язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.12.2017 й. 968-сон "Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.12.2017 й.

N 968



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАВҚУЛОДДА

ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 1 июндаги ПФ-5066-сон Фармони талабларини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича бюджетдан ташқари махсус жамғармасини (кейинги ўринларда Бюджетдан ташқари махсус жамғарма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Бюджетдан ташқари махсус жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари белгилансин:

кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказиш, кичик ҳажмли кемаларни техник кўрикдан ўтказиш, кемаларни қуришда, фойдаланишда, қайта жиҳозлашда ва таъмирлашда кўрикдан ўтказишдан тушган маблағларнинг 60 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик, кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, шунингдек, бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузганлик, кема ҳайдовчиларининг кичик ҳажмли кемаларни маст ҳолда бошқаргани учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 60 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, таркибий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотларини ривожлантириш бўйича бюджетдан ташқари жамғармалар фойдасининг 15 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси аҳолисига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимидан реклама-маркетинг маълумотларни трансляция қилиш учун фойдаланишдан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича Бюджетдан ташқари махсус жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, таркибий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотларини ривожлантириш бўйича бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда тасдиқлансин.


5. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 4-сон, 14-модда) билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтирилаётган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмалар миқдорларига 2-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари  - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.М. Джураев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 5 декабрдаги

968-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирликлар, давлат қўмиталари ва

идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига

йўналтирилаётган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ

бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан

ажратмалар миқдорларига киритилаётган қўшимча


Қуйидаги таҳрирдаги 34-позиция қўшилсин:

         

"

34.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

    

Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан  (қайта рўйхатдан) ҳамда техник кўрикдан ўтказишдан тушган маблағлар

      

60

".

     

Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек фуқаро муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик, кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, шунингдек, бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузганлик, кема бошқарувчиларининг кичик ҳажмли кемаларни маст ҳолда бошқаргани учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммаси

           

60

       


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 декабрь