язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Машинасозлик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.01.2018 й. ПҚ-3481-сон "Урганч экскаватор" акциядорлик жамияти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.01.2018 й.

N ПҚ-3481



"УРГАНЧ ЭКСКАВАТОР"

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Хоразм минтақасининг иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятини ошириш, хорижий инвесторларни мелиоратив ва йўл-қурилиш техникасини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш соҳасига фаол жалб қилиш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида Халқаро инвестиция форуми давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 10 февралдаги Ф-4613-сонли фармойишига мувофиқ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Xuzhou Construction Machinery Group Co., Ltd" (XXP) корпорацияси (кейинги ўринларда - хорижий инвестор деб юритилади) ўртасида 2016 йил 28 июнь куни "Урганч экскаватор" АЖ акцияларининг 51 фоизини хорижий инвесторга реализация қилиш тўғрисида оралик битими имзоланди;

имзоланган оралик битими асосида хорижий инвестор олти ой мобайнида технологик ускуналар, асбоблар, замонавий териш линияси ва номоддий мулкни етказиб бериш шаклида инвестициялар киритиш, мустақил баҳоловчи ташкилот орқали уларнинг умумий миқдорини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди;

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 18-моддаси талабларига мувофиқ, жамиятнинг устав жамғармаси (устав капитали) қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин;

"Урганч экскаватор" акциядорлик жамиятининг ягона акциядори бўлмиш "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан хорижий инвестор улушини 51 фоизгача етказиш учун қўшимча акциялар чиқариш орқали "Урганч экскаватор" АЖ устав жамғармасини (устав капиталини) кўпайтириш, кейинчалик уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш хамда технологик ускуналар, асбоблар, замонавий териш линияси ва номоддий мулкнинг белгиланган нархи миқдорида хорижий инвестор томонидан киритиладиган инвестициялар ҳисобига мазкур акцияларнинг ҳақини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.


2. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг хорижий инвестор улушини 51 фоизгача етказиш учун қўшимча акциялар чиқариш орқали "Урганч экскаватор" АЖ устав жамғармасини (устав капиталини) кўпайтириш, кейинчалик уларни Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда "Урганч экскаватор" АЖ устав жамғармасидаги (устав капиталидаги) улушлар куйидаги тартибда тақсимланади:

хорижий инвестор - 51 фоиз;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ - 49 фоиз.


3. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси "Урганч экскаватор" акциядорлик жамиятининг қўшимча чиқарилган акциялари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида уларнинг кейинчалик ҳисобга қўйилишини таъминласин.


4. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ уч ой муддатда "Урганч экскаватор" АЖ ва хорижий инвестор ўртасида қўшимча чиқарилган акцияларнинг олди-сотдиси бўйича битим тузилишини, мазкур битимнинг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов хамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 18 январдаги

ПҚ-3481-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли қарори 1-иловасининг "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТК кичик бўлими ва 31-позицияси.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида Халқаро инвестиция форуми давомида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 16 ноябрдаги ПҚ-2432-сонли қарори 2-иловасининг 6-кичик банди ва 26-позицияси.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида Халқаро инвестиция форуми давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 10 февралдаги Ф-4613-сонли фармойиши 2-иловасининг 6-кичик банди ва 26-позицияси.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 январь