ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш

чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Кураш - азал-азалдан олижаноблик, мардлик ва ҳалоллик тимсоли, халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихга эга миллий-маданий меросининг бир қисми ва бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Кураш ҳақидаги илк маълумотлар Сурхон ва Зарафшон воҳалари, Фарғона водийси, Сармишсой дараларида аниқланган тасвирий санъат намуналари акс этган осориатиқаларда, қоятошларда ва ғорларда учрайди.

Машҳур антик тарихчи Геродот ўзининг "Тарих" асарида кураш қадимда юртимиз ҳудудида жойлашган халқлар урф-одати ва анъаналарининг бир қисми эканлигини таъкидлаб ўтган.

Буюк Шарқ ҳакими ва маърифатпарвари Абу Али ибн Сино асарларида кураш инсон соғлиғини мустаҳкамлаш усулларидан бири сифатида эътироф этилган.

Буюк саркарда соҳибқирон Амир Темур даврида кураш аскарларнинг ҳарбий ва жисмоний тайёргарлигини оширишнинг асосий усулларидан бири бўлган.

Паҳлавон Маҳмуд, Жалолиддин Мангуберди, Дарвешмуҳаммад сингари баҳодирлар курашни бутун дунёга танитишган.

Кураш нафақат спорт турларидан бири, шу билан бирга, миллий байрамлар ва халқ сайилларининг ажралмас қисми ҳисобланади.

"Кураш" сўзи "ҳалол йўл билан ғалабага эришиш" маъносини англатади ҳамда ўзида мардлик, кучли ирода, ҳалоллик ва рақибга нисбатан ҳурматни акс эттиради.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин кураш бўйича биринчи расмий турнир 1992 йил августда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилди.

1998 йил 6 сентябрда ҳозирда сайёрамизнинг беш қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштирган Кураш халқаро ассоциацияси таъсис этилди.

Бугунги кунга қадар дунёнинг кўплаб мамлакатларида кураш бўйича 500 дан ортиқ халқаро турнирлар ўтказилди. Юртдошларимиз орасидан 300 нафардан кўпроқ спортчилар кураш бўйича жаҳон, Осиё чемпионатлари ва халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлган.

Давлатимиз ва Кураш халқаро ассоциациясининг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида "Кураш" халқаро спорт тури сифатида кенг эътироф этилди, "кураш", "ҳалол", "таъзим", "тўхта" ва "ёнбош" каби атамалар эса халқаро спорт сўз ва иборалари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

2010 йилда Кураш халқаро ассоциацияси Олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун буюртма беришда муҳим талаб ҳисобланган Жаҳон допингга қарши агентлигининг эътирофига сазовор бўлди.

2017 йил 20 сентябрда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида кураш тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.

Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан курашни халқаро спорт мусобақалари ва турнирлари дастурларига, кейинчалик Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида курашни янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жаҳон спорт майдонларида юқори натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди.

Қарорда "Кураш" миллий спорт турини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш назарда тутилди.

Дастурга мувофиқ, курашни оммалаштириш ва ёшларнинг бўш вақтини сифатли ўтказишни таъминлаш мақсадида Нукус шаҳри ва вилоят марказларида "Кураш" миллий спорт тури марказлари, ҳар бир туман (шаҳар)да эса замонавий спорт клублари ва секциялари ташкил этилади.

Шунингдек, кураш бўйича республика, халқаро мусобақалар ва турнирларни доимий асосда ташкил этиш ва ўтказиш, мусобақа ва турнирлар иштирокчиларининг автоматлаштирилган маълумотлар базасини жорий этиш, "Кураш" йўналишида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталарини ошириш, ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган "яктак" спорт анжомлари ва "кураш гилам"лари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, курашни оммалаштириш юзасидан медиа-режа ишлаб чиқиш назарда тутилди.

Мазкур чоралар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида курашни ривожлантириш ва оммалаштиришга, спорт анжомлари ва инвентарларини тайёрлаш соҳасида маҳаллий брендни яратишга, Ўзбекистон кураш федерацияси фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган.

Кураш "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритилади.

Қарорга мувофиқ, 6 сентябрь мамлакатимизда "Кураш" миллий спорт тури куни этиб белгиланди ва бу Кураш халқаро ассоциацияси ташкил топган кун билан рамзий маънода боғлиқдир.

Ўзбекистон кураш федерациясининг моддий-техника базасини сезиларли мустаҳкамлаш, кураш бўйича спортчилар ва мураббийларнинг ижтимоий ҳимоясини ошириш имконини берадиган қатор имтиёзлар назарда тутилди.

Хусусан, юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси Ўзбекистон кураш федерацияси фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилган бадал, ҳомийлик ва хайрия ёрдам кўринишидаги маблағлар миқдорига, лекин солиқ солинадиган фойданинг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камаяди.

Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан спортчилар ва мураббийларга топшириладиган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар кўринишидаги даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Спортчиларни ҳаммабоп ва сифатли спорт кийимлари ва инвентарлари билан таъминлаш мақсадида асосий фаолияти "яктак" спорт кийимлари ва (ёки) "кураш гилам"ларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар беш йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бундан мустасно.

Кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Жамоатчилик, айниқса, ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб этиш мақсадида Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида "Кураш" миллий спорт тури маркази" нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил қилиш назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорини амалга ошириш "Кураш" миллий спорт турини бутун дунёда янада ривожлантириш ва оммалаштириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик, миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодда мардлик, кучли ирода, олижаноблик ва рақибга ҳурмат каби сифатларни шакллантиришга кучли туртки бўлиб хизмат қилади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 3 октябрь



























Время: 0.1956
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск