язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Маданият соҳасида бошқарув/ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.11.2017 й. 886-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 ноябрдаги

886-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият

вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, миллий ва хорижий валютада банк ҳисобрақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрига эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг таъминотини амалга ошириш;

молиявий, ташкилий ва ижодий тадбирлар мажмуасини амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасининг янада ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбоблари ва улар томонидан ташаббус кўрсатилаётган тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳасидаги тадбирларнинг ўтказилиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш;

халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда ҳомийликнинг ривожланишига кўмаклашиш;

Ўзбекистон санъатининг жаҳон адабий ва маданий муҳитига интеграцияси ва маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, мамлакатнинг рақобатбардошлигини ва илмий-техник салоҳиятини намойиш қилишга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг маданият ва санъат соҳасидаги кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;

хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда, мамлакатимизнинг музей ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

молиялаштириш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда янги маданият муассасаларининг қурилишида кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мукаммал ва жорий таъмирланишини амалга ошириш;

халқаро институтлар, ҳукуматлар, ҳомийлар ва хорижий донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларнинг биргаликда молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш;

ижобий халқаро тажрибани республикада жорий қилишга доир таклифларни тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш;

аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги бюджет муассасалари ва ташкилотларини ривожлантириш жамғармаларига маблағлар тушумини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонунчиликда белгиланган манбалардан келиб тушувчи маблағлар жамғарилишини таъминлаш;

ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тадбирларга маблағларни мақсадли ажратиш.


5. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

даромад ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, шунингдек ,тасдиқланган даромад ва харажатлар сметасига мувофиқ ҳолда "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг ҳисобрақамига маблағларнинг доимий ўтказилишини таъминлаш;

миллий ва хорижий маданият ва санъат намоёндаларининг ижоди билан танишишга доир тадбирларни ташкиллаштириш;

маданият ва санъатнинг турли соҳаларини оммалаштириш, шунингдек, маданият арбобларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини ўтказиш;

Жамғарма ҳомийлигида ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режасини тузиш ва тасдиқлаш;

хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тадбирлар, шу жумладан уларнинг инвестиция лойиҳаларида, грантларни ажратишдаги иштирокини ташкиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа ёрдамлар кўрсатиш;

маданият ва санъатни ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон маданият ва санъат арбобларини жаҳон маданий ҳамжамиятига кенг жалб этиш, шу жумладан уларнинг халқаро кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар ва шу кабилардаги иштирокини таъминлашга доир тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш;

маданият ва санъатни оммалаштириш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасида халқаро маданий тадбирларнинг ўтказилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг маданият ва санъат соҳасидаги кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни ташкиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини моддий рағбатлантириш тадбирларини молиялаштириш;

хорижий тажрибани ўрганиш ва музейлар ҳамда бошқа маданият муассасаларининг фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;

хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда янги маданият муассасалари қурилишини молиялаштириш ва кўмаклашиш;

маданият муассасаларини лойиҳалаш, реконструкция қилиш ва қуриш учун етакчи халқаро экспертларни жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича тадбирлар режасини тузиш ва уларнинг мукаммал ва жорий таъмирланишини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ва тасдиқланган тадбирлар режасига мувофиқ таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

жорий ҳолатни ўрганиш, шунингдек Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

таҳлил ўтказиш ва Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш;

Жамғарма маблағларининг тушиши ва сарфланишини прогноз қилиш;

ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш;

Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметаларини ишлаб чиқиш ва уларни Жамғарма Кенгашига тасдиқлаш учун киритиш;

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг бажарилиши бўйича Жамғарма Кенгашига ҳар чораклик ҳисоботни тақдим этиш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


6. Жамғарма Кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


7. Жамғарма Кенгаши:

Жамғарманинг режалаштирилган лойиҳалар бўйича кейинги йил учун даромад ва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабргача тасдиқлайди;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва маблағларининг харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этишда Жамғармани қўллаб-қувватлайди;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бошқа ваколатларни амалга оширади;

Жамғарманинг тузилмасини, штатлар сонини ва Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдорини белгилайди.


8. Жамғарма Кенгаши Кенгаш Раисининг таклифига биноан билан Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиши мумкин.


9. Жамғарма фаолиятини бошқаришни Жамғарманинг ижрочи директори амалга оширади.

Жамғарманинг ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


10. Жамғарманинг ижрочи директори:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кенгашига тақдим этади;

Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкиллаштиради, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ижро органининг штатлар жадвалини шакллантиради, хўжалик, меҳнат ва бошқа шартнома ва ҳужжатларни Жамғарма номидан имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Иқтисодий таҳлил ва молия бошқармаси билан биргаликда, белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширишни ташкиллаштиради, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;

ҳар ярим йилда камида бир марта Жамғарма Кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади;

Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланилиши, шу жумладан хорижий инвестиция ва ҳомийларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


11. Жамғарма ижрочи директори таклифига биноан Жамғарманинг Васийлик кенгаши тузилиши мумкин, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


12. Жамғарма ҳузурида маданият ва санъат арбобларидан Эксперт кенгаш тузилиши мумкин, унинг таркиби Жамғарманинг ижрочи директори томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


13. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божидан тушган маблағларнинг 70 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат фойдасига ундирилган мулкнинг сотилишидан Ўзбекистон Республикаси бюджетига келиб тушган маблағларнинг бир қисми;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорига мувофиқ, "Ўзшаробсаноат" АЖ томонидан ўзининг шахсий ташаббуси тартибида ҳар йили ажратиладиган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини молия ташкилотларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотларнинг хайрия эҳсонлари, грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


14. Жамғарма ижрочи директори Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.


15. "Ўзбекконцерт" давлат муассасасини ва Жамғарманинг ижрочи дирекциясини таъминлаш харажатлари қоплангандан сўнг Жамғарма маблағлари Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланган Жамғарма даромад ва харажатлари сметасига мувофиқ қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилади:

75 фоиздан кам бўлмаган маблағ - мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган тадбирларни ўтказиш учун;

25 фоиздан кўп бўлмаган маблағ - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофазаси учун.


16. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича бюджет ташкилотлари учун (чораклар, тушумлар манбалари ва уларнинг сарфланиш йўналишлари бўйича) қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади ва Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланади.


17. Жамғарманинг бўш маблағларидан грант асосида миллий маданий давлат дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш (биргаликда молиялаштириш) учун фойдаланилиши мумкин.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

белгиланган тартибда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

ўз банк ҳисобрақамларида мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган манбалардан келиб тушаётган маблағларни жамғариш;

Жамғарма томонидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;

вақтинчалик бўш маблағларни ликвидли молиявий инструментларга (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва шу кабиларга) жойлаштириш;

Жамғарма маблағларининг маданият ва санъатни ривожлантиришга доир аниқ лойиҳалар учун ажратилишида шартларни белгилаш;

шартномалар, шу жумладан олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар билан тузиш;

маданият ва санъатни ривожлантиришнинг турли масалалари бўйича белгиланган тартибда ташаббуслар билан чиқиш;

оммавий ахборот воситаларида ўз фаолияти ҳақида материаллар чоп этиш;

Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:

мазкур Низомда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш;

Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириш;

Жамғарма даромадларининг истиқболли кўрсаткичлари бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилиш, аниқланган ва маблағларининг келиб тушишига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш.



7-БОБ. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


20. Жамғарма ҳар йили қонунчиликка мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлайди. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи молиявий йил якунлангандан сўнг аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда текширилади. Молиявий ҳисобот, аудиторлик хулосаси ва раҳбариятга хат ҳар йили 1 майдан кеч бўлмаган муддатда Жамғарма Кенгашига тақдим этилади.

Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 6 ноябрь