язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Уй-жой қурилиши/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.10.2017 й. ПҚ-3350-сон "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.10.2017 й.

N ПҚ-3350



2017-2020 ЙИЛЛАРДА ШАҲАРЛАРДА

АРЗОН КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ ҚУРИШ

ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ДАСТУРИНИ

САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Қайд этиб ўтилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ-2660-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан "ТошкентбошпланЛИТИ" ДУК, "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК, "ТошуйжойЛИТИ" АЖ ва "Тошгипрогор" АЖ (кейинги ўринларда - бош лойиҳа институтлари) билан биргаликда арзон кўп квартирали уйларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиб, татбиқ этилган.

Жорий йилда ёш оилаларнинг, эскирган уйларда яшовчиларнинг ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифалардаги фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш юзасидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ Тошкент шаҳрида ва республиканинг бошқа шаҳарларида майдони 554,8 минг квадрат метр бўлган 191 та кўп квартирали уйлар қурилиши ва реконструкция қилиниши амалга оширилмоқда. Натижада шу йилнинг ўзидаёқ уй-жой шароитлари яхшиланишига муҳтож бўлган шаҳар оилаларидан 7919 нафари арзон ва шинам уй-жой билан таъминланади.

Шу билан бирга 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури қандай амалга оширилаётганлигини ўрганиш республика шаҳарларида арзон уй-жойларга бўлган талаб-эҳтиёж ҳамон юқори даражада қолаётганлигини кўрсатди. 27,0 мингдан зиёд муҳтож оила Дастур доирасида қурилаётган арзон кўп квартирали уйларда яқин йиллар ичида квартира сотиб олиш истагини билдириб, ҳудудий комиссияларга мурожаат қилган.

Айни вақтда Дастурни шакллантиришни янада такомиллаштириш ва уни бажариш самарадорлигини оширишга қаратилган янги ёндашувлар ишлаб чиқилишини тақозо этувчи арзон уй-жойлар қурилишини ташкил этиш ва оилаларни шундай уйлар билан таъминлашда бир қатор жиддий камчиликлар аниқланди:

биринчидан, Тошкент шаҳрида (24 та уй), Нукус шаҳрида (7 та уй), Бухоро шаҳрида (6 та уй) ва Урганч шаҳрида (4 та уй) жами 41 та арзон кўп квартирали уйларда ишларни бажариш жадвалларидан орқада қолинмоқда;

иккинчидан, Нукус, Андижон, Бухоро, Термиз, Самарқанд, Гулистон, Олмалиқ, Чирчиқ ва Бекобод шаҳарларида ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфратузилма объектлари қурилиши ҳамда массивлар ҳудудларини ободонлаштиришда қолоқлик кузатилмоқда;

учинчидан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларининг бузилишига, қурилиш-монтаж ишларининг сифатсиз бажарилишига, лойиҳадан четга чиқишга йўл қўйилмоқда, бунинг натижасида 761 та (буюртмачига - 205 та, пудрат ташкилотларига - 399 та, лойиҳа ташкилотларига - 157 та) тақдимнома берилди, 34 та объект бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан 1,0 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ олиб ташланди.

2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини шакллантириш ва амалга оширишда аниқланган камчиликларга барҳам бериш, муҳтож аҳолининг арзон кўп квартирали уйларга бўлган юқори талаб-эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондириш, шунингдек, шаҳарларда яшовчи аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини уй-жой қурилиши ҳамда ипотека кредити бериш кўламларини кенгайтириш ҳисобига юксалтириш чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси К.Р. Сариевга, Бухоро вилояти ҳокими У.И. Барноевга, Хоразм вилояти ҳокими И.М. Собировга, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Ж. Усмоновга - кўп квартирали уйлар қурилиши дастурларининг амалга оширилиши устидан етарли назоратни таъминламаганликлари, бунинг натижасида қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфратузилма объектлари қурилиши ҳамда массивлар ҳудудларини ободонлаштириш ишлари жадваллардан орқада қолишига йўл қўйилган;

"Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ директори З.Ғ. Нарзуллаевга - "тайёр ҳолда топшириш" шарти билан арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш, шу жумладан, қурилишнинг бориши устидан техник назоратни амалга ошириш бўйича инжиниринг компанияси зиммасига юклатилган функциялар етарли даражада бажарилмаганлиги, бу эса баъзи бош пудрат ташкилотлари томонидан шартномаларда белгиланган қурилиш муддатлари бузилишига ва қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилишига олиб келган;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (Б.И. Закиров, К.Н. Тўлаганов), бош лойиҳа институтларининг раҳбарларига - арзон кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг энг муҳим параметрлари бош лойиҳа институтлари томонидан етарли даражада ишлаб чиқилмаганлиги, бу эса уларга тузатиш киритиш заруратини тақозо этганлиги, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан архитектура-қурилиш ва муаллифлик назорати тегишли даражада олиб борилмаганлиги қатъиян кўрсатиб ўтилсин.


2. Республика минтақаларида арзон уй-жойларга ҳақиқий талаб-эҳтиёжни баҳолаш ҳамда уларни қуриш ишларини ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича 2018 - 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастури (кейинги ўринларда - Дастур)нинг асосий параметрлари 1- ва 1а-иловаларига* мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбектелеком" АК ва тижорат банкларининг раҳбарлари зиммасига Дастурнинг асосий параметрларини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий, техникавий ва молиявий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши, шунингдек, арзон кўп квартирали уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, инфратузилма объектлари сифатли қурилиши, ҳудудлар ободонлаштирилиши борасида шахсий жавобгарлик юклансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг зиммасига арзон кўп квартирали уйлар, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфратузилма объектлари ўз вақтида фойдаланишга топширилиши, ҳудудлар ободонлаштирилиши, шунингдек, фуқаролар квартираларга жойлаштирилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилиши белгилаб қўйилсин.


3. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонида Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда - АТБ) билан биргаликда "Ипотека-банк" АТИБ, "Асака-банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ (кейинги ўринларда - иштирок этувчи тижорат банклари) учун ипотека кредит ресурслари берилишини назарда тутувчи "Ўзбекистоннинг ипотека бозорини кенгайтириш" лойиҳаси тайёрланмоқда, шунингдек, 2-иловага* мувофиқ, Туркиянинг "Зироат" давлат банки қарзини жалб этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилнинг 31 декабрига кадар муддатда "Ўзбекистоннинг ипотека бозорини кенгайтириш" (1-фаза) лойиҳаси бўйича АТБ Директорлар кенгашининг ижобий фикрини олиш тартиб-таомилини ниҳоясига етказсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тижорат банклари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини-ўз бошқариш маҳалла органлари фаол иштирокида бир ой муддатда:

ошкоралик, шаффофлик ва кенг хабардорлик тамойилларига риоя этиш асосида ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчилар ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларнинг орасидан қарз олувчи салоҳиятли фуқароларни белгиланган тартибда аниқлашни;

2018 йилда арзон кўп квартирали уйлар қурилиши учун шартномалар тузилиши ва бошланғич бадаллар шакллантирилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К. Саидова) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Молия вазирлиги (Б.А. Ходжаев), Марказий банк (Б.М. Нурмуратов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчилар ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг бошқа тоифалари учун уй-жойлар тақсимланиши ҳамда уларга Дастур доирасида узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари берилиши шаффофлигини таъминлайдиган электрон тизимни ишлаб чиқсин ва татбиқ этсин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

арзон кўп квартирали уйларда квартира сотиб олиш учун бошланғич бадалнинг ўртача миқдори 15 фоиз даражасида сақланади ва квартираларни қаватлар бўйича тақсимлашда суистеъмолчилик фактларининг олдини олиш мақсадида, 3-иловага* мувофиқ, квартираларни ёш оилаларга, эскирган уйларда яшовчиларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бошқа тоифадаги фуқароларга сотиш шартлари асосида бошланғич бадалнинг табақалаштирилган миқдори амалиётга татбиқ этилади;

арзон кўп квартирали уйлар қурилиши учун ер майдонларини ажратиб бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ ва иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари асосида фақат аҳоли ўртасида талаб катта бўлган ҳудудларда белгиланган тартибда амалга оширилади;

қурилиш майдонларини тайёрлаш, қурилиш ҳудудига тушган иморатларни бузиш ва муҳандислик коммуникацияларини кўчириш, шунингдек, сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, газ таъминоти ва алоқа тармоқларининг тортиб келинадиган ва майдон ички шахобчаларини қуриш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбектелеком" АК томонидан тегишли равишда маҳаллий бюджетлар маблағлари ва фойдаланувчи ташкилотларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

кўп квартирали уйлар қурилишини молиялаштириш белгиланган тартибда салоҳиятли қарз олувчилар рўйхати ва уларнинг бошланғич бадаллари шаклланиб боришига қараб амалга оширилади.


7. Дастурни амалга ошириш доирасида қуйидагилар уни молиялаштириш ҳамда буюртмачи ва қарз олувчиларни кредит билан таъминлаш манбалари этиб белгилансин:

ушбу қарорнинг 3-иловасига* биноан, белгиланган шартларга мувофиқ қарз олувчиларнинг бошланғич бадаллари;

қарз олувчиларга ипотека кредитлари бериш учун 20 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 3 фоизли ставка бўйича миллий валютада кредит линиясини очиш йўли билан иштирок этувчи тижорат банкларига тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, халқаро молия институтлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари;

буюртмачига кредит бериш учун 2 йил муддатга, йиллик 3 фоизли ставка бўйича миллий валютада кредит линиясини очиш йўли билан "Ипотека-банк" АТИБга тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг арзон кўп квартирали уйлар сонини 4-иловага* мувофиқ, қарз олувчиларни ипотека кредити билан таъминлаш учун иштирок этувчи тижорат банклари ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, бош лойиҳа институтлари, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгиланган тартибда:

шаҳар қурилишининг замонавий талабларини, шунингдек, энергияни самарали ва тежамли сарфлайдиган технологияларни, замонавий қурилиш материаллари ва конструкцияларини қўллаган ҳолда арзон кўп квартирали уйларнинг янги намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва амалдагилари қайта кўриб чиқилишини;

арзон кўп квартирали уйларнинг намунавий лойиҳалари бир-бири билан сифатли боғланишини ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари уйлар умумий майдони 1 кв.метрининг келишилган қиймати асосида ишлаб чиқилишини;

арзон кўп квартирали уйлар қурилиши қийматининг асоссиз қимматлашишига йўл қўймаслик бўйича ташкилий-техникавий тадбирлар амалга оширилишини;

2018 йилги Дастур доирасида қарз олувчиларнинг шакллантирилган бошланғич бадаллари ва иштирок этувчи тижорат банкларининг ресурслари ҳисобидан бошлаб қўйиладиган ишлар ҳажми шу йилнинг ўзида бажарилишини таъминласин.


10. Қуйидагилар:

"Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ директори З.Ғ. Нарзуллаев зиммасига инжиниринг компаниясига юклатилган арзон кўп квартирали уйлар қурилиши, пудрат ташкилотларини танлаш ва улар томонидан қурилиш муддатлари ва сифати бўйича шартнома мажбуриятлари қатъиян бажарилиши, қурилишнинг бориши устидан техник назорат амалга оширилиши бўйича ягона буюртмачи функцияларини оғишмай бажариши юзасидан;

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири А.Х. Тўхтаев зиммасига лойиҳа ташкилотлари томонидан арзон кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши, асосли нарх белгиланиши, лойиҳа ечимларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қаттиқ риоя этилиши устидан муаллифлик назорати амалга оширилиши юзасидан;

иштирок этувчи тижорат банклари - "Ипотека-банк" АТИБ раҳбари О.М. Мусаев, "Асака-банк" АТБ раҳбари К.К. Муллажонов, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ раҳбари А.К. Мирсоатов зиммасига буюртмачи ўз вақтида ва тўла ҳажмда молиялаштирилиши ҳамда қарз олувчилар ипотека кредити билан таъминланиши, ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назорат амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


11. Қурилиш вазири ўринбосари - Қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг бошлиғи К.Н. Тўлаганов ушбу қарорга мувофиқ арзон кўп квартирали уйларни лойиҳалаш ва қуришда белгиланган қурилиш нормалари ва қоидаларига, қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишларини бажариш сифатига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

12. Дастур доирасида 2018 йилда арзон кўп квартирали уйлар қурилиши учун, истисно тариқасида:

"Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖга энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан, танлов савдоларини ўтказмасдан пудрат ва лойиҳа ташкилотларини белгилашга;

2018 йилнинг 1 апрелига қадар қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга рухсат берилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖ буюртмачининг буюртманомалари ва бош лойиҳа ташкилотларининг асосли ҳисоб-китоблари бўйича жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб Дастур доирасида 2018 йилги ишлар дебочасини бошлаш учун тўғридан-тўғри шартномалар ва декларация қилинган нархлар бўйича металл прокати, цемент ва қурилишбоп ойна ажратиб берилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2017 йилда арзон кўп квартирали уйлар қурилишида тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан квартираларнинг умумий майдони кўпайганлиги ва шунга мувофиқ уларнинг қиймати 104,4 миллиард сўмга ошганлиги тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

5-иловага* мувофиқ, қурувчиларнинг 26,1 миллиард сўм миқдордаги бошланғич бадаллари ва "Халқ банки" АТБнинг 78,3 миллиард сўм миқдордаги маблағлари - 2018 йилда арзон кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича харажатлар қиймати ошганлигини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


17. Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси қурилиши тугалланган арзон кўп квартирали уйларнинг кадастр ҳужжатлари "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК МЧЖга давлат божи, тўловлар ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштириб берилишини таъминласин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ-2660-сонли қарорига 6-иловага* мувофиқ ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин.


19. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 24 октябрь