язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Хусусий корхона/ Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й. 558-II-сон "Хусусий корхона тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.12.2003 й.

N 558-II



ХУСУСИЙ КОРХОНА ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий корхоналарнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Хусусий корхона тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Хусусий корхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Хусусий корхона


Мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади. Хусусий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидир.

Хусусий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Хусусий корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.

Хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.


4-модда. Хусусий корхонанинг

фирма номи


Хусусий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли. Хусусий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва "xususiy korxona" деган cўзларни ўз ичига олган бўлиши керак. Хусусий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва "xususiy korxona" деган сўзларни ёки "ХК" аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.


5-модда. Хусусий корхонанинг

банк ҳисобварақлари


Хусусий корхона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банк ҳисобварақлари очади.


6-модда. Хусусий корхонанинг муҳри

Хусусий корхона ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва хусусий корхонанинг жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлишга ҳақли. Муҳрда бир вақтнинг ўзида унинг фирма номи бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.



7-модда. Хусусий корхонанинг штамплари ва бланкалари

Хусусий корхона ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситаларга эга бўлишга ҳақли.


II. ХУСУСИЙ КОРХОНА ТУЗИШ ВА

УНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ


8-модда. Хусусий корхона тузиш тартиби


Хусусий корхона мулкдор томонидан тузилади, мулкдор унга тегишли мол-мулк беради ва унинг уставини тасдиқлайди.

Хусусий корхона, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.



9-модда. Бошқа юридик шахсларни таъсис этиш.

Хусусий корхонанинг ваколатхоналари ва филиаллари


Хусусий корхона қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида ўзгача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар очишга ва филиаллар тузишга ҳақли.


10-модда. Хусусий корхонанинг устави


Хусусий корхонанинг таъсис ҳужжати унинг уставидир.

Хусусий корхонанинг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

корхонанинг фирма номи;

унинг жойлашган ери ва почта манзили тўғрисидаги маълумотлар;

асосий фаолият турларининг рўйхати;

мулкдорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

устав фондининг миқдори.

Хусусий корхонанинг устави қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.


11-модда. Хусусий корхонани

давлат рўйхатидан ўтказиш


Хусусий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.

Хусусий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


12-модда. Хусусий корхонанинг устав фонди


Хусусий корхонанинг устав фонди бўлинмасдир ва уни мулкдорнинг ўзи белгилайди.

Пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар ёҳуд бошқа шахсга бериладиган ўзга ҳуқуқлар хусусий корхонанинг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Мулкдор хусусий корхонанинг устав фондига ўзи киритадиган мол-мулкни мустақил баҳолайди.

Агар хусусий корхонанинг устав фонди шакллантирилаётганда мулкдор ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган мол-мулкни корхонага бераётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.

13-модда. Хусусий корхонанинг устав фондини

кўпайтириш ва камайтириш


Хусусий корхонанинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш мулкдорнинг қарорига кўра хусусий корхонанинг уставига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Агар иккинчи молия йилининг ва шундан кейинги ҳар бир молия йилининг якунида хусусий корхона соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам эканлиги маълум бўлиб қолса, хусусий корхона ўз устав фондини ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдорда камайтириши шарт.

Хусусий корхона соф активларининг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


III. ХУСУСИЙ КОРХОНАНИ БОШҚАРИШ


14-модда. Хусусий корхонани якка бошқариш


Хусусий корхона мулкдори корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради, корхона номидан ишончномасиз иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, хусусий корхонанинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисобварақлар очади, штатларни тасдиқлайди, корхонанинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.



15-модда. Хусусий корхона мулкдорининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Хусусий корхона мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусий корхона уставига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

хусусий корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

хусусий корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган фойдасидан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш;

хусусий корхонага тегишли мол-мулкни бошқа шахсга бериш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа юридик шахсларнинг устав фондига ҳисса сифатида киритиш ёки ушбу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этиш.

Хусусий корхона мулкдори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Хусусий корхона мулкдори:

устав фондини шакллантириши;

ўзига қарашли корхонани якка бошқариши шарт.

Хусусий корхона мулкдори зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



16-модда. Хусусий корхонани вақтинча бошқариш


Хусусий корхона мулкдори ўзи вақтинчалик бўлмаган тақдирда шу муддатда раҳбарлик вазифасини бажариб туришни бошқа жисмоний шахс зиммасига юклаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади. Хусусий корхона мулкдори муваққат раҳбар нинг хусусий корхона мол-мулкини тасарруф этишга оид ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкин.



17-модда. Мулкдорнинг хусусий корхона

раҳбари вазифасини бажара олмаслиги


Вафот этганлиги, муомалага лаёқатсизлиги, муомала лаёқати чекланганлиги ёки бедарак йўқолган деб топилганлиги оқибатида мулкдорнинг хусусий корхона раҳбари вазифасини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда хусусий корхонани бошқариш фуқаролик қонун ҳужжатларига ва хусусий корхонанинг уставига мувофиқ амалга оширилади.



IV. ХУСУСИЙ КОРХОНАДА

МЕҲНАТГА ОИД МУНОСАБАТЛАР


18-модда. Хусусий корхонанинг иш берувчиси

ва ходими ўртасидаги ўзаро муносабатлар


Хусусий корхона (иш берувчи) ва хусусий корхонанинг ходими ўртасидаги ўзаро муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) билан тартибга солинади.


19-модда. Хусусий корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш


Хусусий корхона ўз ходимларига меҳнат ҳақи, мукофотлар ва компенсациялар тўлашнинг шакллари, тизими ҳамда миқдорини қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил белгилайди.

Хусусий корхонада меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарафларнинг келишувига кўра, бироқ қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.


20-модда. Хусусий корхона ходимларини

ижтимоий муҳофаза қилиш


Хусусий корхона ўз ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий ҳимоя чораларини таъминлаши шарт ва уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Хусусий корхона ўз ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шароитларни мустақил белгилашга ҳақли.



V. ХУСУСИЙ КОРХОНА ФАОЛИЯТИ

ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ


21-модда. Хусусий корхона мол-мулкининг

национализация ва реквизиция қилинишига

йўл қўйилмаслиги


Хусусий корхонанинг мол-мулки национализация қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий корхонанинг мол-мулки реквизиция қилинмайди, хусусий корхонанинг мулкдорига реквизиция қилинаётган мол-мулкнинг бозор қийматига муодил компенсацияси тўланадиган табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда тусдаги бошқа ҳолатлар бундан мустасно.


22-модда. Хусусий корхона фаолиятининг эркинлиги


Хусусий корхона қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай фаолият турларини амалга оширади.

Хусусий корхона битимлар тузишда эркиндир.


23-модда. Хусусий корхоналарга татбиқ этиладиган

имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар


Хусусий корхоналарга тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади.



24-модда. Хусусий корхонага солиқ

солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.



25-модда. Хусусий корхона фаолиятини

текшириш чекланганлиги

Хусусий корхоналарнинг - кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини режали текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан белгиланган тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа хусусий корхоналарнинг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта амалга оширилади.

Янги ташкил этилган хусусий корхоналарнинг - кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган хусусий корхоналар - кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек хусусий корхоналар - кичик тадбиркорлик субъектларининг бюджет маблағларидан ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди.

Ушбу моддада кўрсатилган хусусий корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкин.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26-модда. Хусусий корхоналарнинг бирлашиши


Хусусий корхоналар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунга мувофиқ ассоциацияларга (уюшмаларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.


27-модда. Хусусий корхонани

бошқа шахсга ўтказиш


Хусусий корхона мулкдори хусусий корхонани мол-мулк мажмуаси сифатида сотишга, ҳадя қилишга, васият қилиб қолдиришга ёки уни ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказишга ҳақли.

Хусусий корхона бошқа шахсга берилган тақдирда ўзининг фирма номидан, товар белгиларидан, хизмат кўрсатиш белгиларидан ҳамда мазкур хусусий корхона ва унинг маҳсулотини, у бажараётган ишларни ёки кўрсатаётган хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида ёхуд шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, янги мулкдорга ўтади.



28-модда. Хусусий корхонани

қайта ташкил этиш ва тугатиш


Хусусий корхона унинг мулкдори ёки суднинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.


29-модда. Низоларни ҳал этиш


Хусусий корхоналарнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30-модда. Хусусий корхона тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Хусусий корхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 3-сон, 28-модда.