язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Йўл ҳаракати Қоидалари (ЎзР ВМ 11.12.2000 й. 472-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 11 декабрдаги

472-сон қарорига

ИЛОВА



Йўл ҳаракати

ҚОИДАЛАРИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу Йўл ҳаракати қоидалари (кейинги ўринларда "Қоидалар" деб аталади) республика ҳудудидаги йўлларда ҳаракатланишнинг ягона тартибини белгилайди.


1.2. Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг тарафлама ҳаракатланиш тартиби белгиланган.


1.3. Йўл ҳаракати қатнашчилари "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ушбу Қоидаларни ва унда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (1-илова), қатнов қисмидаги чизиқлар (2-илова)нинг ўзларига тегишли бўлган талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек, ўзларига берилган ҳуқуқ доирасида йўлларда ҳаракатни бошқараётган тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт.


1.4. Йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаракатланиш вақтида бошқа қатнашчиларнинг ҳаракатланишига хавф туғдирмасликлари керак. Ваколати бўлмаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан йўл қопламасини бузиш ёки ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш тақиқланади.

Ҳаракатга тўсқинлик туғдирган шахс уни тезда бартараф қилиш учун имконияти даражасида барча чораларни кўриши, агарда бунинг иложи бўлмаса, ўзида бўлган барча воситалар билан хавф-хатар ҳақида ҳаракат қатнашчиларини огоҳлантириши ва милицияга хабар бериши шарт.


1.5. Мазкур Қоидаларни бузган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига биноан жавобгарликка тортиладилар.



2. ҚОИДАЛАРДА ҚЎЛЛАНИЛГАН АСОСИЙ

ТУШУНЧА ВА АТАМАЛАР


Автомагистраль - 5.1 белги билан белгиланган йўл.


Ажратувчи бўлак - йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, рельссиз транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган алоҳида қисми.

Ажратувчи бўлак ётиқ чизиқ, йўл сатҳидан баланд қурилма, кўкаламзорлаштирилган жойлар кўринишида бўлиши мумкин.


Арава - от (ёки бошқа ҳайвонлар)га қўшиб тортиладиган, ёки одам мушак кучи билан тортиб (итариб) ҳаракатга келтириладигани юргизгичсиз (двигателсиз), юк ташишга мўлжалланган қурилма.


Асосий йўл - тупроқли йўлга нисбатан қаттиқ қопламали (асфальт ва цемент бетонли, тош ётқизилган ва шунга ўхшашлар), кесишаётган ёки туташган йўлга нисбатан 2.1, 2.3.1-2.3.3 ёки 5.1 белгилари билан белгиланган йўл ёхуд ёндош ҳудуддан чиқадиган йўлга нисбатан ҳар қандай йўл. Иккинчи даражали йўлнинг бевосита чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди.


Аҳоли яшайдиган жой - кириш ва чиқиш йўллари 5.22-5.25 белгилари билан белгиланган ҳудуд.


Белгиланган йўналишли транспорт воситаси - белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умумий фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, автобус, трамвай, йўналишли такси).


Велосипед - одам кучи билан ҳаракатлантириладиган икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси (ногиронлар аравачасидан ташқари).


Етарли кўринмаслик - ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш шароитларда, шунингдек, куннинг ғира-шира вақтида йўлнинг кўриниши 300 метрдан кам бўлиши.


Ёндош ҳудуд - бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, турар жой даҳалари, автомобиль тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш тармоқлари, корхона ва шунга ўхшашлар).


Имтиёз - мўлжалланган йўналишда бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи.


Йўл - транспорт воситалари қатнови учун қурилган ёки мослаштирилган ва худди шу мақсадда фойдаланиладиган ер минтақаси ёхуд сунъий иншоот юзаси. Йўл ўз ичига автомобиль йўлларини (умумий фойдаланишдаги ва идоравий автомобиль йўлларини), шаҳарлар, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли яшаш жойларининг кўчалари ва йўлкаларини, шунингдек, шаҳар электр транспорти йўлларини олади.


Йўл беринг - йўл ҳаракати қатнашчисига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракат йўналишини ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирон-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб.


Йўловчи - транспорт воситасидаги (ҳайдовчидан ташқари) шахс.


Йўл-транспорт ҳодисаси - транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида содир бўлиб, одамларнинг ўлими ёки уларнинг соғлигига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланишига ёки бошқа тарзда моддий зарар етказилишига сабаб бўлган ҳодиса.


Йўл ҳаракати - одамлар ва юкларнинг транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуи.


Йўл ҳаракатини ташкил этиш - йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ҳуқуқий, ташкилий-техникавий тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи.


Йўл ҳаракати хавфсизлиги - йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати.


Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш - йўл-транспорт ҳодисаларининг юзага келиш сабаблари олдини олишга, бундай ҳодисалар оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган фаолият.


Йўл ҳаракати қатнашчиси - йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситаси ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда тариқасида бевосита иштирок этаётган шахс.


Мажбурий тўхташ - техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи, йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф туғилганда ёки об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатланишининг тўхтатилиши.


Механиктранспорт воситаси - юргизгич (двигатель) билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси (мопеддан ташқари). Бу атама барча трактор ва ўзиюрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир.


Мопед - иш ҳажми 50 сантиметр кубгача бўлган ва юргизгич (двигатель) билан ҳаракатга келтириладиган, энг юқори тезлиги соатига 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч ғилдиракли транспорт воситаси.

Осма юргизгичли велосипедлар ва юқоридаги таърифга эга бўлган бошқа транспорт воситалари ҳам мопедларга тенглаштирилади.


Мотоцикл - кажавали ёки кажавасиз икки ғилдиракли механик транспорт воситаси.

Юкланмаган ҳолатдаги вазни 400 килограммдан ошмайдиган уч ғилдиракли механик транспорт воситалари ҳам мотоциклларга тенглаштирилади.


Огоҳлантирувчи ишоралар - фалокатли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, ҳаракатланиш йўналишини ўзгартиришда қўлланиладиган ишоралар.


Пиёда - йўлда транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва иш билан банд бўлмаган шахс.

Велосипед, мопед, мотоцикл ва чана етаклаган, аравача, болалар ҳамда ногиронлар аравачасини тортиб кетаётган, ногиронларнинг юргизгичсиз аравасида ҳаракатланаётган шахслар ҳам пиёда ҳисобланадилар.


Пиёдалар ўтиш жойи - йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар кесиб ўтиши учун мўлжалланган, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ва 1.14.1-1.14.3 чизиқлари билан ажратилган қисми.

Чизиқлар бўлмаса пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 белгилари орасидаги масофа билан аниқланади.


Пиёдалар йўлкаси - йўлнинг пиёдалар ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми.


Пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси - қоидаларнинг 5.2 банди талабларига мувофиқ йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи.


Реверсив ҳаракат - йўл қатнов қисмининг махсус ажратилган, 5.35 - 5.37 йўл белгилари, 1.9 чизиқлар билан белгиланган ёки устида реверсив светофор ўрнатилган бўлагида ҳаракат йўналишининг қарама-қарши томонга ўзгариши.


Рухсат этилган тўла вазн - аслаҳаланган транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан бирга, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан белгиланган энг юқори вазни (миқдори).

Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва ҳ.к.) транспорт воситаларининг рухсат этилган тўла вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўла вазнлари йиғиндиси киради.


Тартибга солувчи - тегишли гувоҳномаси ва белгиси (махсус кийими ёки таниқлик белгилари: қўл боғичи, жезл, қизил ишорали ёруғлик қайтаргич ёки ёруғлик қайтаргичсиз гардиш, қизил чироқ ёки байроқча) бўлган милиция, ҳарбий автоназорат ходими, йўлдан фойдаланиш идораларининг хизматчиси, темир йўл кесишмаси, сол кечувлари (паром) навбатчиси, жамоатчи автоназоратчи ва милициянинг штатдан ташқари ходими.


Темир йўл кесишмаси - йўлнинг темир йўл билан бир сатҳда кесишган жойи.


Транспорт воситаси - одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма.


Транспорт воситасининг эгаси - транспорт воситасига мулк ҳуқуқида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларда эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс.


Транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси - бевосита бир-бирининг кетидан битта ҳаракатланиш бўлагида фараларини доимий ёқиб келаётган, олдида ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ маёқчаси ёқилган транспорт воситаси кузатиб бораётган уч ва ундан ортиқ механик транспорт воситалари гуруҳи.


Тротуар - йўлнинг қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми.

Тиркама - механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган, юргизгич билан жиҳозланмаган транспорт воситаси.

Бу атама ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамаларга ҳам тааллуқлидир.


Тўхташ - транспорт воситасининг ҳаракатини 10 дақиқадан кам вақтга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш).


Тўхтаб туриш - транспорт воситасининг, унга йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатини 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш.


Қоронғи вақт - кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланиши орасидаги вақт.


Қатнов қисми - йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган қисми.


Қувиб ўтиш - эгаллаган ҳаракатланиш бўлагидан чиқиб олдинда кетаётган транспорт воситасидан ўзиб кетиш.


Чорраҳа - йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишадиган, туташадиган ва айриладиган жойи.

Чорраҳа чегараси унинг марказидан қатнов қисмлари охиридаги қарама-қарши томонларнинг энг узоқроқдаги бурила бошлаган жойларини туташтирувчи хаёлий чизиқлар билан аниқланади.

Ёндош ҳудудлардан чиқиш жойлари чорраҳа ҳисобланмайди.

Йўл ҳаракати светофор ёки тартибга солувчининг ишоралари орқали бошқарилаётган чорраҳа тартибга солинган чорраҳа деб ҳисобланади.

Милтилловчи сариқ ишорада, светофорлар ишламаётган ёки тартибга солувчи бўлмаган чорраҳа тартибга солинмаган чорраҳа деб ҳисобланади.


Ҳайдовчи - йўлларда бирон-бир транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс.

Бошқаришни ўргатувчи, миниладиган ҳайвонларда кетаётган ёки уларни етаклаб бораётган, чорва моллари (пода)ни ҳайдаб бораётган шахслар ҳам ҳайдовчига тенглаштирилади.


Ҳаракатланиш бўлаги - автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун кенглиги етарлича бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама бўлаги.



3. ҲАЙДОВЧИЛАРНИНГ УМУМИЙ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


3.1. Механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси:

ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини ёки транспорт воситасини вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талонни, ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартибда олиб қўйилган бўлса, унинг талонини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони олиб қўйилган ҳолларда вақтинчалик рухсатномани;

вақтинчалик бошқариш ҳуқуқини берувчи талон ёки вақтинчалик рухсатнома билан транспорт воситасини бошқаришда эса ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (фуқаролик паспорти ва ҳ.к.);

транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги ҳужжатни, транспорт воситасининг эгаси бўлмаган ҳолларда эса умумий эгалик ҳуқуқини берувчи, тасарруфга ёки фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, белгиланган ҳолларда йўл варақаси ва ташилаётган юкнинг ҳужжатларини ёнида олиб юриши, милиция ходимлари талаб қилганда текшириш учун бериши шартдир.


3.2. Тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахс ўзига қарашли бўлмаган транспорт воситасини, унинг эгаси, ёхуд тасарруфга ёки фойдаланишга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган шахс иштирокидагина (уларнинг розилиги билан) бошқариши мумкин.


3.3. Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситаси ҳаракатланиб бораётганда ҳайдовчи хавфсизлик камари тақиб олиши ва хавфсизлик камарлари тақилмаган йўловчиларни ташимаслиги шарт. Қуйидагиларга хавфсизлик камари тақмасликка рухсат берилади:

Қоидаларнинг 25.8-бандига мувофиқ орқа ўриндиқдаги 12 ёшгача бўлган болалар;

транспорт воситасини ҳайдовчиликка ўқиётган ўқувчи бошқараётганда бошқаришни ўргатаётган шахс;

ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган бемор йўловчилар;

орқага ҳаракатни амалга ошираётган ҳайдовчилар;

аҳоли пунктларида ҳаракатланишда - йўналиш таксилари ҳайдовчилари, таксининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар;

аҳоли пунктларида - ташқи қисмига тегишли рангли график схемалар чизилган махсус транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўловчилари.

Мотоциклни бошқараётганда ҳайдовчи тугмаланган махсус бош кийими кийиши ва тугмаланган махсус бош кийими киймаган йўловчиларни ташимаслиги керак.

3.4. Халқаро йўллардаги ҳаракатланишда иштирок этаётган механик транспорт воситаси ҳайдовчисининг ёнида "Йўл ҳаракати ҳақидаги" Конвенция талабларига мос келадиган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат, транспорт воситасида эса рўйхатдан ўтган давлатнинг рақамли ва таниқлик белгиси бўлиши шарт.


3.5. Транспорт воситаси ҳайдовчиси қуйидагиларга амал қилишга мажбурдир:

ҳаракатланишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;

ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник ҳолатини соз ҳолда бўлишини таъминлаши;

ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчиларнинг транспорт воситасига тўлиқ чиқиб жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк автомобилларида йўловчилар ташиётганда ушбу Қоидаларнинг 6.2 банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши;

ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши;

милиция ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширувдан ўтиши;

йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган транспорт воситасини шатакка олиш (фақат юк автомобилида), табиий офатлар содир бўлган жойларга етиб бориш, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш зарурати туғилган ҳолларда милиция ходимларига, йўлакай йўналишда тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига, зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш муассасасига олиб бориш учун тиббиёт ва милиция ходимларига, милициянинг штатдан ташқари ходимларига ва жамоатчи автоназоратчиларга транспорт воситасидан фойдаланишга имкон бериши.


Эслатма: тиббий хизматлар учун транспорт воситасидан фойдаланишга имкон беришдан бошқа ҳоллар фуқароларга тегишли транспортвоситаларига тааллуқли эмас.

Транспорт воситасидан фойдаланган шахс ҳайдовчи талаб қилганда йўл варақасига юрилган вақтни, босиб ўтилган масофани, ўз исми-шарифи, мансаби, иш жойи номини, йўл варақаси бўлмаган тақдирда тегишли намунадаги маълумотнома ёзиб бериши лозим.

Транспорт воситаларини текшириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ҳайдовчининг талабига мувофиқ ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт.


3.6. Ҳайдовчиларга қуйидагилар тақиқланади:

транспорт воситасини ҳар қандай мастлик (алкоголь, гиёҳванд модда ва бошқалар) ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган даражадаги чарчоқлик ва бетобликда бошқариш;

ҳар қандай мастлик ҳолатида, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракатли хавфсизлигига таҳдид соладиган даражада чарчоқлик ва бетобликда бўлган, шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган тегишли тоифадаги гувоҳномаси бўлмаган ёки йўл варақасида исми-шарифи кўрсатилмаган шахсларга транспорт воситасини бошқариш учун топшириш;

техник носоз транспорт воситасини, мопед, мотороллер ва мотоциклларни товуш пасайтиргичсиз бошқариш;

транспорт воситасининг тормоз тизими ёки бошқаруви ишдан чиқса, улагич мосламаси (автопоезд таркибида) носоз бўлса, қоронғи вақтда ёки етарлича кўринмаслик шароитида - фаралар ва орқа габарит чироқлари ёнмаса, ёмғир, қор ёғаётган вақтда эса ҳайдовчи томонидаги ойна тозалагич ишламай қолса, бундай транспорт воситаларида ҳаракатланиш;


Эслатма: ишчи тормоз тизими ёки бошқаруви секин ҳаракатланаётган транспорт воситасини тўхташи ёки маневр қилишига имкон бермаса, улар ишламаётган ҳисобланади.


транспорт воситаларига тегишли рухсатсиз махсус техник жиҳозлар (рация, сирена ва ҳ.к.)ни ўрнатиш;

транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси (шунингдек, пиёдалар жамланмалари) ҳаракатига халақит бериш ва улар орасига кириш;

транспорт воситасини бошқариш пайтида телефондан, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан транспорт воситаси салонининг олд қисмида ўрнатилган теле-, видеомонитордан фойдаланиш;

транспорт воситаси салонининг олд қисмига, шу жумладан приборлар панелига, қуёш соябонига ва орқа томонни кўриш кўзгусига теле-, видеомониторлар ўрнатиш.


4. ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ СОДИР

ЭТГАН ҲАЙДОВЧИЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


4.1. Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда унга дахлдор ҳайдовчилар қуйидагиларни бажаришлари шарт:

транспорт воситасини дарҳол тўхтатиши, фалокат ёруғлик ишораларини ёки фалокат сабабли тўхташ белгиси (милтилловчи қизил чироқ)ни ўрнатиши, транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатмаслиги;

шикастланганларга биринчи тиббий ёрдам бериш учун зарур бўлган чораларни кўриши, "Tез тиббий ёрдам"ни чақириши, шошилинч ҳолларда эса шикастланганларни яқин орадаги даволаш муассасасига йўлакай транспортда жўнатиши, бунинг иложи бўлмаган ҳолларда ўз транспорт воситасида олиб бориши, у ерда ўз исми-шарифини, транспорт воситасининг рақамли белгисини билдириши (ҳайдовчилик гувоҳномасини ёки ўз шахсини тасдиқловчи, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик ҳужжатини кўрсатиши) ва ҳодиса рўй берган жойга қайтиб келиши;

агар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига тўсқинлик қилса, аввало транспорт воситаси, ҳодисага алоқадор буюмлар ва изларнинг ҳолатини қайд этиб (имконияти бўлган ҳолларда гувоҳлар иштирокида), уларнинг йўқолмаслигини таъминлаши, сўнгра қатнов қисмини бўшатиши ёки ҳодиса рўй берган жойни айланиб ўтишни ташкил қилишнинг ўзига боғлиқ бўлган барча чораларини кўриши;

ҳодиса ҳақида милицияга хабар бериши, гувоҳларнинг исми-шарифини ва манзилгоҳини ёзиб олиб, милиция ходимларининг келишини кутиши.


4.2. Агар йўл-транспорт ҳодисасида шикастланганлар бўлмаса ва ҳайдовчилар ҳодиса вазиятига баҳо беришда ўзаро келиша олсалар, олдиндан ҳодиса чизмасини тузиб ва уни имзолаб, яқин орадаги ДАН маскани ёки милиция органига ҳодисани расмийлаштириш учун боришлари мумкин.



5. ПИЁДАЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


5.1. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан юришлари керак. Қўпол юкларни олиб кетаётган, ногиронларнинг юргизгичсиз аравасида бораётган шахсларнинг тротуар ёки йўл ёқасидан юришлари бошқа пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит бераётган бўлса, улар қатнов қисмининг четидан юришлари керак.

Тротуарлар, пиёдалар йўлкаси, йўл ёқаси бўлмаса ёки улардан юришнинг имконияти бўлмаган ҳолларда пиёдалар велосипед йўлкасидан ёки қатнов қисмининг четидан (ажратувчи бўлаги бор йўлларда қатнов қисмининг ўнг четидан) бир қатор бўлиб юришлари мумкин.

Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган пиёдалар транспорт воситаларининг ҳаракатига қарши йўналишда юришлари керак.

Ногиронларнинг юргизгичсиз аравасида кетаётган, мотоцикл, мопед, велосипед етаклаб кетаётган шахслар эса бундай ҳолларда транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб юришлари керак.


Эслатма: пиёдалар йўлкасида, тротуарларда, йўлнинг ёқасида пиёдаларнинг ҳаракатланишига халақит берадиган қурилма ва жиҳозлар ўрнатиш ман этилади.


5.2. Пиёдаларнинг ташкилий жамланмасига бир қаторда тўрт кишидан ортиқ бўлмасдан йўлнинг қатнов қисмида фақат транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши бўйлаб ўнг томондан юришга рухсат этилади.

Жамланманинг олди ва орқасида чап томондан қизил байроқча, қоронғи вақтда ёки етарлича кўринмаслик шароитида эса олдинда оқ, орқада қизил рангли чироқ кўтарган кузатувчилар бўлиши керак.

Болалар гуруҳини тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларидангина, улар бўлмаганда эса йўл ёқасидан фақат кундузи ва катта ёшдагилар кузатувида олиб юришга рухсат этилади.


5.3. Пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек, ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан, улар бўлмаганда эса чорраҳаларда тротуар чизиқлари ёки йўл ёқаси бўйлаб кесиб ўтишлари керак.

Кўринадиган оралиқда ўтиш жойи ёки чорраҳа бўлмаса, ажратувчи бўлаксиз ва тўсиқсиз йўлларда пиёдаларга йўлнинг икки томони яхши кўринадиган жойидан қатнов қисмининг четига нисбатан тўғри бурчак остида кесиб ўтишларига рухсат этилади.


5.4. Пиёдалар йўл ҳаракати тартибга солинган жойларда тартибга солувчининг ёки светофорларнинг, улар бўлмаганда эса транспорт светофорларининг ишораларига амал қилишлари керак.


5.5. Пиёдалар ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, яқинлашиб келаётган транспорт воситасигача бўлган масофани ва унинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқишлари мумкин.

Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига ҳалақит бермасликлари, яқинлашиб келаётган транспорт воситаларининг йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб кўринишни чекловчи тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмасликлари керак.

Пиёдалар тўхтаб турган автобус ва троллейбуснинг орқа томонидан, трамвайнинг эса олди томонидан йўлни кесиб ўтишлари шарт.


5.6. Агар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса, қатнов қисмига чиққан пиёдалар ушланиб қолмасликлари ва тўхтамасликлари керак.

Ўтишга улгурмаган пиёдалар қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари лозим.

Кейинги ҳаракатланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ва светофор ёки тартибга солувчининг ишораларини ҳисобга олган ҳолда ўтишни давом эттиришлари мумкин.


5.7. Ялт-ялт этувчи кўк рангли ёки кўк ва қизил рангли чироқ-маёқчаси ва (ёки) махсус товуш ишораси ёқилган транспорт воситалари яқинлашиб келаётган бўлса, пиёдалар қатнов қисмидан ўтмасликлари, унда ҳаракатланаётганлар эса бу транспорт воситаларига йўл беришлари ва зудлик билан қатнов қисмини бўшатишлари керак.


5.8. Белгиланган йўналишдаги транспорт воситалари ва таксиларни фақат бекатларда, улар бўлмаган тақдирда эса тротуарлар ёки йўл ёқасида кутиш керак.

Махсус жиҳозланган бекатлари бўлмаган тўхташ жойларида транспорт воситаси тўла тўхтагандан сўнг унга чиқиш учун йўлнинг қатнов қисмига чиқишга рухсат этилади. Ундан тушгандан кейин ушланиб қолмасдан йўлнинг қатнов қисмини бўшатишлари шарт.

Бекатларга бораётган ёки ундан қайтаётган пиёдалар Қоидаларнинг 5.4-5.7 бандлари талабларига амал қилишлари керак.



6. ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6.1. Йўловчилар транспорт воситасига фақат у тўлиқ тўхтагандан сўнг тротуар ёки йўл ёқаси томонидан чиқишга ва тушишга мажбурдирлар. Йўловчиларнинг транспорт воситаларидан тротуар ёки йўл ёқаси томонидан тушиши ёки уларга чиқишининг иложи бўлмаган ҳолларда у йўлнинг қатнов қисми томондан амалга оширилиши мумкин, бунда бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит берилмаслиги ва хавф туғдирилмаслиги керак.

Хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган транспорт воситасида юришда йўловчилар хавфсизлик камари таққан бўлишлари (Қоидаларнинг 3.3-бандида назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мотоциклда юрганда эса тугмаланган махсус бош кийими кийишлари шарт.

6.2. Йўловчиларга:

транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчини бошқаришдан чалғитиш ва унга халақит бериш;

бортли юк автомобилларида тик туриш, бортлар сатҳидаги ёки ундан юқоридаги юк устида ўтириш;

транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда унинг эшикларини очиш тақиқланади.



7. МАХСУС ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ИМТИЁЗЛАРИ


7.1. Кўк рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчаси ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларининг ҳайдовчилари кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажараётиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг 8-боб (8.9 бандидан ташқари), 10-15, 18-19 боблари, Қоидаларнинг 1 ва 2-иловалари талабларидан четга чиқишлари мумкин. Кўк рангли чироқ маёқчага қўшимча қизил рангли чироқ-маёқча ҳам ёқилиши мумкин.

Бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига нисбатан имтиёзга эга бўлишлари учун бундай транспорт воситаларида ялт-ялт этувчи чироқ маёқча ва (ёки) махсус товушли ишораси ёқилган бўлиши шарт. Улар ўзларига йўл берилаётганлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

Тезкор хизмат ва махсус хизмат транспорт воситалари кузатиб келаётган транспорт воситалари ҳам шу имтиёзлардан фойдаланадилар.


7.2. Ҳайдовчилар кўк рангли чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишораларни ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига, шунингдек, уларнинг кузатувидаги яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган транспорт воситаларига йўл беришлари, зарур бўлган ҳолларда уларнинг тўсиқсиз ўтиб кетишлари учун ўзлари бошқариб бораётган транспорт воситаларини йўлнинг ўнг томонига олиб тўхтатишлари шарт.


7.3. Кўк рангли чироқ-маёқчасини ёқиб турган транспорт воситасига яқинлашаётган ҳайдовчилар зарур бўлиб қолганда дарҳол тўхташ имкониятини берадиган даражада ҳаракатланиш тезлигини камайтиришлари шарт.


7.4. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли чироқ-маёқчаси ёқилган, йўлдан фойдаланиш хизматига тегишли мослама ва транспорт воситаларининг ҳайдовчилари иш бажариш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ушбу Қоидаларнинг йўл белгилари, чизиқлари ҳамда 11.4, 11.5, 11.8 ва 18.1 бандлари талабларидан четга чиқишлари мумкин. Бошқа ҳайдовчилар уларнинг иш бажаришларига тўсқинлик туғдирмасликлари шарт. Зарғалдоқ ва сариқ рангли чироқ-маёқча ҳаракатланишда имтиёз бермайди ва у фақат бошқа ҳаракатланиш қатнашчиларининг эътиборини жалб этиш учун хизмат қилади.



8. СВЕТОФОР ВА ТАРТИБГА

СОЛУВЧИНИНГ ИШОРАЛАРИ


8.1. Светофорларда яшил, сариқ, қизил ва оқ рангли ёруғлик ишоралари қўлланилади.

Светофор ишоралари вазифасига боғлиқ равишда доирасимон, йўналтиргич, пиёда тасвири туширилган ва Х-симон кўринишда бўлиши мумкин.

Доира шаклидаги ишорали светофорларда яшил доирали ишоралар билан бир сатҳда жойлашган яшил йўналтиргич кўринишдаги ишорали битта ёки иккита қўшимча тармоқ бўлиши мумкин.


8.2. Светофорнинг доирали ишоралари қуйидаги маънони билдиради:

яшил ишора ҳаракатланишга рухсат беради; милтилловчи яшил ишора ҳам ҳаракатланишга рухсат беради ва унинг таъсир вақти тугаши ҳамда кўп ўтмай тақиқловчи ишора ёниши ҳақида ахборот беради;

яшил ишора ўчишига сониялар (секундлар)да қанча вақт қолганлиги ҳақида ахборот бериш учун рақамли табло қўлланилиши мумкин;

сариқ ишора ҳаракатни тақиқлайди (фақат Қоидаларнинг 8.13 бандида кўзда тутилгандан ташқари) ва ишоралар алмашуви ҳақида огоҳлантиради;

милтилловчи сариқ ишора ҳаракатланишга рухсат беради ва тартибга солинмаган чорраҳа ёки пиёдалар ўтиш жойи борлигидан хабардор қилади, хавф-хатар ҳақида огоҳлантиради;

қизил ишора, шунингдек, милтилловчи қизил ишора ҳаракатланишни тақиқлайди;

қизил ва сариқ ишораларнинг бир вақтда ёниши ҳаракатланишни таъқиқлайди ва кўп ўтмай яшил ишора ёниши ҳақида ахборот беради.


8.3. Йўналтиргич кўринишидаги қизил, сариқ ва яшил рангли светофор ишоралари ҳам доира шаклидаги светофор ишоралари билан бир хил маънога эга бўлади. Улар фақат кўрсатилган йўналишга таъсир этади.

Агар тегишли йўл белгиси билан тақиқланмаган бўлса, чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич қайрилиб олишга ҳам рухсат беради. Қўшимча тармоқдаги яшил йўналтиргич ҳам худди шу маънони билдиради.

Қўшимча тармоқдаги ишора ўчирилган бўлса, шу тармоқ тартибга солаётган йўналишда ҳаракатланиш тақиқланганлигини билдиради.


8.4. Агар светофорнинг асосий яшил ишорасига қора йўналтиргич (йўналтиргичлар)нинг шакли туширилган бўлса, у ҳайдовчиларга светофорнинг қўшимча тармоғи борлиги ҳақида ахборот беради ва шу асосий тармоқдаги йўналтиргичлар йўналишларида ҳаракатланишга рухсат берилганлигини кўрсатади.


8.5. Агар светофор ишораси пиёда тасвири кўринишида бўлса, у фақат пиёдаларнинг ҳаракатига таъсир кўрсатади. Бунда яшил ишора пиёдаларнинг ҳаракатланишига рухсат беради, қизил ишора эса тақиқлайди.


8.6. Қатнов қисмидаги ҳаракат йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган бўлакларида транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш учун Х-симон қизил ишорали ва пастга йўналган йўналтиргич кўринишдаги яшил ишорали реверсив светофорлар қўлланилади. Бу ишоралар қайси бўлак устига ўрнатилган бўлса, унда ҳаракатланишни тақиқлайди ёки рухсат беради. Икки томони 1.9 чизиғи билан белгиланган бўлак устига ўрнатилган ишоралари ўчирилган реверсив светофор шу бўлакка киришни тақиқлайди.


8.7. Трамвайларнинг, шунингдек, белгиланган йўналишли бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишини, улар учун ажратилган махсус бўлакда тартибга солиш учун Т-ҳарфи кўринишида жойлашган тўртта доирасимон оқ рангли ишорали светофорлар қўлланилиши мумкин.

Юқоридаги бир ёки бир нечта ва пастки ишора бир вақтнинг ўзида ёнганда, ҳаракатланишга рухсат этилади. Улардан чапдагиси чапга, ўнгдагиси ўнг томонга бурилишга, ўртасидаги тўғрига юришга рухсат беради. Агар юқоридаги учта ишора бир вақтда ёнса, ҳаракатланиш тақиқланади.


8.8. Темир йўл кесишмаларида ўрнатилган доирасимон оқ рангли милтилловчи ишора транспорт воситаларининг кесишма орқали ҳаракатланишига рухсат беради.

Кўриниш чегарасида яқинлашиб келаётган поезд (локомотив, дрезина) бўлмаса, ўчирилган милтилловчи оқ ва қизил ишораларда ҳам ҳаракатланишга рухсат берилади.


8.9. Тартибга солувчининг ишоралари қуйидаги маънони билдиради:


ҚЎЛЛАРИ ЁН ТОМОНГА УЗАТИЛГАНДА ЁКИ ТУШИРИЛГАНДА, чап ва ўнг ён томонидан трамвайга тўғрига, рельссиз транспорт воситаларига тўғрига ва ўнгга ҳаракатланишга, пиёдаларга қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат берилади. Олди ва орқа томонидан барча транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади;


ЎНГ ҚЎЛИ ОЛДИНГА УЗАТИЛГАНДА, чап ёнидан трамвайга чапга, рельссиз транспорт воситаларига барча йўналишларда, олди томонидан барча транспорт воситаларига фақат ўнгга ҳаракатланишга рухсат берилади. Орқа томонидан ва ўнг ёнидан барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Пиёдаларга тартибга солувчининг орқа томонидан қатнов қисмини кесиб ўтишга рухсат этилади;


ҚЎЛИНИ ЮҚОРИГА КЎТАРГАНДА, Қоидаларнинг 8.13 бандида кўрсатилганидан бошқа ҳолларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг барча йўналишларда ҳаракатланиши тақиқланади.

Тартибга солувчи ҳайдовчи ва пиёдаларга тушунарли бўлган бошқа ишораларни ҳам бериши мумкин. Ишоралар яхши кўриниши учун тартибга солувчи жезл ёки ёруғлик қайтарадиган қизил рангли мосламаларни қўллаши мумкин.


8.10. Ҳаракатни тартибга солаётган ёки хизмат бурчини ўтаётган милиция ходими транспорт воситаси ҳайдовчисига қарата қўл ишораси ёки овозкучайтиргичли қурилма орқали транспорт воситасини тўхтатишни талаб қилиши мумкин. Ҳайдовчи эса кўрсатилган жойда тўхташи керак.


8.11. Йўл ҳаракати қатнашчиларининг эътиборини жалб этиш учун ҳуштак билан қўшимча ишора берилиши мумкин.


8.12. Светофор (реверсивдан ташқари)нинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 белгиси) олдида, бундай чизиқ бўлмаганда эса:

чорраҳада Қоидаларнинг 15.7 бандини ҳисобга олган ҳолда, пиёдаларга ҳалақит бермасдан қатнов қисмлари кесишмаси олдида;

темир йўл кесишмаси олдида Қоидаларнинг 17.4 бандига мувофиқ;

бошқа жойларда светофор ёки тартибга солувчининг олдида ҳаракатланиши рухсат берилган транспорт воситалари ва пиёдаларга ҳалақит бермаган ҳолда тўхташи керак.


8.13. Сариқ ишора ёнганда ёки тартибга солувчининг қўли юқори кўтарилганда, Қоидаларнинг 8.12. бандида кўзда тутилган жойларда кескин тормоз бермасдан тўхташга улгираолмайдиган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига ҳаракатни давом эттиришга рухсат этилади.

Ушбу ишоралар берилганда, қатнов қисмида бўлган пиёдалар уни бўшатишлари, агар бунинг иложи бўлмаса, қарама-қарши йўналишлардаги транспорт оқимларини ажратувчи чизиқда тўхташлари керак.


8.14. Ҳайдовчилар ва пиёдалар тартибга солувчининг ишораси ва кўрсатмаларига улар светофор ишоралари, йўл белгилари ва чизиқларига зид келган тақдирда ҳам амал қилишлари керак.


8.15. Темир йўл кесишмаларида светофорнинг милтилловчи қизил ишораси билан бир вақтда пиёдаларнинг кесишма орқали ҳаракатланиши тақиқланганлиги тўғрисида қўшимча ахборот сифатида товушли ишора ҳам берилиши мумкин.



9. ОГОҲЛАНТИРУВЧИ ВА ФАЛОКАТ ИШОРАЛАРИ,

ФАЛОКАТ САБАБЛИ ТЎХТАШ БЕЛГИСИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ


9.1. Қуйидагилар огоҳлантирувчи ишоралар ҳисобланади:

бурилишни кўрсатадиган милтилловчи чироқ ёки қўл билан бериладиган ишоралар;

товушли ишоралар;

фара чироқларининг ёқиб-ўчирилиши;

кундуз куни яқинни ёритувчи фара чироғининг ёқилиши.


9.2. Ҳаракатланишни бошлашдан, қайта тизилишдан, бурилиш (қайрилиб олиш)дан ва тўхташдан олдин ҳайдовчи тегишли йўналишни билдирувчи бурилиш ёруғлик кўрсатгичи, улар бўлмаганда ёки бузуқ бўлганда, қўл билан ишоралар бериши шарт.

Чапга бурилиш (қайрилиб олиш)ни билдирувчи ишорага чап қўлни ёки тирсакдан тўғри бурчак остида букилган ўнг қўлни ёнга узатиш мос келади.

Ўнгга бурилишни билдирувчи ишорага ўнг қўлни ёки тирсакдан тўғри бурчак остида букилган чап қўлни ёнга узатиш мос келади.

Тўхташ ишораси чап ёки ўнг қўлни юқори кўтариб берилади.


9.3. Бурилиш кўрсатгичи ёки қўл билан берилаётган ишора маневрни бажаришдан олдинроқ берилиши ва уни тугаллагач дарҳол тўхтатилиши лозим (қўл билан берилаётган ишорани маневр қилишдан бевосита олдин тугаллаш мумкин).

Ишоралар бериш бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларини чалғитмаслиги керак.

Огоҳлантирувчи ишора бериш ҳайдовчига олдин ўтиш ҳуқуқини бермайди ва уни зарурий эҳтиёт чораларини кўриш масъулиятидан озод қилмайди.


9.4. Ҳайдовчи ўзидан орқада келаётган, қувиб ўтишни бошлаган ва бошқа транспорт воситаларига ҳалал бермаслигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина, ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш ҳақида огоҳлантирувчи ишора бериши керак.


9.5. Товушли ишоралар фақат қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида бошқа ҳайдовчиларни қувиб ўтиш ҳақида огоҳлантириш учун;

зарур бўлган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш учун.


9.6. Қувиб ўтиш ҳақида товушли ишора ўрнига ёки у билан бирга фара чироқларини ёқиб-ўчириб огоҳлантириш ишорасини бериш мумкин.


9.7. Бурилишни кўрсатувчи барча ёруғлик ишораларининг бир вақтда милтиллаши фалокат ишоралари бўлиб ҳисобланади.

Фалокат ёруғлик ишоралари қуйидаги ҳолларда ёқилиши керак:

йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда;

тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхталганда;

фара чироқлари ҳайдовчининг кўзини қамаштирганда;

шатакка олишда (шатакка олинган транспорт воситасида).

Ҳайдовчи йўл ҳаракати қатнашчиларини, ўзи бошқараётган транспорт воситаси хавф туғдириши мумкин бўлган бошқа ҳолларда ҳам огоҳлантириш учун фалокат ёруғлик ишораларини ёқиши керак.


9.8. Қуйидаги ҳолларда фалокат ёруғлик ишоралари ёқилгандан кейин, шунингдек, у бўлмаганда ёки бузуқ бўлганда, фалокат сабабли тўхташ белгиси (милтилловчи қизил чироқ) дарҳол ўрнатилиши керак:

йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда;

тақиқланган ва кўриниш шароитини ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси бошқа ҳайдовчилар томонидан ўз вақтида пайқаб бўлмайдиган жойларда мажбурий тўхтаб қолганда.

Бундай белги (чироқ) муайян вазиятда хавф ҳақида ҳайдовчиларни ўз вақтида огоҳлантиришни таъминлайдиган масофада ўрнатилиши керак. Лекин бу масофа аҳоли яшайдиган жойларда транспорт воситасидан 15 метрдан, улардан ташқарида эса 30 метрдан кам бўлмаслиги керак.


9.9. Шатакка олинган транспорт воситасида фалокат ёруғлик ишоралари бузуқ бўлганда ёки бўлмаган ҳолларда унинг орқа томонига фалокат сабабли тўхташ белгиси ўрнатилиши керак.



10. ҲАРАКАТЛАНИШНИ БОШЛАШ,

ЙЎНАЛИШЛАРНИ ЎЗГАРТИРИШ


10.1. Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, қайта тизилиш, бурилиш (қайрилиб олиш), йўналишини ўзгартириш ва тўхташдан олдин ўз ҳаракати билан бошқа транспорт воситаларига хавф солмаётганлигига ва тўсқинлик қилмаётганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


10.2. Ёндош ҳудудлардан йўлга чиқаётган ҳайдовчи унда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ва пиёдаларга, шунингдек, ундан чиқишда ўзининг ҳаракат йўналишини кесиб ўтаётган пиёдалар ва велосипедчиларга йўл бериши керак.


10.3. Ҳайдовчи қайта тизилишда ён бўлакда йўлакай ҳаракат йўналишини ўзгартирмасдан кетаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.

Йўлакай йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари бир вақтда қайта тизилаётганда, ҳайдовчи ўнг томондаги транспорт воситасига йўл бериши керак.


10.4. Айланма ҳаракатланиш ташкил қилинган чорраҳаларга кириш учун бурилишдан бошқа барча ҳолларда ҳайдовчи ўнгга, чапга бурилиш ёки қайрилиб олишдан олдин шу йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган қатнов қисмининг энг четки ҳолатини эгаллаши шарт.


10.5. Бурилишни шундай амалга ошириш керакки, бунда қатнов қисмларининг кесишмасидан чиқаётган транспорт воситаси қарама-қарши йўналишдаги ҳаракат томонига ўтиб кетмасин.

Ўнгга бурилаётган транспорт воситаси иложи борича қатнов қисмининг ўнг томонига яқинроқда ҳаракатланиши керак.


10.6. Транспорт воситаси ўзининнг габарит ўлчамларига ёки бошқа техник сабабларига кўра Қоидаларнинг 10.4 банди талабларига мувофиқ бурилишни бажара олмаса, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаб ва бошқа транспорт воситаларига ҳалақит бермасдан ундан четга чиқишига йўл қўйилади.


10.7. Рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўлнинг чорраҳадан ташқари жойида чапга бурилиш ёки қайрилиб олишда қарама-қарши йўналишдан келаётган транспорт воситаларига ва йўлакай йўналишдаги трамвайга йўл бериши шарт.

Чорраҳадан ташқаридаги қатнов қисмининг кенглиги четки чап вазиятдан қайрилиб олиш учун етарли бўлмаса, уни қатнов қисмининг ўнг четидан (йўлнинг ўнг ёқасидан) амалга ошириш мумкин. Бу ҳолда ҳайдовчи йўлакай ва қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситаларига йўл бериши шарт.


10.8. Транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишлари кесишадиган ва ўтиш навбати ушбу Қоидаларда кўзда тутилмаган ҳолларда ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


10.9. Секинлашиш бўлаги бўлган йўлларда бурилмоқчи бўлаётган ҳайдовчи ўз вақтида шу бўлакка ўтиши ва тезликни фақат унда камайтириши керак.

Йўлга чиқиш жойида тезланиш бўлаги бўлса, ҳайдовчи унда ҳаракатланиши ва қўшни бўлакда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериши, сўнгра оқимга қўшилиши керак.


10.10. Қуйидаги жойларда қайрилиб олиш тақиқланади:

пиёдаларнинг ўтиш жойларида;

тоннелларда;

кўприклар, осма йўл (эстакада)лар, осма кўприклар ва уларнинг остида;

темир йўл кесишмаларида;

йўлнинг кўриниши бирон-бир йўналишда 100 метрдан кам бўлган жойларда.


10.11. Транспорт воситасини орқага ҳаракатлантиришда ҳайдовчи йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши ва бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига ҳалақит бермаслиги шарт. Зарурат туғилганда, ҳайдовчи бошқа шахсларнинг ёрдамидан фойдаланиши мумкин.



11. ЙЎЛНИНГ ҚАТНОВ ҚИСМИДА ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШИШИ


11.1. Рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланадиган бўлаклар сони чизиқлар ёки 5.8.1, 5.8.2, 5.8.7, 5.8.8 йўл белгилари билан белгиланади. Бундай чизиқлар ёки йўл белгилари бўлмаса, ҳайдовчилар йўл бўлакларини ўзлари, қатнов қисмининг кенглигини, транспорт воситалари орасидаги зарур ёнлама оралиқ масофани ва уларнинг габарит ўлчамларини ҳисобга олган ҳолда аниқлайдилар. Бунда ҳаракат икки томонлама бўлган йўл қатнов қисмининг чап томондаги ярми қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган, деб ҳисобланади.


11.2. Тўрт ва ундан ортиқ бўлакли, ҳаракат икки томонлама бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлакларга чиқиш тақиқланади.


11.3. Ҳаракат икки томонлама бўлган учта бўлакли (1.9 чизиғи билан белгилангандан ташқари) йўлларда ўрта бўлакка фақат қувиб ўтиш, чапга бурилиш, қайрилиб олиш ва айланиб ўтиш учунгина чиқишга рухсат этилади. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган четки чап бўлакка чиқиш тақиқланади.


11.4. Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида ҳайдовчилар транспорт воситаларини мумкин қадар қатнов қисмининг ўнг четига яқинроққа олиб ҳаракатланишлари керак.

Аҳоли яшайдиган жойларда Қоидаларнинг 11.6, 19.1, 26.2 бандларидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчилар ўзларига қулай бўлган ҳаракатланиш бўлагидан фойдаланишлари мумкин. Фақат ўнгга ёки чапга бурилиш, қайрилиб олиш, қувиб ўтиш, тўхташ олдидан ҳаракатланиш бўлагини ўзгартиришга рухсат этилади.

Бироқ, бир йўналишдаги уч ва ундан ортиқ бўлакли ҳар қандай йўлда ҳаракат серқатновлиги сабабли бошқа бўлаклар банд бўлган ҳолларда, шунингдек, қувиб ўтиш, чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш, рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига эса фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун четки чап бўлакни эгаллашга рухсат этилади.

Ҳаракат бир томонлама бўлган йўлнинг чап бўлагида тўхташ ва тўхтаб туриш Қоидаларнинг 14.1 бандига мувофиқ амалга оширилади.

Бирор бўлакда қўшни бўлакдаги транспорт воситаларига нисбатан катта тезликда ҳаракатланиш қувиб ўтиш деб ҳисобланмайди.


11.5. Тезлигини соатига 40 километрдан ошириши мумкин бўлмаган ёки техник сабабларга кўра тезлигини бундан ошира олмайдиган транспорт воситалари қувиб ўтиш, чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш, айланиб ўтиш учун қайта тизилишдан бошқа ҳолларда фақат четки ўнг бўлакда ҳаракатланишлари керак.


11.6. Йўлакай йўналишдаги қатнов қисмининг чап томонида у билан бир сатҳда жойлашган трамвай изидан шу йўналишдаги бошқа бўлаклар банд бўлганда ҳаракатланишга, айланиб ва қувиб ўтишга, шунингдек, 5.8.1, 5.8.2 белгилари билан белгиланмаган ҳолларда эса чапга бурилиш ва қайрилиб олишга рухсат этилади. Бироқ бу трамвай ҳаракатига ҳалақит бермаслиги керак.

Қарама-қарши йўналишдаги трамвай изидан ҳаракатланиш тақиқланади.


11.7. Агар қатнов қисми йўл чизиқлари билан бўлакларга ажратилган бўлса, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши қатъий равишда белгиланган бўлакларда амалга оширилиши керак. Фақат қайта тизилишда узуқ-узуқ чизиқларни босиб ўтишга рухсат этилади.


11.8. Реверсив ҳаракатланишли йўлга бурилишда транспорт воситалари қатнов қисмлари кесишмасидан чиқишда четки ўнг бўлакни эгаллаши керак. Ҳайдовчига шу йўналишдаги бошқа бўлакларда ҳам ҳаракатланишга рухсат берилганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина қайта тизилишга рухсат этилади.


11.9. Қоидаларнинг 14.1, 27.2 бандларида кўзда тутилгандан бошқа ҳолларда транспорт воситаларининг йўл ёқаси, тротуар ва пиёдалар йўлкаларидан ҳаракатланиши тақиқланади. Бу жойларда йўлдан фойдаланиш ва коммунал хизмат машиналарининг ҳаракатланишига, шунингдек, бошқа имконият бўлмаган ҳолларда бевосита йўл ёқасида, тротуар ёки пиёдалар йўлкалари олдида жойлашган савдо шохобчалари, корхоналар ва бошқа иншоотларга юк олиб кириш учун транспорт воситаларига яқин йўлдан киришга рухсат этилади. Бунда йўл ҳаракати хавфсизлиги тўла таъминланган бўлиши шарт.


11.10. Ҳайдовчи ўзидан олдинда кетаётган транспорт воситаси кескин тўхтаганда у билан тўқнашиб кетмаслик кафолатини берадиган оралиқ масофани, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ёнлама оралиқ масофани сақлаши керак.


11.11. Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқаридаги йўлларда тезлигини соатига 50 километрдан ошириши мумкин бўлмаган, шунингдек, рухсат этилган тўла вазни 12 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ўзи ва олдида кетаётган транспорт воситаси оралиғида, уларни қувиб ўтиши мумкин бўлган транспорт воситалари бемалол йўлнинг ўнг томонига қайта тизилиши учун имкон берадиган масофани сақлашлари керак.

Қувиб ўтишга тайёрланаётган, шунингдек, транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси таркибида, серқатнов бўлган йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига бу талаб тааллуқли эмас.


11.12. Агар бирон-бир тўсиқ сабабли қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланиш қийин бўлса, тўсиқ ўз томонида бўлган ҳайдовчи йўл бериши керак.



12. ҲАРАКАТЛАНИШ ТЕЗЛИГИ


12.1. Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан бошқариши керак.

Транспорт воситасининг тезлиги ҳайдовчига Қоидалар талабларини бажариш учун унинг ҳаракатини доимо назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак.

Ҳаракатланишда, ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф ёки тўсиқ пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхташини таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.


12.2. Аҳоли яшайдиган жойларда транспорт воситалари тезлигини соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.


12.3. Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида:

енгил автомобилларга ва рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тезликни соатига 100 километрдан оширмасдан;

шаҳарлараро қатнайдиган автобусларга ва микроавтобусларга тезликни соатига 90 километрдан оширмасдан;

бошқа автобуслар, тиркамали енгил автомобиллар, мотоцикллар, рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига тезликни соатига 80 километрдан оширмасдан;

тиркамали юк автомобилларига тезликни соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.


12.4. Ҳар қандай йўлларда:

одам ташиётган юк автомобилларига тезликни соатига 60 километрдан оширмасдан;

механик транспорт воситаларини шатакка олган транспорт воситаларига тезликни соатига 50 километрдан оширмасдан;

хавфли, оғир вазнли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, ташкилий жамланмада ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ДАН билан келишилган тезликдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.


12.5. Ҳайдовчиларга қуйидагилар тақиқланади:

тезликни мазкур транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезликдан ошириш;

тезликни транспорт воситасига ўрнатилган таниқлик белги ("Тезлик чекланган")да кўрсатилган қийматидан ошириш;

зарурат бўлмаганда жуда паст тезликда ҳаракатланиб, бошқа транспорт воситаларига халақит бериш;

йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш зарурати бўлмаганда, кескин тормоз бериш.



13. ҚУВИБ ЎТИШ


13.1. Ҳайдовчи қувиб ўтишни бошлашдан олдин:

ўзи ўтмоқчи бўлган ҳаракатланиш бўлаги қувиб ўтиш учун етарлича масофада бўш эканлигига, бу қарама-қарши йўналишдаги ва шу бўлакдаги транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бермаслигига;

шу бўлакда орқада келаётган транспорт воситаси қувиб ўтишни бошламаганлигига;

олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаси эса қувиб ўтиш, чапга бурилиш (қайта тизилиш) ҳақида ишора бермаганлигига;

қувиб ўтишни тугаллаётганда қувиб ўтилаётган транспорт воситасига халақит бермасдан илгари эгаллаган бўлакка қайтиб ўта олишига ишонч ҳосил қилиши шарт.


13.2. Рельссиз транспорт воситаларини фақат чап томондан қувиб ўтишга рухсат берилади. Бироқ чапга бурилиш ишорасини бериб, бурилишга киришган транспорт воситасини қувиб ўтиш ўнг томондан амалга оширилади.


13.3. Қувиб ўтилаётган транспорт воситасининг ҳайдовчисига ҳаракат тезлигини ошириш ёки бошқа ҳатти-ҳаракатлар билан қувиб ўтишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.


13.4. Қувиб ўтишни тугаллагандан сўнг ҳайдовчи илгари эгаллаган ҳаракатланиш бўлагига қайтиши шарт (ўнг томондан рухсат этилган қувиб ўтишдан ташқари).

Бироқ ушбу йўналишда ҳаракатланиш учун икки ёки ундан ортиқ бўлак бўлса, қувиб ўтаётган ҳайдовчи ўзи эгаллаган бўлакка қайтгани заҳоти кейинги қувиб ўтишни бошлашга тўғри келадиган ҳолларда орқада ўзидан катта тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига халақит бермаса, чап бўлакда ҳаракатланишни давом эттириши мумкин.


13.5. Қувиб ўтиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

тартибга солинган чорраҳаларда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш бўлагига чиқиб;

тартибга солинмайдиган чорраҳаларда асосий бўлиб ҳисобланмайдиган йўлларда ҳаракатланишда (айланма ҳаракатланишли чорраҳаларда қувиб ўтиш, кажавасиз икки ғилдиракли транспорт воситаларини қувиб ўтиш ва рухсат этилган ҳолларда ўнг томондан қувиб ўтиш бундан мустасно);

пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар бўлганда;

темир йўл кесишмаларида ва уларгача 100 метрдан кам масофа қолганда;

қувиб ёки айланиб ўтаётган транспорт воситаларини;

тепаликка кўтарилишнинг охиридава йўлнинг кўриниши чекланган бошқа жойларида қарама-қарши ҳаракатланиш йўналишига чиқиб.


13.6. Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқаридаги йўлларда секин ҳаракатланадиган ёки катта ҳажмли транспорт воситасини қувиб ўтиш қийин бўлган ҳолларда унинг ҳайдовчиси ушбу транспорт воситасини иложи борича йўлнинг ўнг томонига олиши, зарур бўлганда эса орқасида тўпланиб қолган транспорт воситаларини ўтказиб юбориш учун тўхташи керак.



14. ТЎХТАШ ВА ТЎХТАБ ТУРИШ


14.1. Транспорт воситаларига йўлнинг ўнг томонидаги ёқасида, у бўлмаганда эса қатнов қисмининг четида тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат берилади.

Аҳоли яшайдиган жойларда йўлларнинг чап томонида тўхташ ва тўхтаб туришга ҳар йўналишда камида биттадан ҳаракатланиш бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган ҳамда ҳаракат фақат бир томонлама бўлган йўлларда рухсат этилади.

Рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан кўп бўлган юк автомобиллари ҳаракат бир томонлама бўлган йўлларнинг чап томонида фақат юк ортиш ва тушириш учун тўхташлари мумкин.


14.2. Транспорт воситаларини қатнов қисмининг чети бўйлаб бир қатор қилиб, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини эса икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисми кенгайган айрим жойларида бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларига халақит бермаслик шарти билан транспорт воситаларини бошқача тартибда ҳам қўйишга рухсат этилади.

Пиёдалар ҳаракатига ҳалақит бермаслик шарти билан қатнов қисмига чегарадош тротуар четида фақат енгил автомобиллар, мотоцикллар, мопедлар ва велосипедларга тўхтаб туришга рухсат этилади.


14.3. Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида тунаб қолиш, дам олиш ёки бошқа мақсадларда тўхтаб туриш фақат бунинг учун кўзда тутилган майдончаларда ёки йўлдан ташқарида рухсат этилади.


14.4. Қуйидаги жойларда тўхташ тақиқланади:

трамвай йўлларида, шунингдек, бевосита уларга яқинроқда трамвайлар ҳаракатланишига ҳалақит берадиган бўлса;

тоннелларда, темир йўл кесишмаларида;

бир йўналишда ҳаракатланиш учун учтадан кам бўлаги бўлган кўприклар, осма йўл (эстакада)лар, осма кўприклар ва уларнинг остида;

тўхтаган транспорт воситаси билан сидирға чизиқ (қатнов қисмининг четини белгилаган чизиқдан ташқари) орасидаги масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда;

пиёдалар ўтиш жойларида ва уларга 5 метрдан камроқ масофа қолганда;

қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;

лоақал бир йўналишдаги кўриниш 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;

қатнов қисмлари кесишмаларида ва кесилаётган қатнов қисми четига 5 метрдан камроқ масофа қолганда (қарама-қарши ҳаракат йўналишлари сидирға чизиғи ёки ажратувчи бўлак билан ажратилган йўлда, унга ёндан туташган йўлнинг қарама-қарши томони бундан мустасно);

бекат майдончаларига, улар бўлмаганда эса ҳаракатга халақит берадиган бўлса, белгиланган йўналишдаги транспорт воситалари ёки таксининг тўхташ жойи кўрсаткичларига 15 метр қолганда;

транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган ёки бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишга) имкон қолдирмайдиган ва пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;

"Тўхташ тақиқланган" йўл белгиси (3.27) ҳамда чизиғи (1.4) нинг таъсирлари доирасида.


14.5. Тўхтаб туриш қуйидаги жойларда тақиқланади:

тўхташ тақиқланган жойларда;

аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида 2.1 белгиси билан белгиланган йўлларнинг қатнов қисмида;

темир йўл кесишмаларига 50 метр қолганда;

тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи йўл белгилари (3.27 - 3.30) ва чизиқлари (1.4, 1.10) таъсирлари доирасида.


14.6. Тўхташ тақиқланган жойда мажбурий тўхтаган ҳайдовчи транспорт воситасини бу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши керак.


14.7. Агар бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларнинг ҳаракатига халақит берадиган бўлса ёки хавф туғдирса, транспорт воситасининг эшикларини очиш тақиқланади.


14.8. Ҳайдовчи транспорт воситасини ўз-ўзидан ҳаракатлани-шини ёки ўзи йўқлигида ундан фойдаланишни истисно қиладиган зарур эҳтиёт чораларини кўргандан кейингина ўз жойини ташлаб кетиши ёки транспорт воситасини қолдириши мумкин.



15. ЧОРРАҲАДА ҲАРАКАТЛАНИШ


15.1. Чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи кесишаётган йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга, шунингдек, велосипед йўлкасидан йўлни кесиб ўтаётган велосипедчиларга йўл бериши керак.


15.2. Тирбандлик туфайли тўхташга мажбур бўлган ҳайдовчи, агар у кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, унинг чорраҳа ёки қатнов қисмлари кесишмасига кириши тақиқланади.


15.3. Милтилловчи сариқ ишорада, светофорлар ишламаётган ёки тартибга солувчи бўлмаган чорраҳаларда ҳайдовчилар тартибга солинмайдиган чорраҳалардан ўтиш қоидаларига, чорраҳада ўрнатилган имтиёз белгиларига амал қилишлари шарт.



ТАРТИБГА СОЛИНГАН ЧОРРАҲАЛАР


15.4. Светофорнинг яшил ишорасида чапга бурилаётган ёки қайрилиб олаётган рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси қарама-қарши томондан тўғрига ҳаракатланаётган ва ўнгга бурилаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро ушбу қоидага амал қилишлари керак.


15.5. Светофорнинг қизил ёки сариқ ишораси билан бир вақтда ёнган қўшимча тармоқнинг яшил ишорасидаги йўналтиргич йўналишида ҳаракатланаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси бошқа йўналишлардаги транспорт воситаларига йўл бериши керак.


15.6. Агар светофор ёки тартибга солувчининг ишоралари трамвай ва рельссиз транспорт воситаларига бир вақтда ҳаракатланишга рухсат берса, ҳаракатланиш йўналишидан қатъи назар, трамвай олдин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.


15.7. Светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чорраҳага кирган ҳайдовчи, ундан чиқишдаги светофор ишорасидан қатъи назар, белгиланган йўналишда ҳаракатини давом эттириши керак. Бироқ чорраҳада ҳайдовчининг юрадиган йўлида жойлашган светофорлар олдида тўхташ чизиқлари (ёки 5.33 белгиси) бўлса, у ҳар бир светофор ишорасига амал қилиши шарт.


15.8. Светофорнинг рухсат берувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситалари ва қатнов қисмидан тегишли йўналишда ўтишни тугаллаётган пиёдаларга йўл бериши шарт.



ТАРТИБГА СОЛИНМАГАН ЧОРРАҲАЛАР


15.9. Тенг аҳамиятга эга бўлмаган йўллар кесишган чорраҳада, кейинги ҳаракат йўналишидан қатъи назар, асосий йўлдан келаётган транспорт воситасига иккинчи даражали йўлдан келаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси йўл бериши керак.


15.10. Тенг аҳамиятга эга бўлган йўллар кесишган чорраҳада рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси ўнгдан келаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт.

Бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари керак. Бундай чорраҳаларда, кейинги ҳаракат йўналишидан қатъи назар, трамвай рельссиз транспорт воситаларига нисбатан олдин ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.


15.11. Асосий йўлнинг йўналиши чорраҳада ўзгарганда, асосий йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ўзаро тенг аҳамиятли йўллар чорраҳасидан ўтиш қоидасига амал қилишлари керак.

Иккинчи даражали йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам ўзаро шу қоидага амал қилишлари лозим.


15.12. Чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда рельссиз транспорт воситасининг ҳайдовчиси тенг аҳамиятли йўлдан қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган, шунингдек рухсат этилган ҳолларда қувиб ўтаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт. Бу қоидага трамвай ҳайдовчилари ҳам ўзаро амал қилишлари керак.


15.13. Агар ҳайдовчи ўзи ҳаракатланаётган йўлнинг қопламаси бор-йўқлигини аниқлай олмаса (қоронғи вақт, лой, қор, ва ҳ.к.) ва имтиёз белгилари бўлмаса, унда у ўзини иккинчи даражали йўлда деб ҳисоблаши керак.



16. ПИЁДАЛАРНИНГ ЎТИШ ЖОЙЛАРИ ВА

БЕЛГИЛАНГАН ЙЎНАЛИШДАГИ ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ БЕКАТЛАРИ


16.1. Транспорт воситасининг ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида қатнов қисмидан ўтаётган пиёдаларга йўл бериши шарт.


16.2. Агар тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи олдида транспорт воситаси ҳаракатини секинлаштирса ёки тўхтатса, қўшни бўлакларда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар бу транспорт воситаси олдида пиёдалар йўқлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнггина ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкин.


16.3. Тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчилар светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнган тақдирда ҳам пиёдаларга қатнов қисмини шу йўналишда кесиб ўтишни тугаллашга имкон беришлари керак.


16.4. Агарда, пиёдалар ўтиш жойларидан кейин пайдо бўлган тирбандлик туфайлиҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида тўхташга мажбур бўладиган бўлса, бундай пиёдалар ўтиш жойларига кириш тақиқланади.


16.5. Барча ҳолларда, шу жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида ҳам ҳайдовчи оқ ҳасса билан ишора бераётган кўзи ожиз пиёдаларни ўтказиб юбориши керак.


16.6. Агар йўловчиларни тушириш ёки чиқариш қатнов қисмида ёки унда жойлашган майдончада амалга оширилаётган бўлса, ҳайдовчи бекатда тўхтаган белгиланган йўналишдаги транспорт воситаси эшиклари томон бораётган ёки ундан келаётган пиёдаларга йўл бериши керак.


16.7. "Болалар гуруҳини ташиш" таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситаси тўхтаб турганда, унга яқинлашаётган ҳайдовчи ҳаракат тезлигини камайтириши, зарур бўлса тўхташи ва болалар гуруҳини ўтказиб юбориши керак.



17. ТЕМИР ЙЎЛ КЕСИШМАЛАРИ

ОРҚАЛИ ҲАРАКАТЛАНИШ


17.1. Транспорт воситаларининг ҳайдовчилари темир йўлларни фақат темир йўл кесишмалари орқали поезд (локомотив, дрезина)ларга йўл бериб кесиб ўтишлари мумкин.


17.2. Темир йўл кесишмасига яқинлашиб келаётган ҳайдовчи йўл белгилари ва чизиқларига, светофор ишораларига, шлагбаум ҳолатига, кесишма навбатчисининг кўрсатмаларига амал қилиши, яқинлашиб келаётган поезд (локомотив, дрезина) йўқлигига ишонч ҳосил қилиши шарт.


17.3. Темир йўл кесишмасига кириш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

светофор ишорасидан қатъи назар, шлагбаум ёпиқ турган ёки ёпила бошлаган ҳолатда;

шлагбаумнинг бор-йўқлигидан, унинг ҳолатидан қатъи назар, светофорнинг тақиқловчи ишорасида;

кесишма навбатчисининг тақиқловчи ишорасида (навбатчи ҳайдовчиларга олди ёки орқаси билан туриб таёқчани, қизил чироқ ёки байроқчани бошидан кўтариб турса ёки қўлларини ёнга узатса);

кесишмадан кейин ҳосил бўлган тирбандлик туфайли ҳайдовчи кесишмада тўхташга мажбур бўладиган ҳолларда;

агар кўриниш чегарасидаги масофада кесишмага поезд (локомотив, дрезина) яқинлашиб келаётган бўлса.

Бундан ташқари:

кесишма олдида турган транспорт воситаларининг қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиб айланиб ўтиш;

шлагбаумни ўзбошимчалик билан очиш;

кесишма орқали занжирли қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши ва бошқа машина ва механизмларнинг юриб ўтиши (механик транспорт воситаларига юклаб олиб ўтиш рухсат этилади);

темир йўл дистанцияси бошлиғининг рухсатисиз тезлиги соатига 8 километрдан кам бўлган транспорт воситаларини олиб ўтиш тақиқланади.


17.4. Кесишма орқали ҳаракатланиш тақиқланган ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи, 2.5 йўл белгиси ёки светофор олдида, улар бўлмаганда шлагбаумгача камида 5 метр, шлагбаум бўлмаганда эса биринчи темир йўл изига камида 10 метр қолганда тўхташи керак.


17.5. Темир йўл кесишмасида мажбуран тўхтаб қолган транспорт воситасининг ҳайдовчиси дарҳол одамларни тушириш ва кесишмани бўшатиш чораларини кўриши керак.

Агарда кесишмани бўшатишни иложи бўлмаса ҳайдовчи:

имконияти бўлганда яқинлашиб келаётган поезд машинистига тўхташ ишорасини бериш қоидасини тушунтириб, икки кишини темир йўл ёқаси бўйлаб иккала томонга 1000 метр масофага (агар бир киши бўлса уни йўл яхши кўринмайдиган томонга) юбориши;

транспорт воситасининг ёнида қолиши ва умумий хатар борлиги ишорасини бериши;

поезд кўринганда тўхташ ишорасини бериб, у келаётган томонга югуриши керак.


Эслатма: Тўхташ ишораси қўлни (кундузи ёрқин мато парчаси ёки аниқкўринадиган бирор нарса билан, тунда эса машъала ёки чироқ билан) гир айлантириш орқали берилади.

Умумий хатар ишораси битта узун ва учта қисқа товуш ишораси орқали берилади.



18.АВТОМАГИСТРАЛЛАРДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


18.1. Автомагистралларда қуйидагилар тақиқланади:

пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзи юрар машиналар, техник тавсифномасига ёки ҳолатига кўра тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;

рухсат этилган тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига биринчи ва иккинчи бўлаклардан бошқа бўлакларда ҳаракатланиши;

5.15 ёки 6.11 белгилар билан белгиланган махсус тўхтаб туриш майдончаларидан бошқа жойларда тўхташ;

ажратувчи бўлакнинг технологик узилиш жойларига кириш ва қайрилиб олиш;

орқага ҳаракатланиш;

транспорт воситасини ўрганиш учун бошқариш.


18.2. Қатнов қисмида мажбурий тўхтаганда ҳайдовчи транспорт воситасини Қоидаларнинг 9-боби талабларига мувофиқ белгилаши ва бундай ҳолатлар учун мўлжалланган бўлакка (қатнов қисмининг четини билдирувчи чизиқдан ўнг томонга) олиб чиқишнинг барча чораларини кўриши керак.



19. ТУРАР-ЖОЙ ДАҲАЛАРИДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


19.1. Турар-жой даҳалари (кириш ва чиқиш 5.38 ва 5.39 белгилари билан белгиланган ҳудудлар)да пиёдаларга тротуарлар ҳамда қатнов қисмида ҳаракатланишига рухсат этилади. Бунда пиёдалар имтиёзга эга бўладилар, бироқ улар транспорт воситаларининг ҳаракатланишига асоссиз ҳалақит бермасликлари керак.


19.2. Турар-жой даҳаларида:

механик транспорт воситасини бошқаришни ўргатиш;

юргизгичи ишлаб турган ҳолда тўхтаб туриш;

рухсат этилган тўла вазни 3.5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларининг махсус ажратилган, белги ёки чизиқлар билан белгиланган жойлардан ташқарида тўхтаб туриши тақиқланади.


19.3. Турар-жой даҳаларида ҳайдовчилар пиёдалар хавфсизлигини, шунингдек, ушбу ҳудуддаги иншоот, қурилма ва ўсимликларнинг шикастланмаслигини таъминлашлари зарур.


19.4. Турар-жой даҳаларидан чиқишда ҳайдовчилар бошқа ҳаракат қатнашчиларига йўл беришлари керак.


19.5. Ушбу бўлимдаги талаблар ҳовлили ҳудудларга ҳам тегишлидир.



20. ТИК НИШАБЛИК ВА БАЛАНДЛИКЛАРДА

ҲАРАКАТЛАНИШ


20.1. 1.13 ва 1.14 белгилари билан белгиланган қияликларда йўлда қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланишни қийинлашти-радиган бирон-бир тўсиқ бўлса, нишабликка ҳаракатланаётган транспорт воситаси ҳайдовчиси йўл бериши керак.


20.2. Тик нишабликда, довонда ва 1.13 белгиси ўрнатилган йўлда тўхтатиш тизими ишламай қолган транспорт воситалари ўз ҳаракатини тўхтатиш учун 5.40 белгиси билан белгиланган фалокатли ҳолатлар учун йўлга киришлари шарт.


20.3. Йўлнинг 1.13 "Тик нишаблик" йўл белгиси билан белгиланган қисмида узатма ёки тишлашиш механизмини ажратилган ҳолатда ҳаракатланиш тақиқланади.



21. БЕЛГИЛАНГАН ЙЎНАЛИШДАГИ

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ИМТИЁЗЛАРИ


21.1. Трамвай йўли чорраҳадан бошқа жойларда йўл қатнов қисмини кесиб ўтадиган бўлса, трамвай рельссиз транспорт воситаларига нисбатан имтиёзга эга бўлади (деподан чиқиш жойларидан ташқари).


21.2. Белгиланган йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун 5.9, 5.10.1-5.10.3 белгилари билан ажратилган бўлакда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи тақиқланади.

Агар бу бўлак йўл қатнов қисмининг бошқа жойидан узуқ-узуқ чизиқ билан ажратилган бўлса, бурилмоқчи бўлаётган транспорт воситалари бу бўлакка қайта тизилишлари керак.

Шунингдек, бундай жойларда белгиланган йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бермаслик шарти билан йўлга чиқиш, қатнов қисмининг четки ўнг томонида йўловчиларни чиқариш ва тушириш учун бу бўлакка ўтишга рухсат этилади.


21.3. Аҳоли яшайдиган жойларда бекатдан ҳаракатланишни бошлаётган автобус ва троллейбусларга ҳайдовчилар йўл беришлари керак. Ўз навбатида автобус ва троллейбус ҳайдовчилари уларга йўл берилганлигига ишонч ҳосил қилганлик-ларидан кейингина ҳаракатланишни бошлашлари мумкин.



22. ТАШҚИ ЁРИТИШ АСБОБЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


22.1. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда, шунингдек, тоннелларда ҳаракатланаётган барча транспорт воситалари:

йўлнинг ёритилмаган қисмида узоқни ёки яқинни ёритувчи фараларини;

йўлнинг ёритилган қисмида яқинни ёритувчи фараларини;

йўлнинг ёритилганлигидан қатъи назар, тиркамаларнинг габарит чироқларини ёқиши керак.


22.2. Қуйидаги ҳолларда узоқни ёритувчи фара яқинни ёритувчи фара билан алмаштирилиши керак:

аҳоли яшайдиган жойларда йўл ёритилган бўлса;

қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасига 150 метрдан камроқ масофа қолганда, шунингдек, ҳайдовчи транспорт воситасининг чироқларини вақти-вақти билан ўчириб бунга зарурият борлигини билдирган ҳолларда ундан ҳам кўпроқ масофада;

қарама-қарши ва бир йўналишдаги ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштириши мумкин бўлган бошқа барча ҳолларда.

Кўзи қамашган ҳайдовчи фалокат ёруғлик ишораларини ёқиши, ҳаракатланиш бўлагини ўзгартирмасдан тезликни камайтириши ва тўхташи керак.


22.3. Қоронғи вақтда йўлнинг ёритилмаган қисмида, шунингдек, етарлича кўринмайдиган шароитда тўхтаган ёки тўхтаб турган транспорт воситасида габарит чироқлари ёқилган бўлиши керак.

Етарлича кўринмайдиган шароитда габарит чироқларига қўшимча қилиб яқинни ёритувчи фаралар, туманга қарши фаралар ва туманга қарши орқа чироқлар ёқилиши мумкин.


22.4. Қуйидаги ҳолларда туманга қарши фараларни қўллаш мумкин:

етарлича кўринмайдиган шароитда алоҳида, шунингдек узоқни ёритувчи ёки яқинни ёритувчи фаралар билан;

қоидаларнинг 22.5 бандида кўзда тутилган ҳолларда яқинни ёритувчи фара ўрнида.


22.5. Куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи фаралар ёқилиши керак:

транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси сафида ҳаракатланаётганда;

умумий ҳаракат оқимига қарши йўналишда махсус ажратилган бўлакда ҳаракатланаётган белгиланган йўналишдаги транспорт воситаларида;

автобус ва юк автомобилларида болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида).


22.6. Фара-прожектор ва изловчи фаралардан фақат аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида қарама-қарши йўналишдан келаётган транспорт воситалари бўлмаганда фойдаланиш мумкин.

Аҳоли яшайдиган жойларда эса бундай фаралардан фақат хизмат вазифаларини бажараётган тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига фойдаланишга рухсат этилади.


22.7. Туманга қарши орқа чироқларни фақат етарлича кўринмайдиган шароитда қўллаш мумкин. Орқадаги тўхташ чироқлари (стоп-сигнал)га туманга қарши орқа чироқларни улаш тақиқланади.


22.8. "Автопоезд" таниқлик белгиси автопоезд ҳаракатланаётганда, куннинг қоронғи вақтида эса йўлда тўхташ ва тўхтаб туриш пайтида ҳам ёқиб қўйилиши керак.


22.9. Зарғалдоқ ёки сариқ рангли милтилловчи чироқ-маёқча йўлда қурилиш, таъмирлаш ёки тозалаш ишлари олиб бораётган, шунингдек, оғир вазнли, катта ўлчамли ёки хавфли юкларни ташиш қоидаларида кўзда тутилган ҳолларда уларни ташиётган транспорт воситаларида ёқилиши керак.



23. МЕХАНИК ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИ ШАТАККА ОЛИШ


23.1. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич ёрдамида шатакда олиб юриш шатакка олинган транспорт воситасининг рул бошқарувида ҳайдовчи бўлгандагина амалга оширилиши керак. Қаттиқ улагичнинг тузилиши (конструкцияси) шатакка олинган транспорт воситасини шатакка олган транспорт воситасининг изидан боришини таъминлаган ҳоллар бундан мустасно.


23.2. Қаттиқ ёки эгилувчан улагич ёрдамида шатакка олинган автобусда, троллейбусда ва юк автомобили юкхонасида одам ташиш, қисман ортиш йўли билан шатакка олишда эса шатакка олинган транспорт воситасининг кабинасида ва юкхонасида, шунингдек, шатакка олган транспорт воситасининг юкхонасида одамлар бўлиши тақиқланади.


23.3. Эгилувчан улагич билан шатакка олишда шатакка олган ва шатакка олинган транспорт воситалари ўртасидаги масофа 4-6 метр оралиғида бўлиши, қаттиқ улагич ёрдамида эса 4 метрдан кўп бўлмаслиги керак. Эгилувчан улагичга Қоидаларнинг 28.4 бандига мувофиқ тахтача ёки байроқча қўйилиши керак.


23.4. Шатакка олиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

рул бошқаруви ишламаётган транспорт воситаларини (қисман ортиш усули билан шатакка олиш бундан мустасно);

икки ва ундан кўпроқ транспорт воситаларини;

шатакка олинган ва шатакка олган транспорт воситаларининг улагич билан бирга умумий узунлиги 24 метрдан ортиқ бўлса;

тўхтатиш тизими ишламаётган транспорт воситасининг ҳақиқий вазни шатакка олган транспорт воситасининг ҳақиқий вазнининг ярмидан ортиқ бўлса (ҳақиқий вазни кам бўлган бундай транспорт воситасини фақат қаттиқ улагич ёрдамида ёки қисман ортиш усули билан шатакка олиш бундан мустасно);

кажавасиз мотоцикллар билан, шунингдек, бундай мотоциклларни;

йўл яхмалак, сирпанчиқ бўлган ҳолларда эгилувчан улагичда.



24. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

БОШҚАРИШНИ ЎРГАТИШ


24.1. Транспорт воситаларини бошқаришни дастлабки ўргатиш ёпиқ майдончаларда ёки автодромларда ўтказилиши керак.


24.2. Йўлларда бошқаришни ўргатишга фақат йўриқчи иштирокида, ўрганувчи дастлабки бошқарув малакасини етарлича эгаллагандан сўнггина рухсат этилади. Ўрганувчи Қоидалар талабларини билиши ва уларга амал қилиши шарт.


24.3. Бошқаришни ўргатаётган йўриқчи ўргатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга, шу тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага ва у бевосита 3 йиллик ҳайдовчилик фаолиятига эга бўлиши керак.


24.4. Ҳайдовчиларни тайёрлаш машғулотлари ўқув якунида автомобиль бошқаришни ўрганувчи 18 ёшга, автобус, трамвай ва троллейбус бошқаришни ўрганувчи 21 ёшга, мотоцикл бошқаришни ўрганувчи эса 16 ёшга тўладиган шахслар билан олиб борилади.


24.5. Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситалари "Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси" таниқлик белгиси ва йўриқчи учун орқани кўрсатувчи кўзгу билан жиҳозланиши керак. Бундан ташқари бошқаришни ўргатиш транспорт воситаларида йўриқчи учун қўшимча уловчи (сцепление) ва тўхтатиш тепкилари ҳам бўлиши керак.


24.6. Бошқаришни ўргатиш йўналишлари Давлат автомобил назорати органлари билан келишилиши шарт. Бошқа йўлларда бошқаришни ўргатиш тақиқланади.



25. ОДАМ ТАШИШ


25.1. Юк автомобилининг юкхонасида одам ташиш "С" тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган, одамлар сони кабинадагиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлганда эса "С" ва "D" тоифасидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ва шу тоифадаги транспорт воситаларидан бирини 3 йилдан ортиқ бошқарган ҳайдовчилар томонидан амалга оширилиши керак.


Эслатма: Ҳарбий ҳайдовчиларнинг юк автомобилларда одам ташишига йўл қўйиш Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


25.2. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобили юкхонаси бортининг баландлигидан 30 сантиметр пастда жойлашган ўриндиқлар билан жиҳозланиши, икки ён ва орқа бортдаги ўриндиқлар мустаҳкам суянчиққа эга бўлиши керак.


25.3. Ташиладиган одамлар сони жиҳозланган ўриндиқлар сонидан ошмаслиги керак.


25.4. Ҳаракатни бошлашдан олдин ҳайдовчи йўловчиларга автомобилга чиқиш, ундан тушиш ва унга жойлашиш тартиби ҳақида тушунтириш бериши керак.

Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсиз ташиш шароити таъминланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


25.5. Одам ташишга мослаштирилмаган юк автомобилларининг юкхонасида фақат юкни олиш учун бораётган ёки уни кузатиб бораётган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилади, бунда улар бортлардан пастда жойлашган ўриндиқлар билан таъминланишлари керак.


25.6. Автобусларда ёки фургон-юкхонали юк автомобилларида болаларни ташишда катта ёшли кузатиб борувчи шахс, бортли юк автомобилининг кузовида ташишда эса камида икки нафар катта ёшли кузатиб борувчи шахс бўлиши шарт. Бундай транспорт воситаларининг олди ва орқа томонига "Болалар гуруҳини ташиш" таниқлик белгиси ўрнатилиши керак.

Болаларни юк автомобилларида ташишда эса ушбу талабларга қўшимча равишда борт баландлиги 1 (бир) метрдан кам бўлмаслиги керак.


25.7. Ҳайдовчи транспорт воситаси тўла тўхтагандан кейин одамларни тушириши ва чиқариши, эшиклар ёпилгандан сўнггина ҳаракатланишни бошлаши ва тўла тўхтамагунча уларни очмаслиги шарт.


25.8. Одамларни ташиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

автомобилнинг кабинасидан ташқарида (бортли юк ёки фургон-юкхонали автомобилларда одам ташишдан ташқари);

тракторлар ва бошқа ўзи юрар машиналар, юк ташиладиган тиркамалар, тиркама-уйча, юк мотоцикллари юкхонасида;

мотоциклларнинг конструкциясида кўзда тутилган жойларидан ташқарида;

12 ёшга тўлмаган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғида, шунингдек енгил автомобилга болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган бўлса, унинг олдинги ўриндиғида;

12 ёшга тўлмаган болаларни ҳисобга олмаганда транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ.

Бунда транспорт воситасининг ҳақиқий вазни уни ишлаб чиқарган корхона белгилаган рухсат этилган тўла вазндан ортмаслиги керак.



26. ЮК ТАШИШ


26.1. Ташилаётган юкнинг вазни ва ўқларга тушадиган оғирлик миқдорининг тақсимланиши транспорт воситасини ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган миқдордан ошмаслиги керак.


26.2. Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин юкнинг тўғри жойлашганлиги ва маҳкамланганлигига ишонч ҳосил қилиши, ҳаракатланиш вақтида эса юкнинг тушиб кетмаслигини ва ҳаракатланишга халақит бермаслигини таъминлаш мақсадида унинг ҳолатини кузатиб бориши керак.


26.3. Қуйидаги шартларга амал қилинганда юк ташишга йўл қўйилади:

ҳайдовчига теварак-атроф кўринишини чекламаса;

транспорт воситасини бошқаришни қийинлаштирмаса ва мувозанатини бузмаса;

ташқи ёритиш асбоблари ва ёруғлик қайтаргичларини, давлат рақами белгиларини ва таниқлик белгиларни, шунингдек, ишораларни ва қўл билан бериладиган ишораларни кўришни тўсмаса;

шовқин солмаса, чанг кўтармаса, йўлни ва атроф-муҳитни ифлос қилмаса.

Агар юкнинг жойлашуви ва ҳолати қайд этилган талабларга жавоб бермаса, ҳайдовчи юқорида санаб ўтилган қоидалар бузилишини бартараф этиш чораларини кўриши, унинг иложи бўлмаса, бундан кейинги ҳаракатланишни тўхтатиши шарт.


26.4. Транспорт воситасининг габаритларидан олди ёки орқа томонга 1 метрдан, габарит чироқларининг четки қисмидан 0,4 метрдан ортиқ чиқиб турган юк ушбу Қоидаларнинг 28.3 бандига мувофиқ "Катта ўлчамли юк" белгиси билан белгиланиши, қоронғи вақтда ва етарлича кўринмайдиган шароитда эса бунга қўшимча қилиб олди оқ чироқ ёки ёруғлик қайтаргич, орқаси эса қизил чироқ ёки ёруғлик қайтаргич билан белгиланиши керак.


26.5. Оғир, катта ўлчамли ёки ўта хавфли юкларни ташиш учун тасарруфида автомобиль йўллари бўлган юридик шахсларнинг ҳамда ички ишлар органларининг рухсатномаси талаб қилинади.


27. ВЕЛОСИПЕД ВА АРАВАЛАР ҲАРАКАТЛАНИШИ,

ШУНИНГДЕК, ҲАЙВОНЛАРНИ ҲАЙДАБ ЎТИШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


27.1. Йўлда велосипед, аравани бошқариш, ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш ёки уларни миниб ўтиш 14 ёшга тўлган, мопедни бошқариш эса 16 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади.


27.2. Велосипедлар, мопедлар, араваларни бошқариш, ҳайвонларни миниб бориш ёки ҳайдаб кетиш пайтида йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади.

Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, аравалар жамланмаси, миниб олинган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак.


27.3. Велосипед товуш бергич мосламаси билан жиҳозланган ва унинг тормози соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида велосипеднинг олд томонига оқ рангли, орқа томонига қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак.


27.4. Велосипед ва мопед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:

рулни бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно);

йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно);

габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш;

велосипед йўлкаси бўлгани ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш;

трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш;

велосипедларни ва мопедларни шатакка олиш, шунингдек, улардан шатакка олишда фойдаланиш, (велосипед ёки мопедларга мўлжалланган тиркамалар бундан мустасно).


27.5. Чорраҳадан ташқаридаги ҳаракат тартибга солинмайдиган жойда велосипед йўлкасида бораётган велосипед ва мопед ҳайдовчилари бу йўлка билан кесишган йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл беришлари керак.


27.6. От-араваларда орқага тисарилиб кетишга йўл қўймайдиган тиргаклар ва уни тўхтатиб турадиган мослама бўлиши керак.

Қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида йўлда ҳаракатланаётган от-араванинг олд томонига оқ рангли чироқча ёки иккита нур қайтаргич, орқа томонига эса қизил рангли чироқча ёки иккита нур қайтаргич ўрнатилиши керак.

Ёндош ҳудуддан ёки иккинчи даражали йўлдан кўриниш чекланган жойларда йўлга чиқаётган арава ҳайдовчиси ҳайвонларнинг жиловини қўйиб юбормаслиги керак.


27.7. Ҳайвонлар йўлларда асосан куннинг ёруғ вақтида ҳайдаб борилади. Подачилар ҳайвонларни мумкин қадар йўлнинг ўнг четидан олиб юришлари керак.


27.8. Темир йўл кесишмалари орқали ўтишда подачилар сонини ҳисобга олган ҳолда ҳайвонлар подаси хавф-хатарсиз ҳайдаб ўтилиши таъминланадиган тўдаларга бўлиниши лозим.


27.9. Аравани бошқараётган, ҳайвонларни миниб ёки ҳайдаб кетаётган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

йўлларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш;

подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунингдек, рухсат этилган жойларда эса қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида ҳайдаб ўтиш;

ҳайвонларни мукаммал қопламали йўллардан ҳайдаб бориш;

кўкаламзорлаштирилган жойларда (йўл, йўл ёқаси, ажратувчи бўлак ва ҳ.к.) ҳайвонларни боқиш ва боғлаб қўйиш.



28. МАНСАБДОР ШАХСЛАР ВА ФУҚАРОЛАРНИНГ

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ,

ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЙЎЛГА ЧИҚАРИШ,

УЛАРГА РАҚАМ ВА ТАНИҚЛИК БЕЛГИЛАРИНИ

ЎРНАТИШ БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАРИ


28.1. Механик транспорт воситалари ва тиркамалари, уларнинг техник ҳолатидан қатъи назар, харид қилинган ёки божхонада расмийлаштирилган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида ДАНда рўйхатдан ўтказилиши керак.


28.2. Механик транспорт воситалари (трамвай, троллейбуслардан ташқари) ва тиркамаларнинг кўзда тутилган жойларида тегишли намунадаги рақам белгилари ўрнатилган бўлиши шарт. Автомобилда эса олд пешойнанинг ўнг томонидаги юқори бурчагига давлат техник кўригидан ўтганлиги ҳақидаги талон ҳам ўрнатилиши керак.

Юк автомобиллари, тиркамалар (енгил автомобиллар ва мотоцикллар тиркамаларидан ташқари) ва автобуслар (микроавтобуслардан ташқари) кузовининг орқа деворига унинг рақам белгиси ва ҳарфи ёзилиши керак. Рақамнинг баландлиги 300 мм, рақамлар кенглиги 120 мм, чизиқнинг йўғонлиги 30 мм, ҳарфлар баландлиги эса рақам ўлчамларининг 2/3 қисмига тенг бўлиши лозим.

Трамвай ва троллейбусларга тегишли ташкилот томонидан рўйхатга олинган рақамлар ёзилади.


28.3. Транспорт воситаларига қуйидаги кўринишда бўлган таниқлик белгилари ўрнатилиши керак:

"Автопоезд" - юк автомобиллари ва ғилдиракли трактор (1,4 тонна ва ундан юқори)ларда тиркама бўлганда, шунингдек, туташтирилган автобус ва троллейбус кабиналари томининг олд қисми ўртасига бир қатор қилиб 150 дан 300 миллиметргача оралиқда кўндаланг жойлашган учта зарғалдоқ рангли чироқ ёки ичидан ёритиладиган, томонларининг ҳар бири 250 миллиметр бўлган сариқ рангли учбурчак шаклидаги белги;

"Турумланган" (тишли, шипли) - турумланган шинали механик транспорт воситасининг орқасига томонлари тенг, ичига қора рангда "Т" ҳарфи туширилган, қизил хошияли оқ рангдаги учбурчак шаклидаги белги;

Учбурчакнинг томонлари транспорт воситасининг турига қараб 200-300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак.

"Болалар гуруҳини ташиш" - автобус ёки махсус жиҳозланган юк автомобилларида болалар ташилганда, транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига қизил ҳошияли, ичига 1.21 йўл белгисидаги болалар тимсолининг тасвири туширилган, сариқ рангдаги тўртбурчак кўринишидаги белги;

тўртбурчакнинг томонлари 250-300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги тўртбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак.

"Кар ҳайдовчи" - кар-соқов ёки кар ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига ичига диаметри 40 миллиметр бўлган учта қора доира туширилган, диаметри 160 миллиметрни ташкил этган сариқ рангли доира шаклидаги белги;

"Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси" - бошқаришни ўргатишда фойдаланадиган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонига ичига қора рангда "О" ҳарфи туширилган, транспорт воситасининг турига қараб томонлари 200 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган, қизил ҳошияли оқ рангли учбурчак шаклидаги белги;

"Тезлик чекланган" - жуда оғир, хавфли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, шунингдек, транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезлиги Қоидаларнинг 12.2, 12.3 ва 12.4 бандларида белгиланган тезликдан паст бўлган ҳолларда транспорт воситаси кузови орқа деворининг чап томонига 3.24 - "Юқори тезлик чекланган" йўл белгисининг кичрайтирилган рангли тасвири туширилган шаклидаги белги;

Белгининг диаметри 160 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги белги диаметрининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак.

"Хавфли юк" - хавфли юкни ташиётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатилган ўлчами 690х300 миллиметр, зарғалдоқ рангли ўнг қисми 400х300 миллиметр бўлган, чап қисми эса юкнинг хавфли хусусиятини билдириб турган белгилар туширилган қора хошияли (кенглиги 15 миллиметр) оқ рангдаги тўртбурчак шаклидаги белги (4- илова);

"Катта ўлчамли юк"- ичига кенглиги 50 миллиметрли, диагонал бўйича галма-гал жойлашган қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, нур қайтарадиган юзали, ўлчами 400х400 миллиметрли тўртбурчак шаклидаги белги;

"Узун ўлчамли транспорт воситаси" - юкли ёки юксиз узунлиги 20 метрдан ошадиган транспорт воситасининг, икки ёки ундан кўпроқ тиркамали автопоездларнинг орқасига кенглиги 40 миллиметр бўлган қизил ҳошияли, ўлчами 1200х200 миллиметр бўлган, таркибнинг тасвири туширилган сариқ рангли тўртбурчак шаклидаги белги;

кўрсатилган ўлчамли белгини жойлаштиришнинг имконияти бўлмаса, бир хил иккита 600х200 миллиметрли ўлчамдаги белгини транспорт воситасининг ўқига симметрик равишда ўрнатишга йўл қўйилади.

"Фалокат сабабли тўхташ" - милтилловчи қизил чироқ ва давлат стандарти талаблари асосидаги учбурчак шаклидаги белги.

Ҳайдовчиларнинг хоҳишига кўра қуйидаги таниқлик белгилари ўрнатилиши мумкин:

"Шифокор" - шифокор-ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатиладиган, томонлари 140 миллиметрдан бўлган кўк рангли тўртбурчак ичида, диаметри 90 миллиметрли оқ доирага қалинлиги 25 миллиметрли қизил хоч тасвири туширилган белги;

"Ногирон" - биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатиладиган барча томонлари 150 миллиметрдан бўлган ва қора рангдаги 7.17 йўл белгисининг тасвири туширилган сариқ рангли тўртбурчак шаклидаги белги;


28.4. Механик транспорт воситаларини шатакка олишда эгилувчан улагични кўрсатадиган огоҳлантирувчи қурилма ўлчами 200х200 миллиметр бўлган, диагонали бўйича кетма-кет жойлашган 50 миллиметр қалинликдаги қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали байроқчалар ёки тахтачалар кўринишида тайёрланиши керак.

Эгилувчан улагичнинг ҳар бир метрига биттадан огоҳлантирувчи қурилма ўрнатилади.


28.5. Қаттиқ улагичли қурилманинг тузилиши давлат стандарти талабларига мос бўлиши керак.


28.6. Қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади:

агар автомобиллар, автобуслар, автопоездлар, тиркамалар, мотоцикллар, мопедлар, тракторлар ва бошқа ўзиюрар машиналарнинг техник ҳолати ва жиҳозланиши 3-иловадаги транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлайдиган шартлар рўйхатининг бирон-бир талабига жавоб берса;

троллейбус ва трамвайларда тегишли техник фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган носозликлардан бирортаси бўлса;

транспорт воситалари давлат техника кўригидан ўтмаган, шунингдек, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган бўлса;

транспорт воситалари давлат автомобиль назорати органларининг рухсатисиз милтилловчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишора билан жиҳозланган, кузовининг ён томонига ДАН билан келишмасдан қия оқ чизиқ тортилган, кўзда тутилмаган жойларга тегишли рақам белгилари ўрнатилган, агрегат ва қисмларининг рақамлари ёки рақам белгилари кўринмайдиган, қалбакилаштирилган, ўзгартирилган бўлса.


28.7. Транспорт воситаларининг техник ҳолатига ва улардан фойдаланишга жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахсларга қуйидагилар тақиқланади:

техник носозлиги туфайли фойдаланиш тақиқланган, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки давлат техника кўригидан ўтказилмаган транспорт воситаларини йўлга чиқариш;

йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай мастлик (алкоголь, гиёҳванд ва бошқалар) ҳолатида ёки сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, чарчоқлик ёки бетоблик ҳолатида, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган, белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтмаган, гиёҳванд ёки спиртли ичимликларни сурункали истемол қилувчи шахс сифатида ҳисобда турган шахсларни транспорт воситасини бошқаришга қўйиш;

асфальт ёки цемент-бетон қопламали йўлларга занжирли трактор ва бошқа ўзи юрар механизмларни чиқариш.


28.8. Йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларининг ҳолатига жавобгар бўлган мансабдор ва бошқа шахслар:

йўллар, темир йўл кесишмалари ва бошқа йўл иншоотларини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳолатда сақлашга;

йўл ҳаракатига ҳалақит берадиган ҳар қандай тўсқинлик вужудга келса уларни ўз вақтида бартараф этиш, йўлнинг айрим қисмларида улардан фойдаланиш йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳолларда ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш чораларини кўришга мажбурдирлар.


28.9. Йўлларда таъмирлаш ишларини бажаришга жавобгар мансабдор ва бошқа шахслар ишлар олиб борилаётган жойда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга мажбурдирлар. Бундай жойлар, шунингдек, йўлдан ташқарига олиб чиқиш имконияти бўлмаган иш бажармаётган йўл машиналари, қурилиш материаллари, қурилма ва шунга ўхшашлар тегишли йўл белгилари, йўналтирувчи ва тўсувчи мосламалар билан, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмаслик шароитида эса қўшимча қизил ёки сариқ чироқли ишоралар билан белгиланиши керак.

Таъмирлаш ишлари тугаллангандан сўнг йўлларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз харакатланиши таъминланган бўлиши керак.


28.10. Амалдаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда тегишли мансабдор ва бошқа шахслар томонидан ДАН органлари билан белгиланган тартибда қуйидагилар келишилади:

шаҳарларда ва автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этишни лойиҳалаш, йўлларни ҳаракатни ташкил этувчи техник воситалар билан жиҳозлаш;

йўлларни, йўл иншоотларини қуриш, қайта реконструкция килиш ва таъмирлаш ишларини лойиҳалаш;

йўлнинг бевосита яқинида (ташқи рекламани жойлаштириш жойларидан ташқари) кўришни чекловчи ёки пиёдалар ҳаракатини қийинлаштирадиган жойларга киоскалар, транспарантлар, плакатлар ва шу кабиларни ўрнатиш;

йўналишли транспорт воситалари йўналишлари ва бекатларининг жойланиши;

йўлларда оммавий, спорт ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

транспорт воситаларини қайта жиҳозлаш, уларга махсус ёруғлик ва товуш ишораларини ўрнатиш, транспорт воситалари кузовининг ён томонига қия оқ чизиқлар тортиш;

мазкур Қоидаларнинг 26.5 бандида келтирилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;

бошқаришни ўргатиш рухсат этилган йўллар рўйхати ва чизмаси;

йўлларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатига хавф туғдирувчи ҳар қандай ишларни олиб бориш.





Йўл ҳаракати қоидаларига

1-ИЛОВА



ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ


1. ОГОҲЛАНТИРУВЧИ БЕЛГИЛАР


Огоҳлантирувчи белгилар йўл ҳаракати қатнашчиларига йўлнинг ҳаракатланишда вазиятга қараб чора кўришни талаб қиладиган хавфли қисмларининг жойлашуви ҳамда уларнинг хусусиятлари тўғрисида маълумот бериш учун қўлланилади.

1.1. "Шлагбаумли темир йўл кесишмаси".

1.2. "Шлагбаумсиз темир йўл кесишмаси".

1.3.1. "Бир изли темир йўл".

1.3.2. "Кўп изли темир йўл".

Шлагбаум билан жиҳозланмаган темир йўл кесишмаси олдида ўрнатилади. 1.3.1- бир изли йўл, 1.3.2- икки ва ундан ортиқ изли йўл.

1.4.1-1.4.6. "Темир йўл кесишмасига яқинлашув".

Аҳоли яшамайдиган жойларда темир йўл кесишмасининг яқинлиги ҳақида қўшимча огоҳлантириш.

1.5. "Трамвай йўли билан кесишув".

1.6. "Тенг аҳамиятли йўллар кесишуви".

1.7. "Айланма ҳаракатланиш билан кесишув".

1.8. "Светофор тартибга солади".

Ҳаракат светофор орқали тартибга солинган чорраҳа, пиёдалар ўтиш жойи ёки йўл қисми.

1.9. "Кўтарма кўприк".

Кўтарма кўприк ёки солда кесиб ўтиш.

1.10."Соҳилга чиқиш".

Дарё ёки сув ҳавзаси қирғоғига чиқиш.

1.11.1, 1.11.2. "Хавфли бурилиш".

Йўлнинг кичик радиусли ёки кўриниш чекланган бурилиш жойи:

1.11.1 - ўнгга,

1.11.2 - чапга.

1.12.1, 1.12.2 "Хавфли бурилишлар".

Йўлнинг хавфли бурилишлари бўлган қисми.

1.12.1 - биринчи бурилиш ўнгга,

1.12.2 - биринчи бурилиш чапга.

1.13. "Тик нишаблик".

1.14. "Тик баландлик".

1.15. "Сирпанчиқ йўл".

Йўлнинг ўта сирпанчиқ бўлган қисми.


1.16. "Нотекис йўл".

Қатнов қисми нотекис бўлган йўл (ўнқир-чўнқир, ўйдим-чуқур жойлар, кўприкнинг йўлга нотекис туташуви ва шу кабилар).


1.17. "Тош отилиши хавфи".

Мукаммал қопламали йўл қисмида транспорт воситаси ғилдираги остидан шағал, тош ва шунга ўхшашларнинг отилиб чиқиш эҳтимоли.


1.18.1 - 1.18.3. "Йўлнинг торайиши".

1.18.1 - икки томонлама торайиш;

1.18.2 - ўнгга торайиш ва

1.18.3 - чапга торайиш.

1.19. "Икки томонлама ҳаракатланиш".

Йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш қисмининг бошланиши.

1.20. "Пиёдалар ўтиш жойи".

5.16.1, 5.16.2 белгилари ва (ёки) 1.14.1 - 1.14.3 чизиқлари билан белгиланган пиёдалар ўтиш жойи.

1.21. "Болалар".

Болалар муассасаси (мактаблар, болаларнинг дам олиш манзиллари ва шунга ўхшашлар)га яқин йўлнинг қатнов қисмидан болаларнинг чиқиб қолиш эҳтимоли.


1.22. "Велосипед йўлкаси билан кесишув".

1.23. "Таъмирлаш ишлари".

1.24. "Мол ҳайдаб ўтиш".

1.25. "Ёввойи ҳайвонлар".

1.26. "Тошлар тушиши".

1.27. "Ёнлама шамол".

1.28. "Пастлаб учувчи самолётлар".

1.29. "Тоннель".

Сунъий равишда ёритилмаган ёки киравериш пештоғининг кўриниши чекланган тоннель.

1.30. "Бошқа хавф-хатарлар".

Огоҳлантирувчи белгиларда кўзда тутилмаган хавф-хатарлар бўлган йўл қисми.

1.31.1, 1.31.2. "Бурилишнинг йўналиши".

Кичик радиусда қурилган, кўриниши чекланган йўлда ҳаракатланиш йўналиши. Йўлнинг таъмирланаётган қисмини айланиб ўтиш йўналиши.

1.31.3. "Бурилишнинг йўналиши".

"Т" симон чорраҳада ёки йўл айрилишларида ҳаракатланиш йўналиши. Йўлнинг таъмирланаётган қисмини айланиб ўтиш йўналиши.

     

1.1, 1.2, 1.5 - 1.30 огоҳлантирувчи белгилар аҳоли яшайдиган жойларда хавфли жойдан 50-100 метр, аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарида эса 150-300 метр олдин ўрнатилади. Зарурат бўлганда бу белгилар 7.1.1 қўшимча белгида кўрсатилган бошқа масофада ҳам ўрнатилиши мумкин.


Агар нишаблик ва баландлик кетма-кет келадиган бўлса, 1.13 ва 1.14 белгилари бевосита нишаблик ва баландлик олдига ўрнатилиши мумкин.


Аҳоли яшайдиган жойлардан ташқарда 1.1, 1.2, 1.9, 1.10, 1.21 ва 1.23 белгилари такрорланади. Иккинчи белги йўлнинг хавфли қисми бошланишига камида 50 метр қолганда ўрнатилади.


Агар қатнов қисмида қисқа муддатли йўл ишлари олиб борилаётган бўлса, 1.23 белгиси иш бажарилаётган жойга 10-15 метр масофа етмасдан (7.11 қўшимча белгисиз) ўрнатилиши мумкин.


1.3.1 ва 1.3.2 белгилари бевосита темир йўл кесишмасининг олдига ўрнатилади.



2. ИМТИЁЗБЕЛГИЛАРИ


Имтиёз белгилари - чорраҳаларда, алоҳида жойлашган қатнов қисмлари кесишган жойларда, шунингдек, йўлнинг тор қисмида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатланиш навбатини белгилаш учун қўлланилади.

      

2.1. "Асосий йўл".

Ҳаракат тартибга солинмаган чорраҳаларда иккинчи даражали йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситасидан олдин ўтиш ҳуқуқи бериладиган йўлнинг бошланиши.

2.2. "Асосий йўлнинг охири".

2.3.1. "Иккинчи даражали йўл билан кесишув".

2.3.2, 2.3.3. "Иккинчи даражали йўлнинг туташуви".

2.3.2 - туташув ўнгдан,

2.3.3 - туташув чапдан.


2.4. "Йўл беринг!"

Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлдан, 7.13 қўшимча белгиси бўлганда эса асосий йўлдан келаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


2.5. "Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган".

Тўхташ чизиғи олдида, агар у бўлмаса, кесиб ўтиладиган қатнов қисмининг четида тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланади. Ҳайдовчи кесиб ўтилаётган йўлда 7.13 қўшимча белгиси бўлганда эса асосий йўлдан чиқаётган транспорт воситаларига йўл бериши керак.

Бу белги темир йўл кесишмаси ёки карантин масканидан олдин ўрнатилиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳайдовчи тўхташ чизиғи олдида, у бўлмаса, белги олдида тўхташи керак.


2.6. "Рўпара ҳаракатланишнинг устунлиги".

Қарама-қарши ҳаракатланишни қийинлаштирадиган ҳолларда йўлнинг тор қисмига кириш тақиқланади. Ҳайдовчи йўлнинг тор қисмида бўлган ёки рўпарадан ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериши керак.


2.7. "Рўпарадаги ҳаракатланишга нисбатан имтиёз".

Йўлнинг тор қисмида ҳаракатланмоқчи бўлган ҳайдовчи рўпарадан келаётган транспорт воситасидан олдин ўтиш ҳуқуқига эга.


              

                  

3. ТАҚИҚЛОВЧИ БЕЛГИЛАР


Тақиқловчи белгилар йўл ҳаракатига маълум чекланишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади.

      

3.1. "Кириш тақиқланган".

Барча транспорт воситаларининг кириши тақиқланади.


3.2. "Ҳаракатланиш тақиқланган".

Барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.3. "Механик транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган".


3.4. "Юк автомобилларининг ҳаракатланиши тақиқланган".

Тўла вазни 3,5 тоннадан (агар вазни белгида кўрсатилмаган бўлса) ёки тўла вазни белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва транспорт воситалари тизимларининг, шунингдек, тракторлар, ўзиюрар мосламаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

Бу белги бортларига қия оқ чизиқ тортилган ёки одамларни ташиётган юк автомобилларининг ҳаракатланишини тақиқламайди.


3.5. "Мотоцикллар ҳаракатланиши тақиқланган".


3.6. "Тракторлар ҳаракатланиши тақиқланган".

Тракторлар, ўзиюрар мосламаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.7. "Тиркама билан ҳаракатланиш тақиқланган".

Юк ташувчи транспорт воситалари, тракторларнинг барча турдаги тиркамалар билан ҳаракатланиши, шунингдек, механик транспорт воситаларини ҳар қандай усулда шатакка олиш тақиқланади.


3.8. "От-арава ҳаракатланиши тақиқланган".

От-арава (чана), отлиқлар, юк ортилган ҳайвонларнинг ҳаракатланиши, шунингдек, мол (пода) ҳайдаб ўтиш тақиқланади.

3.9. "Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган".

Велосипед ва мопедларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.10. "Пиёдаларнинг ҳаракатланиши тақиқланган".


3.11. "Вазн чекланган".

Ҳақиқий умумий вазни белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг, шунингдек, транспорт воситалари тизимларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.12. ққа тушадиган оғирлик чекланган".

Бирорта ўқига тушадиган ҳақиқий оғирлиги белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.13. "Чекланган баландлик".

Габарит баландлиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.14. "Чекланган кенглик".

Габарит кенглиги (юк билан ёки юксиз) белгида кўрсатилганидан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.15. "Чекланган узунлик".

Габарит узунлиги (юкли ёки юксиз) белгида кўрсатилгандан ортиқ бўлган транспорт воситалари (транспорт воситалари тизимлари)нинг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.16. "Энг кам оралиқ".

Белгида кўрсатилганидан кам оралиқ масофада ҳаракатланиш тақиқланади.


3.17.1. "Божхона".

Божхона (текширув маскани) олдида тўхтамасдан ўтиш тақиқланади.


3.17.2. "Хавф-хатар".

Йўл-транспорт ҳодисаси ёки бошқа хавфли ҳолатлар туфайли барча транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.


3.18.1. "Ўнгга бурилиш тақиқланади".


3.18.2. "Чапга бурилиш тақиқланади".


3.19. "Қайрилиш тақиқланади".


3.20. "Қувиб ўтиш тақиқланади".

Соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган якка транспорт воситасидан бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланади.


3.21. "Қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири".


3.22. "Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган".

Тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларида барча транспорт воситаларини қувиб ўтиш тақиқланади (соатига 40 км дан кам тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаси, трактор, от-арава, велосипед бундан мустасно).

3.23. "Юк автомобилларида қувиб ўтиш тақиқланган ҳудуднинг охири".


3.24. қори тезлик чекланган".

Белгида кўрсатилганидан ортиқ тезликда (км/соат) ҳаракатланиш тақиқланади.


3.25. қори тезлик чекланган ҳудуднинг охири".


3.26. "Товуш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланган".

Йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш ҳолларидан бошқа вазиятларда товуш мосламасидан фойдаланиш тақиқиланади.

3.27. "Тўхташ тақиқланган".

Транспорт воситаларининг тўхташи ва тўхтаб туриши тақиқланади.


3.28. "Тўхтаб туриш тақиқланган".

Транспорт воситаларининг тўхтаб туриши тақиқланади.


3.29. "Ойнинг тоқ кунларида тўхтаб туриш тақиқланади".


3.30. "Ойнинг жуфт кунларида тўхтаб туриш тақиқланади".


3.31. "Барча чекловларнинг охири".

3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 - 3.30 белгиларидан бир нечтасига бир вақтда амал қиладиган оралиқларнинг охирини билдиради.

       

3.1-3.3, 3.18.1, 3.18.2, 3.19, 3.27 белгиларининг белгиланган йўналишли транспорт воситаларига, 3.2 - 3.8 белгилари таъсир оралиғида яшовчи ёки ишловчи фуқароларга тегишли ёҳуд уларга ва корхоналарга хизмат қилувчи транспорт воситаларига дахли йўқ. Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак.

Ушбу Қоидаларнинг 28.3 бандига биноан "Ногирон" таниқлик белгиси билан белгиланган автомобиллар ва кажавали мотоциклларни бошқараётган ногирон ҳайдовчилар 3.2, 3.3 ва 3.28 белгилари талабларидан четга чиқишлари мумкин. 7.18 қўшимча ахборот белгиси бўлганда 3.27 белгисининг таъсир оралиғида тўхташга рухсат этилади.

3.28-3.30 - белгилари таксометри ишлаб турган таксиларга дахли йўқ.

3.18.1 ва 3.18.2 белгилари қатнов қисмларининг қайси кесишмаси олдига ўрнатилса, шу кесишмага татбиқ этилади.

3.16, 3.20, 3.22, 3.24, 3.26 - 3.30 белгиларининг таъсири белги ўрнатилган жойдан кейинги энг яқин чорраҳагача, чорраҳаси бўлмаган аҳоли яшайдиган жойларда аҳоли яшайдиган ҳудуднинг охиригача, йўлга ёндош ҳудудлардан дала ва ўрмонларнинг йўл билан туташган ҳамда иккинчи даражали йўллардан чиқиш жойларда, уларнинг олдида тегишли белгилар ўрнатилмаган бўлса, бу белгиларнинг таъсири йўқолмайди.

Аҳоли яшайдиган жойларга етмай ўрнатилган 3.24 белгисининг таъсири 5.22 белгисигача кучини сақлайди.

Белгиларнинг таъсир доираси:

3.16 ва 3.26 белгилари 7.2.1 қўшимча белгиси орқали;

3.20, 3.22, 3.24 белгилари 3.21, 3.23, 3.25 ва 7.2.1 қўшимча белгиси орқали.

3.27 - 3.30 белгиларининг амал қилиш оралиғи охирига 3.27 - 3.30 белгилари 7.2.3 қўшимча белгиси билан бирга такрор ўрнатилади ёки 7.2.2 билан қўлланади.

3.27 белгиси 1.4 ётиқ чизиғи билан биргаликда, 3.28 белгиси эса 1.10 ётиқ чизиғи билан биргаликда қўлланиши мумкин, бунда белгиларга амал қилиш чизиқлар узунлиги билан аниқланади.

3.10, 3.27-3.30 белгилари йўлнинг қайси томонига ўрнатилган бўлса, уларга фақат ўша томонда амал қилинади.



4. БУЮРУВЧИ БЕЛГИЛАР


Транспорт воситаларига кўрсатилган йўналишда ёки фақат маълум йўналишларда ҳаракатланишлари лозимлигини буюради.

4.1.1. "Ҳаракатланиш тўғрига".


4.1.2. "Ҳаракатланиш ўнгга".


4.1.3. "Ҳаракатланиш чапга".


4.1.4. "Ҳаракатланиш тўғрига ёки ўнгга".


4.1.5. "Ҳаракатланиш тўғрига ёки чапга".

4.1.6. "Ҳаракатланиш ўнгга ёки чапга".

Фақат йўналтиргичлар буюрган томонга ҳаракатланишга рухсат этилади. Чапга бурилишга рухсат этувчи белги қайрилишга ҳам рухсат беради. (Муайян кесишмада талаб этилган ҳаракат йўналишига тегишли йўналтиргичнинг шакли туширилган 4.1.1-4.1.6 белгисини қўллаш мумкин).


     

4.1.1-4.1.6 белгиларининг белгиланган йўналишли транспорт воситаларига дахли йўқ.

4.1.1-4.1.6 белгиларининг таъсири қатнов қисмларининг қайси кесишмаси олдига ўрнатилса, шу кесишмага татбиқ этилади.

4.1.1 белгиси йўл бошланишига ўрнатилса, унга яқин чорраҳагача амал қилинади. Белги ўнг томонда жойлашган ҳовли ва йўлга туташ бошқа ҳудудларга бурилишни тақиқламайди.

         

4.2.1. "Тўсиқни ўнгдан четлаб ўтиш".


4.2.2. "Тўсиқни чапдан четлаб ўтиш".

Тўсиқни кўрсатилган йўналиш бўйича четлаб ўтишга рухсат этилади.


4.2.3. "Тўсиқни ўнгдан ёки чапдан четлаб ўтиш".

Тўсиқни ҳар томондан четлаб ўтишга рухсат этилади.


4.3. "Айланма ҳаракатланиш".

Йўналтиргичларда кўрсатилган йўналишларда ҳаракатланишга рухсат этилади.


4.4. "Енгил автомобиллар ҳаракатланади".

Енгил транспорт воситалари, автобус, мотоцикллар, тўла вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк ташувчи транспорт воситларининг ҳаракатланишига рухсат этилади.


            

Белгининг таъсир оралиғида яшовчи ва ишловчи фуқароларга тегишли, уларга ва корхоналарга хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларига бу белги татбиқ этилмайди.

Бундай ҳолларда транспорт воситалари белгиланган жойга энг яқин чорраҳадан кириб ёки чиқиб кетишлари керак.

         

4.5. "Велосипед йўлкаси".

Фақат велосипед ва мопедларда ҳаракатланишга рухсат этилади. Велосипед йўлкасидан пиёдалар ҳам юришлари мумкин.


4.6. "Пиёдалар йўлкаси".

Фақат пиёдалар юришига рухсат этилади.


4.7. "Энг кам тезлик".

Фақат белгида кўрсатилган ёки ундан юқори тезликда (км/соат) ҳаракатланишга рухсат этилади.

4.8. "Энг кам тезлик белгиланган йўлнинг охири".

         

                

5. АХБОРОТ-ИШОРА БЕЛГИЛАРИ


Ахборот-ишора белгилари ҳаракат қатнашчиларига йўлдаги ҳаракат тартиби хусусиятлари ҳамда аҳоли яшайдиган жойлар ва манзилларнинг жойлашуви ҳақида маълумот бериш учун қўлланилади

        

5.1. "Автомагистраль".

Йўл ҳаракати қоидаларининг автомагистралларда ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўл.


5.2. "Автомагистралнинг охири".


5.3. "Автомобиллар учун мўлжалланган йўл".

Фақат автомобиллар, автобус ва мотоциклларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл.


5.4. "Автомобиллар учун мўлжалланган йўлнинг охири".


5.5. "Бир томонлама ҳаракатланиш йўли".

Транспорт воситаларининг бутун кенглик бўйича бир йўналишда ҳаракатланадиган йўли ёки унинг қатнов қисми.


5.6. "Бир томонлама ҳаракатланиш йўлининг охири".


5.7.1, 5.7.2. "Бир томонлама ҳаракатланиш йўлига чиқиш".

Ҳаракатланиш бир томонлама бўлган йўлга ёки қатнов қисмига чиқиш.


5.8.1. "Бўлаклар бўйича ҳаракатланиш йўналиши".

Бўлаклар сони ва ҳар бири бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналиши.


5.8.2. "Бўлак бўйича ҳаракатланиш йўналиши".

Бўлак бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналиши.


        

Йўлнинг четки чап бўлагидан чапга бурилишга рухсат берувчи 5.8.1 ва 5.8.2 белгилари шу бўлакдан қайрилишга ҳам рухсат беради.

Чорраҳадан олдин ўрнатилган 5.8.1 ва 5.8.2 белгиларининг таъсири, агар шу туркумдаги бошқа белгилар ўрнатилмаган бўлса, бутун чорраҳага тадбиқ этилади.

         

5.8.3. "Бўлакнинг бошланиши".

Йўлнинг баландликка кўтарилиш ёки тўхташ қисмидаги қўшимча бўлагининг бошланиш жойи. Агар қўшимча бўлак олдига 4.7 "Энг кам тезлик" белгиси ўрнатилган бўлса, кўрсатилган ёки ундан каттароқ тезликда ҳаракатлана олмайдиган транспорт воситасининг ҳайдовчиси асосий бўлакдан қўшимча бўлакка қайта тизилиши керак.


5.8.4. "Бўлакнинг бошланиши".

Уч бўлакли йўлларда ҳаракатланиш учун ўрта бўлакнинг бошланиши.


5.8.5. "Бўлак охири".

Баландликка кўтарилиш ёки тўхташ қисмидаги қўшимча бўлакнинг охири.


5.8.6. "Бўлак охири".

Уч бўлакли йўлда ҳаракатланиш учун мўлажалланган ўрта бўлакнинг охири.


5.8.7. "Бўлаклар бўйича ҳаракатланиш йўналиши".

5.8.8. "Бўлаклар бўйича ҳаракатланиш йўналиши".

           

Агар 5.8.7 белгисида бирор транспорт воситасининг ҳаракатланишини тақиқловчи белги тасвирланган бўлса, унда бу транспорт воситасининг тегишли бўлакда ҳаракатланиши тақиқланади.

5.8.7 ва 5.8.8 белгилари йўналишлар сонига кўра тўрт ва ундан ортиқ бўлакли йўлларга ҳам тадбиқ этилиши мумкин. Тасвири алмашадиган 5.8.7, 5.8.8 белгилари ёрдамида реверсив ҳаракат ташкил этилиши мумкин.

         

5.9. "Белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлак".

Транспорт воситалари йўналишида ҳаракатланадиган белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлак.

Белги қайси бўлак устида жойлашган бўлса, шу бўлакка татбиқ этилади. Йўлнинг ўнг томонига ўрнатилган белгининг таъсири ўнг бўлакка татбиқ этилади.


5.10.1. "Белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўл".

Белгиланган йўналишли транспорт воситларининг умумий оқимга қарши ҳаракатланиши учун ажратилган бўлак.

5.10.2, 5.10.3. "Белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўлга чиқиш".


5.10.4. "Белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун бўлаги бор йўлнинг охири".


5.11.1. "Қайрилиш жойи".

Чапга бурилиш тақиқланади.


5.11.2. "Қайрилиш оралиғи".

Қайрилиш оралиғининг узунлиги. Чапга бурилиш тақиқланади.


5.12. "Автобус ва троллейбус тўхташ жойи".

5.13. "Трамвай тўхташ жойи".

5.14. "Такси тўхтаб туриш жойи".


5.15. "Тўхтаб туриш жойи".


5.16.1, 5.16.2. "Пиёдалар ўтиш жойи".

Ўтиш жойи олдида 1.14.1-1.14.3 ётиқ чизиғи бўлмаганда 5.16.2 белгиси йўлдан ўнг томонга ўтиш жойининг олд чегарасига, 5.16.1 белгиси эса чап томон ўтиш жойининг орқа чегарасига ўрнатилади.


5.17.1, 5.17.2. "Пиёдаларнинг ер остидан ўтиш жойи".


5.17.3, 5.17.4. "Пиёдаларнинг ер устидан ўтиш жойи".

5.18. "Тавсия этилган тезлик".

Йўлнинг шу қисмида тавсия этилган ҳаракатланиш тезлиги. Белгига энг яқин чорраҳагача амал қилинади. 5.18 белгиси огоҳлантирувчи белги билан бирга қўлланса, унинг таъсир оралиғи ҳавфли қисмнинг узунлиги билан аниқланади.


5.19.1-5.19.3. "Охири берк йўл, кўча".

Йўл ёки кўчанинг кўрсатилган йўналишда охири берк.

5.20.1, 5.20.2. "Йўналишларнинг дастлабки кўрсаткичи".

Белгида кўрсатилган аҳоли яшайдиган жойга ва бошқа манзилларга томон ҳаракатланиш йўналиши. Белгида 5.29.1 белгисининг ҳамда автомагистраль, аэропорт ва бошқа рамзий белгилар тасвири туширилган бўлиши мумкин. 5.20.1 белгиси йўлнинг 3.11 - 3.15 тақиқловчи белгиларидан бири ўрнатилган қисмларини айланиб ўтиш кераклигини кўрсатиш учун ҳам қўлланилади.

5.20.3. "Ҳаракатланиш тасвири".

Чорраҳада айрим ҳаракатлар тақиқланган вақтда ҳаракатланиш йўналиши ёки серқатнов чорраҳада рухсат этилган ҳаракатланиш йўналиши.

5.21.1. "Йўналиш кўрсаткичи".


5.21.2. "Йўналишлар кўрсаткичи".

Манзиллар томон ҳаракатланиш йўналишлари.

Белгиларда манзилларгача бўлган масофа (км) кўрсатилиши, автомагистраллар, аэропортлар ва бошқа рамзий белгилар тасвирланган бўлиши мумкин.

5.22. ҳоли яшайдиган жойнинг бошланиши".

Ушбу Қоидаларнинг аҳоли яшайдиган жойларда ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинадиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланиши.

5.23. ҳоли яшайдиган жойнинг охири".

Ушбу Қоидаларнинг аҳоли яшайдиган жойларда ҳаракатланиш тартиби талаблари бекор қилинган жой.

5.24. ҳоли яшайдиган жойнинг бошланиши".

Ушбу Қоидаларнинг аҳоли яшайдиган жойларда ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинмайдиган жойнинг номи ҳамда унинг бошланиши.

5.25. ҳоли яшайдиган жойнинг охири".

5.24 белгиси билан кўрсатилган аҳоли яшайдиган жойнинг охири.


5.26. "Манзил номи".

Аҳоли яшамайдиган жойлар (дарё, кўл, довон, хушманзара жой ва ҳ.к.)нинг номи.


5.27. "Масофалар кўрсаткичи".

Йўналиш бўйича жойлашган аҳоли яшайдиган жойларгача бўлган масофа (км).

5.28. "Километр белгиси".

Йўлнинг боши ёки охиригача бўлган масофа (км).


5.29.1, 5.29.2. "Йўл рақами".

5.29.1 - йўлга берилган рақам, 5.29.2- йўлнинг рақами ва йўналиши.

5.30.1-5.30.3. "Юк автомобиллари учун ҳаракатланиш йўналиши".

Чорраҳада юк автомобиллари, тракторлар ва ўзиюрар мосламаларга бирор йўналишда ҳаракатланиш тақиқланган бўлса, бундай транспорт воситаларига тавсия этилган ҳаракатланиш йўналишлари.

5.31. "Айланиб ўтиш тасвири".

Ҳаракатланиш учун вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш чизмаси.


5.32.1-5.32.3. "Четлаб ўтиш йўналиши".

Ҳаракатланиш учун вақтинча ёпиб қўйилган йўл қисмини четлаб ўтиш йўналиши.

5.33. "Тўхташ".

Светофорнинг (тартибга солувчининг) тақиқловчи ишорасида транспорт воситалари тўхтайдиган жой.


5.34.1, 5.34.2. "Бошқа қатнов қисмига қайта тизилишнинг бошланғич кўрсаткичи".

Ажратувчи бўлаги бўлган йўлнинг ҳаракатланиш учун ёпиқ ҳудудини айланиб ўтиш ёки ўнг томондаги қатнов қисмига қайтиш учун ҳаракатланиш йўналиши.

5.35. "Реверсив ҳаракатланиш".

Бир ёки бир неча бўлакларда ҳаракатланиш йўналиши қарама-қарши томонга ўзгариши мумкин бўлган йўл қисмининг бошланиши.


5.36. "Реверсив ҳаракатланишнинг охири".

5.37. "Реверсив ҳаракатланиш йўлига чиқиш".

5.38. "Турар жой даҳаси".

Йўл ҳаракати қоидаларининг турар жой даҳаларида ҳаракатланиш тартиби ўрнатилган йўл.

5.39. "Турар жой даҳасининг охири".

5.40. "Фалокатли ҳолатлар учун кириш йўли".

Йўл ҳаракати қоидаларидаги 20.2 бандда кўрсатилган ҳолларда фойдаланиладиган йўл.

            

Аҳоли яшайдиган жойларда ўрнатилган яшил ёки кўк асосдаги 5.20.1, 5.20.2, 5.21.1 ва 5.21.2 белгиларида кўрсатилган аҳоли яшаш жойларига шу ҳудуддан чиққач, тегишли автомагистраль ёки бошқа йўллар орқали борилишини билдиради. Оқ асосда кўрсатилган манзил шу аҳоли яшайдиган жойда эканлигини билдиради.



6. СЕРВИС БЕЛГИЛАРИ


Сервис белгилари транспорт воситалари, йўловчилар ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш жойлари ҳақида маълумот бериш учун қўлланилади.

        

6.1. "Тиббий ёрдам кўрсатиш жойи".


6.2. "Шифохона".


6.3. "Ёнилғи шохобчаси".


6.4. "Техник хизмат кўрсатиш жойи".


6.5. "Транспорт воситаларини ювиш жойи".


6.6. "Телефон".


6.7. "Ошхона".


6.8. "Ичимлик сув".


6.9. "Меҳмонхона".


6.10. "Кемпинг".


6.11. "Дам олиш жойи".


6.12. "ДАН маскани".

             

                  

7. ҚЎШИМЧА АХБОРОТ БЕЛГИЛАРИ


Қўшимча ахборот белгилари улар билан биргаликда қўлланган белгиларга аниқлик киритиш ёки уларнинг таъсирини чеклаш учун қўлланилади.

          

7.1.1. "Манзилгача бўлган масофа".

Белгидан йўлнинг хавфли жойигача бўлган масофани, йўл ҳаракатига тегишли чекловлар киритилган жойни ёки ҳаракат йўналиши бўйича олдиндаги муайян жойни кўрсатади.


7.1.2. "Манзилгача бўлган масофа".

Чорраҳа олдида 2.5 белгиси ўрнатилган бўлса, 2.4 белгисидан чорраҳагача бўлган масофани кўрсатади.


7.1.3, 7.1.4. "Манзилгача бўлган масофа".

Йўлдан манзилгача бўлган масофа.


7.2.1. "Таъсир оралиғи".

Огоҳлантирувчи, буюрувчи, ахборот-ишора белгиларининг таъсир оралиғини кўрсатади.


7.2.2 - 7.2.6. "Таъсир оралиғи".

Бу белгилар фақат тақиқловчи 3.27 - 3.30 белгилари билан қўлланилади.

7.2.2 - белгининг таъсири сақланган оралиқни кўрсатади.


7.2.3 - белги таъсир оралиғи охирини кўрсатади.


7.2.4 - ҳайдовчиларга белги таъсирида эканликлари ҳақида маълумот беради.


  

7.2.5, 7.2.6 - майдон, бинолар олди ва шунга ўхшаш жойлар четида тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланганда белгининг таъсир оралиғи ва йўналишини кўрсатади.


7.3.1 - 7.3.3. "Таъсир йўналишлари".

Чорраҳа олдида ўрнатилган белгиларнинг таъсир йўналишини кўрсатади.







7.4.1 - 7.4.7. "Транспорт воситасининг тури".

Белгининг таъсири жорий этилган транспорт воситалари турини кўрсатади.

7.4.1 қўшимча белгисининг таъсири юк ташувчи, шу жумладан, тиркамали, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган транспорт воситаларига, 7.4.3 қўшимча белгиси эса енгил автомобилларга, шунингдек, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган юк ташувчи транспорт воситаларига татбиқ этилади.


7.5.1. "Шанба, якшанба ва байрам кунлари".


7.5.2. "Иш кунлари".


7.5.3. "Ҳафта кунлари".

Белгига ҳафтанинг қайси кунлари амал қилиниши кўрсатилган.

7.5.4. "Амал қилиш вақти".

Белгига куннинг қайси вақтида амал қилишни кўрсатади.



7.5.5 - 7.5.7. "Амал қилиш вақти".

Белгига ҳафтанинг қайси куни ва қайси соатларида амал қилишни кўрсатади.









7.6.1 - 7.6.9. "Транспорт воситасини тўхтаб туриш жойига қўйиш усули".

7.6.1 - барча турдаги транспорт воситаларини тўхтаб туриш учун йўлнинг қатнов қисмида, пиёдалар йўлкаси ёнига қўйиш усули.

7.6.2 - 7.6.9 пиёдалар йўлкаси ёнидаги тўхтаб туриш жойига енгил автомобиллар ва мотоциклларни қандай қўйиш усули кўрсатилган.

7.7. "Юргизгични ишлатмасдан тўхтаб туриш жойи".

5.15 белгиси билан биргаликда қўлланганда, тўхтаб туриш жойида фақат юргизгичи ишламаётган транспорт воситаларигина тўхтаб туришига рухсат этилганини билдиради.

7.8. "Пуллик хизмат кўрсатиш жойи".

Нақд пулга хизмат кўрсатилишини билдиради.

7.9. "Тўхтаб туриш муддати чекланган".

5.15 белгиси ўрнатилган тўхтаб туриш жойида транспорт воситалари тўхтаб туришининг энг кўп муддатини кўрсатади.


7.10. "Автомобилларни кўрикдан ўтказиш жойи".

5.15 ёки 6.11 белгиси билан кўрсатилган майдонларда эстакада ёки кўздан кечириш чуқурчалари борлигини билдиради.


7.11. "Тўла вазни чекланган".

Тўла вазни қўшимча белгида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлган транспорт воситаларига тааллуқли.

7.12. "Хавфли йўл ёқаси".

Йўл ишлари бажарилиётгани сабабли йўл ёқасига чиқиш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиради, 1.23 белгиси билан қўлланилади.

7.13. "Асосий йўлнинг йўналиши".

Чорраҳада асосий йўлнинг йўналишини кўрсатади.

7.14. "Ҳаракатланиш бўлаги".

Белги ёки светофор таъсиридаги ҳаракатланиш бўлагини кўрсатади.


7.15. "Кўзи ожиз пиёдалар".

1.20, 5.16.1, 5.16.2 белгилари ҳамда светофор билан қўлланилади, пиёдалар ўтиш жойидан кўзи ожиз кишилар фойдаланиши ҳақида огоҳлантиради.


7.16. "Нам қоплама".

Белги қатнов қисмининг қопламаси нам бўлган вақтда таъсир этишини кўрсатади.


7.17. "Ногиронлар".

5.15 белгиси билан қўлланилади. Тўхтаб туриш жойи (ёки унинг бир қисми) ушбу Қоидаларнинг 28.3 бандига мувофиқ "Ногирон" таниқлик белгиси ўрнатилган транспорт воситалари учун ажратилганлигини кўрсатади.

7.18. "Ногиронлар мустасно".

Белгиларнинг таъсири ушбу Қоидаларнинг 28.3 бандига мувофиқ "Ногирон" таниқлик белгиси ўрнатилган, транспорт воситаларига ва мотокажаваларга жорий этилмайди.


         

Қўшимча белгилар қайси белги билан бирга жорий этилса, бевосита шу белги тагига жойлаштирилади. 7.2.2 - 7.2.4, 7.13 қўшимча белгилари йўлнинг, йўл ёқасининг, пиёдалар йўлкасининг тепасига ўрнатилган белгининг ёнига жойлаштирилади.

Вақтинчалик (кўчма тиргакдаги) ва доимий белгилар маъно жиҳатидан бир-бирига зид келган ҳолларда ҳайдовчилар вақтинча ўрнатилган белгиларга амал қилишлари керак.


Эслатма: Огоҳлантирувчи, тақиқловчи, буюрувчи, ахборот-ишора йўл белгиларининг тагида мазкур йўл белгисининг таъсир оралиғини кўрсатувчи 7.2.1 қўшимча ахборот белгиси ўрнатилган бўлса, йўл белгиларининг таъсир оралиғи охирини кўрсатувчи йўл белгиси ўрнатилиши шарт эмас.



ТРАНСПОРТЛАР УЧУН СВЕТОФОРЛАР

  

Сигналларнинг вертикал жойлашуви билан


Сигналларнинг горизонтал жойлашуви билан


Қўшимча секция билан

Маълум йўналишларда ҳаракатни бошқариш учун


Реверсив

Умумий фойдаланишдаги трамвай ва бошқа транспорт воситалари ҳаракатини бошқариш учун


Темирйўл ўтиш йўллари орқали ҳаракатни бошқариш учун

Бошқарилмайдиган чорраҳалар ва йўловчи йўлакларини белгилаш учун

Корхоналар, ташкилотлар ҳудудларида ва ўтиш йўлларининг торайган жойларида ҳаракатни бошқариш учун


ПИЁДАЛАР УЧУН СВЕТОФОРЛАР







Йўл ҳаракати қоидаларига

2-ИЛОВА



1. ЁТИҚ ЧИЗИҚЛАР


Йўлнинг қатнов қисми юзасидаги чизиқлар, ишоралар, ёзувлар ва бошқа белгилар ҳаракатланиш тартибини белгилайди.

Йўл юзасидаги ётиқ чизиқлар оқ рангда бўлади (1.4, 1.10 ва 1.17 чизиқлар сариқ рангда бўлади).

1.1 - қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратади, йўлнинг хавфли жойларидаги ҳаракатланиш бўлаги чегарасини билдиради; йўлнинг кириш тақиқланган қисмини англатади; транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойи чегарасини ҳамда автомагистраллар қаторига киритилмаган йўлнинг ҳаракатланиш қисми чегарасини билдиради.


1.2 (энли сидирға чизиқ) - автомагистралларда ҳаракатланиш қисми чегарасини билдиради.


1.3 - тўрт ва ундан ортиқ ҳаракатланиш бўлаги бўлган йўлларда қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари оқимини ажратади.


1.4 - тўхташ тақиқланган жойни билдиради. Якка ҳолда ёки 3.27 "Тўхташ тақиқланган" йўл белгиси билан қўлланилади ҳамда йўлнинг ҳаракатланиш қисми четига ёки йўл четидаги тўсиқ (бордюр) устидан чизилади.


1.5 - икки ёки уч бўлакли йўлларда қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратади; бир йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган икки ёки кўпроқ бўлакли йўлларда бўлакларнинг чегараларини билдиради.


1.6 (яқинлашиш чизиғи - ҳар бир чизиқ узунлиги улар орасидаги масофадан уч баробар катта бўлган узуқ-узуқ чизиқ) - қарама-қарши ёки бир йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратувчи 1.1 ёки 1.11 чизиғига яқинлашаётганлик ҳақида огоҳлантиради.


1.7 - (ҳар бир чизиғи қисқа ва оралари шу чизиқлар бўйига тенг бўлган узуқ-узуқ чизиқ) - чорраҳадаги ҳаракатланиш бўлакларини билдиради.


1.8 (энли узуқ-узуқ чизиқ) - тезланиш ёки секинланиш бўлаги билан йўлнинг ҳаракатланиш қисмидаги асосий бўлаги ўртасидаги чегарани билдиради (чорраҳаларда, йўлнинг турли сатҳда кесишган қисмларида, автобуслар тўхтайдиган жойларда ва ҳ.к.).


1.9 - реверсив ҳаракатланишда қатнов қисмининг чегарасини белгилайди; реверсив ҳаракатланиш амалга оширилган йўлларда (реверсив светофори ўчирилган ҳолатда) қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимини ажратади.


1.10 - тўхтаб туриш тақиқланган жойни билдиради. Якка ҳолда ёки 3.28 йўл белгиси билан қўлланилади ва йўлнинг ҳаракатланиш қисми четига ёки йўл четидаги тўсиқ (бордюр) устидан чизилади.


1.11 - фақат бирор бўлакка қайта тизилишга рухсат этади, бир йўналишдаги ёки қарама-қарши келаётган транспорт оқимларини ажратади; қайрилиб олиш, тўхташ майдончалари ва шунга ўхшашларга кириш учун мўлжалланган жойларда манёвр фақат бир йўналишда рухсат этилганлигини кўрсатади.


1.12 (тўхташ) - 2.5 белгиси ёки светофорнинг (тартибга солувчининг) тақиқловчи ишорасида ҳайдовчи тўхташ керак бўлган жойни кўрсатади.


1.13 - кесишган йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситасига йўл бериш зарур бўлганда ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатиши лозим бўлган жойни кўрсатади.


1.14.1, 1.14.2 (зебра) йўлнинг ҳаракат тартибга солинмаган қисмида пиёдаларнинг ўтиш жойини белгилайди.


1.14.2 белгининг ишорали йўналтиргичлари пиёдаларнинг ҳаракатланиш йўналишини кўрсатади.


1.14.3 - пиёдаларнинг ҳаракати светофор ёрдамида тартибга солинганини билдиради.


1.15 - йўлнинг велосипед йўлкаси кесиб ўтган жойини билдиради.


1.16.1 - 1.16.3 - транспорт воситалари оқими ажраладиган ёки қўшиладиган жойлардаги йўналтирувчи оролчаларни билдиради.


1.17 - белгиланган йўналишли транспорт воситалари тўхташ жойлари ҳамда таксиларнинг тўхтаб туриш жойларини билдиради.


1.18 - чорраҳада бўлаклар бўйича рухсат этилган ҳаракатланиш йўналишларини кўрсатади. Якка ҳолда ёки 5.8.1, 5.8.2 белгилари билан қўлланилади. Охири берк йўл тасвирланган чизиқ, шу йўналишдаги ён томонда жойлашган қатнов қисмига бурилиш тақиқланганлигини кўрсатади. Четки чап бўлакдан чапга бурилишга рухсат берувчи йўналтиргич шу бўлакдан қайрилишга ҳам рухсат беради.


1.19 - ҳаракатланиш қисмининг торайган (шу йўналишдаги ҳаракатланиш бўлакларининг сони камайган) жойига ёки қарама-қарши йўналишдан келаётган транспорт воситалари оқимларини ажратувчи 1.1 ёки 1.11 чизиғига яқинлашганлик ҳақида огоҳлантирувчи чизиқ. Биринчи ҳолда 1.18.1 - 1.18.3 йўл белгилари билан қўлланилиши мумкин.


1.20 - ҳайдовчини 1.13 чизиғига яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантиради.


1.21 ("тўхтанг" ёзуви) - 2.5 белгиси билан бирга қўлланилганда ҳайдовчини 1.12 чизиғига яқинлашаётганлиги ҳақида огоҳлантиради.


1.22 - йўл (ҳаракатланиш йўналиши) рақамини кўрсатади.


1.23 - йўлнинг фақат белгиланган йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган бўлагини билдиради.


1.1 ва 1.3 чизиқларини босиб ўтиш тақиқланади, ҳаракатланиш қисмининг четини билдириш учун қўлланилган 1.1 чизиғи бундан мустасно.


1.2, 1.5 - 1.8 чизиқларини исталган томондан босиб ўтиш мумкин.


Реверсив светофорлар бўлмаганда ёки улар ўчириб қўйилганда, 1.9 чизиғини фақат у ҳайдовчининг ўнг томонида бўлса, босиб ўтишга рухсат этилади.


Реверсив светофор ёқилган пайтда бир йўналишли бўлакларни ажратаётган 1.9 чизиғини исталган томонидан босиб ўтишга рухсат этилади. Реверсив светофор ўчирилганда, ҳайдовчилар дарҳол 1.9 чизиғидан ўнгга қайта тизилишлари керак.


Реверсив светофор ўчирилган бўлса, қарама-қарши йўналишдаги транспорт оқимларини ажратувчи 1.9 чизиғини босиб ўтиш тақиқланади.


1.11 чизиғини узуқ-узуқ томондан, шунингдек, сидирға чизиқ томонидан эса фақат қувиб ёки четлаб ўтишни тугатаётганда босиб ўтишга рухсат этилади.


Кўчма тиргакка ўрнатилган вақтинчалик йўл белгилари ва чизиқлар маъно жиҳатидан бир-бирига зид келса, ҳайдовчилар вақтинчалик йўл белгиларига амал қилишлари керак.



2. ТИК ЧИЗИҚЛАР


Тик чизиқлар - йўл иншоотлари ва жиҳозлари юзаларига кетма-кет чизилган йўл-йўл оқ-қора чизиқлар мажмуисидан иборат бўлиб, уларнинг ўлчамларини кўрсатишда, кўз билан чамалаш воситаси сифатида хизмат қилади.

2.1 - ҳаракатланаётган транспорт воситаларига хавф туғдирадиган йўл иншоотларининг тик элементлари (кўприклар ва осма йўллар, устунлар ва ҳ. к.) ни билдиради.


2.2 - тоннеллар, кўприклар, осма йўл ва кўприкларнинг пастки қиррасини билдиради.


2.3 - ажратиш бўлакларидаги ёки "хавфсизлик оролчалари"даги думалоқ устунларни билдиради.


2.4 - йўналтирувчи, бетон ёки темир бетон устунлар, тўсиқ тиргаклар ва ҳоказоларни билдиради.


2.5 - йўлнинг кичик радиусли бурилишлари, тик нишабликлари ва бошқа хавфли жойларида йўл четига ўрнатилган тўсиқларнинг ён юзаларини билдиради.


2.6 - бошқа жойлардаги тўсиқларнинг ён юзаларини билдиради.


2.7 - йўлнинг хавфли жойларида унинг четидаги тўсиқни (бордюрни) ва йўл сатҳидан баланд бўлган "хавфсизлик оролчалари" четини билдиради.






Йўл ҳаракати қоидаларига

3-ИЛОВА



Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи

ШАРТЛАР


1. ТОРМОЗ ТИЗИМИ


1.1. Тормоз тизимининг тузилиши ўзгартирилса, ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмаса ёки транспорт воситасининг шу турида кўзда тутилмаган тормоз суюқлиги ёки бошқа қисмлар қўлланилса.


1.2. Ишчи тормоз тизимининг самарадорлиги қуйидаги меъёрлар талабини таъминламаса:


Т/р

Транспорт воситаси тури


Тормоз йўли (кўпи билан) метр ҳисобида


1981 йил 1.01дан ишлаб

чиқарила бошланган


1981 йил 1.01дан олдин

ишлаб чиқарила бошланган


аслаҳаланган

ҳолда


тўла вазнда


аслаҳаланган

ҳолда


тўла вазнда


1

Енгил автомобиллар ва уларнинг юк ташишга мослаштирилган турлари


12,2

12.9

14.5

10.2

улар шатакка олганда


13.6

10.5

14.5

10.5

2

Автобуслар:






тўла вазни 5 тонна ва ундан кам бўлган


13.0

17.0

18.7

21.2

тўла вазни 5 тоннадан ортиқ бўлган


16.8

17.4

19.9

21.2

3

Юк автомобиллари:






тўла вазни 3,5 тонна ва ундан кам бўлгаи


15.1

19.0

19.0

23.0

тўла вазни 3,5 тоннадан 12 тоннагача ва 12 тонна бўлган


17.3

20.1

18.4

23.0

тўла вазнли 12 тоннадан ортиқ бўлган


16.0

19.7

17.7

23.0

4

Автопоездлар шатакчи транспорт воситаси билан






тўла вазни 3,5 тонна ва ундан кам бўлган


17.7

21.8

22.7

25.0

тўла вазни 3,5 тоннадан 12 тоннагача ва 12 тонна бўлган


18.8

21.3

22.1

25.0

тўла вазни 12 тоннадан ортиқ бўлган


18.4

20.8

21.9

25.0

5

Икки ғилдиракли мотоцикл ва мопедлар


7.5

7.5

7.5

7.5

6

Кажавали мотоцикллар


8.2

8.2

8.2

8.2

Изоҳ:

1. Ишчи тормоз тизимининг самарадорлиги давлат намунасига мувофиқ бошқа ўлчамлар билан ҳам белгиланиши мумкин.

2. Ишчи тормоз тизими - йўлнинг бетон, асфальтбетон, қуруқ, тоза текис қопламали, ётиқ қисмида тормозлаш бошланган вақтдаги тезлиги автотранспорт воситалари учун соатига 40 км, мотоцикл, мопедлар учун соатига 30 км бўлганда синовдан ўтказилади. Агар хайдовчи тормозлаш вақтида тўғри йўналишнн сақлаш учуп харакатланиш изини ўзгартиришга мажбур бўлса ёки тўғри чизиқли ҳаракати бузилса, синов натижалари бекор қилинади.


1.3. Гидравлик тормоз узатмасининг зичлиги (герметиклиги) бузилган бўлса.


1.4. Пневматик тормоз узатмасининг зичлиги бузилиши натижасида ҳаво сиқувчи мослама (компрессор) ишламай турганда ва бошқарув қисмлари уланмаганда - 30 дақиқада, уланганида - 15 дақиқада тизимдагн ҳаво босимн 0,05 МП (0,5 кг/см2)дан кўп пасайишига сабаб бўлса.


1.5. Тормоз узатмасидаги ҳаво боснмини ўлчайдиган асбоб (монометр) ишламаса.


1.6. Тўхтатиб туриш тормоз тизими транспорт воситаларининг қуйидаги жойларда ҳаракатсиз ҳолатда ушлаб тура олмаса:

тўла вазндаги транспорт воситаларини 16 фоиздан кам бўлмаган қияликда;

аслаҳаланган ҳолатдаги енгил автомобиллар, уларнинг юк ташишга мослаштирилган турлари, шунингдек, автобусларни 23 фоиздан кам бўлмаган қияликда;

аслаҳаланган ҳолатдаги юк автомобиллари ва автопоездларни 31 фоиздан кам бўлмаган қияликда.


Изоҳ: Тўхтатиб туриш тормоз тизими синовдан ўтказилаётганда юргизгич трансмиссиядан ажратилган бўлими керак.


1.7. Қулфловчи мослама тўхтатиб туриш тормоз тизимининг дастаги (ричаги)ни ушлаб тура олмаса.



2. БОШҚАРУВ ҚУРИЛМАСИ


2.1. Бошқарув қурилмасидаги люфт (қисмлар бирикмасидаги ёйилиш) йнғиндиси қуйидаги кўрсатгичдан катта бўлса:

Т/р

Транспорт воситасининг тури


Эркин қисмлар ўртасидаги ёйилиш

йиғидиси, кўпи билан градус ҳисобида


1

Енгил автомобиллар ва улар асосида яратилган юк автомобиллари ҳамда микроавтобуслар


10

2

Автобуслар


20

3

Юк автомобиллари


25

       

2.2. Бошқарув қурилмасидаги қисмлар тузилишида кўзда тутилмаган сезиларли ўзгаришлар ёки транспорт воситасида юкхонаси (рама, кабина, шасси)га нисбатан қўзғалган бўлса, қурилмадаги резбали бирикмалар тегишли равишда маҳкамланмаган бўлса.


2.3. Бошқарув қурилмасининг тузилишида кўзда тутилган кучайтиргич ёки мотоциклларда тебранишни пасайтирувчи асбоб (демпфер) носоз бўлса ёки умуман бўлмаса.


2.4. Бошқарув қурилмасида қолдиқ деформация излари, дарз кетган жойлари ва бошқа нуқсонлари бўлган қисмлар ўрнатилган, шу транспорт воситаси турида кўзда тутилмаган ёки ишлаб чиқарган корхона талабига мос келмайдиган қисмлар ва суюқликлар қўлланган бўлса.



3. ТАШҚИ ЁРИТГИЧЛАР


3.1. Ташқи ёритгичлар сони, тури, жойлашуви ва ишлаш тартиби транспорт воситасининг тузилиши талабига мос келмаса.


Изоҳ:

1. Мотоцикл, мопедлар битта, бошқа транспорт воситалари зса иккита туманга қарши фаралар билан жиҳозланган бўлиши мумкин.

Туманга қарши фаралар йўл юзидан 250 мм дан кам бўлмаган баландликда жойлашиши, лекин яқинни ёритувчи фаралардан баланд бўлмаслиги, транспорт воситасининг ўқига мутаносиб ва ташқи габаритдан кўпи билан 400 мм узоқликда жойлашиши керак.

2. Туманга қарши битта ёки иккита қизил чироқ транспорт воситаларининг орқасига 400-1200 мм баландликда ва тўхтатиш ишорасида камида 100 мм яқинликда ўрнатилади.

3. Туманга қарши фара, орқа чироқлар, габарит чироқлари ва давлат рақами белгисини ёритувчи чироқлар бир вақтда ёқилиши керак.

4. Енгил транспорт воситаси ва автобусга битта ёки иккита қўшимча кизил рангли, тормоз берганда ёнувчи чироқни 1250-1400 мм баландликда ўрнатишга рухсат этилади.

5. Ишлаб чиқарилиши тўхтатилган енгил автомобилларга бошқа турдаги, русумдаги транспорт воситаларининг ташқи ёриткичларини ўрнатишга рухсат этилади.


3.2. Ёритувчи фара нурининг йўналиши бузилган бўлса.


3.3. Агар ташқи ёритгичлар ва нур қайтаргичлар белгиланган тартибда ишламаётган ёки ифлосланган бўлса.


3.4. Ёритиш асбобларида нур сочувчиси бўлмаса ёхуд нур сочувчи ва лампалар тегишли ёруғлик асбоблари турига мос бўлмаганидан фойдаланилган бўлса.



4. ОЙНА ТОЗАЛАГИЧ ВА ОЙНА ЮВГИЧЛАР


4.1. Ойна тозалагич белгиланган тартибда ишламаётган бўлса.


4.2. Транспорт воситасининг таркибида кўзда тушган ойна ювгич ишламаётган бўлса.



5. ШИНАЛАР


5.1. Енгил автомобиллар шинаси нақшлари изларининг қолдиқ чуқурлиги 1,6 мм дан, юк автомобилларники - 1,0 мм дан, автобусларники - 2,0 мм дан, мотоцикл ва мопедларники - 0,8 мм дан кам бўлса.


Изоҳ: Тиркамалар шинаси нақшлари изларининг қолдиқ чуқурлиги шатакчи транспорт воситаси шиналари учун белгиланган меъёр кабидир.


5.2. Шиналарнинг баъзи жойлари шикастланган ёки бошқа нуқсонларга (кесилган, ёрилган) эга бўлса.


5.3. Қўшалоқ шиналар орасига хавф-хатар туғдирувчи бегона жисмлар қисилиб, тиқилиб қолган бўлса.


5.4. Шина ўлчамлари ёки унга чекланган оғирлик транспорт воситасининг турига мос келмаса.


5.5. Транспорт воситасининг битта ўқига диагонал ва радиал, шунингдек, ҳар хил нақшли шиналар ўрнатилган бўлса.


5.6. Шаҳарлараро қатнайдиган автобуснинг олдинги ўқига нақши қайта тикланган шина, бошқа ўқига эса иккинчи марта (2-даражали) таъмирлаш йўли билан тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.


5.7. Енгил аптомобиллар ва автобусларнинг (шаҳарлараро қатнайдиган автобуслардан ташқари) олдинги ўқига иккинчи марта (2-даражали) таъмирлаш йўли билан тикланган шиналар ўрнатилган бўлса.



6. ЮРГИЗГИЧ (МОТОР)


6.1. Ишлаб чиққан газлар таркибида зарарли моддалар ёки туташ даражаси белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса.


6.2. Ёнилғи узатиш тизими зич (герметик) бўлмаса.


6.3. Радио тўлқинларидаги шовқинни сўндирувчи мосламалар бўлмаса.


6.4. Ишлаб чиқарилгаи газларни чиқариб ташлаш тизими бузуқ бўлса.


6.5. ДАН органлари рухсатисиз юргизгич тузилишига ўзгартириш киритилган, бошқа турдаги ёнилғида ишлатиш учун қўшимча мослама ва жиҳозлар ўрнатилган бўлса.



7. ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ ТУЗИЛИШИНИНГ

БЎЛАК ҚИСМЛАРИ


7.1. Транспорт воситасининг тузилишида кўзда тутилган орқа томонни кўрсатувчи кўзгу бўлмаса.


7.2. Товуш мосламаси (сигнал) ишламаса.


7.3. Транспорт воситасига теварак-атроф кўринишини чекланган қўшимча нарсалар, кўзгусимон, шунингдек, тегишли давлат стандартларида белгиланган меьёрларни бузган ҳолда тайёрланган туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналар ўрнатилган бўлса.


Изоҳ:

1. Енгил автомобилларнинг олдинги икки ёнига орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгу ўрнатилгандагина орқа ойнасига парда ўрнатишга рухсат этилади.

2. Транспорт воситаларининг фақат орқа ва ён ойналари ёруғлик ўтказувчанлигини 70% дан кам бўлмайдиган қилиб, давлат стандарти талабларини бузмаган ҳолда тусини ўзгартириш (қорайтириш) га рухсат этилади. Автомобилларнинг том қисмидаги люк ойнаси бундан мустасно.


7.4. Таркибида кўзда тугилган юкхона, кабииа эшиклари, қулфлари, юк платформаси бортларининг темир ёпқичлари, ёнилғи идиши ва цистерналар оғзининг қулфлари, ҳайдовчи ўриндиғи ҳолатини созловчи мослама, фалокат юз берган вақтида чиқиш жойлари, эшикларни очиш ва ёпиш мосламаси, спидометрлар, ҳайдаб олиб қочишга қарши, ойнани иситувчи ва ҳаво алмаштириш мосламалари бузуқ бўлса ёки умуман бўлмаса.


7.5. Спидометр қурилмаси носоз ёки тамғаланмаган (шахсий транспорт воситалари, мотоцикл ва мопедлардан ташқари) бўлса.


7.6. Таркибида кўзда тутилган, ўзи юриб кетганда хавфсизликни таъминловчи орқа буфер, лой тўсгич ва сачратмагичлар бўлмаса.


7.7. Рессорларнинг асосий қатлами ёки марказий болти шикастланган бўлса.


7.8. Шатак тиркама бўғимининг тортиш-тиркаш ёки таянч-тиркаш мосламаси ҳамда кўзда тутилган эҳтиёт (пўлат арқон) занжирлари носоз бўлса. Мотоцикл билан кажава рамаси маҳкамланган жойда люфт (рамалар ўртасида оралиқ, ёйилиш) бўлса.


7.9. Транспорт воситалари қуйидагилар билан жиҳозланмаган бўлса:

автобусларда тиббиёт қутичаси (аптечка), фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланадигаи болғача, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (милтилловчи қизил чироқ);

микроавтобус, юк ва енгил автомобилларда тиббиёт қутичаси (аптечка), ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (милтилловчи қизил чироқ);

ишлаб чиқарган корхона томонидан назарда тутилмаган ва белгиланмаган жойда антенна, сирена, рация, товуш чиқариш мосламалари, ёритгичлар ва ҳар хил безаклар тегишли рухсатсиз ўрнатилса;

тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлгаи юк автомобилларида ва тўла вазни 5 тоннадан ортиқ бўлган автобусларда тисарилишга қарши тиргак (бошмоқ);

автопоездлар, тиркамалар, тракторлар, аравалар ва бошқа ўзиюрар машиналарда ташқи ёруғликни қайтарувчи (қизил-оқ рангли) хавфсизлик мосламалари;

кажавали мотоциклларда тиббиёт қутичаси, (фалокат сабабли тўхташга мажбур бўлганини билдирувчи белги.


Изоҳ: Тиббиёт қутичаси ўт ўчиргич транспорт воситаларини ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган жойга мустахкам ўрнатилади. Агар транспорт воситасини конструкциясида бундай жойида кўзда тутилмаган бўлса, тиббиёт қутичаси осон олинадиган жойга, ўчиргич эса енгил автомобилларнинг салонида ёки юкхонасида, автобусларда эса битта ўт ўчиргич ҳайдовчининг кабинасида, иккинчиси йўловчилар салонида бўлиши керак (микроавтобусларда битта ўт ўчиргич ҳайдовчига қулай жойда ўрнатилади). Катта ва ўрта автобуслар бундан ташқари фавқулодда ҳолатларда автобус ойнасини синдириш учун махсус болғачалар билан (автобус салонида) жиҳозланган бўлиши лозим.


7.10. Махсус транспорт воситаларида кўзда тутилган чироқ-маёқча, навбатма-навбат чалинадиган махсус томонлар ҳар ва рангдор чизмалардан фойдаланаётган бўлса.


7.11. Транспорт воситасида уни ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган бошқа нусхадаги юкхона (кузов) қисмлари ўрнатилган бўлса.


7.12. Юкхона, кабина қисмлари тўла таъмирланмаган ва бўёғи ташқи кўриишини бузадиган ҳамда бир неча хил рангга бўялган бўлса (махсус транспорт воситалари бундан мустасно).


7.13. Икки ғилдиракли мотоцикл таркибида кўзда тутилган хавфсизлик ёйи (дуга) бўлмаса.


7.14. Мотоцикл, ва мопедларда кўзда тутилган оёқ тирагич, эгарида йўловчи учун кўндаланг тутқич ўрнатилмагаи бўлса.


Изоҳ: Бир турдаги транспорт воситаларида буферлар, молдинглар, қопламалар, ғилдирак қопқоқлари ва ҳ.к.ни ўзаро алмаштиришга рухсат этилади.


7.15. Иловада кўрсатилган техника талабларига Давлат намуналари бўйича ўзгартиришлар киритилиши мумкин.






Йўл ҳаракати қоидаларига

4-ИЛОВА



"ХАВФЛИЛИК БЕЛГИЛАРИ"

         

1


2


3


4




Портловчи

моддалар ва 1.1,

1.2 ва 1.3 кичик

класслар

буюмлари



Портловчи

моддалар ва 1.4

кичик класс

буюмлари



Портловчи

моддалар ва 1.5

кичик класс

буюмлари



Портловчи

моддалар ва 1.6

кичик класс

буюмлари


       







5


6


7


8




Алангаланмай-

диган, нетоксик

газлар



Тез алангалана-

диган газлар ва

суюқликлар



Тез алангалана-

диган қаттиқ

моддалар, ўзи

реактив

моддалар ва

десенсибилаш-

ган портловчи

моддалар



Ўз-ўзидан

ёнувчи

моддалар


      







9


10


11


12




Сув текканда тез

аланганадиган

газ ажратувчи

моддалар



Оксидловчи

моддалар



Органик

пероксидлар



Токсик

моддалар


          







13


14


15


16




Инфекцияли

моддалар



I тоифали

радиоактив

материаллар



II тоифали

радиоактив

материаллар



III тоифали

радиоактив

материаллар


          







17


18










Коррозияланув-

чи моддалар



Бошқа хавфли

моддалар ва

буюмлар






АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ БЕЛГИЛАРИ

           

              

**

             

         

*

         

           

***

          

               

                

1

ҚУРУҚ МОДДАЛАР ҚЎЛЛАНСИН, СУВ ҚЎЛЛАНИЛМАСИН!


2

КИЧИК СУВ ОҚИМЛАРИ ҚЎЛЛАНСИН!


3

СОЧМА СУВ ЁКИ ИНГИЧКА ОҚИМ ҚЎЛЛАНСИН!


4

КЎПИК ҚЎЛЛАНСИН!


5

ОҚОВА СУВГА МОДДАЛАР ТУШУШИНИНГ ОЛДИ ОЛИНСИН!


N

НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ВА ҲИМОЯЛОВЧИ ҚЎЛҚОПЛАР ҚЎЛЛАНСИН!


YO

ФАҚАТ ЁНҒИН ЧИҚҚАНДА НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ВА ҲИМОЯЛОВЧИ ҚЎЛҚОПЛАР ҚЎЛЛАНСИН!


К

ҲИМОЯЛОВЧИ КИЙИМ-БОШЛАРНИНГ ТЎЛИҚ ТЎПЛАМИ ВА НАФАС ОЛИШ АППАРАТИ ҚЎЛЛАНСИН!


E

ОДАМЛАР ЭВАКУАЦИЯ ҚИЛИНИШИ ЗАРУР!


              

*) - Ёнғин ёки модда сизиб чиққандаги шошилинч чоралар коди.

**) - Хавфлилик белгиси.

***) - БМТ тартиб рақами.