ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.09.2017 й. 767-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 26 сентябрдаги

767-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

академик лицейлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг (кейинги ўринларда ИИВ академик лицейлари деб аталади) мақоми, асосий мақсади ва вазифалари, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, бошқариш, шунингдек уларни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлашни белгилайди.


2. ИИВ академик лицейи давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига ва ўз уставига мувофиқ амалга оширади.


3. ИИВ академик лицейида ўқув-тарбия жараёни ўқувчиларни ички ишлар органларига касбий йўналтиришни ҳамда уларни Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларида ўқишини назарда тутадиган давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари талабларига мувофиқ равишда амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ИИВ академик лицейларига умумий раҳбарлик қилади, назоратни ташкил этади, ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради ҳамда уларнинг ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорлигини таъминлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ИИВ академик лицейларининг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштиради ва уларга ахборот-ресурс таъминотида амалий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.


6. ИИВ академик лицейи юридик шахс ҳисобланади ҳамда банкларда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг номи кўрсатилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади.



2-БОБ. ИИВ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАРИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Ўқувчиларни чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, интеллектуал ривожланишини таъминлаш ҳамда юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ИИВ академик лицейлари фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


8. Қуйидагилар ИИВ академик лицейларининг вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларни чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш;

ёшларни Ватанга, юксак фуқаролик ҳамда демократия, мустақиллик ғояларига, ўз халқининг маънавий ва тарихий қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш;

ўқувчиларга қонунчиликни тўғри тушунишни ва уларга риоя қилишни таъминлайдиган юксак маданиятни, касбий кўникмаларни, фаол ижтимоий-фуқаролик хулқ-атворни сингдириш ва уларда маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш;

ўқувчиларда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат ва ҳимоя қилиш, улар билан хушмуомала бўлиш маданиятини шакллантириш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш вазифаларини виждонан бажаришга қодир бўлган профессионал ходимларни тайёрлашни таъминлаш;

ўқувчиларда жисмоний чидамлилик, куч, чаққонлик ва тезкорликни ривожлантириш;

ўқувчиларда кенг дунёқараш, соғлом фикрлаш, алоҳида шароитларда вазиятга тўғри баҳо бериш кўникмаларини ва турли ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш;

ўқувчиларда жиноятчиликка қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, шунингдек жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти бўйича тасаввурларни ҳосил қилиш;

ўқувчиларда ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган касбий-психологик билим ва кўникмаларни шакллантириш.



3-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. ИИВ академик лицейида ўқув жараёни давлат таълим стандартларига асосан ҳамда ўқувчиларни ички ишлар органларида хизматни ўташ ва Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун мақсадли тайёрлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади.

ИИВ академик лицейларининг таълим йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан мустақил белгиланади.


10. ИИВ академик лицейларида ўқиш давлат ва рус тилида олиб борилади.


11. Ўқув режаси, ўқув жараёни жадвали, ўқув машғулотининг турлари, аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув-тарбиявий ишлар, шунингдек ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг бошқа масалалари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартлари талабларидан келиб чиқиб, ИИВ академик лицейининг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.


12. Ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ИИВ академик лицейларининг самарали фаолият кўрсатиши, ўқув-тарбия жараёнининг ташкил этилишида уларга зарур амалий ёрдам кўрсатади.


13. Ўқувчиларни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнида аудитория ва аудиториядан ташқари машғулотлар ўтказишнинг турли замонавий шакллари ва интерфаол усулларидан фойдаланилади.


14. Ўқув машғулотлари давлат ва нодавлат ташкилотларининг мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари томонидан белгиланган тартибда соатбай ҳақ тўлаш асосида ўтказилиши ҳамда машғулотларга ички ишлар органларининг бой амалий тажрибага эга амалиёт ходимлари жалб этилиши мумкин.


15. ИИВ академик лицейларида ўқув машғулотларига илғор педагогик ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, таълим беришда ўқув жараёнини ички ишлар органларининг амалий фаолияти билан боғлашга қаратилган илмий-методик ишлар олиб борилади.


16. Ўқув жараёни давомида ўқувчиларнинг жамловчи ички ишлар органларининг соҳавий хизматларида, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида амалиёт ўташлари белгиланади.


17. Ўқув амалиётини ўташ тартиби ва муддатлари ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишлаб чиқилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширилади.


18. Ўқитиш, жисмоний ва жанговар тайёргарликни ошириш, меҳнат, дам олиш ва турли маънавий-маърифий тадбирларни биргаликда олиб боришнинг тиббий-педагогик асосланишини таъминлайдиган кун тартиби ўқувчиларнинг ИИВ академик лицейидан бошқа академик лицейларида белгиланган таълим олишининг умумий тартиб-қоидаларини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва ИИВ академик лицейлари педагогик кенгашларининг қарори билан тасдиқланади.


19. ИИВ академик лицейининг мансабдор шахслари ва ўқувчиларининг вазифалари ва функционал мажбуриятлари ИИВ академик лицейининг уставида белгиланади.


20. ИИВ академик лицейларида ўқувчилар билимини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланган мезонлар асосида амалга оширилади.

Ўқув йили якунлангандан кейин ИИВ академик лицейи ўқувчиларини ҳар бир босқичда ўзлаштириш ва аттестация натижалари бўйича навбатдаги босқичга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчиларнинг бир босқичдан кейинги босқичга ўтиши ИИВ академик лицейи директорининг буйруғи билан амалга оширилади.



4-БОБ. ИИВ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИ ЎҚУВЧИЛАРИ

ВА УЛАРНИ ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


21. ИИВ академик лицейларига қабул Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ички ишлар органларининг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда белгиланадиган ҳар йилги квоталар бўйича танлов асосида амалга оширилади.


22. ИИВ академик лицейларига умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тамомлаганлиги тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, танловлардан муваффақиятли ўтган номзодлар ўқишга қабул қилинади.

ИИВ академик лицейларига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

24. ИИВ академик лицейига ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчилар деб аталади, уларга белгиланган намунадаги ўқувчи билети ва ўзлаштириш дафтарчаси берилади.


25. ИИВ академик лицейлари ўқувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ИИВ академик лицейи уставида белгиланади.


26. ИИВ академик лицейида ўқиш муддати икки йилдан иборат бўлади. Гуруҳлардаги ўқувчилар сони эса - 26 кишидан ортиқ бўлмаслиги керак.

27. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2829-сон қарорига мувофиқ академик лицейлар битирувчиларига академик лицейни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ҳамда ижтимоий-гуманитар таълим йўналишлари бўйича махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган алоҳида мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.


4-1-БОБ. ИИВ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАРИ

ЎҚУВЧИЛАРИ ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ, ҚАЙТА

ТИКЛАШ ВА УЛАРНИ ЎҚИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШ

27-1. Ўқувчиларни бошқа таълим муассасаларидан ИИВ академик лицейларига кўчириш тақиқланади.


27-2. Ўқувчиларнинг ўқишини бир ИИВ академик лицейидан бошқа ИИВ академик лицейига кўчириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Касбий тайёргарлик бошқармаси билан келишилган ҳолда ёзги таътил даврида амалга оширилади.


27-3. Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан, бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

б) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

в) доимий яшаш учун бошқа ҳудудга ёки давлатга чиқиб кетганда;

г) ўқувчи томонидан ўқув дастури ва ўқув режаси талаблари бажарилмаганда (семестр якуни бўйича ўтказилган якуний назоратда иккита ва ундан ортиқ фанлар бўйича қониқарсиз баҳо олганда);

д) бир семестр мобайнида узрли сабабларсиз 72 соат ва ундан кўп машғулотларда қатнашмаганда;

е) ўқувчи томонидан ИИВ академик лицейининг кун тартибига мунтазам риоя этмаслик ёки ички тартиб-қоидалари қўпол равишда бузилганда;

ж) ўқувчи томонидан содир этилган жиноят учун суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

з) вафот этганлиги сабабли;

и) ота-онаси бошқа давлатга хизмат сафарига юборилганда улар билан жўнаб кетганда.


27-4. ИИВ академик лицейларидан четлаштирилган ўқувчилар ўқишга қайта тикланмайди, мазкур Низом 27-3-бандининг "б" ва "и" кичик бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


27-5. Мазкур Низом 27-3-бандининг "б" ва "и" кичик бандларида назарда тутилган ҳолларда ўқишдан четлатилганлигига 1 йилдан 2 йилгача муддат бўлган ўқувчиларнинг ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Касбий тайёргарлик бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


27-6. ИИВ академик лицейларидан четлатилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар академик лицей директори томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Болалар масалалари бўйича комиссияга тақдим этилади.

27-7. ИИВ академик лицейдан четлаштирилган ўқувчиларни Болалар масалалари бўйича комиссия томонидан яшаш манзили бўйича мажбурий умумий ўрта таълимга жалб этиш тўғрисида қарори билан биргаликда ҳужжатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига юборилади.

27-8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёки Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари 10 кун муддат ичида ўқувчининг ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириш масаласини ҳал этади ва бу тўғрисида ИИВ академик лицейига ҳамда ўқувчининг ўқиши кўчирилаётган таълим муассасасига ёзма равишда маълумот юборади.

Бунда ўқувчининг ўқиши кўчирилаётган таълим муассасасига юбориладиган маълумотга ИИВ академик лицейидан тақдим этилган ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.


27-9. Ўқувчининг ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириш тўғрисидаги маълумотни олган ИИВ академик лицейи директори ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш ҳақида буйруқ чиқаради ва 3 кун муддатда ўқувчини қабул қилаётган таълим муассасасига жўнатади.


27-10. Ўқишдан четлаштирилган ёки ўқиши кўчирилаётган ўқувчини қабул қилаётган таълим муассасаси директори 3 кун муддатда ўқувчини ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.


27-11. Ўқувчиларни четлаштириш ва бошқа таълим муассасасига ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар, педагогик кенгашнинг қарори, буйруқ, ариза, ўзлаштириш дафтарчаси ИИВ академик лицейида сақланади.



5-БОБ. РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАР, ИИВ

АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИНИ БОШҚАРИШ


28. Тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар ИИВ академик лицейида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

ИИВ академик лицейларига ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатига педагог ходимларни ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ишга қабул қилинади.

29. ИИВ академик лицейи ўқитувчилар таркибини аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


30. ИИВ академик лицейи раҳбарияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқувчиларнинг ўқиш, меҳнат ва дам олиш шароитларига риоя этиши юзасидан жавоб беради.


31. ИИВ академик лицейига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. ИИВ академик лицейлари директорларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Касбий тайёргарлик бошқармаси билан келишилган ҳолда ИИВ академик лицейи директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

32. Директор:

ИИВ академик лицейи фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўқувчиларнинг сифатли ўқитилиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва дастурларининг бажарилиши, ИИВ академик лицейининг ўқув-методик ва молиявий-хўжалик фаолияти учун жавоб беради;

ходимлар ва ўқитувчиларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

белгиланган штатлар жадвалига асосан ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида педагог ходимларнинг тарификация бўйича рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти билан келишган ҳолда тасдиқлайди.

33. Ўқув босқичларда академик гуруҳларга гуруҳ сардорлари ИИВ академик лицейи директорининг буйруғи билан ватанпарвар, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлган ташкилотчи ҳамда фаол ўқувчилар орасидан тайинланади.


34. ИИВ академик лицейида директор ҳузурида ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этиш ва такомиллаштиришга кўмаклашадиган коллегиал орган ҳисобланадиган педагогик кенгаш ташкил этилади.

Педагогик кенгашнинг вазифалари ва функциялари ИИВ академик лицейи уставида белгиланади.


35. ИИВ академик лицейининг директори ва ўринбосарлари, шунингдек бошқа мансабдор шахслари малака талабларида, меҳнат шартномаси (контракти)да ва ИИВ академик лицейи уставида назарда тутилган ўз функционал вазифаларини бажариши юзасидан жавоб берадилар.



6-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ИИВ АКАДЕМИК

ЛИЦЕЙЛАРИНИ БОШҚАРИШ БЎЙИЧА ВАКОЛАТЛАРИ


36. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

соҳага оид олий таълим муассасалари базасида ва малака ошириш муассасаларида ўқитувчилар малакасини психологик-педагогик жиҳатдан оширишни ташкил этиш;

илғор педагогик ва ахборот технологияларини таълим дастурларига ҳамда ўқув жараёнига жорий этиш бўйича илмий-методик ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўқув, ўқув-методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар ишлаб чиқиш, нашр эттириш ҳамда ИИВ академик лицейларининг ўқув-методик таъминланишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўқувчиларни юксак ватанпарварлик руҳида, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган маънавий-маърифий ва тарбиявий комплекс ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ўқувчиларни аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда касбга йўналтириш ва Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлаш, уларда ИИВ академик лицейидаги ўқитиш йўналишларига мувофиқ киритилган махсус фанлар бўйича касбий маҳорат ва кўникмаларни шакллантириш.


37. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

ИИВ академик лицейларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишган ҳолда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларига мувофиқ ИИВ академик лицейларининг ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва усулларини, энг янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқувчиларга глобал ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

ички ишлар органлари хизматига йўналтирилган мавзудаги машғулотларни ўтказишда зарур ёрдам кўрсатиш;

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББлари ҳамда вилоятлар ИИБларнинг ИИВ академик лицейлари ўқувчиларини Ички ишлар вазирлигининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун сифатли тайёрлашдаги роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек бевосита иштирокини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда ёшларни ҳарбий хизматга чақиришгача дастлабки тайёрлаш дастурини амалга ошириш;

ИИВ академик лицейларига ўқишга қабул қилиш комиссиялари фаолиятини ташкил этиш;

якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ИИВ академик лицейлари битирувчиларига давлат намунасидаги дипломлар бериш.


38. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ИИВ академик лицейларининг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштиришни ҳамда уларга амалий жиҳатдан ва ахборот ресурслари орқали кўмаклашишни амалга оширади.



7-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


39. ИИВ академик лицейи фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва ИИВ академик лицейининг уставидаги вазифаларига мувофиқ бўлган фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;

хорижий давлатлар давлат кредитлари ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


40. ИИВ академик лицейлари молиявий маблағлардан қонун ҳужжатларига ҳамда ўзининг уставига мувофиқ фойдаланилади.


41. ИИВ академик лицейларининг мол-мулки асосий фондлар, айланма маблағлар, молиявий ресурслар ва академик лицейнинг мустақил балансида акс этган бошқа моддий қийматликлардан иборат.


42. ИИВ академик лицейининг ўқув, лаборатория хоналари ва бошқа объектларини жиҳозлаш давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими жараёнини моддий-техник таъминлашнинг намунавий нормативларида белгиланади.


43. ИИВ академик лицейи ўқувчилари академик лицейларининг мавжуд ётоқхонасидан қонун ҳужжатларида белгиланган умумий талаблар асосида фойдаланишлари мумкин.


44. ИИВ академик лицейи ўқувчилари таълим олиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда таълим муассасасининг ўзига хослигини акс эттирувчи рамзий белгилари мавжуд бўлган намунадаги кийимда юрадилар.


45. ИИВ академик лицейининг маъмурий-хўжалик ходимлари ва ўқитувчиларига академик лицейларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари жорий этилади.


46. ИИВ академик лицейи директорининг пул таъминоти ички ишлар органлари ходимлари учун назарда тутилган имтиёзлар ва нормаларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


47. ИИВ академик лицейи белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.


48. ИИВ академик лицейида хўжалик ва молиявий интизомга риоя этилишини назорат қилиш ички ишлар органларининг ваколатли хизматлари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. ИИВ академик лицейларини ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


50. Мазкур Низомни қўллаш билан боғлиқ юзага келадиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.


51. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.

























































Время: 0.0234
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск