язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган тренерларга тўланадиган бир марталик пул мукофотларини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.10.2017 й. 878-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 30 октябрдаги

878-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган

тренерларга тўланадиган бир марталик пул

мукофотларини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Паросиё ўйинларида ҳамда Олимпия ўйинлари дастурларига кирувчи спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерларни (кейинги ўринларда тренерлар деб аталади) бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тартибини белгилайди.


2. Тренерларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссиясининг (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан амалга оширилади.


3. Тренерларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш харажатлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Миллий олимпия қўмитаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


2-БОБ. БИР МАРТАЛИК ПУЛ МУКОФОТЛАРИНИНГ

МИҚДОРИ ВА УЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


4. Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерлар қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

олтин медаль - 20 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль - 15 000 АҚШ доллари;

бронза медаль - 10 000 АҚШ доллари.


5. Олимпия ўйинлари дастурларига кирувчи спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерлар қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

олтин медаль - 6 000 АҚШ доллари;

кумуш медаль - 3 000 АҚШ доллари;

бронза медаль - 1 500 АҚШ доллари.


6. Осиё ва Паросиё ўйинларида ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерлар қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

олтин медаль - 2 500 АҚШ доллари;

кумуш медаль - 1 500 АҚШ доллари;

бронза медаль - 1 000 АҚШ доллари.


7. Спорт турлари бўйича федерациялар ва уюшмалар Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Паросиё ўйинларида ҳамда Олимпия ўйинлари дастурларига кирувчи спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари якунлангандан сўнг уч кун ичида мазкур нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган тренерлар рўйхатини Вазирликка тақдим этади.

8. Вазирлик спорт турлари бўйича федерациялар ва уюшмалар томонидан тақдим этилган тренерлар рўйхатларини беш кун ичида ўрганиб чиқади, умумлаштиради ва тренерларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида Республика комиссиясига таклифлар киритади.

9. Республика комиссияси Вазирликнинг таклифларини уч кун ичида ўрганиб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тренерларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш тўғрисида тақдимнома киритади.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган тренерларни рағбатлантириш тўғрисидаги фармойиши қабул қилингандан сўнг Вазирлик, Миллий олимпия қўмитаси бир марталик тўланадиган пул мукофотларини тўлаш учун чет эл валютасига айирбошлаш учун ваколатли банкка ўтказиб беради.

11. Ваколатли банк ўрнатилган тартибда белгиланган бир марталик пул мукофотларини ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган тренерларга Вазирлик ва Миллий олимпия қўмитаси тақдим этган тегишли ҳужжатларга асосан АҚШ долларида талаб қилиб олгунча омонат (депозит) ҳисобварағига ўтказади ва омонат дафтарчасини расмийлаштириб беради.

12. Тренерларга тўланган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


13. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


14. Тренерларга бир марталик пул мукофотлари учун ажратилган бюджет маблағларини мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланиши бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 31 октябрь