язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш/ Давлат мулкини (акциялар, улушлар ва пайлар) реализация қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.08.2017 й. 589-сон "Сирдарё вилоятида жойлашган ишламай турган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, шунингдек давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2017 й.

N 589



СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЖОЙЛАШГАН ИШЛАМАЙ

ТУРГАН ВА КАМ ҚУВВАТЛИ КОРХОНАЛАР ФАОЛИЯТИНИ

ТИКЛАШ, ШУНИНГДЕК ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Илгари хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш, давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек Сирдарё вилоятида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда Сирдарё вилоятидаги бўш турган, фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ҳамда ер участкалари хатловдан ўтказилганлиги ва унинг натижаси бўйича улардан келгусида самарали фойдаланишга доир таклифлар ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Сирдарё вилоятида ишламай турган, фойдаланилмаётган давлат мулки бўлган объектлардан ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлари дастури тасдиқлансин, унда қуйидагилар назарда тутилган:

самарали фойдаланиш учун тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан "нол" харид қийматида сотишга тавсия этилаётган ва самарали фойдаланиладиган давлат мулки объектлари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

улар негизида янги кичик саноат зоналари ташкил этиладиган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ.


3. "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖ икки ой муддатда кичик саноат зоналари ҳудудларида муҳандислик-ишлаб чиқариш инфратузилмаларини тиклаш ва қуриш чора-тадбирларини ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.


4. "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖ раҳбарлари зиммасига кичик саноат зоналари ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини электроэнергия ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сон қарорига мувофиқ Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳридаги аввал хусусийлаштирилган корхоналар, қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида фаолият юритадиган лойиҳа ташаббускорлари "Янгиер" кичик саноат зонаси резидентлари деб ҳисоблансин.


6. Сирдарё вилояти туман (шаҳар)лари ҳокимларига "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" ДУК билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун республика давлат бошқаруви органи тасарруфида бўлган туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (майдонларини), тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг тегишли мурожаатидан сўнг икки ой муддатда балансда сақловчилар томонидан уларни ижарага бериш таъминланмаган тақдирда, истисно тариқасида, бир йилгача бўлган муддатга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин, бунда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда балансда сақловчиларга ажратмалар тегишли туман (шаҳар) бюджетига йўналтирилади.


7. Сирдарё вилояти ҳокимига вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари - балансда сақловчилар билан келишган ҳолда фойдаланилмаётган ва бўш турган давлат мулки объектларини, хусусийлаштирилмайдиган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига биноан хусусийлаштириладиган объектлардан туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг оператив бошқарувига қабул қилиш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.А. Гулямов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда беридган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 812-модда