язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Халқаро дастурлар, лойиҳалар, грантлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.09.2017 й. ПҚ-3283-сон "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.09.2017 й.

N ПҚ-3283



ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ

ҲАМДА ХАЛҚАРО ТАРАҚҚИЁТ АССОЦИАЦИЯСИ

ИШТИРОКИДА "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЧОРВАЧИЛИК СЕКТОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ"

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада тизимли чуқурлаштириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасида илғор технологияларни фаол жорий этиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг унумдорлигини барқарор ошириб бориш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Жаҳон банки Директорлар кенгаши 2017 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикасига 5 йиллик имтиёзли даврни қўшганда, 25 йил муддатда тўлаш шарти билан "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳасини (кейинги ўринларда - лойиҳа) молиялаштириш учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (кейинги ўринларда - ХТТБ) нинг 30,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарзи ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси (кейинги ўринларда - ХТА) нинг 120 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредити берилишини маъқуллади;

Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшадиган ҳиссаси эквивалентда 77,82 млн. АҚШ долларини, шу жумладан солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий чиқимлар ҳақини тўлаш ва бошқа сарф-харажатларни молиялаштириш тарзида қўшиладиган улуш эквивалентда 39,74 млн. АҚШ долларини ташкил этади, шунингдек, лойиҳа қатнашчилари (бенефициарлар) қўшадиган ҳисса - эквивалентда 38,08 млн. АҚШ долларидан иборат бўлади;

лойиҳани амалга ошириш даври 6 йил муддат (2017-2022 йиллар) этиб белгиланди.


2. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида ва Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида амалга оширилади;

Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги лойиҳанинг ўз вақтида ва тўла ҳажмда амалга оширилиши учун жавобгар бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади ҳамда лойиҳа амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида ҳисоботни юритиш ва мониторинг қилиш функциялари унинг зиммасига зиммасига юкланади;

кредит линиясини бошқариш, ХТТБ қарзи ва ХТА кредитининг ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳисобот ва мониторингни юритиш функциялари Ўзбекистон Республикасининг иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига юкланади.


3. Қуйидагилар:

"Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий параметрлари билан техник-иқтисодий асосланиши 1-иловага* мувофиқ;

"Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳаси бўйича ХТТБ қарзи ва ХТА кредитига хизмат кўрсатиш схемаси 2-иловага* мувофиқ;

"Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида ХТТБ қарзи ва ХТА кредитини сўндириш, улар бўйича воситачилик ҳақи ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадваллари 3- ва 3а- иловаларига* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда икки ҳафта муддатда "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзи ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси кредитидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин, берилаётган қарз ва кредитни қайта молиялашнинг аниқ тартиби, муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш мезонлари ва уларнинг баҳолари белгилаб қўйилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига лойиҳа доирасидаги тадбирларни самарали амалга ошириш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш, ХТТБ, ХТА ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари ва тартиб-таомилларига мувофиқ зарур ҳисобот ва ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ва тақдим этилишини ташкил қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д.А.Қўчқоровга Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан қарз битимини ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси билан молиялаштириш тўғрисидаги битимни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш ваколати;

Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А.Ходжаевга Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки қарзини ва Халқаро тараққиёт ассоциациясининг кредитини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларни, шунингдек, заруратга қараб, Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг иштирок этувчи тижорат банклари билан уларга тегишли ўзгартиришларни Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш ваколати берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими бўйича;

Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт ассоциацияси ўртасида молиялаштириш тўғрисидаги битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулосалар берсин.


8. Қуйидагилар:

лойиҳани амалга ошириш доирасида ХТТБ қарзи ва ХТА кредити ҳисобидан харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар тўлашдан;

лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқдан озод қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

мазкур бандда берилган имтиёзларнинг амал қилиши лойиҳа доирасида қайта молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам жорий этилади;

ушбу бандда кўрсатилган имтиёзларни бериш натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшадиган улуши ҳисобланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги ва кейинги йиллардаги Инвестиция дастурига лойиҳанинг қўшиб қўйилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи чет эллик мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг буюртманомалари бўйича ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида вақтинча пропискага қўйилиши ва вақтинча прописка муддати узайтирилишини давлат божи ундирилмасдан таъминлаб берсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Д.А. Қўчқоров ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                        Ш. Мирзиёев



*) 1 - 3а-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 25 сентябрь