язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш/ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича бюджетдан ташқари махсус жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.12.2017й. 968-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 5 декабрдаги

968-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлигининг моддий-техника

базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини

моддий рағбатлантириш бўйича бюджетдан ташқари

махсус жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича Бюджетдан ташқари махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда тузилади.


4. Жамғарма маблағлари Вазирликнинг бюджетдан ташқари махсус ҳисобрақамида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


5. Жамғарма маблағлари:

кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказиш, кичик ҳажмли кемаларни техник кўрикдан ўтказиш, кемаларни қуришда, фойдаланишда, қайта жиҳозлашда ва таъмирлашда кўрикдан ўтказишдан тушган маблағларнинг 60 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, шунингдек фуқаро муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик, кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, шунингдек, бундай кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузганлик, кема ҳайдовчиларининг кичик ҳажмли кемаларни маст ҳолда бошқаргани учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 60 фоизи миқдордаги ажратмалар;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, таркибий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотларини ривожлантириш бўйича бюджетдан ташқари жамғармалари фойдасининг 15 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси аҳолисига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимидан реклама-маркетинг маълумотларни трансляция қилиш учун фойдаланишдан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар ҳисобига шакллантирилади.


6. Жамғарма маблағлари:

Вазирликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларини, бунда Жамғарма маблағларининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдори ушбу мақсадларга сарфланади;

вакиллик тадбирларини (хорижий делегацияларни кутиб олиш, транспорт хизмати, таржимонларни жалб қилиш, совға ва сувенирлар сотиб олиш, овқатлантириш);

спорт мусобақалари ва маданий тадбирлар ўтказишни;

хорижий мутахассисларни жалб қилиш тадбирларини;

Вазирлик ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тадбирларини;

Вазирликнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида ўз хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини, шу жумладан:

санаторий-курорт ва тиббий хизмат кўрсатишни;

юқори касб маҳорати, мураббийлик учун ҳамда алоҳида ўрнак кўрсатган Вазирлик ходимларини асосий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаган ҳолда моддий рағбатлантиришни;

бир йўла мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатишни (алоҳида ҳолларда) молиялаштиришга йўналтирилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


7. Жамғарма таркиби ва фаолият тартиби Вазирликнинг ҳайъати томонидан белгиланадиган ва тасдиқланадиган Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан бошқарилади.


8. Қуйидагилар Жамғармани бошқариш кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлаш;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғармага хорижий кредит ва грантлар жалб этилишига кўмаклашиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


9. Жамғармани бошқариш кенгашининг мажлиси унда аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарор Жамғармани бошқариш кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва Жамғармани бошқариш кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.


10. Вазирликнинг молия-иқтисодиёт бошқармаси Жамғарманинг Ишчи органи ҳисобланади.


11. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

сўровномаларни умумлаштиради ва Жамғармани бошқариш кенгашига кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича даромадлари ҳисобини юритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан техник ва молиявий назоратни олиб боради;

ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Жамғармани бошқариш кенгашига тақдим этади.



4-БОБ. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


12. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.


13. Жамғарманинг тушумлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари кесимида) ва Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан тасдиқланади.


14. Жамғармани бошқариш кенгаши раиси Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларига зарурат бўлганда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


15. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Вазирлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Жамғармани бошқариш кенгаши томонидан тасдиқланади.


16. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси томонидан назорат қилинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 декабрь