ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг Устави (ЎзР ВМ 21.11.2017 й. 929-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 21 ноябрдаги

929-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мактабгача таълим ташкилотлари

директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш институтининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқларини тартибга солади, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Институт Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари директорларини ва мутахассисларини қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, янги илғор педагогик технологияларни жорий этади, мактабгача таълимда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалаларида узлуксиз методик хизмат кўрсатади.

3. Институтнинг расмий номи:

а) давлат тилида: тўлиқ номи - Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, қисқартирилган номи - МТТДМҚТМОИ;

б) рус тилида: тўлиқ номи - Институт переподготовки и повышения квалификации руководителей и специалистов дошкольных образовательных учреждений, қисқартмаси - ИППКРСДОУ;

в) инглиз тилида: тўлиқ номи - Institute for Retraining and Advanced Training of Preschool Education Personnel and manager, қисқартмаси - IRATPEPM.


4. Институт тингловчилари кундузги ўқиш, масофавий ўқитиш шаклларида ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ўқитилади.


5. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Уставга амал қилади.


6. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.


7. Институт таълим муассасаси сифатида мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва педагог ходимларини қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, ушбу йўналишда ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий-методик ишларни амалга оширади.



2-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-педагог кадрларнинг маънавий-ахлоқий савиясини ошириш, уларни тайёрлаш, мактабгача таълим тизимини методик таъминлаш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш;

ўқув-тарбия жараёнига, хусусан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари амалиётига замонавий инновацион педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

мактабгача таълимнинг миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ўқув-методик, дидактик материаллари, бадиий адабиётлари сифати ва мазмунини янада бойитиш, ўйин ва ўйинчоқлар сонини кўпайтириш;

мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича методик ишларни ташкил этиш;

ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича раҳбарлар ва мутахассислар кўникмаларини мустаҳкамлаш ва мактабгача таълим сифатини баҳолаш;

халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали мактабгача таълим соҳасида мамлакатимиз ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган шунга ўхшаш халқаро мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

хорижий мактабгача таълим ташкилотларининг ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда малака ошириш ва илғор тажрибани алмашиш учун қисқа муддатли семинарлар ташкил этиш.


9. Институт унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-педагог кадрларнинг маънавий-ахлоқий савиясини ошириш, уларни тайёрлаш, мактабгача таълим тизимини методик таъминлаш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш соҳасида:

ўқув-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш ҳамда мактабда ўқишга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш орқали болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни тубдан ошириш, ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний камол топтириш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва мутахассислари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш;

илғор хорижий тажрибани жорий этиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва педагог кадрлари малакасини мунтазам ошириш учун қисқа муддатли ва мақсадга йўналтирилган курсларни ташкил этиш;

мутахассислик бўйича ва мактабгача таълимни бошқариш соҳасида раҳбарлар ва мутахассисларнинг билимларини ошириш;

мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаштириш, давлат дастурлари ва вариатив дастурларни ишлаб чиқиш;

мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ва ўқув-методик ишлар олиб бориш, таълим менежменти бўйича юқори малакали педагог-мутахассисларни тайёрлаш;

илмий-техник ривожланиш, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб тарбияланувчиларнинг ёш ва психофизиологик хусусиятларини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириш имкониятларини ҳисобга олиб, мактабгача таълимга қўйилган давлат таълим талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликлар узлуксиз такомиллаштирилишини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш;

мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ва уни амалга ошириш механизмларини янада ривожлантиришни назарда тутадиган таклифларни Вазирликка киритиш;

давлат таълим стандартлари ҳамда касбга доир билим ва кўникмаларга қўйилган талаблар асосида меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда касби бўйича маълумотга эга бўлмаган мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари учун қўшимча ихтисослик бўйича қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш;

илмий-педагог кадрларни тайёрлаш мазмуни ва сифатини такомиллаштиришга, ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Вазирликка киритиш;

б) ўқув-тарбия жараёнига, хусусан нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари амалиётига замонавий инновацион педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш соҳасида:

таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олган ҳолда ижодий тафаккурни ривожлантиришга қаратилган ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланиш орқали мактабгача таълим тизими раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларни, ўқув-методик ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

раҳбарлар ва ташкилотларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича халқаро тажрибани, шунингдек, жаҳоннинг энг яхши таълим ташкилотлари ютуқларини умумлаштириш асосида илмий асосланган инновацияларни жорий этиш;

раҳбарлар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда таълим жараёнининг юқори даражасини таъминлаш, илмий тадқиқотларга интилишни, мустақил фикрлаш кўникмаларини ва ижодий маҳоратни ривожлантириш;

в) миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, бадиий адабиётлар сифати ва мазмунини янада бойитиш, ўйин ва ўйинчоқлар сонини кўпайтириш соҳасида:

ўқув дастурлари, ўқув, ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда уларни педагогика амалиётига жорий этиш жараёнини қўллаб-қувватлаш;

илғор педагогик технологияларни, замонавий ўқув-методик комплексларни яратиш ва ўқув-тарбия жараёнини дидактик таъминлаш;

миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва ёшликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи бадиий адабиётлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

дарсликлар, ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ҳамда уларни ўқув-тарбия жараёнига жорий этишда методик ёрдам кўрсатиш;

болаларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий ва жаҳон адабиётини тарғиб қилиш мақсадида уларнинг китобхонлик маданиятини шакллантириш;

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ўйинлар ва ўйинчоқлар сонини кўпайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

г) мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича методик ишларни ташкил этиш соҳасида:

ўқитишнинг замонавий шаклларини, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда мактабгача таълим ташкилотларига методик ёрдам кўрсатиш;

ўқув-тарбия жараёни сифатини оширишга, болалар ва педагоглар истеъдодларини, қобилиятларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга қаратилган тадбирлар (конференциялар, форумлар, мусобақалар, кўргазмали олимпиадалар, семинар-тренинглар, танловлар) ташкил этиш;

педагогларнинг ўз соҳасини билишини ривожлантириш ва оширишда ўқитишнинг интерактив ва замонавий усулларини, методик материалларни, методик ёрдам кўрсатишнинг самарали шаклларини ишлаб чиқиш, синаб кўриш ва ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш;

мактабгача таълим ташкилотларида хоналар, спорт заллари ва майдонлари, асбоб-ускуналар ва компьютер техникасини эксплуатация қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини (аралаш, масофавий, якка тартибда ўқитиш, "устоз-шогирд" ва бошқа шаклларини) жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш;

ҳар хил методик материаллар тайёрлаш, педагогик ва илмий-методик ахборотни умумлаштириш ва тарқатиш, илмий-методик журналлар, газеталар, методик тўпламлар ва қўлланмалар нашр этиш;

давлат таълим талабларини, ўқув режалари ва дастурларни, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни ўрганиш ҳамда муҳокама қилиш, таклифлар киритиш ва Институтнинг илмий-методик кенгашида хулосалар қабул қилиш;

д) ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этишни назорат қилиш бўйича раҳбарлар ва мутахассислар кўникмаларини такомиллаштириш ва таълим сифатини баҳолаш соҳасида:

ўқув-тарбиявий жараённи ва методик фаолият ҳолатини ўрганиш, нуқсонларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича раҳбарлар ва мутахассислар учун ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ҳамда назорат қилишга доир методик кўрсатмалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

мактабгача таълим ташкилотлари сифатини баҳолаш материалларини, натижаларни таҳлил қилиш усулларини ишлаб чиқиш;

методик материалларни тайёрлаш ва давлат таълим стандартлари талабларини ўзлаштириш устидан мониторинг олиб боришда иштирок этиш;

аниқланган нуқсонларни бартараф этиш бўйича методик материалларни ишлаб чиқиш, болалар ва педагогларнинг таълим эҳтиёжларини аниқлашда методик ёрдам кўрсатиш;

е) халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали мактабгача таълим соҳасида мамлакатимиз ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган шунга ўхшаш халқаро мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:

халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, мактабгача таълим соҳасида мамлакатимиз ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш;

конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказиш, шунга ўхшаш халқаро мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

мактабгача таълим соҳасида миллий ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда шериклик фаолиятини юритиш.



3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Институт унга юкланган функциялар ва вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим мазмунини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича таклифларни Вазирликка киритиш;

мактабгача таълим мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дастурлар, ўқув қўлланмалари, илмий асарлар тўпламлари, илмий-амалий конференциялар материаллари, методик кўрсатмалар ҳамда қўлланмалар тайёрлаш ва нашр этиш;

аҳолига, турли ташкилотларга пулли таълим хизматлари ва бошқа хизматларни кўрсатиш, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ва асосий фаолиятга зид бўлмаган фаолиятнинг барча турларини амалга ошириш;

кафедралар ва бўлимларни ўзгартириш, янгиларини ташкил этиш ва мавжуд кафедра ва бўлимларни тугатиш, тасдиқланган штат жадвали доирасида штат бирликларини бир бўлинмадан бошқа бўлинмага ўтказиш бўйича Вазирликка таклифлар киритиш;

профессор-ўқитувчилар таркибига, бошқа ходимларга белгиланган тартибда рағбатлантирувчи устамалар тайинлаш;

Институт ходимларини юксак меҳнат кўрсаткичлари учун давлат ва идоравий мукофотлар билан мукофотлаш тўғрисида Вазирликка таклифлар киритиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича фаолият сифатини ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;

ҳамкорлик доирасида муаллифлик ишларини ишлаб чиқишга тажрибали мутахассислар, педагоглар ва ходимларни жалб қилиш (зарур бўлса шартномалар асосида);

қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ ўқув дастурларига тузатишлар киритиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

хорижлик тажрибали педагог-мутахассисларни жалб қилган ҳолда илғор хорижий тажрибани жорий этиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва педагог кадрлари малакасини мунтазам ошириш учун қисқа муддатли ва аниқ мақсадга йўналтирилган курслар ташкил этиш;

ходимларни ўқитиш, семинарлар ва конференцияларда қатнашиш учун хорижга тажриба алмашиш ва инновацион педагогика технологияларини ва илғор методикаларни ўрганиш бўйича тажриба орттиришга юбориш;

мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга доир долзарб ва истиқболли вазифаларни ҳал қилиш учун ташкил этилган ишчи гуруҳларда иштирок этиш;

ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар яратиш, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиш.

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Институт ўз фаолиятида бевосита Вазирликка бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


12. Институт ишларига Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ректор раҳбарлик қилади.


13. Қуйидагилар Институт ректорнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

Институт фаолиятига, ўқув-методик, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишлар самарали ташкил этилишига умумий раҳбарлик қилиш;

ташкилотлар билан Институт номидан хўжалик шартномалари тузиш, Вазирликда Институт манфаатларини ифодалаш, шунингдек ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

Институт Илмий-методик кенгаши тавсиялари асосида ўқув-мавзу режалари, дастурлар ва илмий-методик ишлар режаларини тасдиқлаш;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқариш ва ишончномалар бериш;

ходимларни рағбатлантириш, интизомий жазо қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйилган давлат таълим талаблари, ўқув режалари ва дастурлар, бошқа ўқув-методик ҳужжатларнинг ўқув жараёнига жорий этилишини таъминлаш;

Институтда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишларни мувофиқлаштириш;

тингловчиларга маиший хизмат кўрсатиш, Институтнинг ўқув-методик ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этиш;

Институт ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш ҳамда ушбу қоидалар ходимлар ва тингловчлар томонидан бажарилишини назорат қилиш;

жамоада соғлом маънавий ва ижодий муҳитни шакллантириш чора-тадбирларини кўриш.

Институт ректори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Институтда ўқув-методик ишларга ўқув ва методик ишлар бўйича проректор, маънавий-маърифий ва илмий ишларга - маънавий ва илмий ишлар бўйича проректор, молия-иқтисодий ишлар бўйича - молия-иқтисодий ишлар бўйича проректор раҳбарлик қилади.

Проректорлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.


15. Фаолиятнинг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Институтда ректор раислигида Илмий-методик кенгаш ташкил этилади.

Илмий-методик кенгаш таркиби Институт ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Илмий-методик кенгаш таркибига проректорлар, кафедралар ва бўлимлар раҳбарлари, шунингдек, етакчи профессорлар ва ўқитувчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари киритилиши мумкин.

Илмий-методик кенгаш қарорлари ректорнинг буйруқлари билан амалга оширилади.

Илмий-методик кенгаш раиси ва котиби кенгаш қарорлари бажарилишининг мунтазам равишда мониторингини олиб боради ва қабул қилинган қарорлар ижроси тўғрисида кенгаш аъзоларига ҳисобот беради.

Илмий-методик кенгаш аъзолари кенгаш мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қабул қилинган қарорлар тўғри ва аниқ бажарилиши учун жавоб беради.

Илмий-методик кенгашнинг иш тартиби Институтнинг йиллик иш режасига мувофиқ ташкил этилади.


16. Қуйидагилар Илмий-методик кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:

Институт, унинг кафедралари ва бўлимлари режалари ва ҳисоботларини кўриб чиқиш, Институт фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўқув иш режалари ва курслар дастурларини, тавсияларни муҳокама қилиш;

Институт илмий-методик ва ташкилий ишларининг асосий йўналишларини таъминлаш ва белгилаш, самарали қайта тайёрлаш ва малака ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятини таҳлил қилиш ва мувофиқлаштириш, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг давлат таълим талаблари, ўқув режалари ва дастурлар бажарилишини кўриб чиқиш;

Институт кафедралари ва бўлимларини очиш, уларнинг фаолиятини ўзгартириш ва тугатиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

Институт докторантлари ва изланувчилари билан менежмент (таълимни бошқариш) бўйича илмий фаолият олиб бориш;

дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий, ўқув-методик адабиётларни эълон қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

Институтни ривожлантиришнинг жорий (йиллик) ва истиқболли режаларини тасдиқлаш.



5-БОБ. ИНСТИТУТНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


17. Институт Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;


18. Институт ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


19. Институт ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган устамалар ва қўшимча ҳақлар Вазирлик томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ тўланади.


20. Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Институт ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 24 ноябрь



















































Время: 0.1991
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск