язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.08.2017 й. 612-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 августдаги

612-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекциясининг (кейинги ўринларда "Ўздавдонинспекция" деб аталади) мақоми, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулиятини ва фаолияти ташкил этилишини белгилайди.


2. "Ўздавдонинспекция" давлат ресурсидаги дон, мойли экинлар, уларнинг уруғлари, шунингдек ун, ёрма, кепак, қўшимча маҳсулотлар, чиқиндилар, омухта озуқаларнинг (кейинги ўринларда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари деб аталади) сифати, сақланиши ва улардан оқилона фойдаланилиши юзасидан давлат назорати соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади


3. "Ўздавдонинспекция" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


4. "Ўздавдонинспекция", "Ўздавдонинспекция"нинг марказий лабораторияси (кейинги ўринларда марказий лаборатория деб аталади) ва "Ўздавдонинспекция"нинг ҳудудий лабораториялари (кейинги ўринларда ҳудудий лабораториялар деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий инспекциялари (кейинги ўринларда ҳудудий инспекциялар деб аталади) "Ўздавдонинспекция"нинг ягона тизимини ташкил қилади.


5. Ҳудудий инспекциялар, марказий ва ҳудудий лабораториялар юридик шахс ҳисобланмайдилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита "Ўздавдонинспекция"га бўйсунадилар.


6. "Ўздавдонинспекция" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


7. "Ўздавдонинспекция" ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хорижий, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


8. "Ўздавдонинспекция"нинг ўз ваколатлари доирасида давлат ресурсидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сақланишини, улардан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини, шунингдек уларнинг ифлосланиши, камайиши ва нобуд бўлишига йўл қўймасликни таъминлашда аниқланган қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалари ва хулосалари хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда бошқа юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


9. "Ўздавдонинспекция" юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисоб рақамларига ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.

"Ўздавдонинспекция"нинг жойлашган манзили (почта манзили): Тошкент шаҳри, Ц-14, 27-уй, индекси 100011.



2-БОБ. "ЎЗДАВДОНИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар "Ўздавдонинспекция"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини ошириш соҳасида давлат сиёсатининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларидан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ва нобуд бўлишини қисқартиришнинг таъминланиши, давлат ресурсларига харид қилинадиган доннинг ҳамда дуккакли, мойли экинлар уруғлари миқдорини ва сифатини аниқлашнинг ҳамда донни етиштириш, қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарида улар учун ҳисоб-китобларнинг ишончлилиги юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

дон ва донни қайта ишлашни техник бошқариш соҳасидаги норматив-техник ҳужжатлар талабларига, шунингдек уларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлашда ва экспорт-импорт операцияларида сифатини синаш методлари талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назоратни олиб бориш;

республика ичидаги ташишларда, давлат захираси жойини ўзгартиришда сифат сертификатлари берган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини давлат томонидан мажбурий текширишларни ўтказиш;

мамлакат ичида ва экспорт-импорт операцияларида фойдаланиладиган дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари бўйича низоли масалаларни ўз ваколати доирасида ҳал этиш;

давлат ресурсларига келиб тушадиган янги дон ҳосили сифатини ўрганиш.


11. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини оширишга доир давлат сиёсатининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш соҳасида:

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини ошириш ва улардан оқилона фойдаланиш давлат дастурларини тайёрлашда, шунингдек дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини баҳолаш методлари ва воситаларини ишлаб чиқадиган илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишда қатнашади;

давлат ресурсларидаги дон сифатининг ёмонлашиши, уларнинг нобуд бўлиши ҳолати ва сабабларини аниқлайди, зарурат бўлганда, уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради ҳамда давлат ресурсидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш ва улардан фойдаланиш борасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилади;

давлат ресурси, давлат захираси ва доннинг суғурта фондидаги озиқ-овқат баланси ҳажмлари ва таркибини бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда келишади, шунингдек дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг экспорт-импорт операцияларида уларнинг ҳажмлари ва таркиби бўйича таклифларни шакллантиради;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати масалалари бўйича ҳудудий ва халқаро ҳамкорлик қилишда белгиланган тартибда қатнашади;

"Ўздавдонинспекция" тизими кадрларини тайёрлаш, уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш бўйича ишларни ташкил қилади;

б) давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларидан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланилишини, уларнинг сифатли сақланишини ва нобудгарчилиги қисқартирилишини таъминлаш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

қуйидагилар юзасидан назоратни белгиланган тартибда амалга оширади:

донни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини зарур даражада жойлаштиришни, қайта ишлашни, реализация қилишни ҳамда уларнинг сифатли сақланишини таъминлаш;

дон сифатини аниқлашнинг ва унинг учун товар ишлаб чиқарувчилар ва бошқа етказиб берувчилар томонидан ҳисоб-китобларнинг, давлат ресурсидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари ҳисобини юритишнинг, давлат захираси ва суғурта фондининг ишончлилиги, дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари нобудгарчилигини ҳисобдан чиқаришнинг асосланганлиги;

омихта озуқаларни ишлаб чиқариш учун улар сифатининг техник кўрсаткичлари, норматив-техник ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг сарфланган партиялари юзасидан тозалаш далолатномаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини, сақлаш муддатлари ўтишини аниқлайди ва келгусида улардан фойдаланиш имконияти тўғрисида хулосалар беради;

давлат ресурсидаги донни сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг унинг сифати, сақланиши ва ундан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича ҳисоботларини эшитади;

в) дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларига норматив-техник ҳужжатлар талабларига, шунингдек қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт-импорт операцияларида уларнинг сифатини синаш методларига риоя этилиши юзасидан тизимли назорат олиб бориш соҳасида:

нобудгарчиликнинг белгиланган нормалари тўғри ва асосли қўлланиши, дон етиштирадиган, қабул қиладиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналарда давлат ресурсидаги дондан ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг чиқиш нормасига ва сифатига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари учун техник тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси норматив ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва келишишда, донни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт-импорт операцияларида синашнинг амалдаги норматив-техник ҳужжатлари ва методлари талабларига риоя этилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширишда қатнашади;

г) мажбурий давлат текширувини ўтказиш соҳасида:

республика ичидаги ташувларда, давлат резерви жойини ўзгартиришда, дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари билан экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатининг мажбурий давлат текширувини амалга оширади;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларига сифат сертификатлари беради;

д) мамлакат ичида ва экспорт-импорт операцияларида фойдаланиладиган дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати бўйича низоли масалаларни ҳал этиш соҳасида:

республика ҳудудида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида пайдо бўладиган низоли ҳолатларда, шунингдек экспорт-импорт операцияларида ўз ваколатлари доирасида дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати бўйича синовлар ўтказади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган хулосалар беради.

"Ўздавдонинспекция"нинг дон маҳсулотлари сифати бўйича хулосаси узил-кесил ҳисобланади;

е) давлат ресурсларига келиб тушадиган янги дон ҳосили сифатини ўрганиш соҳасида:

доннинг сифати ва технологик хоссаларини ўрганиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш ва давлат реестрини шакллантириш, шунингдек ундан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар бериш учун манфаатдор идоралар ва дон етиштирувчилар учун тегишли тавсияномалар тайёрлаш мақсадида янги дон ҳосилини ҳар йили текширувдан ўтказади.

"Ўздавдонинспекция" қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. "ЎЗДАВДОНИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш ташкилотларини белгиланган тартибда текшириш, зарурат бўлганда, донни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарида автомобиль ҳамда темир йўл транспорти орқали қабул қилинаётган ҳамда юклаб жўнатилаётган давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари партияларини, шунингдек давлат захирасидаги дон партиялари миқдорини назорат тартибида тарозида қайта тортиб кўриш;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини баҳолаш, қабул қилиш, жойлаштириш, сақлаш ва қайта ишлаш қоидаларининг аниқланган бузилишларини белгиланган муддатда бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш;

ташкилотларда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларидан белгиланган тартибда намуналар олиш, синовлар ўтказиш учун уларнинг лабораторияларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолатларда текшириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун "Ўздонмаҳсулот" АК ташкилотлари мутахассисларини жалб қилиш, шунингдек зарур ҳолатларда текширилаётган ташкилотлар раҳбарларига дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари намуналари бўйича қўшимча тадқиқотлар ўтказиш мақсадида тегишли лабораторияларга жўнатишга кўрсатмалар бериш;

давлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари қолдиқлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги асосли равишда шубҳа туғдирган ҳолатларда улар бўйича навбатдан ташқари хатлов ўтказилишини тайинлаш ёки, стандарт усулида қадоқланган бўлса, қайта тарозидан ўтказиш;

сифати бўйича стандарт талабларига, техник шартларга ва хавфсизлик нормаларига жавоб бермайдиган дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақиқлаш чораларини кўриш;

зарур ҳолатларда давлат ресурси ва давлат захирасидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг камомадлари ёки сифати бузилишида айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан материалларни тегишли органларга юбориш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри инспекциялари, таркибий бўлинмалар орқали нодавлат ресурсларидаги дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари билан операцияларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини баҳолаш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш.

"Ўздавдонинспекция" қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. "Ўздавдонинспекция" ва унинг мансабдор шахслари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали амалга оширилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. "ЎЗДАВДОНИНСПЕКЦИЯ"

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. "Ўздавдонинспекция"га Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ бошчилик қилади.

"Ўздавдонинспекция" бошлиғининг белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

"Ўздавдонинспекция" бошлиғи мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бошлиқ ўринбосари - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Ҳудудий лабораториялар мудирлари ўз фаолиятини жойлашган жойидаги ҳудудий инспекциянинг бош инспектори раҳбарлигида амалга оширадилар. Ҳудудий лабораторияларга методик раҳбарлик марказий лаборатория томонидан амалга оширилади.


15. "Ўздавдонинспекция" бошлиғи:

"Ўздавдонинспекция" фаолиятига умумий раҳбарликни якка бошчилик асосида амалга оширади ҳамда "Ўздавдонинспекция"га юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Ўздавдонинспекция" ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

ўз ваколатлари доирасида "Ўздавдонинспекция" марказий аппарати ва унинг ҳудудий инспекциялари, марказий ва ҳудудий лабораториялари ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

"Ўздавдонинспекция" марказий аппарати, марказий ва ҳудудий лабораториялари, ҳудудий инспекциялари тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида штатлар жадвалини, шунингдек "Ўздавдонинспекция"нинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

"Ўздавдонинспекция"нинг ҳудудий инспекциялари, марказий ва ҳудудий лабораториялари тузилмасини ва улар тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ўздавдонинспекция" марказий аппарати ходимларини, ҳудудий инспекциялар, марказий ва ҳудудий лабораториялар раҳбарлари ҳамда ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

"Ўздавдонинспекция"нинг молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради ва ташкил этади;

"Ўздавдонинспекция"нинг ходимларини рағбатлантириш, уларнинг интизомий жавобгарлиги масалаларини ҳал қилади, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини фахрий унвонлар беришга ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан мукофотлашга тавсия этади.

"Ўздавдонинспекция" бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-БОБ. "ЎЗДАВДОНИНСПЕКЦИЯ" ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


16. Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


17. Инспекция ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, моддий ёрдам, қўшимча ҳақ, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


18. Меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, бюджет маблағлари ҳисобига шакллантириладиган бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ва бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари инспекция ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. "Ўздавдонинспекция"ни тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 848-модда