язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Валютани тартибга солиш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 841-XII-сон "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 841-XII



ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида валюта операцияларини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Валютани тартибга солиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Валюта бойликлари


Чет эл валютаси, чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар, чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари ва соф қуйма олтин валюта бойликлари ҳисобланади.

Чет эл валютаси муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган ҳамда худди шу хорижий давлатнинг пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари, шунингдек ҳисобварақларда ва омонатларда бўлган хорижий давлатларнинг пул бирликларидаги ҳамда халқаро пул ёки ҳисоб-китоб бирликларидаги маблағлардир.

Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ёки хорижий давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар жумласига киритилган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган пул ҳужжатларидир.


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг

резидентлари


Ўзбекистон Республикасининг резидентлари (бундан буён матнда резидентлар деб юритилади) қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар;

Ўзбекистон Республикасининг иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хориждаги дипломатия ҳамда бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг чет элдаги, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари.


5-модда. Ўзбекистон Республикасининг

норезидентлари


Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (бундан буён матнда норезидентлар деб юритилади) дейилганда ушбу Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ резидентлар жумласига кирмайдиган шахслар тушунилади.


6-модда. Валюта операциялари


Валюта операцияларига қуйидагилар киради:

валюта бойликларига бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ҳуқуқларнинг ўзга шахсга ўтиши ҳамда валюта бойликларини тўлов воситаси сифатида ишлатиш билан боғлиқ операциялар;

валюта бойликларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва жўнатиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ва жўнатиш;

халқаро пул жўнатмаларини амалга ошириш;

резидентлар ва норезидентлар ўртасида миллий валютадаги операциялар.

Валюта операциялари жорий халқаро операцияларга ҳамда капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларига бўлинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида соф қуйма олтин муомаласи тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



7-модда. Жорий халқаро операциялар


Жорий халқаро операцияларга қуйидагилар киради:

ташқи савдо, бошқа жорий фаолият олиб борилиши, шу жумладан, хизматлар кўрсатилиши муносабати билан, шунингдек одатдаги қисқа муддатли банк ва кредит механизмлари ишлаши муносабати билан тўланиши зарур барча тўловлар;

фоизлар ва бошқа даромадлар кўринишида, шу жумладан, банк омонатлари, кредитлар ҳамда лизинг бўйича олинадиган фоизлар ва бошқа даромадлар шаклида, шунингдек бошқа инвестициялардан олинадиган соф даромад шаклида тўланиши зарур тўловлар;

кредитларни, қарзларни узиш учун ёки тўғридан-тўғри инвестициялар амортизацияси учун мақбул суммаларни тўлаш;

савдо билан боғлиқ бўлмаган пул жўнатмаларининг мақбул суммалари.

Савдо билан боғлиқ бўлмаган пул жўнатмаларига қуйидагилар киради:

иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар, алиментлар тўлаш;

ходимларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ харажатларни тўлаш;

таълим ва даволаниш учун ҳақ тўлаш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатия ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналари таъминоти учун ҳақ тўлаш;

нотариал ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ тўловлар, шунингдек бундай ҳаракатларни амалга ошириш ва ишларни судларда кўриш муносабати билан давлат божи тўлаш;

суднинг, арбитражнинг, шунингдек тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарорлари асосида пул маблағлари тўлаш;

халқаро конгресслар, симпозиумлар, конференцияларда, спорт ва маданий тадбирларда, шунингдек бошқа халқаро учрашувлар, кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этганлик учун тўловлар, инвестиция билан боғлиқ ва моддий харажатлар бундан мустасно;

дафн қилиш билан боғлиқ тўловлар;

муаллифлик ҳақини тўлаш, патент божларини тўлаш ва интеллектуал мулк соҳасидаги лицензия шартномаларининг мажбуриятлари бўйича ҳақ тўлаш;

халқаро нотижорат ташкилотларига бадаллар;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган бошқа операциялар.

Жорий халқаро операциялар ва чет эл валютасини улар билан боғлиқ ҳолда сотиб олиш ёки сотиш чекловларсиз амалга оширилади.



8-модда. Капитал ҳаракати билан

боғлиқ валюта операциялари


Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларига жорий халқаро операциялар ҳисобланмайдиган барча операциялар, шу жумладан:

инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

кредитлар олиш ва бериш, лизинг операцияларини амалга ошириш;

кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш;

хорижий давлатлардан маблағларни ҳисобварақлар ва омонатларга жалб этиш ҳамда хорижий давлатларда маблағларни ҳисобварақлар ва омонатларга жойлаштириш киради.

Ўзбекистон Республикасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни репатриация қилиш, шунингдек тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни амалга ошириш муносабати билан олинган ҳуқуқлардан фойдаланиш чекловларсиз амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ва бошқа ваколатхоналари эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарида кўчмас мулк объектларини олиш ва уларни қуриш бўйича капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар томонидан кўчмас мулкни олиш ва сотиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда белгиланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг иккинчи - бешинчи қисмларида назарда тутилмаган капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операциялари резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайдиган тартибда амалга оширилади.



9-модда. Чет эл валютаси билан боғлиқ

бўлган ҳосила молиявий воситалар


Чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосила молиявий воситалар (валюта деривативлари) чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича шартномалар бўлиб, уларда белгиланган мажбуриятлар муайян муддат ўтгач ёки чет эл валютасининг қийматига ёхуд унинг курси ўзгаришига боғлиқ равишда бажарилиши мумкин.

Чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосила молиявий воситалар бўйича операциялар:

ваколатли банклар томонидан ўзаро ёки чет эл банклари билан чекловларсиз, очиқ валюта мавқеи лимити доирасида;

агар шартнома тузиш жорий халқаро операцияларни ўтказиш билан боғлиқ бўлса, банкларнинг мижозлари томонидан ваколатли банклар орқали амалга оширилади.


10-модда. Ўзбекистон Республикасининг

валютани тартибга солувчи давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасида валютани тартибга солувчи давлат органидир.

Валютани тартибга солувчи давлат органи ўз ваколатлари доирасида:

Ўзбекистон Республикасида чет эл валютасининг ҳамда чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларининг муомаласи тартибини белгилайди;

миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлаш механизмини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банкларда норезидентлар томонидан миллий валютада ҳамда резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ва уларни юритиш тартибини белгилайди;

резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий валютада чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида барча турдаги валюта операцияларини амалга оширади;

чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун банкларга лицензиялар беришнинг умумий қоидаларини белгилайди, бундай лицензияларни беради ва чақириб олади, шунингдек банклар фаолиятини назорат қилади ва тартибга солиб туради;

валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун лицензиялаш тартибини белгилайди;

жорий халқаро операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган одатдаги қисқа муддатли банк ва кредит механизмлари муддатининг чегарасини белгилайди;

кредитларни, қарзларни узиш учун ёки тўғридан-тўғри инвестициялар амортизацияси учун тўловларнинг мақбул суммалари миқдорини белгилайди;

чет эл валютаси билан боғлиқ бўлган ҳосила молиявий воситалар билан операциялар ўтказиш тартибини белгилайди;

капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди;

ваколатли банклар реестрини юритади ва эълон қилади;

ваколатли банклар учун очиқ валюта мавқеи лимитларини белгилайди;

қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ валюта операциялари статистикасини тайёрлайди ва эълон қилади;

чет эл валютасидаги тушумнинг бир қисмини резидентлар томонидан мажбурий тарзда сотишнинг миқдори ва тартибини белгилайди;

валютани тартибга солиш масалалари бўйича барча юридик ва жисмоний шахслар бажариши мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар қабул қилади, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


11-модда. Ваколатли банклар


Чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган банклар ваколатли банклардир.

Ваколатли банклар:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида очиқ валюта мавқеи лимити доирасида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича, шу жумладан, ҳосила молиявий воситалар асосида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича бевосита ўзаро, ўз мижозлари билан ҳамда валюта биржалари орқали, шунингдек халқаро бозорларда операцияларни амалга оширишга;

Ўзбекистон Республикасининг банкларида ва чет эл банкларида вакиллик ҳисобварақларига ҳамда бошқа ҳисобварақларга эга бўлишга;

нақд чет эл валютасини ҳамда чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатларини жисмоний шахслардан сотиб олиш ва уларга сотиш операцияларини амалга ошириш учун айирбошлаш шохобчаларини очишга ҳақлидир.

Ваколатли банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



12-модда. Валюта операцияларини

амалга оширишга доир чекловлар


Валюта операцияларини амалга оширишга доир чекловлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида белгиланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодий хавфсизликка таҳдид юзага келганда валюта операцияларини амалга оширишни вақтинча тўхтатиб қўйишга ёки уларга доир чекловлар жорий этишга ҳақли.



13-модда. Жисмоний шахсларнинг валюта

бойликлари ва улардан фойдаланилиши


Жисмоний шахслар:

ўз мулкида Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган, ўтказилган ёки жўнатилган, Ўзбекистон Республикасида олинган ёки сотиб олинган валюта бойликларига эга бўлишга;

ваколатли банкларда ва уларнинг филиалларида чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш ҳамда омонатлар қўйишга;

банк ҳисобварақларини очган ҳолда ёки бундай ҳисобварақларни очмай туриб халқаро пул жўнатмаларини амалга оширишга;

валюта бойликларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига ўтказиш, олиб кириш ва жўнатишга, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ўтказиш, олиб чиқиш ва жўнатишга;

валюта бойликларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда фойдаланишга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишга ҳақли.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш:

юридик шахслар томонидан ваколатли банклар орқали;

жисмоний шахслар томонидан ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали амалга оширилади.


15-модда. Миллий валютанинг

чет эл валютасига нисбатан курси


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операциялар миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан чет эл валютасига бўлган талаб ҳамда таклифнинг жорий нисбати асосида шаклланадиган алмашув курси бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини мунтазам равишда белгилаб боради.



16-модда. Резидентларнинг ҳисобварақлари


Резидентлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банкларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда чет эл валютасида ҳисобварақлар очишлари мумкин.

Резидент юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банклардаги валюта ҳисобварақларида сақланади ва улар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда фойдаланилади.

Резидент юридик шахслар томонидан олинадиган чет эл валютаси, шу жумладан, товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан олинган валюта тушуми, агар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқача қоида белгилаган бўлмаса, уларнинг ваколатли банклардаги ҳисобварақларига ўтказилиши шарт.

Резидент юридик шахслар Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги банкларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда миллий валютада ва чет эл валютасида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг резидент жисмоний шахслари, дипломатия ва бошқа ваколатхоналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташкилотларининг чет элдаги, хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳисобварақлар очишига ҳамда бу ҳисобварақлардан фойдаланишига уларнинг фақат хорижда бўлиши ва фаолият кўрсатиши даврида йўл қўйилади. Уларнинг чет элда бўлиши ёки фаолият кўрсатиши тугагач, ҳисобварақлар ёпилиши лозим, ҳисобварақлардаги маблағларнинг қолдиқлари эса Ўзбекистон Республикасига ўтказилади.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

норезидентларнинг ҳисобварақлари


Ўзбекистон Республикасида вақтинча турган норезидент жисмоний шахслар, иммунитет ҳамда дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган чет эл дипломатия ва бошқа расмий ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ҳамда уларнинг филиаллари, шунингдек хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасида хўжалик ёки бошқа тижорат фаолияти билан шуғулланмайдиган ваколатхоналари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатли банкларда миллий валютада ва чет эл валютасида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга ҳақлидир.

Ваколатли банкларнинг вакиллари бўлган чет эл банклари ваколатли банкларда миллий валютада ва чет эл валютасида вакиллик ҳисобварақлари ҳамда бошқа ҳисобварақлар очиш ҳуқуқига эга.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

чет эл валютасида ҳисоб-китоблар ва тўловлар


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китоблар ва тўловларни чет эл валютасида амалга оширишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредитларни олиш ва қайтаришда;

ваколатли банклардаги омонатларга пул маблағлари қўйишда, омонатлар бўйича фоизлар тўлашда;

банкнинг чет эл валютасидаги операциялар бўйича воситачилик ҳақини ундиришда;

чет эл валютасида ифодаланган банк кафолатларини бериш ва улар юзасидан тўловларни амалга оширишда;

ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишда;

юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда валюта бойликларини киритишда;

ҳайрия мақсадларида амалга ошириладиган операцияларда;

мерос ҳуқуқи бўйича валюта бойликларини олишда;

божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро йўналишларда ташишда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операцияларда;

норезидентлар билан товарларни бошқага ўтказиш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш, ахборотни, интеллектуал фаолият натижаларини, шу жумладан, уларга бўлган мутлақ ҳуқуқларни бошқага ўтказиш тўғрисида шартномалар тузиш ва уларни бажариш билан боғлиқ хизматлар комиссионерлар (агентлар) томонидан кўрсатилаётганда комиссионерлар (агентлар) ва комитентлар (принципаллар) ўртасида амалга ошириладиган операцияларда;

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган ёки Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган юкнинг транзити, уни ташиш билан боғлиқ хизматлар экспедитор, ташувчи ва фрахтчи томонидан кўрсатилаётганда транспорт экспедицияси, ташиш ҳамда чартер (фрахтлаш) шартномалари бўйича операцияларда;

қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда сотиб олиш ва сотишда;

резидентлар томонидан резидентлар ҳамда норезидентлардан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича тўловларни қабул қилишда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурта ва қайта суғурта шартномалари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.



19-модда. Нақд чет эл валютаси ва миллий

валютани олиб кириш ҳамда олиб чиқиш


Жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига нақд чет эл валютасини олиб кириши чекловларсиз амалга оширилади.

Резидент жисмоний шахслар нақд чет эл валютасини олиб чиқиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордаги нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасидан бир йўла олиб чиқишлари мумкин.

Қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ортиқ бўлган нақд чет эл валютасининг резидент жисмоний шахслар томонидан олиб чиқилиши уларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки ваколатли банклар томонидан бериладиган, Ўзбекистон Республикасидан нақд чет эл валютасини олиб чиқиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда амалга оширилади.

Норезидент жисмоний шахслар:

божхона декларациясига мувофиқ олиб кирилган нақд чет эл валютаси миқдоридаги нақд чет эл валютасини;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва ваколатли банклар томонидан бериладиган, уларнинг нақд чет эл валютасини олиб чиқиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлган тақдирда эса олиб кирилган нақд чет эл валютасидан кўп бўлган миқдордаги нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасидан бир йўла олиб чиқишлари мумкин.

Резидент ҳамда норезидент юридик шахслар томонидан нақд чет эл валютаси ва миллий валютани олиб кириш ҳамда олиб чиқиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва ваколатли банклар бундан мустасно.

Ваколатли банклар томонидан нақд чет эл валютаси ва миллий валютани олиб кириш ҳамда олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси бўлган тақдирда амалга оширилади.

Резидент ва норезидент жисмоний шахсларнинг нақд миллий валютани олиб кириши ҳамда олиб чиқиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


20-модда. Валютани назорат қилувчи органлар


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасида валютани назорат қилувчи органлардир.

Ўзбекистон Республикасида резидентлар ва норезидентлар томонидан амалга оширилаётган валюта операцияларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини валютани назорат қилувчи органлар ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда назорат қиладилар.



21-модда. Валюта операциялари бўйича ҳисобот


Валюта операциялари бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини, ҳисоботнинг турлари, шакли ва уни тақдим этиш муддатларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валютани назорат қилувчи бошқа органлар билан биргаликда уларнинг ўз ваколатлари доирасида белгилайди.

Норезидентларнинг валюта операциялари бўйича ҳисобот тақдим этишига доир талаблар валюта операцияларининг фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган қисмига нисбатан белгиланиши мумкин.

Жисмоний шахслар чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича ҳисобот тақдим этмайдилар.



22-модда. Низоларни ҳал қилиш


Валюта операцияларини амалга ошириш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


23-модда. Валютани тартибга солиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


"Халқ сўзи", 2004 йил 12 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 й., 6-сон, 65-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ахборотномаси", 2004 й., 1-2-сон, 6-модда