язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.08.2017 й. 2921-сон билан рўйхатга олинган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 04.07.2017 й. 3-мҳ-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 28 августда 2921-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Жисмоний тарбия ва спорт

давлат қўмитасининг

2017 йил 4 июлдаги

3-мҳ-сон қарорига

ИЛОВА



Спорт турлари бўйича ягона

спорт таснифи тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 369-сон "Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ва талаблар ҳамда уларни бажариш шартларининг мазмунини, ягона спорт таснифини шакллантириш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ягона спорт таснифи (бундан буён матнда ЯСТ деб юритилади) спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ҳамда талабларни, шунингдек уларни бажариш шартларини (бундан буён матнда нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари деб юритилади) белгилайди.


2. Қуйидагилар ЯСТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасида спорт турларини ривожланишига кўмаклашиш;

спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини аниқлаш учун спорт кўрсаткичларини белгилаш;

спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини эътироф этиш;

спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини ошириш.


3. Ўзбекистон Республикаси "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонунининг 23-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида қуйидаги спорт унвонлари ҳамда спорт разрядлари берилади:

а) спорт унвонлари:

Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер;

Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери;

б) спорт разрядлари:

Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод;

биринчи спорт разряди;

иккинчи спорт разряди;

учинчи спорт разряди;

ўсмирлар учун биринчи спорт разряди;

ўсмирлар учун иккинчи спорт разряди;

ўсмирлар учун учинчи спорт разряди.


4. Спорт унвонлари спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига (бундан буён матнда календарь режа деб юритилади) киритилган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари натижалари бўйича ЯСТнинг нормалари ва (ёки) талабларини, шунингдек уларни бажариш шартларини бажарган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган спортчиларга берилади.

Спорт разрядлари календарь режага киритилган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари натижалари бўйича ЯСТнинг нормалари ва (ёки) талабларини, шунингдек уларни бажариш шартларини бажарган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда фуқаролиги бўлмаган спортчиларга берилади.


5. Спорт тури бўйича ЯСТ мавжуд бўлмаса ушбу спорт тури бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилмайди.


6. Спорт унвонлари ва спорт разрядлари умрбод берилади.



2-БОБ. НОРМАЛАР ВА ТАЛАБЛАР, ШУНИНГДЕК

УЛАРНИ БАЖАРИШ ШАРТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ


7. Нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спорт турининг ривожланганлик даражаси, расмий спорт мусобақаларининг нуфузи, спортчининг ёшини ва жинсини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


8. Нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спорт турининг хусусиятларига кўра белгиланган ўлчов бирликларида ифодаланган ва спортчининг маҳоратини аниқлайдиган кўрсаткичларни ўз ичига олади.


9. Нормалар ва талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) спорт мусобақасида эгалланган ўрин;

б) спорт мусобақасидаги рақиблар сони;

в) спорт мусобақасида ўлчов бирликлари бўйича қайд этилган натижалар.


10. Спортчи томонидан нормалар ва талабларни бажариш шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

а) спортчи иштирок этган халқаро расмий спорт мусобақаларида қатнашган мамлакатлар сони, бунда:

жаҳон чемпионати, кубоги ва биринчилигида:

ёзги спорт турларида - камида 20 та;

қишки спорт турларида - камида 15 та бўлиши.

Осиё чемпионати, кубоги ва биринчилигида:

ёзги спорт турларида - камида 10 та;

қишки спорт турларида - камида 8 та бўлиши.

бошқа халқаро расмий спорт мусобақаларида:

ёзги спорт турларида - камида 6 та;

қишки спорт турларида - камида 5 та бўлиши.

б) спортчи иштирок этган Ўзбекистон чемпионати ёки кубогида ҳудудий жамоалардан камида ярми қатнашган бўлиши;

в) спортчи иштирок этган ҳудудий чемпионат ва биринчиликда ҳудудий жамоалардан камида ярми қатнашган бўлиши;

г) спортчи иштирок этган расмий спорт мусобақаларида (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно) камида қуйидаги малака тоифасига эга бўлган ҳакамларнинг ҳакамлик қилиши:

Халқаро тоифали Ўзбекистон спорт устаси спорт унвони учун - 2 нафар халқаро тоифали ёки 3 нафар миллий тоифали спорт ҳаками;

Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвони учун - 2 нафар халқаро тоифали ёки 2 нафар миллий тоифали спорт ҳаками;

Ўзбекистон спорт усталигига номзод ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разряди учун - 1 нафар миллий тоифали ёки 3 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;

биринчи спорт разряди учун - 3 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;

иккинчи ёки учинчи спорт разряди учун - 2 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;

ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ёки учинчи спорт разряди учун - 1 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками.

д) спорт тури ҳамда расмий спорт мусобақаларини ўтказиш тизимининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бошқа шартлар.

Агар жаҳон чемпионати, кубоги ёки биринчилигида қатнашган мамлакатлар сони мазкур банд "а" кичик бандининг иккинчи хатбошисида белгилангандан кам бўлса, бунда Осиё чемпионати, кубоги ёки биринчилиги учун назарда тутилган шартлар қўлланилади.

Агар Осиё чемпионати, кубоги ёки биринчилигида қатнашган мамлакатлар сони мазкур банд "а" кичик бандининг бешинчи хатбошисида белгилангандан кам бўлса, бунда бошқа халқаро расмий спорт мусобақалари учун назарда тутилган шартлар қўлланилади.


11. Халқаро расмий спорт мусобақаларида бажарилган норма ва (ёки) талаблар учун спортчига у мазкур мусобақаларда Ўзбекистон Республикасининг терма жамоаси таркибида иштирок этган тақдирдагина, спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилади.



3-БОБ. ЯСТни ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


12. ЯСТ Олимпия ўйинлари ўтказилишининг даврийлигини инобатга олиб ҳар 4 йилда бир марта келгуси 4 йил муддатга тузилади.


13. ЯСТда спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари кўрсатилади.


14. ЯСТ спорт федерацияларининг (уюшмаларининг), спортнинг техник ва амалий турлари бўйича эса, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгашининг тақдимномаларига асосан Олимпия ўйинлари ўтказилган йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

15. ЯСТ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳайъатида кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.

16. ЯСТда нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спортчининг жинси ва ёшини инобатга олган ҳолда алоҳида-алоҳида кўрсатилади.


17. ЯСТ мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.


18. ЯСТга уни тузган ташкилотларнинг тақдимномаларига асосан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

ЯСТга ўзгартиришлар киритиш у қандай тартибда тасдиқланган бўлса шундай тартибда амалга оширилади.

Агар ЯСТга киритилаётган ўзгартиришлар спорт тури бўйича халқаро қоидалар ўзгарганлиги билан боғлиқ бўлмаса, ўзгартиришлар ЯСТ тасдиқланган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг киритилади.



4-БОБ. СПОРТ УНВОНЛАРИНИ БЕРИШ


19. Халқаро гроссмейстер спорт унвони тегишли халқаро спорт ташкилоти томонидан берилади.

Халқаро гроссмейстер спорт унвонини олган спортчилар Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси спорт унвонини олган спортчиларга тенглаштирилади.


20. Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси, Ўзбекистон гроссмейстери, Ўзбекистон спорт устаси спорт унвонлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан қуйидаги ташкилотларнинг тақдимномаларига асосан берилади:

республика спорт федерациялари (уюшмалари);

Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби.


21. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимнома ташкилот раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланган ва ташкилот муҳри билан (муҳр мавжуд бўлганда) тасдиқланган ҳолда ЯСТнинг нормалари ва талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилган кундан бошлаб 1 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига тақдим этилади.

22. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ЯСТ нормалари ва (ёки) талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилганлигини, шу жумладан спорт мусобақаларидаги ютуқлар акс эттирилган, расмий спорт мусобақалари баённомалари ва мусобақа дипломлари нусхалари (спорт паспорти мавжуд бўлганда, спорт паспортининг (тегишли маълумотлар кўрсатилган варақлари билан) нусхаси);

б) ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан тасдиқланган ҳакамларнинг таркиби ва тоифаси ҳақида маълумотнома (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно);

в) паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган спортчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси);

г) спортчига нисбатан унинг тренери томонидан берилган тавсифнома;

д) 2 та 3 х 4 ҳажмдаги (оқ фондаги) рангли фотосурат.

Тақдимномага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари уларни бераётган ташкилотлар томонидан аслига тўғри эканлиги тасдиқланган бўлиши шарт.

Тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тақдимномани имзолаган шахс масъул ҳисобланади.


23. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномага мазкур Низомнинг 22-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, у рад этилади ва уни тақдим қилган ташкилотга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати юборилади.


24. Спорт унвонини бериш ёки спорт унвонини беришни рад этиш масаласи мазкур Низомда белгиланган тартибда тузиладиган малака комиссияси томонидан ҳал қилинади.


25. Спорт унвонини беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланади:

а) спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 21-бандида белгиланган муддат ичида тақдим этилмаганда;

б) спортчи томонидан бажарилган нормалар ва (ёки) талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари ЯСТга мувофиқ бўлмаганда;

в) спорт мусобақалари давомида спортчи дисквалификация қилинганда.


26. Спорт унвони малака комиссияси қарори асосида қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига мувофиқ берилади.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи малака комиссияси қарори чиқарилган кундан бошлаб уч кун ичида қабул қилинади.

27. Спорт унвони берилганлиги ҳақидаги маълумот спортчининг спорт паспортига киритилади.


28. Спорт унвонини олган спортчига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт унвони олганлигини тасдиқловчи гувоҳнома берилади.

29. Спорт унвони олинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома йўқотилган, бузилган ёки уни олган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган ҳолларда спортчининг аризасига асосан ушбу гувоҳномани берган ташкилот томонидан гувоҳноманинг дубликати берилади. Бунда аризага гувоҳнома йўқотилган тақдирда, гувоҳнома йўқотилганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълоннинг (йўқотилган гувоҳноманинг берилган йили, тартиб рақами кўрсатилган ҳолда) нусхаси, гувоҳномани олган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёхуд бузилган гувоҳнома илова қилинади.

Гувоҳномаларининг дубликати берилганда унинг юқори ўнг бурчагига "Дубликат" деган сўз ёзилади.



5-БОБ. СПОРТ РАЗРЯДЛАРИНИ БЕРИШ


30. Спорт разрядлари қуйидагича:

олий маҳорат спорт мактаблари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг минтақавий кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби спортчиларига Ўзбекистон спорт усталигига номзод, Ўзбекистон гроссмейстерига номзод ва биринчи спорт разрядлари - мазкур ташкилотларнинг тақдимномасига асосан қатъий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан;

спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг минтақавий кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби спортчиларига иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари - қатъий равишда ушбу ташкилотлар томонидан спортчилар тренерларининг тақдимномаларига асосан;

бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари спортчиларига - Ўзбекистон спорт усталигига номзод, Ўзбекистон гроссмейстерига номзод, биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари ушбу ташкилотларнинг ёхуд тегишли спорт тури бўйича спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) ёки унинг ҳудудий бўлинмаларининг тақдимномаларига асосан - тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан, бунда спортнинг техник ва амалий турлари бўйича иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари - тегишлича Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг минтақавий кенгашлари томонидан берилади.

31. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимнома ташкилот раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) ва ташкилот муҳри (муҳр мавжуд бўлганда) билан тасдиқланган, тақдимнома тренер томонидан берилаётганда эса, тренер томонидан имзоланган ҳолда, ЯСТнинг нормалари ва талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилган кундан бошлаб 6 ой ичида берилиши шарт.


32. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ЯСТ нормалари ва (ёки) талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилганлигини, шу жумладан спорт мусобақаларидаги ютуқлар акс эттирилган, расмий спорт мусобақалари баённомалари ва мусобақа дипломлари нусхалари (спорт паспорти мавжуд бўлганда, спорт паспортининг (тегишли маълумотлар кўрсатилган варақлари билан) нусхаси);

б) ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан тасдиқланган ҳакамларнинг таркиби ва тоифаси ҳақида маълумотнома (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно);

в) паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган спортчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси);

г) спортчига нисбатан унинг тренери томонидан берилган тавсифнома;

д) 2 та 3 х 4 ҳажмдаги (оқ фондаги) рангли фотосурат (спорт разрядини биринчи марта олаётганда).

Тақдимномага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари уларни бераётган ташкилотлар томонидан аслига тўғри эканлиги тасдиқланган бўлиши шарт, тақдимнома спортчининг тренери томонидан берилаётган ҳоллар бундан мустасно.

Тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тақдимномани имзолаган шахс масъул ҳисобланади.


33. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномага мазкур Низомнинг 32-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, у рад этилади ва уни тақдим қилган ташкилотга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати юборилади. Бунда тақдимнома спортчининг тренери томонидан берилаётганда, у рад этиш сабаблари оғзаки тушунтирилган ҳолда қайтарилади.


34. Спорт разрядини бериш ёки спорт разрядини беришни рад этиш масаласи мазкур Низомда белгиланган тартибда тузиладиган малака комиссияси томонидан ҳал қилинади.


35. Спорт разряди малака комиссияси қарори асосида қабул қилинадиган мазкур Низомга асосан спорт разрядини бериш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар раҳбарларининг буйруғига мувофиқ берилади.


36. Спорт разрядини беришни рад этишга қуйидагилар асос ҳисобланади:

а) спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 31-бандида белгиланган муддат ичида тақдим этилмаганда;

б) спортчи томонидан бажарилган нормалар ва (ёки) талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари ЯСТга мувофиқ бўлмаганда;

в) спорт мусобақалари давомида спортчи дисквалификация қилинганда.


37. Спорт разряди берилганлиги ҳақидаги маълумот спортчининг спорт паспортига (спорт китобчасига) киритилади ва спорт разрядини берган ташкилот томонидан тасдиқланади.

Спорт разрядини берган ташкилот берилган спорт разрядларининг ҳисобини юритади.



6-БОБ. СПОРТ УНВОНЛАРИ ВА СПОРТ РАЗРЯДЛАРИНИ

БЕРИШ БЎЙИЧА МАЛАКА КОМИССИЯСИ


38. Мазкур Низомга асосан спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар ҳузурида малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссияси деб юритилади) тузилади. Малака комиссияси таркиби мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари қарори билан тасдиқланади.


39. Малака комиссияси камида етти нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига малака комиссияси тузилган ташкилотнинг таркибий бўлинмалари вакиллари, шунингдек спортнинг тегишли тури бўйича республика (вилоят) спорт федерациялари (уюшмалари), спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаблари ва бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари вакиллари келишув асосида киритилади.


40. Малака комиссияси раиси ва аъзолари ўз хоҳишига кўра ёки зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда аниқланган қоида бузишлари учун малака комиссиясини тузган ташкилот раҳбарининг қарорига мувофиқ комиссия таркибидан чиқарилиши мумкин.


41. Малака комиссияси мажлиси унда комиссия аъзоларининг 2/3 қисми қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Малака комиссияси қарори унинг мажлисида қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилиги овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


42. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномалар заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта, спорт разрядларини бериш тўғрисидаги тақдимномалар эса, ҳар ойда малака комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Малака комиссияси мажлислари унинг раиси томонидан чақирилади.

43. Малака комиссияси қарорлари баённома шаклида расмийлаштирилади ва комиссия аъзолари томонидан имзоланади. Баённома малака комиссияси котиби томонидан юритилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


44. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


45. Мазкур Низом Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 4 сентябрь, 35-сон, 935-модда