ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш /

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази Устави (ЎзР ВМ 01.12.2017 й. 961-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 декабрдаги

961-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими

вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга

йўналтириш ва психологик-педагогик

республика ташхис маркази

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади ҳамда халқ таълими тизимида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизматини ривожлантириш ва ушбу фаолиятни ташкил бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.


3. Марказнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, қисқартмаси - ЎКҲЙППРТМ;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Республиканский центр профессиональной ориентации и психолого-педагогической диагностики учащихся Министерства народного образования Республики Узбекистан, қисқартмаси - РЦПОППДУ;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The Republic center оf prоfessiоnаl оrientаtiоn аnd psychо-pedаgоgicаl diаgnоstics оf the pupil оf Ministry оf Public Educаtiоn оf the Republic оf Uzbekistаn, қисқартмаси - RCPOPPDP.


4. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Уставга амал қилади.


5. Марказ давлат муассасаси шаклида ташкил этилади ва юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилоти ҳисобланади.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш ва тиббий-дефектологик хизмат кўрсатиш соҳасида илмий асосланган методикаларни ишлаб чиқиш ва халқ таълими муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш;

касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш хизмати фаолиятини ташкилий, илмий-методик, ахборот билан таъминлаш;

халқ таълими муассасалари ўқувчиларининг қобилиятлари, касбий мойилликлари, қизиқишлари ва кўникмаларини инобатга олган ҳолда таълим олишни мактабнинг юқори синфларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шунингдек, олий таълим муассасаларида давом эттиришларини танлашларига кўмаклашиш ва ҳисобини юритиш;

болаларнинг психологик-педагогик жиҳатдан ривожланишига ташхис қўйиш, уларнинг қобилият ва мойилликларини аниқлаш, 1-синф ўқувчиларининг мактаб таълимига мослашуви жараёнини назорат қилиб бориш, ўқувчилар билан коррекцион-ривожлантирувчи ишларни амалга оширишда мактаб психологлари ва ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатиш;

иқтидорли ва истеъдодли болалар ва ёшларни аниқлаш бўйича илғор тажрибани ўрганиш, тизимлаштириш ва халқ таълими тизимига жорий этишни ташкил этиш, иқтидорли болалар маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ва истеъдодли, шунингдек, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар билан ишлаш бўйича методикаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, мазкур соҳадаги илғор тажрибани ўрганиш ва жорий этиш.


7. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш ва тиббий-дефектологик хизмат кўрсатиш соҳасида илмий асосланган методикаларни ишлаб чиқиш ва халқ таълими муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш соҳасида:

халқ таълими тизимида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш ва тиббий-дефектологик хизмат тизимини ривожлантириш бўйича истиқболли дастурлар ва концепцияларни ишлаб чиқиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида касб-ҳунарга йўналтириш ҳолатларининг таҳлилини амалга ошириш;

ёшлар сиёсатини фаоллаштириш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш ва касб танлаш ва бошқа ижтимоий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишда иштирок этиш;

мамлакатда касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис хизмати фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича дастурлар ва умумдавлат концепцияларини ишлаб чиқиш учун таклифлар тайёрлашда иштирок этиш;

б) касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш хизмати фаолиятини ташкилий, илмий-методик, ахборот билан таъминлаш соҳасида:

республикада касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис ишлари ҳолатини ўрганиш, халқ таълими тизимида уларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда уларга идоравий мансуб ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш бўйича методистлари фаолиятига методик раҳбарликни амалга ошириш;

халқ таълими муассасалари ва ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизмати фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, уларни илмий-методик ва ахборот билан таъминлаш;

касб-ҳунарга йўналтириш соҳасида норматив ва методик материалларнинг қўлланиши бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, тайёрлаш ҳамда уларни самарали жорий этишга кўмаклашиш;

ўқувчиларнинг қобилият ва мойилликларини аниқлаш мақсадида коррекцион машғулотларнинг, болалар ривожланишига психологик-педагогик ва тиббий-дефектологик ташхис қўйишнинг дастурлари ва сценарийларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

халқ таълими тизимида касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизматлари кўрсатиш фаолиятини тартибга солувчи норматив ва методик ҳужжатларни тайёрлаш ва нашр этиш;

в) халқ таълими муассасалари ўқувчиларининг қобилиятлари, касбий мойилликлари, қизиқишлари ва кўникмаларини инобатга олган ҳолда, таълим олишни мактабнинг юқори синфларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, шунингдек, олий таълим муассасаларида давом эттиришларини танлашларига кўмаклашиш ва ҳисобини юритиш соҳасида:

мамлакат ва унинг ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини, ҳудудий миллий-этник тафовутларни инобатга олган ҳолда умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис бўйича ишларнинг асосий мазмунини аниқлаш;

халқ таълимининг барча муассасаларида касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизмати фаолияти устидан илмий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

касб таълими, касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш ва бошқа методикаларни ўрнатилган тартибда экспертизадан ва апробациядан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, ҳудудий ва миллий-этник хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларнинг мослашувини таъминлаш;

касб-ҳунарга ўқитиш соҳалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълимга тайёргарлик йўналишлари бўйича касб-ҳунарга йўналтириш муаммолари юзасидан ота-оналарни психологик-педагогик қўллаб-қувватлашни ва маслаҳатлашувларни ташкил этиш;

стандартлаштирилган методикалар, касб-ҳунарга оид маълумотлар, шунингдек, касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйишнинг амалий дастурлари маълумотлар банкини шакллантириш;

ўқувчиларнинг онгли равишда касб танлашига кўмаклашиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик ташхис қўйиш учун умумий ўрта таълим мактаблари педагог ходимларини тегишли методикалар билан таъминлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда уларга идоравий мансуб ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари методистларининг ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш бўйича фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш ва натижалари юзасидан хулосалар тайёрлаш;

Вазирлик тизимидаги касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизматларининг илмий-методик, маълумот-ахборот ва дастурий таъминотини такомиллаштиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

г) болаларнинг психологик-педагогик жиҳатдан ривожланишларига ташхис қўйиш, уларнинг қобилият ва мойилликларини аниқлаш, 1-синф ўқувчиларининг мактаб таълимига мослашуви жараёнини назорат қилиб бориш, ўқувчилар билан коррекцион-ривожлантирувчи ишларни амалга оширишда мактаб психологлари ва ўқитувчиларига методик ёрдам кўрсатиш соҳасида:

ўқувчиларнинг ёш ва психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда болаларни 1-синфга қабул қилиш ва ўқувчиларнинг битириш кўрсаткичларини прогнозлаштиради;

умумтаълим муассасаларида бошланғич синф ўқувчиларининг ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказилиши назорат қилинишини ва мониторинги олиб борилишини ташкил этиш;

давлат таълим стандартлари талабларини ўзлаштириш мониторинги ўтказилишида иштирок этиш ва методик материаллар тайёрлаш;

ўқувчилар ва педагогларнинг таълим олишга бўлган эҳтиёжларини аниқлаган ҳолда методик материаллар ишлаб чиқиш ва методик ёрдам кўрсатиш;

умумтаълим муассасаларига ўқув-тарбиявий жараённи таълим беришнинг замонавий шаклларини, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ташкил этишда методик ёрдам кўрсатиш;

турли методик материалларни тайёрлаш, педагогик ва илмий-методик ахборотларни умумлаштириш ва тарқатиш, илмий-методик журналлар, газеталар, методик тўпламлар ва қўлланмалар нашр этади;

д) иқтидорли ва истеъдодли болалар ва ёшларни аниқлаш бўйича илғор тажрибани ўрганиш, тизимлаштириш ва халқ таълими тизимига жорий этишни ташкил этиш, иқтидорли болалар маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ва истеъдодли, шунингдек, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар билан ишлаш бўйича методикаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, мазкур соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш соҳасида:

халқ таълими муассасаларидаги иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларнинг маълумотлар банкини шакллантириш;

ўқув-тарбия жараёнининг сифатини ошириш, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилар ҳамда педагогларнинг қобилиятларини ривожлантириш, муносиб рағбатлантиришга йўналтирилган тадбирлар (конференциялар, форумлар, мусобақалар, фан олимпиадалари, семинар-тренинглар, танловлар) ташкил этиш;

иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларни аниқлаш учун таълим беришнинг интерфаол ва замонавий усулларини, методик материалларни, методик ёрдам кўрсатишнинг самарали шаклларини ишлаб чиқиш, апробациядан ўтказиш ва ўқув-тарбия жараёнига татбиқ қилиш;

жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш бўйича маълумот-ахборот фондини яратиш, кузатувлар натижасига кўра тегишли тавсиялар, йўриқномалар ва таҳлилий материалларни ишлаб чиқиш;

аниқланган нуқсонларни бартараф этиш бўйича методик материалларни ишлаб чиқиш, ўқувчилар ва педагогларнинг таълим олишга бўлган эҳтиёжларини аниқлашда методик ёрдам кўрсатиш.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


8. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

халқ таълими тизимидаги барча ташкилот ва муассасаларда ўқувчиларга касбий таълим бериш, касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис қўйиш ҳамда тиббий-дефектологик хизмат кўрсатиш бўйича ишларнинг ҳолатини ўрганиш;

ўз фаолияти йўналишлари бўйича норматив ва методик материаллар қўлланилишининг назоратини амалга ошириш, илмий-методик ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилиши бўйича хулосалар бериш;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ва кадрларга бўлган эҳтиёжи, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ташхис ҳамда тиббий-дефектологик хизмат кўрсатиш бўйича методик материаллар ва норматив ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижалари тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш;

экспертиза ўтказиш ҳамда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш бўйича сўровномалар, саволномалар, тест материаллари, шунингдек, бошқа методик ва маълумот-ахборот материалларидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш;

маънавий эскирган ва фойдаланишга яроқсиз асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва техник воситаларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш;

ўз ваколатлари доирасида журналлар, ўқув, методик ва кўргазмали қўлланмалар, йўриқномалар, маълумот-ахборот ва бошқа материалларни чоп этиш ва тарқатиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш ҳамда уларга касбий таълим беришнинг алоҳида йўналишлари бўйича Марказнинг тажриба-синов майдончалари, таянч ўқув муассасаларини ташкил этиш;

вақтинчалик ижодий жамоалар ташкил этиш, муаллифлар, шунингдек алоҳида фуқаролар билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш, меҳнатни ташкил этишнинг турли шаклларини қўллаш, шартнома асосида доимий ёки бир марталик ишларни бажариш;

Марказнинг расмий веб-сайтига ва махсус журналга ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш хизматлари фаолиятига ҳамда уларга касбий таълим бериш муассасаларига бағишланган маълумотлар ва реклама материалларини жойлаштириш;

халқ таълими муассасалари педагог ходимлари, ўқувчилар (тарбияланувчилар) ва уларнинг ота-оналарига, бошқа фуқароларга, шунингдек, республикада рўйхатга олинган давлат ташкилотларига ва нодавлат ташкилотларга қонун ҳужжатларига мувофиқ пуллик таълим хизматлари кўрсатиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда Марказга юкланган вазифаларни бажариш учун фаолият юритишнинг мақбул шакл ва усулларни танлаш, ўз ваколатига тегишли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ва уларни амалга ошириш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Марказ ўз фаолиятида бевосита Вазирликка бўйсунади ва ҳисобот беради.


10. Марказга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


11. Қуйидагилар директорнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу Устав талабларига риоя қилиш;

Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Марказда ўқув-методик, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш;

Марказ номидан ташкилотлар билан хўжалик шартномалари тузиш, Вазирликда Марказнинг манфаатларини ифодалаш, шунингдек, Марказ фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқариш ва ишончномалар бериш;

Марказ ходимларини рағбатлантириш ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишларни мувофиқлаштириш;

Марказнинг ички тартиб-қоидаларини тасдиқлаш ва ходимлар томонидан унга риоя қилинишини назорат қилиш;

жамоада соғлом маънавий ва ижодий муҳитни шакллантириш бўйича чоралар кўриш;

Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, Марказга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб бериш;

Марказда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари, меҳнат муҳофазаси ва санитария-гигиена талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

Марказ тизимида кадрлар танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш;

Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар, чора-тадбирлар ва концепцияларнинг бажарилиши юзасидан чуқур ва танқидий таҳлил ўтказиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

Марказ директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Марказ фаолиятига оид асосий масалаларни кўриб чиқиш учун директор раҳбарлигида Илмий-методик кенгаш ташкил этилади.

Илмий-методик кенгаш раиси ва унинг шахсий таркиби Вазирлик томонидан тасдиқланади.

Илмий-методик кенгаш таркибига Вазирлик, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, бошқа тегишли вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари, бирлашмаларнинг раҳбар ва мутахассислари, Марказ вакиллари, турли илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар халқ таълими муассасаларининг раҳбарлари киритилиши мумкин.

Илмий-методик кенгаш қарорлари Марказ директорининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Илмий-методик кенгаш раиси ва котиби кенгаш қарорлари ижросининг доимий мониторингини олиб боради ҳамда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан кенгаш аъзолари олдида ҳисобот беради.

Илмий-методик кенгашнинг аъзолари кенгаш йиғилишида муҳокама этилган масалалар бўйича чиқарилган қарорларнинг тўғри ва аниқ ижро этилиши учун жавоб берадилар.

Илмий-методик кенгашнинг иш тартиби Марказнинг йиллик иш режаси асосида амалдаги қоидаларга мувофиқ белгиланади.


13. Қуйидагилар Илмий-методик кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:

Марказ ва унинг бўлимларининг режа ва ҳисоботларини кўриб чиқиш;

касб-ҳунарга йўналтириш, психологик-педагогик ва тиббий-дефектологик ишлар бўйича методик тавсияларни муҳокама қилиш;

Марказнинг илмий-методик ва ташкилий ишлари асосий йўналишларини аниқлаш ва таъминлаш, Марказнинг маънавий-маърифий ишларини такомиллаштириш;

ўқув-методик адабиётлар, методик қўлланмаларни чоп этиш ва нашр қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

Марказнинг жорий (йиллик) ва истиқболдаги ривожланиш режаларини тасдиқлаш.


14. Экспертиза ишларини ўтказиш учун Марказ ҳузурида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис қўйиш бўйича эксперт кенгаши ташкил этилади. Эксперт кенгаши таркиби ва устави Марказ директори томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. МАРКАЗНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ,

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, ХОДИМЛАР

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


15. Марказни молиялаштириш республика бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


16. Марказ ходимларининг иш ҳақи уларнинг лавозим маоши, мукофот пули, қўшимча ҳақ, устама ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


17. Марказ ходимларининг ойлик маошига қўшимча рағбатлантирувчи тусдаги ҳар ойлик устама ва қўшимча ҳақлар Вазирлик томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.


18. Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Марказ ходимларига иш ҳақи тўлаш ва моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 4 декабрь























































Время: 0.1537
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск