Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Фуқаролар йиғини ҳузуридаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги Намунавий низом (ЎзР ВМ 11.08.2017 й. 621-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 августдаги

621-сон қарорига

ИЛОВА



Фуқаролар йиғини

ҳузуридаги "Ота-оналар университети"

жамоатчилик тузилмаси тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу намунавий низом фуқаролар йиғини ҳузуридаги "Ота-оналар университети" жамоатчилик тузилмасининг (кейинги ўринларда Университет деб аталади) мақсади ва асосий вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Университет ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


3. Университет ўз фаолиятини амалга оширишда давлат органлари, шу жумладан фуқаролар йиғини ҳудудидаги таълим ва тиббиёт муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси раҳбари, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича тегишли комиссиялар билан ҳамкорлик қилади.


4. Университет ушбу намунавий низомга мувофиқ оилани бошқаришда ҳар хил муаммоларга дуч келаётган фуқаролар йиғини ҳудудидаги ота-оналар, ёшлар ва бошқа шахсларга оилада соғлом турмуш тарзини таъминлаш, фарзанд тарбиясига оид масалаларда ота-оналарнинг малакасини оширишда ёрдам кўрсатиш, шу жумладан уларнинг бу борадаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини ошириш тадбирларини амалга оширади.

Ушбу тадбирлар тегишли йўналишлар бўйича ўқув машғулоти сифатида олиб бориладиган Университет машғулотлари (кейинги ўринларда Университет машғулотлари деб аталади) ва тарғибот тадбирларидан иборат бўлиши мумкин.



2-БОБ. УНИВЕРСИТЕТНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Университетнинг мақсади - оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, оилаларнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишдан иборат.


6. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

фарзанд тарбиясига етарли эътибор бермаётган ота-оналар билан ишлаш, фуқаролар йиғинидаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш;

фарзанд тарбияси жараёнида ота-оналарга ёрдам кўрсатиш, оилада соғлом маънавий муҳитни таъминлашга кўмаклашиш.

Университет қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. УНИВЕРСИТЕТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Университет қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти учун зарур бўлган маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраб олиш;

Университет томонидан машғулотларнинг ташкил этилишини такомиллаштириш ва ушбу намунавий низомда белгиланган вазифаларни бажаришда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) таклифлар киритиш;

ушбу намунавий низомда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида машғулотларга давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакилларини, малакали мутахассисларни ва бошқа шахсларни жалб қилиш;

Университет машғулотларини фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровнома материалларидан, статистик маълумотлардан, газета ва журналларда ёритилган мақолалардан, намунали оилаларнинг тажрибаларидан ва шу каби йўналишларда ҳаётий мисоллардан фойдаланган ҳолда ташкил этиш.

Университет қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Университетнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

оилалар ва маҳаллалардаги маънавий муҳит барқарорлигининг бузилиши, шу жумладан фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишга кўмаклашиш;

ота-оналар билан ишлаш ва фарзанд тарбияси билан боғлиқ масалалар бўйича фуқаролар йиғини ҳаётида фаол иштирок этиш;

Университет машғулотлари ва тарғибот тадбирларини самарали ҳамда мақсадли тарзда мунтазам равишда амалга ошириш;

ушбу намунавий низомда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, ҳуқуқбузарлик содир этган ёшларнинг ота-оналари билан тизимли ишларни ташкил этиш.

Университет қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



4-БОБ. УНИВЕРСИТЕТ ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Университет таркиби фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилганидан кейин бир ой ичида 10-15 нафар аъзодан иборат таркибда овоз бериш йўли билан шакллантирилади.

Университет раҳбари, унинг ўринбосари ва аъзолари фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан икки ярим йил муддатга сайланади.

Университет раҳбари, унинг ўринбосари номзодига ва аъзоликка номзодга фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берганида у сайланган ҳисобланади.


10. Университет аъзолари фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган ҳуқуқшунос, шифокор, педагог, психолог ва бошқа мутахассислар ҳамда Университетга юкланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунадиган, обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган, маҳаллада ўзининг намунали хулқи билан обрў-эътибор қозонган фаол фуқаролар орасидан сайланади.

Университет раҳбари вазифасини қоида тариқасида фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси амалга оширади.


11. Университет ўз олдида турган асосий вазифаларни ҳар ойда камида бир марта чақириладиган йиғилишларда кўриб чиқади.

Университет йиғилиши йиғилишда аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашса ваколатли ҳисобланади. Университет аъзоларининг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Университетнинг йиғилишида қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

Университетнинг чораклик, ярим йиллик, йиллик иш режалари, шу жумладан Университет машғулотларининг йўналишлари бўйича режасини ишлаб чиқиш ва уларни тасдиқлаш учун фуқаролар йиғини кенгашига киритиш билан боғлиқ масалалар;

Университет иш режалари ижроси юзасидан Университет аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботларини эшитиш билан боғлиқ масалалар;

Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) билан келишишни талаб қиладиган бошқа масалалар.


12. Университет раҳбари:

Университетнинг йиғилишларида раислик қилади;

Университетнинг жорий ишларини ташкил қилади;

Университет аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Университет аъзоларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), йиғин кенгаши мажлисларида Университет номидан вакил бўлади;

Университет номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди;

Университет фаолияти тўғрисида йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) ҳисобот беради.

Университет раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Университет раҳбари ўринбосари ва аъзоларининг ваколатлари ушбу намунавий низомда белгиланган Университетнинг мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқиб, фуқаролар йиғини Кенгаши билан келишган ҳолда Университет раҳбари томонидан белгиланади.

Университет раҳбари узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда Университет раҳбари ўринбосари унинг вазифасини бажаради.


14. Университет машғулотлари унда иштирок этувчиларнинг ёши, жинси, маълумоти ҳисобга олинган ва гуруҳларга ажратилган ҳолда ташкил этилади. Университет машғулотларининг жойи, вақти ва ташкил этиш тартиби унинг иштирокчиларининг бўш вақтини ҳисобга олган ҳолда Университет йиғилиши томонидан белгиланади.

Университет машғулотлари унинг иштирокчиларига қулай бўлган тилда олиб борилади.


15. Университет машғулотлари қуйидаги йўналишларда олиб борилиши мумкин:

оила ҳуқуқи;

оила маънавияти;

оила бошқаруви;

оила иқтисодиёти;

оила психологияси;

оиланинг тиббий маданияти;

оилада соғлом турмуш тарзи.

Университет машғулотларининг мавзулари ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан ва мавжуд муаммолардан, шу жумладан аҳоли билан мулоқот қилиш жараёнида аниқланган масалалардан келиб чиқиб белгиланади.


16. Университет машғулотлари якунида Университет аъзолари томонидан машғулот иштирокчилари ўртасида сўровномалар ўтказилади ва натижалари таҳлил этилиб, самарадорлиги аниқланади.

Университет машғулотлари иштирокчилари ўртасида ўтказиладиган намунавий сўровноманинг шакли Университет раҳбари томонидан тасдиқланади.


17. Университетнинг тарғибот тадбирлари унинг аъзолари томонидан фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли ўртасида Университетнинг мақсад ва вазифалари юзасидан мунтазам тушунтириш ишларини олиб бориш ва республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш орқали амалга оширилади.


18. Университет фаолиятини фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) мувофиқлаштиради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, ҳудуддаги давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар Университет фаолиятини самарали ташкил этишга методик ва амалий жиҳатдан кўмаклашадилар.


19. Университетни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, Университет аъзоларини моддий рағбатлантириш юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан ташкил топган фуқаролар йиғини маблағлари ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан амалга оширилиши мумкин.



5-БОБ. УНИВЕРСИТЕТ АЪЗОЛАРИНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИНИ МУДДАТИДАН

ИЛГАРИ ТЎХТАТИШ


20. Университет раҳбари, унинг ўринбосари ёки бошқа аъзоларининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:

ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

соғлиғи ҳолати ёки бошқа узрли сабабларга кўра уч ой давомида ўз вазифаларини бажара олмай қолганда;

вафот этганда;

қонун ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


21. Университет раҳбари, унинг ўринбосари ёки бошқа аъзоларининг ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда, бир ой муддатда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан бўшаб қолган ўринларга янги сайлов ўтказилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 855-модда
























































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск