язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Никоҳ ва оила/ Эр-хотин, ота-оналар ва болаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари/ Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 29.09.2017 й. 774-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 29 сентябрдаги

774-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий

идоралараро кенгашлар тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашининг (кейинги ўринларда ҳудудий идоралараро кенгаш деб аталади) асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ҳудудий идоралараро кенгаш ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари ва муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.


3. Ҳудудий идоралараро кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига,Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Ҳудудий идоралараро кенгаш ўз фаолиятини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Ҳудудий идоралараро кенгаш қарорларини бажариш ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида тегишли ҳудуддаги барча давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун мажбурийдир.



2-БОБ. ҲУДУДИЙ ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Ҳудудий идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларига юкланган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни талабларини жойларда ҳаётга тўлақонли жорий этиш ва бу борада таъсирчан назорат ўрнатиш.


7. Ҳудудий идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларига юкланган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш соҳасида:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқини жойларда ёшларнинг кўмакчиси ва таянчига айлантириш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир услубий тавсиялар бериш, жойларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида вужудга келаётган муаммо ва йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилашда, тадбирлар, анжуманлар ташкил этишда ва ўтказишида амалий ёрдам кўрсатиш;

жойлардаги ёшлар муаммолари ва ташаббусларини ўрганиш;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг фаолияти борасида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;


б) ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

жойларда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир фаолиятни мувофиқлаштириш;

жойларда ёшлар тадбиркорлигини тизимли равишда таҳлил қилиш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш;

жойларда ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир тадбирлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

жойларда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашга, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

жойларда ёшларни тарбиялаш масалалари борасида таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

жойларда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ёшларнинг бандлиги даражасини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, жумладан, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш;

миллий ўзликни англашда мустақиллик, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмнинг ёт ғояларига қарши иммунитетни мустаҳкамлаш борасида ёшлар ўртасида маърифий ишларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

жойларда ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бўлган интилишни ва спортга қизиқишни рағбатлантириш чора-тадбирларининг амалга оширилишини ташкил этиш;

жойларда ёшлар ўртасида санитария-гигиенага оид билимларни тарқатиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғиботлар ташкил этиш;

жойларда ёшларнинг таълими ва тарбияси сифатини ошириш, ўқув жараёнига таълимнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш чораларини кўриш;


в) Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонуни талабларини ҳаётга тўлақонли жорий этиш ва бу борада таъсирчан назорат ўрнатиш соҳасида:

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат ва ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини назорат қилиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ҳудудий давлат органлари ва муассасалари вакилларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш;

жойларда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилишини ташкил этиш;

жойларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг ҳолати таҳлил қилинишини ташкил этиш;

жойларда ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришнинг самарадорлигини ошириш учун ёшларнинг эҳтиёжи мониторинги олиб борилишини ва баҳоланишини ташкил этиш.

Ҳудудий идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан ҳар йили Республика идоралараро кенгашига ҳисобот киритади.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Ҳудудий идоралараро кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳудудий давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан белгиланган тартибда маълумотларни сўраш ва олиш;

ҳудудий давлат органлари ва муассасаларининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти самарадорлигини оширишга доир қарорлар қабул қилиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳудудий давлат органлари ва муассасалари раҳбарларининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ фаолияти юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

жойларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ ишларнинг ҳолатини ўрганиш учун ишчи комиссиялар ва (ёки) эксперт гуруҳлар ташкил этиш, шунингдек ушбу комиссия ва гуруҳлар фаолиятига тегишли мутахассисларни жалб қилиш;

жойларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этган шахсларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш;

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар бериш.

Ҳудудий идоралараро кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Ҳудудий кенгаш ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ ИДОРАЛАРАРО КЕНГАШ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Вилоят, туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгашларнинг таркиби ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ шакллантирилади.


11. Ҳудудий идоралараро кенгаш ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва мажлисларини заруратга кўра, аммо ҳар ойда камида бир марта ўтказади.


12. Ҳудудий идоралараро кенгашга тегишли Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари раислик қилади.

Ҳудудий идоралараро кенгаш раиси:

Ҳудудий идоралараро кенгаш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

раис ўринбосари ва аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Ҳудудий идоралараро кенгаш йиғилишларини чақиради ва уларга раислик қилади;

Ҳудудий идоралараро кенгаш йиғилишлари кун тартибини тасдиқлайди;

Ҳудудий идоралараро кенгаш иш режаларини тасдиқлайди.

Ҳудудий идоралараро кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширади.


13. Ҳудудий идоралараро кенгаш раиси ўринбосари раис томонидан ўзига юкланган вазифаларни амалга оширади ҳамда ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


14. Ҳудудий идоралараро кенгаш ишчи органи функциясини тегишли Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари (кейинги ўринларда Ишчи орган деб юритилади) бажаради.


15. Ишчи орган:

Ҳудудий идоралараро кенгашнинг иш режаларини ишлаб чиқади, уларнинг ижроси юзасидан назоратни амалга оширади;

тасдиқланган иш режасига мувофиқ Ҳудудий идоралараро кенгашнинг жорий фаолиятини ташкил этади;

Ҳудудий идоралараро кенгаш йиғилишлари кун тартибига киритиладиган масалалар бўйича материалларнинг тайёрланишини ташкил қилади;

Ҳудудий идоралараро кенгаш ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Ҳудудий идоралараро кенгаш қарорларининг ижроси юзасидан назорат ва мониторингни ташкил қилади;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ҳудудий идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник таъминлашни амалга оширади.

Ишчи орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16. Ҳудудий Идоралараро кенгаш таркибига кирувчи давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Ишчи гуруҳга ҳар ойнинг йигирма бешинчи санасига қадар ҳисоботлар тақдим этиб борадилар.


17. Ҳудудий идоралараро кенгаш мажлисини унинг раиси бошқаради. Идоралараро кенгаш раиси бўлмаган тақдирда, мажлисни унинг ўринбосари бошқаради.

Ҳудудий идоралараро кенгаш мажлиси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.


18. Ҳудудий идоралараро кенгаш қарорлари Ҳудудий идоралараро кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Ҳудудий идоралараро кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Ҳудудий идоралараро кенгаш қарорлари мажлисида иштирок этган Ҳудудий идоралараро кенгаш аъзолари томонидан имзоланадиган ва Ҳудудий идоралараро кенгаш раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Баённомани имзолашда Ҳудудий идоралараро кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эгадир.


19. Ҳудудий идоралараро кенгашнинг иш режалари унинг аъзоларидан келиб тушган таклифлар асосида ҳар ярим йилга тузилади, Идоралараро кенгаш мажлисида кўриб чиқилади ва Идоралараро кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Ҳудудий идоралараро кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


21. Ҳудудий идоралараро кенгашни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.






Намунавий низомга

1-ИЛОВА



Ёшлар масалалари бўйича Қорақалпоғистон

Республикаси,  вилоятлар  ва  Тошкент

шаҳри идоралараро кенгашларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, Кенгаш раиси.


2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари раиси, Кенгаш раиси ўринбосари.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ўринбосарлари-Хотин-қизлар қўмитаси раислари.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашларининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари (келишув асосида).


6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашларининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари (келишув асосида).


7. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари.


8. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазири, Тошкент шаҳри молия бош бошқармаси ва вилоятлар молия бошқармалари бошлиқлари.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазири, Тошкент шаҳри иқтисодиёт бош бошқармаси ва вилоятлар иқтисодиёт бошқармалари бошлиқлари.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири, Тошкент шаҳри маданият бош бошқармаси ва вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқлари.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари бошлиқлари.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари.


15. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри адлия бошқармалари бошлиқлари.


17. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари бошлиқлари.


18. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси, Тошкент шаҳри давлат солиқ бош бошқармаси ва вилоятлар солиқ бошқармалари бошлиқлари.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари.


20. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бош имом-хатиблари.


21. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри телерадиокомпаниялари директорлари.


22. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари.

23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раислари.


24. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимлари раислари.


25. Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари раислари.


26. Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари раислари.


27. Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимлари раҳбарлари.






Намунавий низомга

2-ИЛОВА



Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар)

ҳудудий идоралараро кенгашларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Туман (шаҳар) ҳокими, Кенгаш раиси.


2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман(шаҳар) кенгашлари раиси, Кенгаш раиси ўринбосари.


3. Туман (шаҳар) ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосарлари.


4. Туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари - Хотин-қизлар қўмитаси раислари.


5. Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари.


6. Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари.


7. Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари.


8. Туман (шаҳар) молия бўлими бошлиғи.


9. Туман (шаҳар) иқтисодиёт бўлими бошлиғи.


10. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғи.


11. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлими бошлиғи.


12. Туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш маркази директори.


13. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими бошлиғи.


14. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбари.


15. Туман (шаҳар) маданият бўлими раҳбари.


16. Туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлими мудири.


17. Туман (шаҳар) бош имом-хатиби.


18. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси туман (шаҳар) бўлими раиси.


19. Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти туман (шаҳар) бўлими раиси.


20. Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлими раҳбари.


21. Туман (шаҳар) ҳудудидаги касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари.


22. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.

23. Туман (шаҳар) маҳалла (шаҳарча, қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини раислари (3 нафаргача).



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 й.