язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.01.2018 й. ПҚ-3459-сон "Қишлоқ хўжалигининг техник жиҳозланиш даражасини янада ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.01.2018 й.

N ПҚ-3459



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИНГ ТЕХНИК

ЖИҲОЗЛАНИШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА

ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Республика қишлоқ хўжалигининг асосий техника турлари билан, биринчи галда, ер ҳайдаш, экин экиш ва ҳосилни йиғиб-териб олиш каби қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини белгилаб берувчи асосий агротехника ишлари бўйича таъминланиш даражасининг ҳозирги ҳолатини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб беришни молиялаштиришни ташкиллаштириш масалаларини танқидий таҳлил қилиш бир қатор ҳал этилмаган муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди:

биринчидан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида фойдаланиладиган қишлоқ хўжалиги техникасининг умумий паркида жами 146,3 мингта техникадан 56,2 мингтаси 15 йилдан кўпроқ вақтдан буён ишлатиб келинмоқда ва босқичма-босқич янгиланишни тақозо этмоқда;

иккинчидан, машина-трактор паркларининг молиявий-иқтисодий ҳолати амалдаги ставкалар бўйича тижорат кредитларини жалб этган ҳолда янги қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш имконини бермайди;

учинчидан, машина-трактор парклари томонидан кўрсатилаётган механизациялаштирилган хизматлар ҳақини тўлаш тарифлари даражаси пахта ва ғалла харид нархларининг умумий ҳажмида ҳосилдорлиги паст хўжаликларнинг чиқимларини қопламайди;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалигига жалб этилган корхоналар ва ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш жараёнларини рағбатлантиришнинг амалдаги механизмлари бугунги кун талабларига мос келмайди;

бешинчидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари минтақанинг қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминланиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигида механизациялаштирилган ва сервис хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг ҳолати учун етарли даражада жавобгар бўлмасдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида" 2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3281-сонли қарорига мувофиқ ҳамда баҳорги агротехника ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига кўрсатилаётган меҳанизациялаштирилган хизматлар даражаси ва сифатини ошириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ билан биргаликда 2018 йилда баҳорги агротехника ишларини ўтказиш учун замонавий ҳайдов ва чопиқ тракторлари, ғалла ўриб-йиғиш комбайнлари, плуглар, сеялкалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникасини жами 5 778 та, шу жумладан, 758 та ҳайдов трактори, 1 500 та чопиқ трактори, 330 та боғдорчиликка мўлжалланган трактор, 2 790 та осма ва тиркама қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек, бошоқли дон экинлари ҳосилини ўриб-йиғиб олиш бошланишигача - 400 та ғалла ўриб-йиғиб олиш комбайнлари етказиб беришга бўлган биринчи навбатдаги талаб-эҳтиёж белгиланди.

2. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ томонидан ишлаб чиқилган куйидаги мақсадли параметрлар:

биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги техникасини ҳудудлар бўйича 2018 йилнинг I ярмида етказиб бериш 1-иловага* мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги техникасини 2018 йилнинг 15 апрелига кадар (йирик блокли йиғиш) етказиб бериш 2-иловага* мувофиқ;

мамлакатимиз ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини саноат кўламида ишлаб чиқариш 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, юқорида кўрсатилган қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш "Агробанк" АТБ кредитлари, фермер хўжаликлари ва машина-трактор паркларининг ўз маблағлари, шунингдек, "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ ва "Ўзагросервис" АЖ томонидан машина-трактор паркларига тақдим этиладиган қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


5. "Агробанк" АТБга фермер хўжаликлари ва "Ўзагросервис" АЖ таркибига кирувчи машина-трактор паркларига "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ ҳамда унинг таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан таъминланиши (ишонч хати, мол-мулкни гаровга қўйиш) ҳисобига йиллик 5 фоизли ставка бўйича 10 йил муддатга кредитлар бериш тавсия қилинсин.


7. "Агробанк" АТБ ва "Ўзагросервис" АЖ олинган маблағлар ҳисобига 2018 йилнинг 20 январидан кечиктирмай "Ўзагротехмаш" АЖ ташкилотларига мазкур қарор билан ишлаб чиқариш ва етказиб бериш белгиланган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг камида 70 фоизи миқдорида, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни тезкор ташкиллаштириш, шу жумладан, зарур қисмлар ва материалларни импорт бўйича сотиб олиш учун аванс (бўнак) бера бошласин.


8. "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ таркибига кирувчи машина-трактор паркларининг бюджетга ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўловлар бўйича 2018 йилнинг 1 январигача бўлган ҳолати бўйича қарзларни тўлаш муддатини 2 йилга кечиктириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат харидини мақсадли молиялаштириш ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлаш жамғармаси, "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ:

"Агробанк" АТБ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда машина-трактор паркларига улар томонидан кўрсатилаётган механизациялаштирилган хизматлар учун келиб тушаётган пул маблағларини қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олишга ажратилган кредитлар ва қарзлар учун ҳисоб-китоб қилишга мақсадли йўналтириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

ғалла, пахта ва шолининг харид нархларини шакллантиришда механизациялаштирилган хизматлар ҳақини тўлаш тарифлари миқдорини қайта кўриб чиқсин.


10. "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ:

а) "Ўзагротехмаш" АЖ билан биргаликда:

ушбу қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги техникаси ўз вақтида ишлаб чиқарилиши ва етказиб берилишини;

мазкур қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалигига етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси бир ой муддатда ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари "Ўзагросервис" АЖ билан биргаликда - қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун тақдим этилган кредитлар ва қарзлар ўз вақтида қайтарилишини;

в) "Ўзагросервис" АЖ билан биргаликда - сотиб олинган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини, шунингдек, кредитлар ва қарзлар ҳудудий ташкилотларнинг банк ҳисобварақлари орқали қайтарилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ, "Агробанк" АТБ бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда халқаро амалиётни таҳлил қилиш асосида қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш орқали қишлоқ хўжалигини модернизациялашни рағбатлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, унда куйидагилар назарда тутилади:

мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган янги қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олаётган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини ва машина-трактор паркларини, шунингдек, пахтачиликка ихтисослаштирилган тўқимачилик кластерларини молиявий кўллаб-қувватлаш;

қишлоқ хўжалигида механизациялаштирилган ва сервис хизматлари кўрсатиш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга кўмаклашувчи молиявий ўзаро муносабатларнинг янги замонавий тизимини яратиш.

13. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази қўшимча чиқарилган акцияларни давлат рўйхатидан ўтказсин ҳамда "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ, "Ўзагросервис" АЖ ва "Агробанк" АТБнинг илгари чиқарилган эмиссиясига ўзгартиришлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчкоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 январь