язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Халқаро алоқалар/ Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларини бажариш Тартиби (ЎзР ВМ 12.12.2000 й. 473-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 12 декабрдаги

473-сон қарорига

ИЛОВА



Халқаро шартномалар лойиҳаларини

тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномалар бўйича мажбуриятларини бажариш

ТАРТИБИ


Мазкур Тартиб "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб аталади)га мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини тузиш тўғрисида таклифлар киритилгунга қадар тайёрлаш, шунинг-дек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларини, агар амалдаги қонун ҳужжатларида бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, бажариш тартиботини тартибга солади.



I. ХАЛҚАРО ШАРТНОМА

ЛОЙИҲАСИНИ ТАЙЁРЛАШ


1. Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатларига кирадиган масалалар бўйича Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ёки у билан келишган ҳолда, Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса мустақил равишда, айни бир вақтда Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилиб, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси лойиҳасини экспертлар даражасида ишлаб чиқишни бошлаш тўғрисида ёки кўп томонлама халқаро шартномани (конвенцияни) имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз таклифларини киритишлари мумкин.


2. Халқаро шартнома лойиҳасини тайёрлашни бошлаш тўғрисидаги ташаббус таклифига шартноманинг дастлабки лойиҳаси, шунингдек уни тузишнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш ҳамда зарурат бўлганда, шартномани тузишдан келиб чиқадиган молиявий-иқтисодий оқибатлар баҳоланиши илова қилинади.

Хорижий давлатнинг ёки халқаро ташкилотнинг халқаро шартнома тузиш тўғрисидаги ташаббустаклифи шартноманинг тегишли лойиҳаси билан бирга Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Халқаро кўп томонлама шартнома (конвенция)ни имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни Ўзбекистон Республикаси томонидан маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани ишлаб чиқишни бошлаш тўғрисидаги ташаббус таклифига шундай шартноманинг тўлиқ матни ва унга тааллуқли ҳужжатлар давлат тилида илова қилинади ва зарурат бўлганда унинг бошқа тилларга таржимаси таъминланади, шунингдек имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлигини асослаш, шу жумладан ундан келиб чиқадиган молиявий-иқтисодий оқибатлар баҳоланиши илова қилинади.


3. Вазирлар Маҳкамаси халқаро шартнома лойиҳасини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш тўғрисида ёки кўп томонлама халқаро шартнома (конвенция)ни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масала тўғрисида тегишли қарор (топшириқ) қабул қилади.

Экспертлар даражасида ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилади.

Зарур ҳолларда ушбу мақсадлар учун халқаро шартнома лойиҳасини тузиш ва кўриб чиқиш мақсадида манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакиллари, мутахассислар ва холис экспертлардан иборат комиссия тузилиши мумкин.


4. Барча таклифларни умумлаштириш ва халқаро шартнома лойиҳасини ёки кўп томонлама халқаро шартнома (конвенция)ни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани пухталаштириш мазкур Тартибга иловага мувофиқ ушбу шартнома билан бошқариладиган масалалар ўз ваколатига кирадиган ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлайдиган вазирликлар ёки идоралар зиммасига юкланади.


5. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг пухталаштирилган лойиҳаси, шартнома лойиҳаси бўйича умумлаштирилган таклифлар ва мулоҳазалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан, айрим ҳолларда эса  Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилгандан ва хорижий давлат ёки халқаро ташкилот билан ишлаб чиқишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг лойиҳани хорижий давлат ёки халқаро ташкилот билан ишлашни давом эттириш учун Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.


6. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг лойиҳаси хорижий давлат ёки халқаро ташкилот билан узил-кесил келишилгандан сўнг халқаро шартнома тузиш тўғрисидаги таклиф Ташқи ишлар вазирлиги, тегишли вазирликлар ёки идоралар томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ёки у билан келишилган ҳолда, Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, мустақил равишда, айни бир вақтда Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Кўп томонлама халқаро шартнома (конвенция)ни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзолаш, ратификация қилиш, унга қўшилиш ёки уни маъқуллашнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала бўйича таклифлар, шунингдек манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган унга изоҳ ва баёнлар матнлари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХАЛҚАРО

ШАРТНОМАЛАР БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


7. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ваколатли вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини тегишли чора-тадбирлар кўриш йўли билан таъминлайди.


8. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларини амалга ошириш, агар мажбуриятларни амалга оширишга масъул (марказий, ваколатли) вазирликлар ва идоралар халқаро шартнома матнида кўрсатилмаган бўлса, мазкур Тартибга иловага мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тегишли вазирликлар ва идораларга ёхуд тегишли халқаро шартноманинг қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарори билан тайинланган миллий ижро этувчи органга юкланади.


9. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларини амалга ошириш учун масъул вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан халқаро шартноманинг кучга киритилган санаси тўғрисида билдиришнома олгандан сўнг бир ой муддатда, у вақтинчалик қўлланган тақдирда эса  у имзолангандан сўнг, зарур ҳолларда уни бажариш бўйича тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни тасдиқлаш (кўриб чиқиш) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этадилар.


10. Кўп томонлама халқаро шартнома (конвенция) бўйича мажбуриятларнинг амалга оширилиши учун масъул вазирликлар ва идоралар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси учун кучга киритилган санаси тўғрисида билдиришнома олингандан сўнг икки ой муддатда, улар вақтинчалик қўлланган тақдирда эса  бундай қарор қабул қилингандан сўнг, белгиланган тартибда улар бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқадилар ва зарур ҳолларда уларни тасдиқлаш (кўриб чиқиш) учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этадилар.


11. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг кучга киритилиши ёки кўп томонлама халқаро шартномалар (конвенциялар)нинг имзоланиши, ратификация қилиниши, уларга қўшилиш ва уларнинг маъқулланиши муносабати билан қабул қилиниши зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда манфаатдор вазирликлар ёки идоралар томонидан амалга оширилади.


12. Масъул вазирликлар ва идоралар, миллий ижро этувчи органлар халқаро шартномалар бўйича ишлаб чиқилган тадбирларга мувофиқ мажбуриятлар бажарилишининг бориши ва натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берадилар.


13. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини кузатиб бориш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.


14. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятлар унинг бошқа қатнашчилари томонидан бузилган тақдирда Ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ зарур чора-тадбирлар кўриш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этадилар.


15. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.






Тартибга

ИЛОВА



Халқаро шартномалар лойиҳаларини экспертлар

даражасида ишлаб чиқиш ва халқаро шартномалар

бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш

зиммасига юкланган Ўзбекистон Республикаси

вазирликлари ва идоралари

РЎЙХАТИ

        

Халқаро шартнома билан

тартибга солинадиган масалалар


Масъул вазирлик, идора


Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва Қонунни бузганларни бериш (экстрадиция) масалалари бўйича


Адлия вазирлиги, Прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


Жиноятчиликка ва терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича


Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


Ташқи иқтисодий фаолият, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда техник ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича


Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги

Инвестиция ва валюта-молия ҳамкорлиги масалалари бўйича


Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси

Солиқ солиш ва солиқ қонунчилигига риоя қилишдаги ҳамкорлик масалалари бўйича


Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Давлат мулкини бегоналаштириш ва улардан фойдаланиш, ҳуқуқларни эътироф этиш ва мулкий муносабатларни тартибга солиш масалалари бўйича


Давлат рақобат қўмитаси, Адлия вазирлиги

Илмий-техникавий ҳамкорлик, шунингдек ҳуқуқий муҳофаза ва интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш шартлари масалалари бўйича


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар академияси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги

Ҳаво транспортида ташишларни ташкил этиш масалалари бўйича

Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича


Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

Темир йўл транспортида ташишларни ташкил этиш масалалари бўйича


"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик темир йўл компанияси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Автомобиль ва дарё транспортида ташишларни ташкил этиш масалалари бўйича


Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Туризм ва туристик фаолият соҳасидаги масалалар бўйича


Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича


Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги


Бадиий жамоалар, гуруҳлар, алоҳида ижрочилар концерт фаолияти, шунингдек маданий қадриятларни республикадан олиб чиқиб кетиш; чет элларда тасвирий ва декоратив-амалий санъат кўргазмаларини ташкил этиш; тарихий-маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш, лойиҳалаш, таъмирлаш ва консервация қилиш масалалари бўйича


Маданият ишлари вазирлиги

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиат ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича

Давлат экология қўмитаси

Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Стандартлаш, метрология, сертификация ва маҳсулот сифатини бошқариш масалалари бўйича


"Ўзстандарт" агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Таълим, илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги


Сиёсий масалалар бўйича


Ташқи ишлар вазирлиги


Чегара масалалари бўйича

Ташқи ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси


Мудофаа масалалари бўйича

Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги


Ветеринария соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси