язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Умумий қоидалар/ Моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.02.2004 й. 57-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 5 февралдаги

57-сон қарорига

3-ИЛОВА


Моддий-техника ресурслари стратегик турларини

сотишнинг махсус тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом рўйхати қарорга 2-иловада келтирилган моддий-техника ресурслари стратегик турларини сотишнинг махсус тартибини назарда тутади.


2. Моддий-техника ресурсларининг стратегик турларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқланадиган моддий балансларда белгиланади ва улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

экспортга етказиб бериш;

давлат эҳтиёжлари учун, шу жумладан махсус истеъмолчиларга етказиб бериш;

давлат стратегик захирасини тўлдириш ва янгилаш учун етказиб бериш;

белгиланган тартибда тасдиқланган давлат буюртмаси ҳажмларига мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун етказиб бериш;

ишлаб чиқарувчиларнинг тармоқ ичидаги эҳтиёжлари учун ҳажмлар;

истеъмолчиларнинг алоҳида тоифаларига лимитлар;

маҳсулотларни биржа ва ким ошди савдоларида сотиш ҳажмлари;

истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича етказиб бериш.


3. Давлат эҳтиёжлари таркибида, моддий-техника ресурслари спецификасига кўра, бюджет ташкилотларининг уларга ажратилган бюджет маблағлари доирасидаги эҳтиёжлари, белгиланган нормативлар ва ажратилган бюджет маблағлари доирасида давлат стратегик захирасини тўлдириш ва янгилаш, белгиланган тартибда тасдиқланган давлат буюртмаси ҳажмларига мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобга олинади.


4. Маҳсулотлар давлат эҳтиёжлари, давлат стратегик захираси ресурсларини тўлдириш ва янгилаш, давлат буюртмасига мувофиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишлаб чиқарувчиларнинг тармоқ ичидаги эҳтиёжлари учун, истеъмолчиларнинг айрим тоифаларига лимитлар бўйича, электр энергияси, табиий газ ва авиакеросин эса шунингдек истеъмолчилар билан тузиладиган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган (эълон қилинган ёки белгиланадиган) нархлар бўйича сотилади (автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси бундан мустасно).

Бунда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги авиакеросинни "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг нефтни қайта ишлаш заводлари билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган белгиланган нархлар бўйича сотиб оладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ва унинг идоравий мансуб муассасалари давлат стратегик захираси ресурсларини тўлдириш ва янгилаш учун автомобиль бензини, авиакеросин ва дизель ёқилғисини "Ўзнефтмаҳсулот" АЖнинг нефтни қайта ишлаш заводлари билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган белгиланган нархлар бўйича сотиб оладилар.

5. Амалдаги қонун ҳужжатларида монопол маҳсулот сифатида белгиланган маҳсулотларни биржа (кимошди) савдоларига қўйиш қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган белгиланган нарх даражасидаги бошланғич нарх билан амалга оширилади.

Маҳсулотлар биржа ва кимошди савдоларида талаб ва таклифнинг бозор нархлари бўйича сотилади. Биржалар ҳар ҳафтада очиқ матбуотда ва Интернет тармоқларидаги ўз саҳифаларида сотилган маҳсулотнинг ўртача биржа нархи котировкаларини (кимошди савдоси нархларини) эълон қилишлари шарт.

Маҳсулотларни биржа ва кимошди савдолари орқали сотишда бошланғич нархдан ортиқча олинган пул маблағлари ишлаб чиқарувчи корхоналар (сотувчилар) тасарруфига ўтади.

6. Монополист корхоналарнинг махсулотлари тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шунингдек биржа (ким ошди) савдоларида сотилади. Бунда махсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар бўйича охирги санада эълон қилинган биржа (ким ошди) савдолари котировкаларининг ўртача нархлари бўйича сотилади, мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ сотиладиган маҳсулотлар бундан мустасно.

Моддий балансларга мувофиқ биржа (ким ошди) савдоларида сотишга мўлжалланган маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар бўйича фақат биржа (ким ошди) савдоларига қўйилган вақтдан бошлаб бир ой мобайнида сотилмаган ҳажмларда олдинги хафтадаги биржа савдоларида вужудга келган биржа савдолари ўртача нархлари бўйича сотилиши мумкин.

7. Монопол маҳсулотни биржа ва кимошди савдолари орқали, шунингдек биржа (кимошди савдолари) котировкаларининг ўртача нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотадиган монополист корхоналарга рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган эълон қилинган ёки белгиланган чекланган нархларни ошириб юборганликлари учун жазолар қўлланмайди.

Маҳсулотларнинг юқори ликвидли ва монопол турларини биржа савдоларига қўйиш муддатлари ва ҳажмлари бўйича жадваллар бузилган тақдирда қуйидагилар олиб қўйилади:

тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шу жумладан, экспортга мўлжалланган маҳсулотларнинг биржа савдоларига қўйилмаган ҳажмини сотишда бошланғич нархдан ортиқча олинган маблағлар;

маҳсулотларни биржа савдоларига қўймаслик сабабли биржа нархларининг ошиши ҳисобига олинган маблағлар.

Кўрсатиб ўтилган маблағларни олиб қўйиш нархлар (тарифлар)ни шакллантириш ва қўллашнинг белгиланган тартиби бузилган тақдирда монополист корхоналар учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

8. Биржа савдоларида (ким ошди савдоларида) ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиб олинган маҳсулотлар (электр энергияси ва табиий газ бундан мустасно) юзасидан шартномалар ҳақини олдиндан тўлиқ тўлаш ёки етказиб бериладиган товарларнинг ҳар бир туркуми учун чақириб олинмайдиган аккредитив қўйиш шартлари билан тузилади.


9. Қарорда белгиланган шартларда ҳақини тўлашни ёки аккредитив қўйишни рад этиш "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ харидор томонидан сотувчи фойдасига тўланадиган жарима жазолари қўлланишига олиб келади.



II. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ

СОТИШ ТАРТИБИ


10. Электр энергияси (қуввати)ни истеъмолчиларга етказиб бериш тузилган электр таъминоти шартномалари асосида, электр энергияси учун тегишли тарифлар бўйича, бюджетдан молиялаштириладиган истеъмолчилар учун эса - ажратилган бюджет маблағларига мувофиқ амалга оширилади.

11. Электр энергиясини истеъмолчиларнинг барча тоифаларига етказиб бериш белгиланган тарифларга мувофиқ амалга оширилади.


12. Электр энергиясини истеъмолчиларнинг барча тоифаларига (аҳолидан ташқари) ҳар ойда етказиб бериш улар томонидан электр таъминоти шартномасига мувофиқ навбатдаги ой учун назарда тутилган электр энергияси ҳажми қийматининг 100 фоизи учун ҳақ аванс тариқасида тўлангандан кейин амалга оширилади.

Истеъмолчида электр энергияси (қувват) учун ҳақ тўлаш бўйича, шунингдек жарима санкциялари, реактив энергия ва қувватларни қоплаш учун тарифларга устамалар, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси ва пенялар бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда улар томонидан аванс тариқасида тўланган маблағлар қарздорликни қоплаш учун йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмайди.

13. Электр энергияси учун тўлов маиший истеъмолчи томонидан ҳар ойнинг 10 санасигача, аҳолидан тўловларни қабул қилувчи пунктлар ва ташкилотлар орқали амалга оширилади.

Электр энергияси учун олдиндан ҳақ тўлаш қурилмалари мавжуд бўлган, ҳисобга олиш ҳисоб-китоб приборлари ўрнатилган маиший истеъмолчилар электр энергияси учун тўловни олдиндан ҳақ тўлаш тартиби бўйича амалга оширадилар.

Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган ҳақ доирасида амалга оширилади.

14. Истеъмолчининг айби билан электр энергияси электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмдан кам истеъмол қилинган тақдирда аванс сифатида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди ва электр энергияси учун кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.

15. Электр таъминоти шартномаларида (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳисоб-китоб даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилганидан 5 фоиздан ортиқ миқдорда истеъмол қилинган электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхоналари фойдасига ҳисоб-китоб даври учун электр таъминоти шартномасида кўрсатилган миқдордан ортиқча жами ҳажм учун электр энергияси учун белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида жарима санкциялари тўлаш назарда тутилади.

Агар истеъмолчининг амалдаги юкламаси ягона электр энергетикаси тизимининг энг юқори юкламали соатларида электр таъминоти шартномасида назарда тутилганидан 5 фоиздан ортиқ ошиб кетса ҳисоб-китоб даври охирида амалдаги юкламанинг ортиб кетган жами қисми учун қайта ҳисоб-китоб қилинади ва белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

17. Электр таъминоти шартномасида кўрсатилган электр энергиясининг тегишли ҳажми учун олдиндан ҳақ тўланган тақдирда назарда тутилаётган ўзгаришларгача (жорий ой тугагунгача) 10 кундан кеч бўлмаган муддатда истеъмолчининг таклифига кўра электр энергиясининг шартномадаги ҳажмларига ўзгартиришлар киритилган тақдирда электр энергияси кам ёки ортиқча олинган деб ҳисобланмайди.

Электр энергиясининг шартномадаги ҳажмларини камайиш томонга ўзгартиришлар, олдиндан ҳақ тўланишидан қатъи назар, амалга оширилади.

18. Электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб туриш шартлари қонунда белгиланади.

19. Алоҳида хавфли ҳамда электр энергиясининг узиб қўйилиши техноген ва аварияли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган узлуксиз технологик жараёнга эга бўлган саноат корхоналарида қарздорлик вужудга келган тақдирда ҳақ тўланмаганлиги учун электр энергияси етказиб берилишини чеклаш белгиланган тартибда электр таъминотининг авария бронигача, тўлиқ узиб қўйиш эса - фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.


III. ТАБИИЙ ГАЗНИ СОТИШ ТАРТИБИ


20. Истеъмолчиларнинг барча тоифаларига табиий газ етказиб бериш газ билан таъминловчи ташкилотлар билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича истеъмол қилиш лимитларини белгиламасдан истеъмолчиларнинг буюртманомалари асосида, давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган истеъмолчилар учун эса - ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

21. Табиий газни истеъмолчиларнинг барча тоифаларига етказиб бериш белгиланган нархларга мувофиқ амалга оширилади.


22. Истеъмол қилинган табиий газ ҳажми ҳақини ўз вақтида тўлайдиган аҳолига табиий газ етказиб бериш чеклашларсиз амалга оширилади.


23. Барча тоифадаги истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) ҳисоб-китоб даври бошлангунгача камида 5 кун олдин тузилган шартномада кўрсатилган ойлик газ ҳажми қийматининг 100 фоизи миқдорида етказиб берувчининг ҳисоб рақамига олдиндан тўловларни амалга ошириши шарт.

24. Бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар ва қарорга 5-иловада кўрсатилган корхоналар олинган ресурслар аҳолига сотиладиган газ ҳажмидан ташқари ҳақини тузилган шартномаларга мувофиқ тўлиқ тўлаган ҳолда шартномаларда назарда тутилган ресурслар ҳажмининг ҳақини навбатдаги календарь ой бошлангунгача 100 фоиз тўлайдилар.

25. Аҳоли истеъмол қилинган табиий газ ҳажми ҳақини ҳар ойнинг 10-санасига қадар ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари ва белгиланган нормативлар бўйича тўлайди.

26. Табиий газ истеъмолчи айби билан шартномада кўрсатилган миқдордан кам истеъмол қилинган тақдирда аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди, улар кейинги истеъмол қилишда ҳисобга олинади.


27. Газ истеъмолчилар томонидан етказиб берувчи билан келишиб олмасдан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олиниши етказиб берувчига ортиқча олинган газ учун қонун ҳужжатларида белгиланган ва шартномаларда кўрсатиб ўтилган миқдорларда оширилган ҳақ тўланишига олиб келади.


28. Истеъмолчининг таклифига кўра мўлжалланаётган ўзгартиришларгача 10 кундан кеч бўлмаган муддатда киритилган табиий газнинг навбатдаги ой (чорак) учун ҳажмлари ўзгартирилиши табиий газнинг кўрсатилган ҳажмлари бўйича ортиқча олиш деб ҳисобланмайди.


29. Табиий газ шартномадаги миқдордан кам берилган тақдирда истеъмолчилар ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасида шартномаларда "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жарима жазолари назарда тутилади.


30. Истеъмол қилишнинг ҳисобланган даври бошлангунгача олдиндан ҳақ тўлашни таъминламаган ёки якуний ҳисоб-китоб қилишни шартномаларда белгиланган муддатларда ўз вақтида амалга оширмаган улгуржи истеъмолчиларга табиий газ бериш тўхтатилади.

Табиий газни, шу жумладан аҳолига беришни тўхтатиш шартлари шартномалар тузишда назарда тутилади.



IV. АВТОМОБИЛЬ БЕНЗИНИ ВА ДИЗЕЛЬ

ЁНИЛҒИСИ СОТИШ ТАРТИБИ


31. Нефть базалари томонидан давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми учун дизель ёқилғиси қишлоқ хўжалиги истемолчиларига транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳисобга олинган ҳолда белгиланган чакана нархлар бўйича, етказиб берилган ресурслар ҳақи 60 кун мобайнида тўлиқ тўланиши шарти билан, 60 фоиз ҳақи олдиндан тўланган ҳолда сотилади.

31-1. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси нефть базалари томонидан автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларга сотиш, ажратилган лимитларга мувофиқ, олдиндан ҳақини 100 фоиз тўлаган ҳолда - транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳисобга олинган ҳолда чакана нархлар бўйича амалга оширилади.

Бунда бюджет ташкилотлари ажратилган лимитлардан ортиқ автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига биржа савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

32. Автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Навоий кон-металлургия комбинати, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузуридаги "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхоналари ҳамда "Тошкент шаҳар "Махсустранс" давлат унитар корхонаси, шаҳар йўловчи ташиш корхоналарига (автобусларда йўловчи ташиш учун) "Ўзбекнефтгаз" миллий-холдинг компанияси томонидан сотиш ҳақини 100 фоиз олдиндан тўлаган ҳолда ёки чақириб олинмайдиган аккредетив остида буюртма берилган эҳтиёжга мувофиқ нефть базалари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширилади.

Бунда автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси сотиш транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳисобга олинган ҳолда белгиланган чакана нархлар бўйича амалга оширилади.

ЎзР ВМ 30.12.2016 й. 422-сон Қарорига (рус тилида қабул қилинган) мувофиқ 32-бандга ўзгартиришлар киритилган.


33. Нефть маҳсулотлари экспортга, қоидага кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан балансларда тасдиқланган ҳажмлар доирасида сотилади.


34. Кейинчалик аҳолига сотиш учун мўлжалланган автомобиль бензини ва дизель ёнилғисининг бозор фондини сотиш тегишли лицензияга эга бўлган автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари орқали амалга оширилади.

Автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари томонидан автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини сотиб олиш нефть базалари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича чегирмалар ҳисобга олинган чакана нархлар бўйича амалга оширилади.

Автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини аҳолига транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳисобга олинган ҳолда чакана нархлар бўйича сотадилар.

35. Автомобиль бензини ва дизель ёнилғиси, мазкур Низомнинг 31-34-бандларида кўрсатилган ҳажмлардан ташқари, очиқ биржа савдолари орқали сотилади.

36. Автомобиль бензини ва дизель ёнилғиси ресурслари товар-хом ашё биржаларининг очиқ биржа савдоларига "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг нефть базалари томонидан уларнинг ўзларининг брокерлик ўринлари орқали қўйилади. Очиқ биржа савдоларида автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини харид қилиш республика истеъмолчиларининг барча тоифалари томонидан тегишли брокерлар орқали амалга оширилади.

Очиқ биржа савдоларида автомобиль бензини ва дизель ёқилғисига бошланғич нарх транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳисобга олинган ҳолда белгиланган чакана нархлар бўйича аниқланади.

Очиқ биржа савдолари натижалари бўйича шартномалар нефть базалари ва бевосита истеъмолчилар ўртасида ҳақи 100% олдиндан тўланиши шартлари билан тузилади ҳамда етказиб бериш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш шартларини ўз ичига олади.

Очиқ биржа савдоларида сотиб олинган автомобиль бензини ва дизель ёнилғиси қайта сотилиши мумкин эмас.



V. ЁҚИЛҒИ МАЗУТИНИ СОТИШ ТАРТИБИ


37. Ёқилғи мазути давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларга, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси корхоналари, Навоий кон-металлургия комбинати, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясига, "Иссиқлик манбаи" минтақавий ишлаб чиқариш бирлашмаларига, "Тошиссиқликмарказ" бирлашмасига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича етказиб берилган ресурслар учун 60 кун мобайнида тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда 30 фоизи олдиндан тўланадиган белгиланадиган нархлар бўйича сотилади.


38. Республика истеъмолчилари учун балансда назарда тутилган ҳажмларда ёқилғи мазути, мазкур Низомнинг 37-бандида назарда тутилган ҳажмлардан ташқари, истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг нефть базалари савдолардаги сотувчилар ҳисобланади. Биржа савдоларида ёқиладиган мазут республика истеъмолчиларининг барча тоифалари томонидан тегишли брокерлар орқали сотиб олинади.

Биржа савдоларига қўйиладиган ёқилғи мазутининг бошланғич нархи эълон қилинадиган нарх даражасида белгиланади.

Биржа савдоларида сотиб олинган ёқилғи мазути қайта сотилиши мумкин эмас.



VI. КЎМИР СОТИШ ТАРТИБИ


39. Балансдаги тасдиқланган ҳажмларга мувофиқ кўмир бошқариладиган нархлар бўйича тўғридан-тўғри шартномалар бўйича:

а) етказиб берилган кўмир учун 60 кун мобайнида тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда ҳақи 30% олдиндан тўланиши шарти билан:

бюджет ташкилотларига "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятининг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали ажратиладиган бюджет маблағларига мувофиқ;

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига;


ЎзР ВМ 30.12.2016 й. 422-сон Қарорига (рус тилида қабул қилинган) мувофиқ 39-банд а) кичик бандига ўзгартиришлар киритилган.


б) аҳолига 100% олдиндан ҳақ тўланган ҳолда "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятининг ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали сотилади.

40. Кўмир, ушбу Низомнинг 39-бандида назарда тутилган ҳажмлардан ташқари, тузилган шартномаларга мувофиқ етказиб берилган ҳолда ҳақи 100% олдиндан тўланган ҳолда биржа савдолари орқали сотилади.

Биржа савдоларида кўмир қазиб олувчи корхоналар сотувчилар, корхоналар ва ташкилотлар - харидорлар ҳисобланадилар.

Биржа савдоларига қўйишда кўмирнинг бошланғич нархи бошқариладиган нархлар даражасида белгиланади.

Биржа савдоларида сотиб олинган кўмир қайта сотилмайди.


VII. ПАХТА ЛИНТИНИ СОТИШ ТАРТИБИ


41. Пахта линти экспортга "Ўзпахтаэкспорт" АЖ томонидан балансларда назарда тутилган ҳажмларда сотилади.

43. Пахта линти Кўрлар жамияти корхоналарига, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш бош бошқармасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасига балансларда назарда тутилган ҳажмларга мувофиқ, ҳақи камида 30% миқдорида олдиндан тўланган ва етказиб берилгандан кейин 60 кун мобайнида тўлиқ тўланган ҳолда прейскурант нархлардан 5% ортиқ бўлган нархлар бўйича сотилади.


44. Пахта линти республика истеъмолчиларига Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали кимошди савдолари орқали миллий валютага сотилади. Кимошди савдоларида пахта линтининг бошланғич нархи прейскурант нархдан паст бўлмаган даражада белгиланади.


45. Пахта линти республика корхоналарига ҳам тўғридан-тўғри шартномалар, ҳам кимошди савдоси натижалари бўйича камида 30 фоизи миқдорида олдиндан ҳақини тўлаш ва етказиб берилгандан кейин 60 кун мобайнида тўлиқ ҳақ тўлаш шарти билан сотилади.



VIII. МИНЕРАЛ ЎҒИТЛАРНИ СОТИШ ТАРТИБИ


46. Минерал ўғитлар:

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларнинг балансларда назарда тутилган ҳажмларда давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятларини бажариши учун "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари орқали:

давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинмаган маҳсулотлар етиштириш учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига  "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари орқали бевосита биржа савдоларида биржа нархлари бўйича ва минерал ўғитларни биржа савдоларида сотиб олувчи ихтисослаштирилган улгуржи корхоналарга ҳақи 100% олдиндан тўланган ҳолда сотилади.

Минерал ўғитларни сотишнинг мазкур тартиби давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига аммиакли селитра сотишга татбиқ этилмайди.

47. Давлат эҳтиёжлари учун шартнома мажбуриятларини бажариш учун қишлоқ хўжалиги корхоналарига минерал ўғитлар сотиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари ўзларининг туман (шаҳар) филиаллари орқали ҳудуд бўйича реал талабни ўрганадилар, буюртманомалар тўплайдилар ва минерал ўғитларнинг аниқ турларини етказиб бериш учун пировард истеъмолчилар  қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан шартномалар тузадилар;

б) "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг буюртманомаларини умумлаштириш асосида ҳар йили, 1 октябрдан кечикмай республика вилоятлари бўйича минерал ўғитларга бўлган эҳтиёж прогнозини тузадилар ва уни мамлакатимизнинг ишлаб чиқарувчи корхоналарида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича келгуси йилга дастурни ўз вақтида тайёрлаш учун "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамиятига тақдим этадилар;

в) ишлаб чиқарувчи корхоналардан минерал ўғитларни харид қилиш "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари томонидан ҳар йили ўтказиладиган ярмарка савдоларида ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг эълон қилинган нархлари бўйича амалга оширилади;

г) минерал ўғитлар етказиб бериш тўғрисидаги шартномага маҳсулот учун етказиб берилгандан кейин 60 кун мобайнида узил-кесил ҳисоб-китоб қилган ҳолда маҳсулотнинг етказиб бериладиган ҳар бир туркуми учун олдиндан 30% ҳақ тўлаш шартларида етказиб беришнинг ойма-ой жадвали илова қилинади;

д) "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари минерал ўғитларни пировард истеъмолчиларга  қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига етказиб беришни шартномаларнинг ажралмас қисми ҳисобланган етказиб беришнинг ойлик жадваллари асосида амалга оширадилар. Етказиб бериш маҳсулот учун етказиб берилгандан кейин 60 кун мобайнида узил-кесил ҳисоб-китоб қилган ҳолда етказиб бериладиган маҳсулотнинг ҳар бир туркуми учун олдиндан 30 фоиз ҳақини тўлаш шартларида амалга оширилади.

Аванс тўлови ва (ёки) етказиб берилган минерал ўғитлар учун узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш кечикишининг барча ҳолларида минерал ўғитларни кейинги етказиб бериш қарз тўлиқ тўлангунгача тўхтатилади.

Давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятлари билан қамраб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига аммиакли селитра сотиш "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари томонидан, ярмарка савдолари ўтказилмасдан амалга оширилади.

48. Минерал ўғитлар экспортга, қоидага кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан тасдиқланган баланслардаги ҳажмлар доирасида сотилади.


49. Технология эҳтиёжларига мўлжалланган минерал ўғитлар балансларда назарда тутилган ҳажмларда ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, 100% миқдорида олдиндан ҳақ тўланган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган белгиланган нархлар бўйича сотилади.


50. Мазкур Низомнинг 47, 48, 49-бандларида санаб ўтилганлардан ташқари минерал ўғитлар ҳажми биржа савдоларида 100% олдиндан ҳақ тўланган ҳолда сотилади.

Минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи заводлар биржа савдоларида сотувчилар сифатида иш кўради. "Ўзагрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг "Агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамиятлари хўжаликларнинг барча тоифаларига кирувчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун минерал ўғитлар сотувчи ихтисослаштирилган улгуржи корхоналар биржа савдоларида харидорлар сифатида иш кўради. Минерал ўғитларни биржа савдоларига қўйишдаги бошланғич нарх белгиланган (эълон қилинадиган) нарх даражасида белгиланади.

51. Белгиланган нархлар бўйича тўғридан-тўғри шартномаларга кўра харид қилинган минерал ўғитлар ресурслари қайта сотилиши мумкин эмас.

Биржа савдоларида сотиб олинган минерал ўғитлар ресурсларидан фақат республика ҳудудида фойдаланилади ва улар экспортга етказиб берилиши мумкин эмас.



IX. ҚОРА МЕТАЛЛАР ПРОКАТИНИ

СОТИШ ТАРТИБИ


52. Балансда ажратилган лимитлар бўйича қора металлар прокатини сотиш тасдиқланган бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар учун, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қуриш учун сақлаб қолинади.

Истеъмолчиларнинг ушбу тоифаларига қора металлар прокати 100% олдиндан ҳақ тўлаган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган белгиланган нархлар бўйича тўғридан-тўғри шартномаларга кўра сотилади.

Белгиланган нархлар бўйича тўғридан-тўғри шартномаларга кўра харид қилинган қора металлар прокати қайта сотилиши мумкин эмас.


53. Қора металлар прокати республиканинг бошқа истеъмолчиларига биржа савдолари (кимошди савдолари) орқали балансларда назарда тутилган ҳажмларда, шунингдек 100% ҳақи олдиндан тўланган ҳолда биржа котировкалари (кимошди савдолари)нинг ўртача нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномаларга кўра сотилади. Қора металлар прокатини биржа ва кимошди савдоларига қўйишда бошланғич нарх белгиланган (эълон қилинган ёки қайд этилган) нарх даражасида белгиланади.

Биржа савдоларида сотиб олинган қора металлар прокатидан фақат республика ҳудудида фойдаланилади ва улар экспортга етказиб берилиши мумкин эмас.


54. Қора металлар прокати экспортга, қоидага кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан балансларда тасдиқланадиган ҳажмларда сотилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 5-сон, 57-модда.