язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.10.2017 й. 832-сон "Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича маблағларнинг йиғилишини амалга ошириш учун участка солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.10.2017 й.

N 832



ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН

ОЛИНАДИГАН МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҚЛАРИ

БЎЙИЧА МАБЛАҒЛАРНИНГ ЙИҒИЛИШИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН УЧАСТКА СОЛИҚ

ИНСПЕКТОРЛАРИНИ ТЎЛОВ ТЕРМИНАЛЛАРИ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сонли "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони талабларини бажариш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Участка солиқ инспекторлари ўзларига бириктирилган участкада мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларни ҳисобга олиш юзасидан тегишли ишларни бажаришлари ҳамда улар тегишли солиқларни ўз вақтида тўлашларини назорат қилишлари маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларига 2017 йилнинг 1 ноябридан белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари тўловлари ҳисобига маблағларни тўлов терминаллари орқали бевосита жисмоний шахсларнинг банк пластик карточкаларидан ундирилишини амалга ошириш тартиби белгилансин.


3. Тижорат банклари:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасини 2017 йил 1 ноябрга қадар участка солиқ инспекторлари учун 2190 дона замонавий кўп функцияли тўлов терминаллари билан таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларидан тўлов терминалларини ажратиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган даврдан бошлаб, етти иш куни давомида тегишли дастурий таъминотли замонавий кўп функцияли тўлов терминаллари билан таъминласин, шунингдек уларни участка солиқ инспекторлари томонидан қўллаш тартиби тўғрисида тушунтириш ишларини олиб борсин;

тўлов терминаллари орқали тўланган пул маблағларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлар бўйича тегишли ғазна ҳисобварақларига шу банк кунининг охирига қадар келиб тушишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини тўлов терминаллари орқали банк пластик карточкаларидан давлат солиқ хизмати органлари ва тижорат банкларига ташриф буюрмасдан тўлаш имконияти мавжудлигини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.


5. Мазкур қарор ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Д.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р. Парпиев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 17 октябрь