таъминлайди;

фуқаро муҳофазаси ҳарбий қисмлари ва тузилмаларини бошқаришни ташкил этади;

фуқаро муҳофазаси соҳасидаги вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари, давлат бошқаруви органлари, қонун ҳужжатлари асосида ташкил этилган ҳарбий қўшинлар ва тузилмаларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштириб боради;

фуқаро муҳофазасини ривожлантириш учун зарур бўлган қурол-яроғ, техника, ҳимоя ва бошқа моддий-техник воситалар бўйича давлат буюртмаси лойиҳасини тузади;

аҳолининг радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофазаси ташкил этилиши, панагоҳлар ва фуқаро муҳофазасининг бошқа объектлар яратилиши ва доимий тайёргарлигини таъминлаш юзасидан назоратни амалга оширади;

фуқаро муҳофазаси шахсий ҳимоя воситаларини текшириш ва синаш, радиацион разведка ўтказишга мўлжалланган асбобларни қиёслаш ва калибровка қилишни ўрнатилган тартибда амалга оширади;

ўз ваколати доирасида ФВДТ ва фуқаро муҳофазасининг сафарбарлик бўйича моддий-техник ва инсон ресурслари кучларини жорий ва истиқболли режалаштириш тадбирларини амалга оширади;

тегишли давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар аҳолисига белгиланган тартибда мурувват ёрдами шакллантирилиши ва етказиб берилишини ташкил қилади;

фавқулодда вазиятлар ҳудудидаги ишларга жалб қилинган Вазирлик, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш, талофат ҳудудига Вазирлик томонидан олиб келинган юкларни, шу жумладан мурувват ёрдами сақланишини таъминлайди;


д) фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ва ривожланиши хавфини комплекс мониторинг ва прогноз қилишни таъминлаш, мазкур соҳада гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар олиб бориш соҳасида:

зилзила, кўчки, сел, сув босиши, сув тошқини, қор кўчкиси ва бошқа табиий офатлар, шунингдек техноген хусусиятли авария ва ҳалокатларни назорат қилиш ва прогнозлаш тизимининг ривожланишини мувофиқлаштириб боради;

атроф муҳитнинг ҳолати, хавф манбаи юқори бўлган объектлар ва чегарадош ҳудудлардаги вазиятни кузатиш ва назорат қилиш юзасидан раҳбарликни амалга оширади;

атроф муҳит (атмосфера, тупроқ ва очиқ сув ҳавзалардаги сувлар)нинг ифлосланганлигини, дарёлар атрофида сув тошқини хавфини мониторинг қилишни, гидрологик режимга амал қилинишини ҳамда гидрометеорологик маълумотларни тайёрлаш, атроф муҳитнинг экстремал юқори даражада ифлосланганлиги ҳақида огоҳлантиришни таъминлайди;

гидрометеорологик хавфли жараёнларни кузатиш ва прогнозлаш, сел ва қор кўчкисига қарши чоралар кўрилиши лозим бўлган ҳудуд ва жойларни аниқлашни таъминлайди;

манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни прогнозлаш учун автоматлашган хабарлаш тизимини яратишни, республиканинг барча ҳудудини қамраб оладиган фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича географик маълумотлар тизими, шунингдек табиий ва техноген хавфли жойларнинг давлат кадастри олиб борилишини таъминлайди;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, алмашиш ва берилишини таъминлайди;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятлар юзага келиши натижасида, шу жумладан атроф муҳитга етказилган моддий зарарни ҳисоблаш усулини ишлаб чиқишни ташкил этади;


е) аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техника ресурсларнинг давлат захира фондларини ташкил этишга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

республика раҳбариятининг топшириғига асосан вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ташкилотлар томонидан сел, қор, ер кўчкиси ҳудудлари, сув босиш эҳтимоли мавжуд ҳудудлардан аҳолини кўчириш, улар учун янги яшаш ҳудудларида зарур бўлган ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, шунингдек турар-жойлар қурилишини, ушбу ҳудудлардан кўчирилган фуқаролар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалар барпо этилишини;

фавқулодда вазиятлар юз бериши мумкин бўлган хавфли ҳудудлар (участка, жойлар)дан аҳолини эвакуация қилиш, шунингдек уларга янги яшаш жойларида зарур бўлган ижтимоий-маиший шароитлар яратилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек фуқароларни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун талаблари бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ташкилотлар томонидан ҳалокатлардан жабр кўрган ёки фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда қатнашган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва тиббий муҳофаза қилиниши ва ушбу соҳада тадбирлар амалга оширилиши назорати бўйича ташкилий-услубий раҳбарликни амалга оширади ва фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари)нинг тезкор навбатчилар гуруҳи билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, объектлар ва бошқа ташкилотлар навбатчи диспетчерлик хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради ва бошқарувини таъминлайди;

тегишли вазирликлар ва идоралар билан йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати ва хавфсиз ишлаши билан боғлиқ ҳодисалар бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолини зарур бўлган биринчи навбатдаги моддий бойликлар билан таъминлаш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинган махсус тузилмаларни жиҳозлаш учун идоравий, моддий бойликлар захирасини яратади;


ж) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш, кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш хавфсизлигини самарали назорат қилиш, сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда мақсадли илмий-техника дастурлар ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, инсонлар хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқлари, бошқа ташкилотларнинг фаолияти барқарорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва илмий-техник дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

фавқулодда вазиятларда аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилишда юзага келаётган муаммолар, гидрометерология ва сейсмопрогностик мониторинг бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишни ва молиявий жиҳатдан таъминланишини, мавжуд қутқарув воситаларини такомиллаштириш ва юқори даражадаги янгиларини яратиш, уларни амалга ошириш учун махсус-техник воситаларни яратиш, фавқулодда вазиятларда иқтисодиёт объектлари фаолияти барқарорлигини оширишни ташкил этади;

фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш талабларига риоя қилиниши бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари ва объектларни қуриш лойиҳаларининг давлат экспертизасидан ўтказилишида қатнашади;

инсонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республиканинг барча сув ҳавзаларида кичик ҳажмли кемалар ва уларнинг тўхташ жойларидан тўғри фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

потенциал хавфли объектлар ва улар чегарасидаги ҳудудларда фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни, уларнинг кўлами ва оқибатларини прогнозлашнинг назоратини таъминлайди;

фавқулодда вазиятларда аҳолини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек турар жойи бинолари ва иқтисодиёт объектларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга оширишни назорат қилади;

Вазирлик фаолияти соҳасига оид мақсадли давлат дастурларини амалга оширишда белгиланган тартибда давлат буюртмачиси функциясини бажаради;

кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказади, кичик ҳажмли кемаларни техник кўрикдан, кемаларни қуриш, фойдаланиш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлашда кўрикдан ўтказади;

кемалардан, шу жумладан кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш, шунингдек, кемаларни қуриш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлашни назорат қилади;

кемалар, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларга кема гувоҳномалари ва билетларини, таснифлаш гувоҳномаларини, сузишга яроқлилик гувоҳномаларини ҳамда кемачиликни тартибга солувчи қоидаларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларни беради;

кемаларни хавфсиз бошқаришнинг янги усулларини татбиқ қилиш бўйича кемаларнинг сузиш хавфсизлигини оширишни таъминловчи тадбирларни амалга оширади;

з) замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда, аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда ФВДТ тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тизимли тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

ФВДТ ва фуқаро муҳофазаси кучлари республика ва маҳаллий органлар мансабдор шахсларини, мутахассисларни тайёрлаш тизимини ташкил қилади, ривожлантиради, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича комплекс тадбирлар бажарилишини таъминлайди;

аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказларининг фуқаролар, вазирлик, идоралар, ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахсларини, шунингдек умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва уларнинг олдини олишга тайёрлаш бўйича ўқув-услубий фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

аҳолини, бошқарув органлари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ФВДТ бўлинмалари мансабдор шахсларини тайёрлаш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради,тасдиқлайди ёки келишади, қутқарувчиларни ва қутқарув тузилмаларини аттестациядан ўтказади;

таълим муассасаларининг фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш, қутқарувчиларни махсус тайёрлаш каби масалалар бўйича ўқув дастурларини кўриб чиқади ва келишади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авариялар ва ҳалокатлар, табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этиш ва уларда ҳаракат қилиш, ҳаёт фаолияти хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга аҳоли барча тоифасини сафарбар этиш бўйича аҳоли ўртасида билимларнинг кенг тарқатилишини таъминлайди;

аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга тайёрлаш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллайди ва улардан кенг фойдаланилишини таъминлайди;


и) юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, гидрометеорологик ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

давлат стандартлари, жаҳон амалиёти, фан ва таълим соҳасида йўналишлар ва инновацион технологиялар талабларини инобатга олиб "Аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфсизлиги" мутахассислиги бўйича олий маълумотли юқори малакали магистр даражасида тайёрлашни таъминлайди;

Вазирликнинг шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилари ва фуқаро таркибини, ҳудудий ва таркибий тузилмалари қутқарув хизматлари қутқарувчиларини, шунингдек ФВДТ тизимига кирувчи бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари ва мансабдор шахсларини аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;

фавқулодда вазиятларда қутқарув ишларига жалб этиладиган қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларни белгиланган тартибда аттестациядан ўтказишни ташкил этади ва амалга оширади;

фуқаро муҳофазаси, гидрометеорологик, табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни, конструкторлик ишларини ташкил этади ва амалга оширади;

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди;

к) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фуқаро муҳофазаси, шу жумладан авариялар ва талафотлар оқибатларини бартараф этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек ушбу соҳаларда чет эл тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш соҳасида:

фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, гидрометеорология, сейсмопрогностик мониторинг, шунингдек авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш, зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ҳамда Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича халқаро муносабатларни амалга оширади, шунингдек ушбу йўналишда халқаро тажрибани ўрганади, умумлаштиради ва оммалаштиришни ўрнатилган тартибда амалга оширади;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро шартномалар ва келишувларни ишлаб чиқишда, тузишда ва бажаришда, шунингдек фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда ўзаро маълумот алмашиш ва ёрдам бериш, қўшни давлатлар билан давлатлараро ва чегарада жойлашган сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалаларини ҳал этишда белгиланган тартибда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра БМТ тизимининг ихтисослашган халқаро ташкилотларининг ва бошқа ихтисослашган халқаро ташкилотларнинг марказий органларида ва минтақавий бўлинмаларида ишлаш учун, ушбу ташкилотлар билан келишилган шартларда, белгиланган тартибда вакиллар юборади;


л) Вазирлик фаолиятини ташкил этиш соҳасида;

Вазирликнинг бошқарув органлари, қутқарув ва бошқа тузилмаларининг молиявий, моддий ва техник таъминотини ташкил этади, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш тадбирларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан белгиланган тартибда молиялаштириш, кейинчалик ажратилган моддий ва молиявий ресурсларнинг ишлатилишини назорат қилишни ташкил этади;

Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва ходимлари(қутқарувчилари)нинг мажбурий суғурта қилинишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади, уларнинг, шунингдек оила аъзоларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлайди;

махсус сигналлар ва алоқа воситалари таниқли белгилар билан белгиланган тартибда таъминланган махсус транспорт воситаларга эга бўлади;


м) дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

дарёлар ўзанларини тозалаш жараёнида қум-шағал қазиб олиш ишларини олиб бориш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, улар бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасини олишни таъминлайди;

дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари олиб борилаётган участкалардаги ҳолатни ўрганиб боради;

шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ишлари натижасида олинган қум-шағал материаллари ҳажмининг ҳисобини юритади;

дарёлар ўзанларида тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхати тайёрланишини таъминлайди;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини амалга оширади;

н) ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, турар-жой фонди, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ишларини бажариш соҳасида:

буюртмачи функциясини амалга оширади ва Вазирликнинг капитал қурилиш ва таъмирлаш объектларида, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, турар-жой фонди, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари бўйича лойиҳа қарорларининг самарадорлигини таъминлайди;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, турар-жой фонди, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича пудратчи ишларини амалга оширади;

қурилиш-монтаж ва таъмирлаш бўйича пудрат ишларининг сифатли бажарилишига қаратилган комплекс ташкилий ва техник тадбирларни амалга оширади.


3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Вазирлик ўз зиммасидаги вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасида фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авариялар, ҳалокатлар, террористик ҳаракатлар оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш учун зарур бўлган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши шарт бўлган қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш;

Вазирлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотлар ва ҳужжатларни сўраб олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёргарлигини, Вазирлик фаолиятига оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда текшириш, шунингдек қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

Вазирлик фаолиятининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун идоралараро мувофиқлаштирув ва маслаҳатлашув органлари, ишчи гуруҳ, комиссия (илмий, илмий-техник, услубий ва шу кабиларни) тузиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, жарима ва бошқа тушумлар ҳисобидан Вазирликнинг бюджетдан ташқари фондини белгиланган тартибда ташкил этиш, унинг маблағларини бошқариш;

Вазирлик ихтиёридаги давлат мулкини белгиланган тартибда бошқариш;

Вазирлик хизмат мажбуриятларини бажаришда, фаолиятни ташкил этиш учун бюджет манбасидан тўғридан-тўғри олинадиган маблағлар, шунингдек давлат моддий ресурсларини янгилаш учун сотишдан келиб тушадиган маблағлар, жарималар, хайрия маблағлари, мурувват ёрдам, грант ва қонунчиликда тақиқланмаган манбалар маблағларини тасарруф этиш;

авария-қутқарув техникаларини яратиш, авариялар ва ҳалокатлардан жабрланган аҳоли ва ҳудудларни реабилитация қилиш ишларини олиб боришда ишларни бажарувчилар (фирмалар), чет эллик иш бажарувчилар билан, шунингдек, Вазирлик зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

махсус техник воситаларни тайёрлаш ва ушбу воситаларни тайёрлашга буюртмалар бериш, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда эҳтиёж учун зарур бўлган радиовоситалар, махсус жиҳоз ва техника, бошқа техник воситаларни олиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

вазирлик ҳарбий хизматчилари, ходимлари ва мутахассисларини, уларнинг оила аъзоларини, шунингдек пенсионерларининг қонунчилик талаблари асосида даволаш-профилактик, санатория-курорт ва бошқа чора-тадбирлар орқали ижтимоий ҳимоясини таъминлаш;

вазирлик эҳтиёжлари учун капитал қурилишлар, шу жумладан, уй-жой қурилиши, бино ва иншоотларни таъмирлаш ва қайта таъмирлаш ишларини олиб бориш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларида;

белгиланган тартибда тасдиқланган махсус радиоалоқа, сигнал бериш воситалари, байроқчалар, таниш белгилари билан жиҳозланган махсус рангдаги техник воситалар, учиш воситалари, ҳаво ва сув кемаларига эгалик қилиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолиятига мустақил экспертлар ва мутахассисларни жалб қилиш;

Вазирлик фаолиятига доир масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишга тайёргарлик кўриш ва ижросини таъминлаш ҳақида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

чет эл мамлакатларининг тегишли тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат ташкилотлари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда бошқа вилоятлардаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларига доимий шай турадиган ҳудудий куч ва воситаларни жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Вазирлик зарур ҳолларда бошқа давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга.


16. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Вазирликни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири (кейинги ўринларда вазир деб аталади) бошқаради.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари бўлади.


18. Вазир:

Вазирлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади ва Вазирликка юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Вазирлик ва унинг таркибида бўлган ташкилотлар ва тузилмалар фаолиятига раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари органларида, шунингдек халқаро ҳамкорлик доирасида ўтказиладиган тадбирларда Вазирлик манфаатларини ифодалайди;

вазир ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Вазирликнинг алоҳида иш йўналишлари ва участкалари, шунингдек бўйсунувидаги ташкилотларга раҳбарлик қилишининг белгиланган бўйича ваколати, шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппарати штати ва таркибини тасдиқлайди, шунингдек уларнинг тасдиқланган даври ва бюджет ажратмалари доирасида харажатлар миқдорини белгилайди;

буйруқлар, кўрсатмалар ва директивалар чиқаради, Вазирлик тизими ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

вазирликнинг олий офицерлари таркиб томонидан эгалланиши мумкин бўлган мансаблар рўйхати бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади;

вазирлик ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолайди;

ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

марказий аппарат тузилмаларининг низомларини, Вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг низом (устав) ларини тасдиқлайди;

ҳарбий хизматчиларнинг лавозими, шунингдек ушбу лавозимга мувофиқ келадиган ҳарбий унвонларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

тузилмалар шахсий таркибининг техника ва асбоб-анжомлар билан таъминланиш меъёрларини тасдиқлайди;

давлат бюджети ҳисобидан ажратилган ва белгиланган хизмат ресурсини ўтаб бўлган моддий-техник воситаларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши бўйича ҳужжатларни тасдиқлайди;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари топшириқлари, шунингдек объектларни, қутқарув тузилмалари учун янги турдаги техника ва техник воситаларни лойиҳалаштириш топшириқларини тасдиқлайди;

ҳарбий хизматчиларга, полковникка қадар ҳисобга олган ҳолда, ҳарбий унвонни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлар таркиби учун белгиланган тартибда ва муддатда беради;

вазирлик ҳарбий хизматчиларини лавозимларга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан келишган ҳолда ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларини лавозимга тайинлайди;

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга қабул қилади;

вазирлик ваколатига оид масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахслар қабулини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Вазирлик тизимида ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

ўз ваколатлари доирасида Вазирлик тизими ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, шунингдек улар оила аъзоларининг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш масалаларини ҳал этади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оддий аскар ва офицерлар таркибидан бўлган ҳарбий хизматчиларни давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларга хизмат сафарига юборади;

алоҳида хизматлари учун Вазирлик тизими ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва уларга фахрий унвонлар бериш, шунингдек идоравий мукофотларни таъсис этиш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади;

Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва ходимларини белгиланган тартибда хизмат сафарларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборади;

идоравий тақдирлаш белгиларини ишлаб чиқади, ушбу белгилар ва уларнинг тасвири ҳақидаги низомларни тасдиқлайди, улар билан Вазирлик шахсий таркибини, шунингдек фуқаро муҳофазаси, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ишлари амалга оширилишига кўмаклашган фуқароларни тақдирлайди;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг бош тасарруфчиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда:

олий офицерлар таркибининг, улар учун белгиланган лавозимларга тайинланиши ва озод этилиши тўғрисида;

олий офицерлар таркибига ҳарбий унвонлар берилиши тўғрисида;

Вазирлик ҳарбий хизматчилари ва қутқарувчиларининг кийим-бош намуналарини тасдиқлаш тўғрисида таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


19. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда фавқулодда вазиятлар бошқармалари ташкил этилади. Тоифаланган туманлар ва шаҳарларда - фавқулодда вазиятлар бўлимлари ташкил этилади.


20. Вазирликни ҳарбий хизматчилар билан жамлаш белгиланган тартибда, буюртманомалар асосида амалга оширилади.

Вазирликнинг офицерлар ва сержантлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий ва махсус таълим муассасаларида ва бошқа давлатларнинг таълим муассасаларида амалга оширилади.


21. Вазирликда вазир (ҳайъат раиси), лавозими бўйича вазир ўринбосарлари, Вазирликнинг ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг, шунингдек бошқа вазирликлар ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат таркибдаги ҳайъат тузилади.

Ҳайъатнинг шахсий таркиби ва сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда Вазирлик раҳбарияти ва бошқа мансабдор шахсларнинг ижро интизоми ва шахсий жавобгарлигини оширишни мустаҳкамлаш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат қарорлари Вазир буйруқлари билан амалга оширилади.


22. Вазирлик ваколати доирасидаги муҳим муаммоларни кўриб чиқиш, тавсиялар ишлаб чиқиш учун илмий-техник кенгаш ташкил этилади, унинг таркибига тегишли давлат ижро ҳокимияти органлари, илмий ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг вакиллари кириши мумкин.

Илмий-техник кенгаши таркиби ва унинг тўғрисидаги Низом Вазир томонидан тасдиқланади.

Илмий-техник кенгаш ўз фаолиятини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар билан яқин ҳамкорликда ташкил этади.


23. Вазирликнинг шахсий таркиби ҳарбий ва махсус кийим-бош формасига, рамзга ва фарқловчи нишонларга эга бўлади, уларнинг намуна-эталонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Вазирлик техникалари ва транспорт воситалари унинг рамзи тасвири туширилган махсус рангга бўялади.



5-БОБ. МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


24. Вазирлик шахсий таркибини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


25. Вазирликнинг ҳарбий хизматчилари ва хизматчилари бепул формали кийим-бош билан таъминланади.

Ашёвий таъминоти меъёрлари, улардан фойдаланиш муддати Вазир томонидан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 818-модда