ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.08.2017 й. ПҚ-3237-сон "Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини амалга оширишнинг замонавий шакл ва услубларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.08.2017 й.

N ПҚ-3237



ТОВАРЛАР (ИШЛАР, ХИЗМАТЛАР)НИНГ

ДАВЛАТ ВА КОРПОРАТИВ ХАРИДЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ШАКЛ

ВА УСЛУБЛАРИНИ ЯНАДА ЖОРИЙ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Ўтган йилларда электрон аукцион савдоларини ташкил этиш орқали давлат ва корпоратив харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун уларни такомиллаштириш чоралари кўрилди.

Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар) хариди бўйича идоралараро тендер комиссиялари, шунингдек, лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, давлат ва корпоратив харидларининг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди, турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш жараёнлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатларининг мавжудлиги сабабли жуда мураккаб ҳисобланади.

Хусусан, идоралараро тендер комиссиялари баённомаларини келишиш ва тасдиқлашни ўз ичига олувчи тендер жараёнларининг айрим ҳолларда олти ойгача чўзилиши кузатилмоқда, бу эса лойиҳалар, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар амалга оширилишининг кечиктирилишига ҳамда тармоқ жадвалларининг бузилишига олиб келмоқда.

Нарх-навони манипуляция қилиш, товарларнинг сифати, тавсифи ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ва электрон савдода тузилган битимлар бўйича товарларни етказиб бермаслик ҳолатлари кўплаб мавжуд.

Товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳада суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 июлдаги "Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5120-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш доирасида Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот порталини яратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган, битта контракт бўйича 5 миллион АҚШ долларидан юқори эквивалентдаги инвестиция лойиҳалари доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг хариди юзасидан тармоқ идоралараро тендер комиссияларини тугатиш;

лойиҳа ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳаолди ҳужжатларини таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича технология, асбоб-ускуналарни танлаш ва нархларни шакллантириш қисмида экспертизадан ўтказиш функциясини бажарадиган ихтисослашган тармоқ эксперт кенгашларини тугатиш;

битта контракт бўйича 300 АҚШ долларидан 100 минг АҚШ долларигача эквивалентдаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидларини Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси томонидан ташкиллаштириладиган электрон савдолар орқали амалга оширишга оид талабни бекор қилиш.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 январга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат ва корпоратив харидлари қуйидаги эквивалентларга мувофиқ, яъни:

1 минг АҚШ долларидан кам бўлган битта контракт бўйича - нархи, сифати ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддатлари бўйича энг мақбул келадиган шартларни таклиф қилган етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали. Битта контракт бўйича маблағ миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шартнома тузилган санадаги расмий курси бўйича ҳисобланади;

1 мингдан 100 минг АҚШ долларигача бўлган битта контракт бўйича - буюртмачи тузадиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали. Битта контракт бўйича маблағ миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг энг яхши таклиф келиб тушган санадаги расмий курси бўйича ҳисобланади;

100 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги битта контракт бўйича - буюртмачи томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "ЎзИнжиниринг" Республика лойиҳа институти, шунингдек буюртмачининг тармоқ илмий-техник кенгашларининг вакилларини албатта жалб этган ҳолда тузиладиган идоралараро танлов (тендер) комиссиялари ташкил этадиган танлов (тендер) савдоларини ўтказиш орқали амалга оширилади. Мазкур харидлар бўйича техник шартлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган бўлиши шарт. Битта контракт бўйича маблағ миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг техник шартлар тасдиқланган санадаги расмий курси бўйича ҳисобланади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар танлов (тендер) комиссиялари таркиблари ва тегишли тартиб-таомиллар ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирилишини таъминласин.

Буюртмачиларнинг раҳбарлари давлат ва корпоратив харидларини амалга ошириш тартибига, шу жумладан харид қилишнинг мақсадга мувофиқлигига риоя қилмаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортишгача қадар шахсий жавобгар ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат ва корпоратив харидларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

Ўзбекистон республика Товар-хомашё биржаси билан биргаликда Ресурслар ягона миллий маълумотномаси ва Давлат харидлари ягона ахборот портали яратилиши ҳамда 2018 йил 1 январдан ишга туширилишини таъминласин;

бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин:

давлат (корпоратив) харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ механизмини, ушбу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни;

давлат (корпоратив) харидларига тадбиркорлик субъектлари кенг жалб қилинишини;

давлат (корпоратив) харидлари иштирокчилари учун шикоят қилишнинг мустақил ва самарали тизими ҳамда тартиб-таомилларини яратишни;

электрон харидларни янада ривожлантириш, натижаларни таҳлил қилиш учун маълумотлар ягона базасини, харидларнинг зарур параметрларини ташкил этишни.


6. Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 24 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 28 август, 34-сон, 885-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 8-сон, 469-модда





















































Время: 0.2259
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск