язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.10.2017 й. ПҚ-3317-сон "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.10.2017 й.

N ПҚ-3317



"КАФОЛАТ СУҒУРТА КОМПАНИЯСИ"

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Республикада суғурта фаолиятини янада такомиллаштириш, халқаро стандартлар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун суғурта хизматлари кўламини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларини самарадор суғурталаш тизимини яратиш, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш мақсадида:


1. Қуйидагилар "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи, етказилган зарар, ўт ва бахтсиз ҳодисалардан гаров ҳамда лизинг объектларини суғурталаш йўли орқали тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш суғурталарини тақдим этиш, шунингдек, мулкни, йўлдаги ускуналар ва товарларни суғурталаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини барча таваккалчиликлардан суғурталаш;

иккинчи, саноат корхоналарини ва иқтисодиёт тармоқларидаги қурилиш объектларини барча хавф-хатарлардан комплекс суғурталашни таъминлаш;

учинчи, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурлари доирасида юридик ва жисмоний шахсларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш, "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда суғурта хизматларининг кенг кўламини тақдим этиш учун республиканинг барча ҳудудлари аҳолиси қамраб олинишини кенгайтириш;

тўртинчи, аҳолини шахсий суғурталаш бўйича, шу жумладан, инфекция орқали юқадиган касалликлардан суғурталаш бўйича суғурта ҳимоясини таъминлаш;

бешинчи, ёшлар учун уйлар қуриш бўйича дастурларга мувофиқ уй-жойни суғурталашни амалга ошириш;

олтинчи, янги инвестициявий суғурта маҳсулотларини яратиш орқали суғурта фаолиятини кенгайтириш;

еттинчи, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган холда виртуал офислар ва суғурта хизматлари сотишнинг янги каналларини яратиш, онлайн тўлаш имкониятлари орқали интернет-магазинлардан фойдаланган холда жаҳон Интернет тизимидан фойдаланган ҳолда суғурта хизматлари сотишни ривожлантириш;

саккизинчи, аҳолига суғурта хизматларини кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ахборот алмашинувини автоматлаштириш механизмларини жорий этиш;

тўққизинчи, суғурталаш ва қайтадан суғурталаш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятининг "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти тизимида:

республика ҳудудларида бўлинмаларни ташкил этган ҳолда масъулияти чекланган жамият шаклида ҳаётни суғурталаш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларни;

тиббиёт суғуртаси, техник ва юридик ассистанс бўйича хизматлар кўрсатадиган ассистанс ташкилотларини ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Қуйидагилар:

2017-2018 йилларда "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятини янада ривожлантириш дастури 1-иловага* мувофиқ;

"Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмаси ва раҳбар ходимларининг чекланган сони 36 нафардан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.

Белгилансинки, "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи этиб бошқарув идораси ҳисобланади, жамиятнинг акциядорлари умумий йиғилишида сайланадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадиган раис томонидан бошқарилади.


4. "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси зиммасига "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамиятига юклатилган вазифа ва фаолият йўналишларини сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш ҳамда мазкур қарор билан маъқулланган Дастурда белгиланган чора-тадбирларни кўрсатилган муддатларда бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


5. "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари қошида доимий асосда тадбиркорлик субъектларига суғурта полисларини сотиш пунктларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда сейсмик хавфга эга, сув тошқини вужудга келиши мумкин бўлган ҳамда сел хавф-хатарлари бўлган ҳудудлардаги иншоатлар, уй-жой, фуқароларнинг шахсий мулклари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга объектларини суғурталашни, шунингдек, аҳоли ва ташкилотлар ўртасида суғурталаш имтиёзлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги суғуртанинг мақсадлари, вазифалари, шунингдек, аҳамиятини аҳоли ўртасида Интернет тармоғини ҳисобга олган ҳолда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.


7. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Кафолат" давлат-акциядорлик суғурта компаниясини ташкил этиш тўғрисида"1997 йил 14 мартдаги 144-сонли қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг "Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 27 ноябрдаги 413-сон қарори 3-иловасининг IХ банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2002 йил, 11-сон, 72-бет) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. "Кафолат суғурта компанияси" акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 10 октябрь