язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси (ЎзР 09.01.2018 й. ЎРҚ-458-сонли Қонуни билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикасининг

2018 йил 9 январдаги

ЎРҚ-458-сонли Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасининг

МУДОФАА ДОКТРИНАСИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси (бундан буён матнда Доктрина деб юритилади) ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлашга доир принциплар ва ёндашувларни белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Доктринанинг мудофаа хусусиятига эгалигини тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради.


3. Доктрина:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Миллий хавфсизлик концепцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига асосланади, халқаро ҳуқуқнинг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг принциплари ва нормаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга таянади;

мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиқади;

Ташқи сиёсий фаолият концепциясининг ва мамлакат мудофаасини режалаштиришга доир бошқа ҳужжатларнинг асосий қоидаларини инобатга олади;

ҳарбий можароларнинг олдини олиш, ҳаётий муҳим миллий манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича давлат, жамият ва фуқаролар фаолиятини ташкил этиш йўналишлари ва усулларини очиб беради;

давлатнинг келажакда мудофаа соҳасидаги сиёсати устуворликларини, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини (бундан буён матнда Қуролли Кучлар деб юритилади) тайёрлаш, қуриш ва қўллашнинг асосий принциплари ва йўналишларини белгилайди.


4. Доктринани рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсати доирасида амалга оширилади.


5. Ушбу Доктринада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алоҳида давр - сафарбарлик (ҳарбий ҳолатни жорий этиш) тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошланадиган давр, шу жумладан ҳарбий ҳаракатлар олиб бориладиган бутун давр;


давлатнинг ҳарбий ташкилоти - давлат бошқаруви ва ҳарбий бошқарув органларининг, Қуролли Кучларнинг, уруш даври учун тузиладиган бошқа органлар, муассасалар ва махсус тузилмаларнинг, шунингдек мудофаа саноати комплекси мажмуи бўлиб, уларнинг биргаликдаги фаолияти ҳарбий хавфсизликни таъминлаш борасидаги вазифаларни ҳал этишга қаратилган бўлади;


мамлакат мудофааси - Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолисининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминловчи сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборотга оид, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирлар тизими;


миллий хавфсизликка ҳарбий соҳадаги таҳдидлар - Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий куч қўлланилиши ҳақиқатан мумкинлигини тавсифловчи омиллар;


ноқонуний қуролли тузилмалар - миллий ва халқаро қонун ҳужжатларига хилоф равишда шакллантирилган, террорчилик, экстремистик, жиноий ёки бошқа мақсадларни кўзловчи қуролли бирлашмалар, отрядлар, гуруҳлар;


таҳдид солувчи давр - вақтнинг турли муддат давом этадиган, қоида тариқасида, ҳарбий можаро бошланишидан олдинга тўғри келадиган ҳамда ҳарбий-сиёсий вазият ўта кескинлашганлиги билан тавсифланадиган даври;


фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф-муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;


қуролли можаро - давлатлар ўртасидаги (халқаро қуролли можаро) ёки бир давлат ҳудуди доирасидаги (ички қуролли можаро) қарама-қарши томонлар ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, миллий, этник, диний ва бошқа зиддиятларни ҳал этиш мақсадидаги миқёси чекланган қуролли тўқнашув (ҳаракат, жанжал) бўлиб, бунда уруш ҳолати эълон қилинмайди;


ҳарбий можаро - давлатлар ўртасидаги ёки давлатнинг ички қарама-қаршиликларини ҳарбий куч қўллаган ҳолда ҳал этиш шакли бўлиб, бу қуролли кураш олиб боришнинг барча турларини, шу жумладан урушлар ва қуролли можароларни қамраб олади;


ҳарбий тажовуз - Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва давлат мустақиллигига қарши ҳарбий кучни қўллаш;


ҳарбий хавфсизлик - миллий манфаатларнинг ҳарбий соҳада давлат хавфсизлигига бўлган таҳдидлардан ҳимояланганлик ҳолати.



II. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-СИЁСИЙ ЖИҲАТЛАРИ


1. Ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари


6. Глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг бутун тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётганлиги - геосиёсий қарама-қаршиликнинг кучайиши, можаролар ва танг вазиятларни куч ишлатиб ҳал этишга бўлган ёндашувнинг устунлик қилиши, куч ишлатиш, шу жумладан оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ошганлиги, ҳарбийлаштириш, халқаро терроризм ва экстремизм фаоллашганлиги, ахборот макони ва кибермаконда ўзаро кураш кучайганлиги билан тавсифланади.

Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларининг эркин талқин этилиши ҳамда танлаб қўлланилиши ҳоллари тобора кучаймоқда.

Ушбу банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида кўрсатилган хавотирли тенденциялар мавжуд танглик ўчоқларининг глобал миқёсда кескинлашувига ҳамда янгилари пайдо бўлишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида жаҳондаги ҳолат тобора мураккаблашмоқда, тахмин қилиниши қийин бўлган хусусият касб этмоқда.

Ўз навбатида Марказий Осиёдаги вазиятга терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансчегаравий жиноятчиликнинг сақланиб турган хавф-хатарлари ва таҳдидлари салбий таъсир кўрсатмоқда. Афғонистондаги ноқонуний қуролли тузилмалар фаолияти минтақа хавфсизлигига алоҳида хавф солмоқда.


7. Мазкур бўлимнинг 6-бандида кўрсатилган омиллар ҳарбий кучни қўллаш заруриятини келтириб чиқариши мумкин. Бундай шароитда давлатнинг мудофаа салоҳияти ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидларни жиловлаш, нейтраллаштириш ва тугатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолади.



2. Ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган асосий таҳдидлар


8. Ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган асосий таҳдидлар қуйидагилардан иборат:

ҳарбий ҳаракатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кўчиши хавфи бўлган ҳарбий можаролар;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси яқинида қўшинлар туркумларини минтақада кучлар мутаносиблиги бузилишига олиб келадиган тарзда ҳамда Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовузга тайёргарлик кўрилаётганидан дарак берадиган тарзда намойишкорона кўпайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш;

бевосита Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ёхуд қўшни давлатларнинг чегара олди туманларига ташлаш учун ноқонуний қуролли тузилмаларни ташкил этиш, ўқитиш ва қуроллантириш;

наркотрафик, қурол-яроғ, ўқ-дори, заҳарли ва портловчи моддалар, қўпорувчилик-террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган бошқа воситалар контрабандаси билан боғлиқ трансчегаравий ва халқаро уюшган жиноий фаолият;

ахборот-коммуникация маконида Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, мустақиллигига, ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган ҳамда аҳолининг тинч ҳаётига таҳдид солувчи мафкуравий ва психологик ҳаракатлар.



3. Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати


9. Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

мустақилликни, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш;

давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш;

Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни, хавфсизликни, барқарорликни ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш;

давлатнинг ҳарбий ташкилотини мунтазам равишда ривожлантириш, уни Ўзбекистон Республикасини қуролли ҳимоя қилишга шай ҳолатда сақлаб туриш.


10. Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган:

бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бундан ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно;

хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги;

бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;

ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмадан, агар у ҳарбий-сиёсий блок этиб ўзгартирилса, чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш;

мудофаанинг етарли даражада бўлиши;

ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши;

ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш;

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик;

ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик;

Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги;

халқнинг маънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий тамаддунига таяниш.


11. Ўзбекистон Республикаси тинчликсевар сиёсатни олиб борар экан, ҳарбий можароларнинг олдини олишда фаол иштирок этишни устувор вазифалардан бири деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

а) миллий даражада:

давлат ҳарбий ташкилотининг ўз мақсадига мувофиқ ҳаракат қилишга шайлигини сақлаб туриш;

ўз мудофаа саноати комплексини ва унинг илмий-ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш;

ижтимоий институтларга ва ҳокимият органларига бўлган ишончга путур етказишга, шунингдек давлатнинг ички ишларига аралашиш мақсадида аҳолининг оммавий онгига ахборот-мафкуравий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган илғор технологик ечимларни ва бошқа ечимларни қўллаш;

б) минтақавий даражада:

минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга кўмаклашиш, трансчегаравий сув оқимлари ресурсларидан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнларини тугаллаш, экологик барқарорликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларга ҳамда табиий ва техноген хусусиятдаги трансчегаравий таҳдидларга эътибор қаратиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш;

минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ташқи ҳамда ички таҳдидлар бўлишига йўл қўймаслик ва уларни нейтраллаштириш, экстремизм, терроризм, уюшган ҳамда трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш борасида Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро ҳамфикрлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

минтақа давлатлари ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш;

в) халқаро даражада:

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг, бошқа халқаро ташкилотлар ва институтларнинг халқаро хавфсизликни таъминлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигининг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда манфаатдор мамлакатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ва сақлаб туриш ҳамда давлатлараро ўзаро манфаатли, мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш;

оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик борасидаги глобал саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш;

экстремизм ва халқаро терроризм кўринишларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш;

халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш.


12. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизликни таъминлашга бўлган ўз ҳуқуқини амалга оширар экан, ўз Қуролли Кучларини:

ҳарбий тажовузни даф этиш;

ҳарбий соҳадаги миллий хавфсизликка таҳдид солувчи экстремизм, терроризм ва бошқа ғайриқонуний кўринишларга қарши курашиш;

фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш;

хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиш мақсадида қўллаши мумкин.



III. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-СТРАТЕГИК ЖИҲАТЛАРИ


1. Замонавий ҳарбий можароларнинг хусусияти


13. Халқаро ҳарбий-сиёсий вазият беқарор ривожланаётган шароитларда Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигига турли кўринишдаги ҳарбий можароларга унинг жалб этилиши эҳтимолини истисно этмайдиган таҳдидлар сақланиб қолмоқда.


14. Замонавий ҳарбий можароларнинг ўзига хос бўлган асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

зиддиятларни ҳал этиш учун ҳарбий куч ишлатиш зарурлиги тўғрисидаги сиёсий важларни ва халқаро жамоатчилик фикрини шакллантириш учун олдиндан ахборот-психологик таъсир кўрсатиш;

ҳарбий куч билан бир қаторда ноҳарбий тусдаги (сиёсий, иқтисодий, ахборот-психологик ва бошқа) чора-тадбирлардан фаол фойдаланиш;

юқори аниқликка эга қуролларни, радиоэлектрон кураш воситаларини, учувчисиз учиш аппаратларини ва роботлаштирилган комплексларни, тармоқли автоматлаштирилган бошқарув тизимларини қўллаш;

қарши курашаётган томонларнинг бутун ҳудудида объектларнинг аниқ нуқталарини нишонга уришга қодирлик;

қўшинлар туркумларининг юксак даражада ҳаракатчанлиги ва етарли даражадалиги;

махсус операция кучларининг, ноқонуний қуролли тузилмаларнинг, хусусий ҳарбий компаниялар ва бошқа ёлланма шахсларнинг кураш олиб боришнинг қўпорувчилик ҳамда террорчилик усулларидан фойдаланиб ҳарбий можароларда фаол иштирок этиши;

маҳаллий аҳолининг ҳарбий можароларга кенг жалб этилиши ва ўта заифлиги;

вайрон қилиниши кенг кўламли фавқулодда вазиятларни, шу жумладан трансчегаравий фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган муҳим давлат инфратузилмаси объектларига аниқ йўналтирилган ҳолда зарба бериш (фаолият кўрсатишини бузиш);

бир шаклдаги ҳарбий можаронинг тез орада бошқа шаклдагисига ўзгариши эҳтимолининг юқорилиги.



2. Мамлакатни эҳтимол тутилган ҳарбий можароларга

тайёрлашнинг асосий йўналишлари


15. Ҳарбий соҳада Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг бош вазифаларидан биридир ва у эҳтимол тутилган ҳарбий можароларга олдиндан тайёргарлик кўришдан, уларни жиловлаш ҳамда уларнинг олдини олишдан иборатдир.


16. Мамлакатни эҳтимол тутилган ҳарбий можароларга тайёрлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун ҳарбий ташкилотнинг барча таркибий қисмлари мувофиқлаштирилишини ва ўзаро ҳамкорликда ишлашини таъминлаш;

ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланиш тенденцияларини мониторинг ва прогноз қилиш ҳамда миллий хавфсизликка ҳарбий соҳадаги таҳдидларни нейтраллаштириш борасида ўз вақтида монанд чора-тадбирлар кўриш;

мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун қулай сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитларни сақлаб туришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатнинг сафарбарлик тайёргарлиги, ҳудудни тезкор жиҳозлаш ва ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

давлат ҳарбий ташкилотини мамлакатнинг иқтисодий имкониятларига мувофиқ мудофаа вазифаларини самарали ҳал этишни таъминлайдиган тарзда режали ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш;

муҳим давлат (ҳарбий) объектларини қўриқлаш ва мудофаа қилиш тизимини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимлари ишининг самарадорлигини ошириш;

ахборот хавфсизлиги тизимини шакллантириш, ахборот ёрдамида фаол курашиш шакллари, усуллари ва воситаларини ишлаб чиқиш;

давлат ҳарбий ташкилотининг бошқарув тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Қуролли Кучларга вазифаларни ўз вақтида қўйиш ва аниқлаштириш, уларнинг ҳаракатларини моддий-техникавий жиҳатдан ҳар томонлама таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларда Ватан тақдири учун жавобгарлик туйғусини мустаҳкамлаш борасида узлуксиз иш олиб бориш, шунингдек Қуролли Кучларнинг шахсий таркибини маънавий-ахлоқий ва психологик жиҳатдан самарали тайёрлаш.



3. Қуролли Кучлар, уларнинг асосий вазифалари

ва уларни қўллаш асослари


17. Қуролли Кучлар давлат ҳарбий ташкилотининг ва мамлакат мудофаа тизимининг негизи бўлиб, ҳарбий можароларни жиловлаш ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш учун мўлжаллангандир.

Қуролли Кучлар таркибига Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг тегишли бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасалари киради.

18. Қуролли Кучларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

а) тинчлик даврида:

ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини доимий равишда тизимли таҳлил ва прогноз қилиш;

ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар тўғрисида мамлакат мудофаа тизимининг барча кучлари ва воситаларини ўз вақтида огоҳлантириш (хабардор қилиш);

юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятга ва давлатнинг иқтисодий имкониятларига мувофиқ Қуролли Кучларнинг қўлланилишини батафсил ва монанд режалаштириш;

бошқарув органлари ва қўшинларнинг (кучлар ва воситаларнинг) жанговар шайлигини ҳамда жанговар қобилиятини қуролли можароларнинг олди олинишини таъминлайдиган даражада сақлаб туриш;

уруш бошланиши хавфи туғилган тақдирда Қуролли Кучларнинг стратегик жиҳатдан ёйилишга шайлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш;

муҳим давлат (ҳарбий) объектлари ва коммуникацияларини қўриқлаш ҳамда мудофаа қилиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш;

фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш;

мамлакат ҳудудини тезкорлик билан жиҳозлашга ва ҳарбий инфратузилмани ривожлантиришга доир тадбирларни ўтказиш;

ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимларини белгиланган муддатларда ёйишга ҳамда тегишли вазифаларни самарали бажаришга шай ҳолда сақлаб туриш;

бузғунчи кучларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви асосларига, ижтимоий-сиёсий барқарорликка қарши йўналтирилган ҳамда ҳарбий хавфсизликка зарар етказишга қаратилган қўпорувчилик фаолиятига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашиш;

бошқарув органлари ва қўшинларнинг тезкор ҳамда жанговар тайёргарлик режаларини ташкил этиш ҳамда бажариш;

б) таҳдид бўлаётган даврда:

Қуролли Кучларни юқори даражадаги жанговар шайликка келтириш бўйича комплекс тадбирларни ўтказиш;

Қуролли Кучларни стратегик жиҳатдан ёйиш;

ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимларини ёйиш;

ҳарбий ҳолат режимини сақлаб туриш;

в) уруш даврида:

ҳарбий тажовузни даф этиш ва тажовузкорнинг қўшинларига зарба бериш;

тажовузкорни Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига зид бўлмаган шартлар асосида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилиш.


19. Қуролли Кучларни қўллаш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондонининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мамлакат мудофаасини режалаштиришга доир бошқа ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилади ва амалга оширилади.

Қуролли Кучларни қўллаш шакллари ва усуллари ҳақиқатан юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳамда Ўзбекистон Республикасига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар хусусиятини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.



4. Қуролли Кучларнинг аҳолини ва объектларни фавқулодда

вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлари


20. Мамлакатнинг бутун ҳудудида аҳолини ҳамда потенциал хавфли объектларни замонавий ҳужум воситаларининг шикаст етказувчи омиллари таъсиридан, қўпорувчилик-террорчилик ҳаракатларидан ва фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тизими ташкил этилади.


21. Ҳалокат юз берган ҳудудларда ва зарба ўчоқларида муҳандислик, радиациявий, кимёвий ҳамда бошқа турдаги разведка, қидирув-қутқарув, эвакуация ва бошқа шошилинч ишларни бажариш, жабрланган одамларнинг ҳаёт фаолиятини биринчи навбатда таъминлаш, объектларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек фуқаро муҳофазасига доир қолган вазифаларни бажариш олдиндан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган қўшма режаларга мувофиқ Фуқаро муҳофазаси қўшинлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳарбий ҳамда ихтисослаштирилган тузилмалари, фуқаро муҳофазасининг ҳудудий ва объектлардаги тузилмалари томонидан амалга оширилади.



5. Мамлакат мудофаасига ва Қуролли Кучларга раҳбарлик қилиш


22. Мамлакат мудофаасига ва Қуролли Кучларга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий бош қўмондони амалга оширади. У Ўзбекистон Республикаси мудофаа сиёсатининг ва ҳарбий қурилишининг асосий йўналишларини белгилайди.


23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат ҳарбий ташкилотининг мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун зарур бўлган молиявий, моддий ва бошқа ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжларини ҳар томонлама таъминлаш, мудофаа манфаатларини кўзлаб мамлакат ҳудудини тезкорлик билан жиҳозлаш масалаларини ҳал этади, Қуролли Кучларнинг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланиши ҳамда таъминланишини ташкил этади, давлат ҳарбий буюртмаларини шакллантириш ва мудофаа аҳамиятига молик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишини таъминлайди, мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этади, фуқаро муҳофазасига раҳбарликни амалга оширади.


24. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларида белгиланган доирада мудофаа вазифаларини ҳал қилишда иштирок этади.


25. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи ҳарбий тузилмаларга раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиянинг марказий девонлари, шунингдек бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бошқарув органлари амалга оширади.

Мудофаа вазири уруш даври шароитида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондонининг ўринбосари ҳисобланади.


26. Қуролли Кучлар Бош штаби тинчлик даврида мамлакат мудофаасини режалаштиришнинг ва уруш даврида Қуролли Кучларни тезкор бошқаришнинг асосий органидир.

Тинчлик даврида Қуролли Кучлар Бош штаби ташкилий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибига киради ва вазирга бўйсунади, уруш даврида эса Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондонининг ишчи органига айланади.


27. Ҳарбий округ Қуролли Кучларнинг асосий ҳарбий-маъмурий бирлиги ва ҳудудий умумқўшин тезкор-стратегик бирлашмаси ҳисобланади. Ҳарбий округ қўмондонлиги мамлакатни қуролли ҳимоя қилиш манфаатларини кўзлаб тинчлик ва уруш даврида бўйсунувидаги қўшинларни тезкор режалаштириш ҳамда бошқаришни, шунингдек Қуролли Кучлар таркибига кирувчи ва унинг ҳудудий чегараларида жойлаштирилган барча ҳарбий тузилмаларнинг белгиланган йўналишда ягона тарзда режалаштирилишини, мувофиқлаштирилишини ва ҳамкорлигини амалга оширади.



6. Давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантиришнинг

асосий вазифалари ва йўналишлари


28. Давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантиришнинг асосий вазифалари миллий хавфсизликка ҳарбий соҳада мавжуд бўлган ва потенциал таҳдидларни, замонавий ҳарбий можароларнинг ўзига хос хусусиятларини, ҳарбий санъат назарияси ва амалиётининг ривожланишини, шунингдек давлатнинг ҳақиқий имкониятлари ва ресурсларини инобатга олган ҳолда мамлакатнинг мудофаа тизимини янада такомиллаштиришдан, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини оширишдан иборат.


29. Давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳарбий соҳада миллий хавфсизликнинг таъминланишини стратегик режалаштириш давлат тизимини қонунчилик йўли билан тартибга солиш самарадорлигини ошириш;

мамлакат мудофаасини режалаштириш тизимини такомиллаштириш;

давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш вазифаларига ва иқтисодий имкониятларига мувофиқ давлатнинг ҳарбий ташкилоти тузилмасини, таркибини ҳамда таркибий қисмлари сонини мақбуллаштириш;

мамлакатнинг сафарбарлик тайёргарлигини, давлат ҳарбий ташкилотининг фаолият юритишини иқтисодий жиҳатдан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

ҳарбий фанни ривожлантириш ва ҳарбий хавфсизликни таъминлаш соҳасида қабул қилинадиган қарорларнинг илмий жиҳатдан мустаҳкам тизимини такомиллаштириш;

мудофаанинг иқтисодий, технологик ва ҳарбий-техник базасининг асоси сифатида мудофаа саноати комплексини босқичма-босқич ривожлантириш;

қўшинларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техниканинг замонавий ва истиқболли намуналари билан қайта жиҳозлаш;

ҳудудий мудофаа ва фуқаро муҳофазаси тизимларини такомиллаштириш;

ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишга доир янги механизмларни ишлаб чиқиш;

аҳолини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарали механизмларини мазкур жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалиётга жорий этиш;

ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш.


30. Қуролли Кучларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳарбий қурилишнинг миллий ва хорижий тажрибасини инобатга олган ҳолда қўшинлар ҳамда Қуролли Кучлар ҳарбий тузилмаларининг ташкил этилишини, тузилишини ва таркибини такомиллаштириш;

қўшинларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлиги, қўшинларнинг тезкор, жанговар, маънавий-маърифий ва психологик тайёргарлигини режалаштириш ҳамда ташкил этиш, шунингдек таълим олган сафарбарлик захирасини тайёрлаш тизимларини такомиллаштириш;

барча даражалардаги бошқарув органларини мақбуллаштириш, қўшинларни ва қурол-яроғни бошқаришнинг ягона ҳимояланган ахборот-коммуникация тизимларини шакллантириш;

қўшинларнинг операциялари ва тактик ҳаракатларини тезкор (жанговар) таъминлаш тузилмаларини янада ривожлантириш;

ҳарбий таълим ҳамда миллий ҳарбий илмий ва педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини юксалтириш.



IV. ДОКТРИНАНИНГ ҲАРБИЙ-ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТЛАРИ


1. Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий

жиҳатдан таъминлаш асослари


31. Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан таъминлашнинг мақсади тинчлик ва уруш даврида давлат ҳарбий ташкилотининг Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсатини амалга ошириш учун етарлича молиявий, моддий-техникавий ва бошқа ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантиришдан иборатдир.


32. Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан таъминлаш қуйидаги принципларга асосланган:

а) давлат ҳарбий ташкилотини молиявий ва моддий-техникавий жиҳатдан таъминлаш даражасининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги вазифаларига ҳамда иқтисодий имкониятларига мувофиқлиги;

б) ҳарбий-иқтисодий фаолиятни бошқаришда марказлаштириш;

в) молиявий, моддий-техникавий ва бошқа ресурсларни давлат ҳарбий ташкилотини тегишли мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш орқали ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал этишга йўналтириш.


33. Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан таъминлашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотни етказиб бериш ҳамда ишлаб чиқаришга, мамлакат мудофааси эҳтиёжлари учун ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир давлат буюртмаларини жойлаштиришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш дастурларини, шунингдек Қуролли Кучларни қурол-яроғ, ҳарбий ҳамда махсус техниканинг модернизация қилинган ва истиқболли намуналари билан таъминлаш дастурларини иқтисодий ҳамда молиявий жиҳатдан ўз вақтида ва оқилона таъминлаш;

ҳарбий хавфсизликни таъминлашга йўналтириладиган молиявий ва моддий ресурслар харажатларини мақбуллаштириш, давлат ҳарбий ташкилотининг барча таркибий қисмларини ўзаро боғлиқ, уйғун ҳолда ривожлантириш асосида улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

қўшинларни ва қурол-яроғни бошқаришнинг унификация қилинган, ҳимояланган ахборот-коммуникация тизимларини разведка, огоҳлантириш, радиоэлектрон кураш тизимларини, шунингдек юқори аниқликдаги нишонга уриш воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқариш учун иқтисодий ва молиявий шароитлар яратиш;

мамлакатнинг, Қуролли Кучларнинг ва ҳарбий инфратузилманинг илмий-техникавий, технологик ва ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш;

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотдаги, шунингдек уларни ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқариш технологияларидаги интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

иқтисодиётнинг фуқароларга оид ва ҳарбий секторларини ўзаро уйғунлаштириш ҳамда давлатнинг ҳарбий-иқтисодий фаолиятини унинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини кўзлаб мувофиқлаштириш;

ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг турмуш даражасини юксалтириш, қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий кафолатларини амалга ошириш;

мамлакатнинг сафарбарлик шайлиги ва сафарбарлик тайёргарлиги тизимларини такомиллаштириш;

моддий воситалар захираларини шакллантириш;

ўзаро манфаатли халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш.


34. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг таркибий қисми бўлган мудофаа бюджети мамлакат мудофаасини молиявий жиҳатдан таъминлашнинг асосидир. Мудофаа бюджети давлатнинг иқтисодий имкониятларини ва давлат ҳарбий ташкилотининг мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун ҳақиқий талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.


35. Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ҳарбий хизматни ўташ тартибини, ички таъминотини, уй-жой, тиббий ва пенсия таъминотини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва жамиятда ҳарбий хизматнинг нуфузи, обрўси оширилишини таъминлайдиган давлат дастурларини рўёбга чиқаришнинг бошқа ишлаб чиқилган самарали механизмлари асосида амалга оширилади.


36. Халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик Қуролли Кучларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техниканинг энг янги ҳамда истиқболли намуналари билан таъминлаш, уларни модернизация қилиш, таъмирлаш ва утилизация қилиш бўйича вазифаларни ҳал этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мудофаа саноати комплексига чет эл инвестициялари ҳамда технологияларини жалб этиш, шунингдек ҳарбий, ҳарбий-техник кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш заруриятига мувофиқ ташкил этилади ҳамда амалга оширилади.



2. Мамлакатнинг сафарбарлик тайёргарлиги


37. Ўзбекистон Республикаси сафарбарлик тайёргарлигининг асосий мақсади иқтисодиётни, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, ҳудудларни, аҳолини ва Қуролли Кучларни ҳарбий тажовузнинг даф этилишини таъминлашга ҳамда уруш даврида давлат ва аҳоли эҳтиёжларини қаноатлантиришга тайёрлашдан иборат.


38. Мамлакат сафарбарлик тайёргарлигининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек кўп укладли иқтисодиёт шароитида мулк шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилаш;

мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик режасини шакллантириш;

ҳарбий ва фуқаролар учун мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи (таъмирловчи) ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда жойлаштиришга доир асосли қарорлар ва режаларни, давлатнинг моддий захираларини, фуқаро муҳофазаси объектлари ва мол-мулкини жамлаш нормативларини, шунингдек алоҳида даврда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг барқарор фаолият кўрсатишига доир кўрсаткичлар ишланмаларини ишлаб чиқиш;

корхоналар, муассасалар, ташкилотларга, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига алоҳида даврда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш бўйича сафарбарлик топшириқларини белгилаш;

иқтисодиётни бошқариш тизимининг алоҳида даврда барқарор фаолият кўрсатишга шайлигини таъминлаш;

уруш даврида иқтисодиётнинг барқарор фаолият кўрсатишини ва аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлайдиган давлат инфратузилма объектларини ривожлантириш;

уруш даврида Қуролли Кучларга топшириш учун ёки мамлакат иқтисодиёти манфаатларини кўзлаб фойдаланиш учун мўлжалланган махсус тузилмалар ва муассасаларни ташкил этиш ҳамда шай ҳолатда сақлаб туриш;

давлат захираларида моддий бойликлар захираларини шакллантириш;

молия ва солиқ тизимларининг уруш даврида фаолият кўрсатишга шайлигини таъминлаш;

Қуролли Кучларнинг сафарбар ҳолда ёйилишини ва зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга шай ҳолатга келтирилишини ҳар томонлама таъминлаш.



3. Мамлакатнинг мудофаа саноати комплекси


39. Қуролли Кучларнинг қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техниканинг модернизация қилинган ҳамда истиқболли намуналарига, шунингдек бошқа ҳарбий-техникавий мол-мулкка бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш учун мўлжалланган мудофаа саноати комплексини босқичма-босқич ривожлантириб бориш мамлакат мудофаасининг иқтисодий, технологик ва ҳарбий-техникавий базасининг асосини ташкил этади.


40. Мамлакат мудофаа саноати комплексини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

мудофаа саноати корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг самарали ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи ўрта муддатли дастурларни амалга ошириш;

ҳарбий-техникавий йўналишдаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини шакллантириш ҳамда ўтказишнинг давлат тизимини жорий этиш;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва манфаатдор хорижий шериклар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш;

ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотни яратиш, ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва модернизация қилиш соҳасидаги талаб юқори бўлган технологияларни ўзлаштириш;

бошқарув кадрларини, илмий, муҳандис-техник ва ишчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, иқтисодиётнинг ҳарбий секторидаги меҳнат фаолиятининг жозибадорлигини ошириш бўйича рағбатлантирувчи ижтимоий чора-тадбирларни жорий этиш.


* * *


Ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар кўринишларининг ўзгаришларига, ҳарбий-сиёсий вазият шароитларига, замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига, давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантириш вазифалари ва йўналишларига боғлиқ ҳолда Доктринанинг айрим қоидалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаштирилиши ҳамда тўлдирилиши мумкин.

Ҳарбий хавфсизликни таъминлаш соҳасида давлат фаолиятининг устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий бош қўмондони томонидан аниқлаштирилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 10 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 15 январь, 2-сон, 23-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2018 йил, 1-сон, 3-модда