язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Электр энергетикаси. Иссиқлик энергетикаси/ Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари (ЎзР ВМ 12.01.2018 й. 22-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 12 январдаги

22-сон қарорига

1-ИЛОВА



Электр энергиясидан фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, "Электр энергетикаси тўғрисида", "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида", "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида", "Табиий монополиялар тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ электр энергиясини етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


2. Ушбу Қоидалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, электр энергия истеъмолчилари, истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловни йиғиш функциясини бажарувчи хусусий операторлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) томонидан бажариш учун мажбурий ҳисобланади.


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


энергия таъминоти бўйича авария брони - истеъмолчилар фаолияти қисман ёки тўлиқ тўхтатилган ҳолда ускуналарни сақлаш, инсонлар ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш, авария ва қўриқлаш ёритгичлари, шамоллатиш, сув ҳайдаш, сув таъминоти, иситиш, ёнғин хавфсизлиги воситалари учун зарур бўлган электр қувватининг энг кам миқдордаги даражаси ёки электр энергияси ҳажми;


авария режими - электр энергетика объектларининг ишлаш технологик параметрларининг ягона электр энергетика тизими ишончли ишлашининг издан чиқишига ва истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш чекланишига олиб келиши мумкин бўлган йўл қўйиб бўлмайдиган тарзда четга чиқиши;


блок-станциялар - истеъмолчиларнинг ягона электр энергетика тизимига бевосита ёки истеъмолчилар тармоғи орқали уланган ҳамда оператив-диспетчерлик бошқаруви тизимига кирадиган электр станциялари;


электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегараси - электр тармоғининг баланс бўйича мансублиги билан аниқланадиган, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасидаги электр тармоғининг бўлиниш нуқтаси;


электр таъминоти шартномаси - ҳудудий электр тармоқлари корхонасига истеъмолчида керакли ускуналар ва электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлган тақдирда, унга электр тармоғи орқали электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини юклайдиган, истеъмолчига эса электр энергияси ҳақини тўлаш, шунингдек, электр энергияси истеъмолининг шартномада назарда тутилган режимига риоя қилиш, ўз тасарруфида бўлган электр тармоқларини эксплуатация қилиш хавфсизлигини ҳамда электр энергияси истеъмоли билан боғлиқ бўлган ўзи фойдаланадиган ускуналар ва асбобларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлашга доир чора-тадбирларни бажариш мажбуриятини юклайдиган битим;


электр энергияси (қуввати) истеъмолининг шартномадаги миқдори - электр таъминоти шартномасида белгиланган ва тегишли ҳисоб-китоб даврида техник шартларга кўра рухсат этилган қувват, электр қурилмаларидан фойдаланилган иш соатлар сони ва иш кунлар миқдорларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган электр энергияси (актив, реактив) миқдори;


ягона электр энергетика тизими - электр энергияси ишлаб чиқарувчи, магистрал электр тармоқлари, ҳудудий электр тармоқлари ва уларни тезкор-диспетчерлик бошқариш корхоналари;


электр энергияси сифати - электр энергияси параметрларининг давлат стандартлари бўйича белгиланган талабларга мувофиқлиги;


электр энергиясини ҳисобга олишни назорат қилиш асбоби - назорат қилиш учун фойдаланиладиган ва кўрсаткичлари асосида алоҳида цехлар, технологик линиялар, кўп энергия сарфлайдиган ускуналар ва бошқа ускуналарнинг электр энергияси сарфини аниқлаш имконини берадиган ҳисоблаш асбоби;


етарли миқдорда етказиб берилмаган электр энергияси (кам етказиб бериш) - энергия таъминотидаги танаффус, шу жумладан узиб қўйиш ва чеклаш вақтида истеъмолчи тўлиқ олмаган электр энергияси миқдори;


электр тармоғи хўжалиги объектлари - электр энергиясини узатиш ва етказиб беришни амалга ошириш учун мўлжалланган электр энергияси узатиш линиялари, трансформатор подстанциялари, тақсимлаш пунктлари;


чеклаш - шартномада назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш оқибатида муайян вақт оралиғи давомида, шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига шартномада белгиланган электр энергиясини етказиб бериш миқдорининг камайиши;


электр энергияси таъминотидаги танаффус (узиб қўйиш) - истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш, автоматика қурилмаларининг муваффақиятли ишлаши туфайли ёки электр энергияси истеъмол қилишнинг чекланишига олиб келмайдиган, бир вақтнинг ўзида бир нечта линиялар бўйича электр энергияси олувчи истеъмолчилар учун битта ёки бир нечта электр энергияси етказиб бериш линияларининг узиб қўйилиши туфайли содир бўладиган танаффуслар бундан мустасно;


режали узиб қўйиш - агар электр таъминоти шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг электр қурилмаларини режали-огоҳлантириш таъмирлаш жадвали бўйича таъмирлаш ёки профилактика қилиш даврида истеъмолчиларни олдиндан (камида 3 сутка олдин) огоҳлантирган ҳолда истеъмолчига электр энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш;


тўлов ҳужжати - тўлов тизимининг қоидалари билан белгиланган таркибга, реквизитлар форматига эга бўлган ҳамда электрон тўловни амалга ошириш учун зарур ахборотни ўз ичига олган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган тўлов талабномаси, тўлов топшириқномаси ёки электрон тўлов ҳужжати бўлиб, унинг асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ҳисоб-китоб рақамига пул маблағлари ўтказилади, шунингдек, тўловни нақд пулда тўлаш имконини берадиган билдиришнома. Электрон тўлов ҳужжатлари орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда уларнинг электрон тўловни амалга ошириш учун зарур реквизитларни сақлаган ҳолда қоғоздаги шакли ҳам таъминланиши керак;


электр энергияси истеъмолчиси (истеъмолчи) - электр таъминоти шартномасига мувофиқ ишлаб чиқариш ва (ёки) маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;


ҳудудий электр тармоқлари корхонаси - вилоят, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш ва тақсимлаш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;


электр энергиясини қабул қилгич (электр қабул қилгич) - электр энергиясини қабул қилиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган қурилма ёки асбоб;


истеъмолчининг уланган қуввати - истеъмолчининг электр энергиясини (бевосита электр қабул қилгичларни таъминлайдиган) ишчи кучланишга айлантирувчи трансформаторларининг ва 1000 В дан юқори кучланишли электр двигателларининг электр тармоқларига уланган жами қуввати. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқ трансформаторлардан ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг паст кучланишли тармоқларидан таъминланганда, истеъмолчининг уланган қуввати учун фойдаланишга рухсат этилган қувват қабул қилинади, унинг миқдори ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан белгиланади ҳамда электр таъминоти шартномасида кўрсатилади;


ҳисоб-китоб даври - электр энергияси истеъмолининг сарфи (ҳажми) аниқланиши, истеъмол қилинган электр энергияси учун истеъмолчи ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган вақт даври (ой);


электр энергиясини ҳисобга олиш прибори - электр энергияси сарфини ҳисобга олиш прибори (кейинги ўринларда ҳисобга олиш прибори деб аталади) бўлиб, истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳақ тўланиши лозим бўлган ҳажми унинг кўрсаткичлари асосида аниқланади;


тизим оператори - ягона электр энергетика тизими, магистрал электр тармоқлари фаолиятининг технологик режимини тезкор-диспетчерлик бошқарувини, шунингдек, унинг бошқа давлатлар электр энергетика тизимлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи ваколатли тузилма;


субистеъмолчи - ҳудудий электр тармоқлари корхонаси розилиги билан бошқа истеъмолчининг электр тармоқларига бевосита уланган ва у билан электр таъминоти юзасидан шартнома тузган истеъмолчи. Электр энергияси субистеъмолчига берилганда, истеъмолчи мазкур Қоидаларга риоя қилиш бўйича жавобгар бўлади;


электр таъминотининг технологик брони - технологик жараённи, ишлаб чиқариш циклини тугаллаш учун зарур бўлган электр энергияси ёки қуввати ҳажми;


ҳисобга олиш нуқтаси - электр таъминоти схемасидаги нуқта, унда ўлчаш асбоби (ёки ҳисобга олиш тизими) ёрдамида электр энергияси сарфининг ҳажми аниқланади;


электр таъминоти корхонаси - ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишни амалга оширувчи бўлинмаси;


электр қурилмаси - электр энергиясини ишлаб чиқариш, трансформация қилиш, узатиш, тақсимлаш ҳамда уни энергиянинг бошқа турига айлантириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, электр узатиш линиялари ва ёрдамчи ускуналар йиғиндиси (улар ўрнатилган иншоотлар ва бинолар билан бирга);


электр энергиясини ҳисобга олишни назорат қилиш асбобини улаш схемасини текшириш (текшириш) - Бюро ва (ёки) ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ходими томонидан истеъмолчининг инструментал усул билан электр энергияси истеъмолини ҳисобга олишни назорат қилиш асбоби ва ўлчов трансформаторларининг уланиш схемаси тўғрилигини текшириш ҳамда бир вақтнинг ўзида белгиланган намунадаги далолатнома расмийлаштирилиб, кейинчалик уни ахборот дастурий комплексининг тегишли реестрига киритиш;


кўрсаткичларни назорат тартибида текшириш (айланиб чиқиш) - Бюронинг ваколатли шахси томонидан электр энергиясини ҳисобга олишни ҳисоб-китоб қилиш асбобларидан электр энергиясининг ҳақиқий сарфи кўрсаткичларини олиш ва электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, ўлчов трансформаторлари, уларнинг улаш схемалари ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини кўздан кечириш;


реактив энергиянинг иқтисодий қиймати - реактив энергиянинг энг мақбул қиймати бўлиб, унинг ошиб кетиши электр энергия сифатининг ёмонлашувига ва электр таъминоти корхонаси тармоқларида энергия йўқотиш ортишига олиб келади;


маиший истеъмолчилар - электр энергиясидан маиший эҳтиёжлар учун фойдаланувчи аҳоли (уй эгалиги/квартиралар хоналари ва ҳудудини ёритиш, электр-маиший ва бошқа асбоблардан фойдаланиш, овқат тайёрлаш, иситиш ва иссиқ сув таъминоти).

4. Истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш учун "Ўзстандарт" агентлиги ёки Ўзбекистон Республикасининг ўлчов воситаси турини тасдиқлаш тўғрисидаги сертификатига эга бўлган ҳудудий бўлинмалар томонидан рўйхатдан ўтказилган Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) мос келадиган ҳисобга олиш асбоблари қўлланилади.

Бюро истеъмолчилар билан биргаликда истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги миқдорини аниқлаш учун улардаги электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари (маиший истеъмолчилардан ташқари) кўрсаткичларини ҳар ойда ёзиб олиши ва зарур бўлганда электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини улаш схемасини текшириб кўриши керак. Истеъмолчи томонидан электр энергияси сарфи тўғрисида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Бюрога белгиланган шакл бўйича ўз қўли билан, факсимил, электрон ёки почта алоқаси орқали тақдим этилган ҳисобот юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар учун истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги ҳажмини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

ЭҲНАТнинг жорий этилиши муносабати билан истеъмолчиларнинг ҳисобга олиш асбобларидаги кўрсаткичлар автоматлаштирилган тизимнинг техник параметрларига мувофиқ, бироқ бир ойда камида бир марта ёки истеъмолчининг буюртмаси бўйича ёзиб олинди.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари шахсий ҳисобрақам ва ҳисобга олиш асбобларининг ҳолати ҳақида батафсил маълумотлар доимий асосда шакллантирилишини ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига реал вақт режимида юборилишини таъминлайди.


5. Истеъмолчи ўзига тегишли электр тармоқларига кучланиши 1000 В гача бўлган қўшимча электр қурилмаларини рухсат этилган қувват миқдори даражасида улаши мумкин (электр энергиясини иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун қўллашдан ташқари).


6. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, истеъмол қилиш соҳасидаги меъёрлар ва қоидаларга риоя қилиниши юзасидан давлат назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзэнергоинспекция томонидан амалга оширилади.

7. Электр энергиясининг исроф қилиб сарфланиши ва истеъмолчи электр қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати аниқланганда, Ўзэнергоинспекция электр энергияси етказиб беришни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.

Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчида энергиядан нооқилона фойдаланганлик, электр энергиясини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни бажармаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда (имзоланган далолатномага мувофиқ), ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергиясидан нооқилона фойдаланиш бўйича аниқланган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда энергия истеъмолининг шартномадаги миқдорини камайтиришга ҳақлидир.

8. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига электр тармоғи хўжалиги объектларидаги аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ёки одамлар хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур бўлганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан, бироқ уни дарҳол хабардор қилган ҳолда электр энергиясини узатишни узиб қўйиш ёки чеклашга рухсат этилади.


9. Объектнинг электр таъминоти лойиҳасида кўзда тутилган ўзаро заҳираланувчи манбаларни автоматик ишга тушириш ёки асосий манбани қайта автоматик тиклаш вақтида электр энергиясининг узиб қўйилиши (сабабларидан қатъи назар) электр таъминотида танаффус деб ҳисобланмайди.

10. Ваколатли давлат органлари махсус қоидалар бўйича фойдаланиладиган электр қурилмаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ энергетика назоратидан ўтказади.


11. Давлат энергетика назоратининг амалга оширилиши истеъмолчиларни фойдаланилаётган электр тармоқлари, асбоблар ва ускуналарнинг зарур техник ҳолати ва хавфсизлиги таъминланиши, электр энергияси истеъмолининг белгиланган режимига риоя этилиши учун жавобгарликдан, шунингдек, электр энергиясидан фойдаланиш пайтида пайдо бўладиган авариялар, ёнғинлар, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларининг носозликлари ва бошқа қоида бузарликлар тўғрисида ҳудудий электр тармоқлари ташкилотларини дарҳол хабардор қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.


12. Электр тармоқлари, асбоблар ва ускуналарнинг техник ҳолатига ва уларни эксплуатация қилишга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларга риоя этилишини назорат қилиш тартиби электр энергетика соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



2-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИГА

БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ ПРОГНОЗИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ

14. Республикада электр энергияси истеъмолининг прогнози ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан иқтисодий ривожланиш, аҳоли сонининг ўсиши ва уй-жой қурилишини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир истеъмолчи билан тузилган электр таъминоти шартномаларида кўрсатилган эҳтиёж миқдорлари асосида аниқланади.

15. Электр энергетика объектларининг ички тармоқ электр энергияси истеъмолининг прогнози (корхоналарнинг электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ўзининг ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, белгиланган тартибда тасдиқланган электр энергиясини электр тармоғи хўжалиги объектларига узатиш бўйича электр энергиясининг технологик сарфи) ҳар йили 1 октябргача умумлаштирилади ҳамда келгуси йил учун электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси таркибига киритилади.


16. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона ҳар йили 1 октябргача "Ўзбекэнерго" АЖга келгуси йилга электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувват ва прогноз тўғрисида маълум қилади.


17. "Ўзбекэнерго" АЖ чораклар бўйича бўлиб чиққан ҳолда, келгуси йилги электр энергияси эҳтиёжининг прогнозини шакллантиради ва жорий йилнинг 15 октябригача уни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансига мувофиқ, электр энергиясининг кўриб чиқилаётган йил учун чоракларга бўлинган йиллик ресурсларини белгиланган муддатда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказади.



3-БОБ. ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ

ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ


18. Электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар тури сифатида, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва энергия қурилмалари шу ташкилот тармоғига бевосита уланган истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида мазкур Қоидаларга мувофиқ етказиб берилади.

Юридик шахснинг номи ўзгарганда ёки электр қурилмалар мулкдори алмашганда истеъмол қилинадиган қувват ва (ёки) электр таъминотининг ишончлилик тоифаси ўзгармаса, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи - электр қурилмаларининг ҳуқуқий вориси ўртасида электр таъминоти шартномаси оммавий аферта асосида электр таъминоти шартномасини келишиш (қабул қилиш) ва уни ахборот-коммуникация тизимлари орқали янги мулкдор томонидан тасдиқлаш йўли билан тузилади.

19. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасидаги электр таъминоти шартномаси электр таъминотининг намунавий шартномасига мувофиқ тайёрланган шаклда тузилади.

Электр таъминотининг намунавий шартномаси "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан ишлаб чиқилади ва Бюро, Ўзэнергоинспекция ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

20. Электр таъминоти шартномаси 2 нусхада тузилади. Бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчиси ҳудудий электр тармоқлари корхонасида қолади.


21. Субистеъмолчилар истеъмолчилар билан электр таъминоти шартномасини ҳудудий электр тармоқлари корхоналари розилигига асосан тузади.


22. Субистеъмолчиларга ўз тармоқлари орқали электр энергиясини етказиб берувчи истеъмолчилар субистеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр энергиясининг умумий (жами) миқдори бўйича электр таъминоти шартномасини тузади.



4-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИ ЭЛЕКТР

ТАРМОҚЛАРИГА УЛАШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


23. Электр энергияси истеъмолчилари, шу жумладан хусусий уй-жойларда яшовчилар, объектларни лойиҳалаштириш ва ишга туширишдан аввал электр қурилмаларининг янги ёки қўшимча қувватларини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларига улаш учун техник шартларни олишга мажбурдирлар.

Техник шартларсиз электр қурилмаларнинг электр таъминотини лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларига улаш тақиқланади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоқларига уланиш учун техник шартларнинг бажарилиши барча истеъмолчилар, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.


24. Кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган трансформаторлар ёки двигателларнинг янги ёки қўшимча қувватларини улаш, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг тармоқ трансформаторларига паст кучланишли қурилмаларнинг янги қувватини улаш ёки уларнинг рухсат берилган қувватини ошириш учун техник шартлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчи-буюртмачидан (қурувчидан) ёки унинг топшириғи бўйича бош лойиҳалаш ташкилотидан буюртма олингандан сўнг бир ой муддатда белгиланган тартибда берилади.

Тадбиркорлик субъектларига техник шартлар Давлат хизматлари марказлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда берилади. Бунда истеъмолчиларнинг хоҳишига кўра, уларни электр тармоқларига "тайёр ҳолда" улаш мумкин.

Истеъмолчилар учун техник шартлар тўлов ундирмасдан берилади.


25. Истеъмолчи техник шартларни олиш бўйича буюртманомада лойиҳалаштирилаётган объектни тавсифловчи қуйидаги маълумотларни қисқача шаклда кўрсатади: юклама миқдори, истеъмолчининг электр таъминоти ишончлилиги бўйича тоифаси, жойлашган жойи (аҳоли пункти билан боғлиқ картография материали), объектни лойиҳалаштириш ва қуриш муддатлари.


26. Электр қурилмаларнинг қўшимча қуввати улаганда, захира электр таъминотини талаб этадиган тоифага ўтиш муносабати билан электр қурилмаларининг электр таъминоти ишончлилиги бўйича тоифаси ўзгарганда ҳамда ташқи электр таъминоти схемаси ўзгарган тақдирда, истеъмолчи қўшимча техник шартлар олишга мажбурдир.

Белгиланган қувват техник шартлар ва электр таъминоти шартномасида белгиланган миқдордан ошириб юборилганда, Бюро ёки унинг талабномасига кўра ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан қўшимча уланган қувват узиб қўйилади.

Бунда истеъмолчи томонидан истеъмол қилишга рухсат этилган қувватнинг оширилиши туфайли авария ҳолати юзага келганда ва/ёки ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоғи хўжалиги объектларига зарар етказилганда, истеъмолчидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда етказилган ҳақиқий зарар суммаси ҳам ундирилади.


27. Электр қурилмалари истеъмолчининг электр тармоқларидан қувват оладиган субистеъмолчилар техник шартларни ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг рухсати билан истеъмолчилардан олади ва электр таъминоти лойиҳасини Ўзэнергоинспекция ва истеъмолчи билан келишади.

Агар, субистеъмолчининг юкламаси ортиши сабабли истеъмолчининг ташқи электр таъминоти схемасини ўзгартириш ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан тузилган электр таъминоти шартномасида қайд этилган трансформаторлар ва юқори вольтли двигателлар қувватини кўпайтириш талаб этилса, истеъмолчи юкламани кўпайтириш бўйича техник шартларни ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан олади.


28. Объектни ҳудудий электр тармоқларига улашнинг техник шартлари энг яқин электр тармоқ хўжалиги объектлари томонидан уларнинг бандлик даражаси ҳисобга олинган ҳолда берилади ва ушбу шартларда қуйидагилар кўрсатилади:

электр қурилмаларнинг истеъмол қилишга рухсат этилган ҳамда қайтадан уланадиган ва/ёки қўшимча ҳисоблаб чиқилган қуввати;

уланиш нуқтаси (подстанция, электр станцияси ёки электр энергиясини узатиш линияси), объектни таъминловчи ҳаво ва кабель линиялари ташкил этиладиган кучланиш, алоҳида ҳолатларда ташқи электр энергияси таъминоти схемаси вариантларини ишлаб чиқиш зарурати кўрсатилади;

янги истеъмолчининг уланиши туфайли мавжуд тармоқни кучайтириш бўйича асосланган талаблар (симлар кесимларини ошириш, трансформаторлар қувватини алмаштириш ёки кўпайтириш, захира ячейкалари барпо этиш ва шу кабилар);

қисқа туташиш токларининг ҳисобланган миқдори, релели ҳимоя, автоматика, алоқа, изоляция ва ўта кучланишдан ҳимояга қўйиладиган талаблар;

50 кВт ва ундан юқори истеъмол қилишга рухсат этилган истеъмолчилар учун реактив қувват ўрнини тўлдиришга қўйиладиган талаблар;

электр энергиясини ҳисобга олиш бўйича қўйиладиган талаблар;

давлат стандартларига мувофиқ ток қабул қилгичлар ёнида барқарорлаштирувчи қурилмалар ва электр энергияси сифатини назорат қилувчи асбоблар ўрнатилишига қўйиладиган талаблар;

истеъмолчи юкламаси суткалик жадвалини тартибга солиш бўйича талаблар;

электр қурилмаларининг намунавий лойиҳаларини қўллаш бўйича тавсиялар;

истеъмолчининг ҳудудий электр тармоқлари таъминловчи линиялари уланадиган электр қурилмаларига қўйиладиган ўзига хос талаблар (ягона электр энергетика тизимида қувват танқислиги пайдо бўлганда бундай ток қабул қилгичларнинг электр таъминотини сақлаш мақсадида заҳира энергия манбаининг, кучланиш бериладиган жойларни автоматик ҳимоя қилишнинг зарурлиги, таъминловчи линияларнинг параллель ишлашига йўл қўйилиши, айрим заҳира таъминловчи линияларга юкламаларни ажратиш ва бошқалар);

корхона, бино, иншоотлар лойиҳасида (ишчи лойиҳасида) электр қурилмаларини эксплуатация қилишни ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги талаблар;

истеъмолчи тармоғига уланадиган субистеъмолчилар рўйхати (уларнинг юкламалари ва электр энергияси истеъмоли тўғрисидаги асосий истиқбол маълумотларини кўрсатган ҳолда);

ишларни лойиҳалаш ва бажаришнинг амалдаги меъёрларини ҳисобга олган ҳолда, техник шартларнинг белгиланган амал қилиш муддати.


29. Корхоналар, бинолар, иншоотлар, уларнинг навбатлари ёки алоҳида ишлаб чиқаришларнинг техник шартларга мувофиқ ишлаб чиқилган электр таъминоти лойиҳалари (ишчи лойиҳалари) қонунчиликда белгиланган тартибда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан кўриб чиқилиши ва Ўзэнергоинспекция билан келишилиши керак.

30. Истеъмолчиларнинг юкламаларини улаш билан боғлиқ янги электр қурилмаларини ва электр тармоғи хўжалигининг объектларини лойиҳалаш ва қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


31. Истеъмолчи, унда техник имконият мавжуд бўлса, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг талаби бўйича ўз электр тармоқларига бошқа истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини улаши шарт.



5-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИ

ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШГА ТАЙЁРЛИГИНИ АНИҚЛАШ

ВА КУЧЛАНИШНИ УЗАТИШ

32. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлигини аниқлаш ва уларга кучланиш бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Истеъмолчиларнинг қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр қурилмалари ягона электр энергергетика тизими электр тармоқларига уларнинг эксплуатация қилишга тайёрлиги аниқланмасдан ва Ўзэнергоинспекция томонидан Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш тўғрисидаги далолатнома имзоланмасдан уланганлиги аниқланганда, ушбу электр қурилмалар қоидабузарликлар бартараф этилгунича ва мазкур бузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгунича электр тармоқларидан дарҳол узилади.

33. Истеъмолчиларнинг қуввати 20 кВтдан юқори бўлган янги ёки реконструкция қилинган электр қурилмаларига кучланиш бериш Ўзэнергоинспекция томонидан уларнинг эксплуатация қилишга тайёрлиги аниқланганиб, текширилган схемалар ва ҳисобга олиш приборлари пломбалангандан кейин, шунингдек, электр таъминоти шартномаси тузилганидан сўнг амалга оширилади.

Истеъмолчиларнинг қуввати 20 кВтдан юқори бўлган янги ёки реконструкция қилинган электр қурилмаларига кучланиш бериш ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда Ўзэнергоинспекциянинг иштирокисиз амалга оширилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмалари электр тармоқларига қонун ҳужжатларида билан белгиланган тартибда уланади.

34. Истеъмолчиларнинг электр қурилмалари эксплуатация қилишга тайёрлигини аниқлайдиган Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари эксплуатация қилиш жараёнида уларнинг нормал ишлаши учун жавобгар бўлмайди.


6-БОБ. ЭЛЕКТР ҚУРИЛМАЛАРИ ВА ЭЛЕКТР

ТАРМОҚЛАРИНИНГ ТЕХНИК ҲОЛАТИ

ЮЗАСИДАН ТОМОНЛАРНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


36. Электр ускуналарининг ҳолати, фойдаланилиши ва уларга хизмат кўрсатилиши юзасидан истеъмолчилар билан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўртасидаги жавобгарлик даражаси электр ускуналарининг баланс бўйича мансублиги билан белгиланади ва электр таъминоти шартномасига илова қилинадиган электр тармоқларининг баланс бўйича мансублигини ва томонларнинг эксплуатация қилиш бўйича жавобгарлигини чегаралаш далолатномасида қайд этилади.

Электр тармоқларининг баланс бўйича мансублигини ва томонларнинг фойдаланиш жавобгарлигини чегаралаш далолатномаси ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи вакиллари томонидан имзоланади.

Кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр қурилмаларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан жавобгарлик чегаралари:

ёпиқ тақсимлаш қурилмаларининг ташқи томонидан электр узатиш ҳаво линиясининг ўтиш изолятори уланган жойда ва симнинг очиқ тақсимлаш қурилмалари изоляторлари портал тизмасининг тарангловчи қисгичидан чиқиш жойида;

электр узатишнинг таъминловчи ёки чиқувчи линияларининг кабель ёки ҳаводаги кириш симлари уланган жойларида белгиланади. Бунда олдинги жумлада келтирилган уланмаларнинг ҳолати учун подстанциядан фойдаланувчи корхона жавоб беради.

Турли истеъмолчиларга тегишли, тармоқланган симларга (ёпиқ ёки ажратгичлар орқали) эга бўлган кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр узатиш линияларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш юзасидан жавобгарликнинг бўлиниш чегараси асосий линиянинг тармоқланиш амалга оширилган таянч нуқтасида белгиланади. Тармоқланган симларни уловчи қисқичларнинг ҳолати учун жавобгарлик асосий электр узатиш линия эгасига юклатилади.

Кучланиши 1000 В бўлган электр қурилмаларининг ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш учун истеъмолчи ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўртасидаги жавобгарлик чегараси:

ҳаводаги тармоқланишда - бино ёки қувур таянчида ўрнатилган биринчи изоляторларда;

кабель билан киритишда - бинога кириш жойида таъминловчи кабелнинг уланиш жойларида белгиланади.

Бунда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига, муассасаларга ва бошқа ишлаб чиқариш билан шуғулланмайдиган истеъмолчиларга тегишли уйлардаги электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасидаги уланмаларнинг ҳолати учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси жавоб беради. Электр қурилмаларини эксплуатация қилиш хусусиятларига кўра, жавобгарликнинг бошқа асосланган чегаралари ҳам белгиланиши мумкин.


37. Истеъмолчи ўз тасарруфидаги электр қурилмаларнинг техник ҳолати ва электр хавфсизлиги, Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши, электр энергиясининг оқилона сарфланиши, электр энергияси истеъмолининг белгиланган режимлари бажарилиши, электр энергияси сифатининг таъминланиши, шунингдек Бюро ва Ўзэнергоинспекцияси кўрсатмаларининг ўз вақтида бажарилиши учун жавоб беради.

38. Электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларида ва Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларида ҳисобга олинмаган ишлаб чиқаришнинг ва электр қурилмаларини эксплуатация қилишнинг ўзига хос (ер ости, портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқаришлар, электр тортиш кучи ва бошқа) шартлари мавжуд бўлганда, истеъмолчилар ушбу электр қурилмаларини эксплуатация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича махсус йўриқномаларга эга бўлишлари шарт.


39. Маиший истеъмолчилар томонидан ўз маиший эҳтиёжлари учун монтаж қилинган кучланиши 1000 В дан юқори кучланишдаги электр тармоқлари (электр энергияси узатиш линиялари, трансформатор пунктлари (кейинги ўринларда ТП деб аталади) ва бошқалар) фойдаланишга топширилишидан олдин техник хизмат кўрсатиш учун алоҳида шартнома бўйича белгиланган тартибда электр таъминоти корхоналарига берилиши керак.

Истеъмолчи томонидан техник хизмат кўрсатиш шартномаси бекор қилинганда ёки техник хизмат учун ўз вақтида тўлов ўтказилмаганда, ушбу электр тармоғи хўжалиги объектларига электр энергияни етказиб бериш тўхтатилади.


40. Маиший истеъмолчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун кучланиши 1000 В дан юқори электр тармоқлари монтаж қилинган ҳолларда:

электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ТПнинг 0,4 кВ ли тақсимлаш қурилмасида ўрнатилади;

электр тармоқлари маиший истеъмолчининг уйга эгалик қилиш ҳудудидан ташқарида жойлаштирилади.


41. Маиший истеъмолчи 1000 В дан юқори кучланишдаги электр тармоқларига эга бўлган ҳолда, маиший истеъмолчига тегишли бўлган 1000 В дан юқори кучланишли электр тармоқларидаги (линиялар, ТП) электр энергиянинг технологик йўқотишлари ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади ва унинг истеъмолига қўшилади ҳамда бу ҳақида электр таъминоти шартномасида тегишли ёзув қайд этилади.


42. Маиший истеъмолчиларга 1000 В гача кучланишдаги битта фидердан заҳира манба сифатида қўшимча фазага эга бўлиш тақиқланади.


43. Истеъмолчи электр тармоқларининг техник ҳолатини таъминлаш бўйича эксплуатация харажатлари учун субистеъмолчилар, истеъмолчи билан субистеъмолчи ўртасида тузилган алоҳида шартнома бўйича электр энергиясининг умумий ҳажмидан олинадиган улушга мутаносиб равишда ҳақ тўлайди.

Эксплуатация харажатларини субистеъмолчига бериладиган электр энергияси тарифига қўшишга рухсат этилмайди.



7-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ АСБОБЛАРИНИ ЎРНАТИШ ВА

УЛАРНИ ЭКСПЛУАТАЦИЯ ҚИЛИШ


44. Электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан ҳисоб-китоб қилиш учун истеъмолчилар мажбурий тартибда ЭҲНАТга мос келадиган электрон ҳисобга олиш асбоблари билан, 750 кВА ва ундан юқори қувватга уланган истеъмолчилар эса - ЭҲНАТга мос келадиган кўп функцияли (кўп тарифли) электрон ҳисобга олиш асбоблари билан таъминланган бўлишлари керак.


45. ЭҲНАТ кўрсаткичлар бузилишидан ва инсон омилининг таъсирини мумкин қадар камайтирган ҳолда ахборотлардан рухсатсиз фойдаланишдан комплекс ҳимоя билан таъминланган бўлиши лозим.


46. ЭҲНАТга мос келадиган ҳисобга олиш асбоблари бўлмаганда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини электр тармоқларига ҳамда истеъмолчилар ва субистеъмолчиларни электр тармоқларига улаш тақиқланади.


47. Турли хил тариф гуруҳларига мансуб истеъмолчи битта эектр таъминоти манбаидан электр билан таъминланганда, ҳисобга олиш асбоблари ҳар бир тариф гуруҳи учун алоҳида ўрнатилади.


48. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари (шу жумладан актив ва реактив энергияни ўлчаш воситалари, шунингдек ЭҲНАТ) мазкур Қоидаларга мувофиқ ўрнатилади ва Электр қурилмаларнинг тузилиши қоидалари талабларига жавоб бериши керак.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва истеъмолчилар томонидан ишга туширилган ЭҲНАТ белгиланган тартибда метрологик аттестациядан ўтказилиши керак.


49. Электр энергиясини техник ҳисобга олиш (электр энергияси сарфининг белгиланган меъёрлари бажарилишини назорат қилиш) учун ҳисобга олиш асбоблари алоҳида цехларда, кўп энергия сарфлайдиган агрегатларда, технологик линияларида, биноларда, алоҳида объектларда ва бошқаларда ўрнатилади.


50. Кўп хонадонли уй-жойларда электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ҳар бир хонадон учун махсус ажратилган жойларда ўрнатилади.

Ҳар бир хонадонга ўрнатишдан ташқари, уй-жойларда уйнинг умумий эҳтиёжлари (зинапояларни ёритиш, лифтлар, насосларнинг ишлаши ва ҳоказолар) учун сарфланадиган электр энергияси бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун ҳам умумий ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилади.


51. Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, шунингдек электр энергиясини ҳисобга олишнинг бошқа воситалари истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобига сотиб олинади, давлат қиёсловидан ўтказилади, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан Бюро билан ҳамкорликда бепул ўрнатилади, пломбаланади ва рўйхатдан ўтказилади.


52. Маиший истеъмолчилардаги электр энергиясини ҳисобга олиш электрон асбобларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш, шунингдек, мавжуд (жумладан, индукцион) ҳисобга олиш асбоблари ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маблағлари ҳисобидан алмаштирилади.

Электр тармоқларига янгидан уланадиган уй-жойлар ва хонадонларда ЭҲНАТга уланадиган электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ҳам ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳисобидан сотиб олинади, ўрнатилади, рўйхатга олинади ва пломбаланади.

Электр тармоқларига янгидан уланадиган уйлар ва хонадонларда маиший истеъмолчилар томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан биргаликда электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ўрнатиладиган жой ва уларни ўрнатиш учун зарур материаллар олдиндан аниқланади. Бунда ҳисобга олиш приборини монтаж қилиш учун материаллар истеъмолчи томонидан сотиб олинади.

Ҳисобга олиш прибори уй-жой ёки хонадон эгасининг буюртманомасига биноан бир ҳафта муддатда, унинг иштирокида ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили томонидан ўрнатилади.


53. Ҳисобга олиш истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда (ток ва кучланишни ўлчаш трансформаторларининг ишдан чиқиши, шунингдек, иккиламчи коммутация, ҳисобга олиш асбобларининг шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) ҳисобга олиш назорат қилиш асбобларини ва уларга тегишли асбоб-ускуналарни алмаштириш, таъмирлаш, давлат қиёсловиидан ўтказиш ва ўрнатиш истеъмолчи томонидан улар қиймати ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан амалга оширилади.


54. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, ўлчов трансформаторлари, иккиламчи занжирлар, алоқа линияларининг, шу жумладан уларга ўрнатилган пломбаларнинг сақланиши ва бутунлиги учун жавобгарлик биносида кўрсатиб ўтилган ҳисобга олиш асбоблари ўрнатилган ташкилотга юкланади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, ўлчов трансформаторлари, ЭҲНАТ иккиламчи занжирлари ва алоқа линияларининг сақланиши ва техник ҳолати учун электр қурилмаси эгаси бўлган ташкилот жавоб беради.


55. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларида:

маҳкамланадиган жойда кожухларга, ҳисобга олиш асбоблари билан бирга фойдаланиладиган ўлчов трансформаторларида эса - алоҳида ажратилган жойларда "Ўзстандарт" агентлигининг ёки унинг ҳудудий бўлинмасининг белгиланган намунадаги пломбаси бўлиши керак;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг клеммники қопқоқларида, ток трансформаторларнинг клеммникларида, хотира блокида ва синов блокларинининг ҳисобга олиш асбобларини дастурлашдан фойдаланиш тугмасида (бўлмасида), ўтувчи клеммникларда, кучланиш трансформаторлари ажратгичлари юритмалари ва ҳимоя автоматларида - ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ва Бюронинг белгиланган намунадаги пломбалари бўлиши керак.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ва ўлчов трансформаторларини бирламчи қиёсловдан ишлаб чиқарувчи заводда белгиланган тартибда ўтказилади.

Агар, электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ишлаб чиқариш кунидан бошлаб, то уни ўрнатишгача уч фазали асбоб учун 12 ойдан кўп муддат ва бир фазали асбоб учун 2 йилдан кўп муддат ўтган бўлса, унда ҳисобга олиш прибори ўрнатилишидан олдин эгасининг ҳисобидан давлат қиёсловидан ўтказилади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ва ўлчов трансформаторларини даврий қиёсловдан ўтказиш "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.


56. Агар, маиший истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш приборининг қиёсловдан ўтказиш оралиғи тугаши билан электр таъминоти корхонаси томонидан белгиланган тартибда қиёслов тадбирлари ўтказилмаган бўлса, унда ушбу истеъмолчи қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичларига кўра электр энергияси ҳақини тўлайди.

Бунда электр таъминоти корхонаси маиший истеъмолчи томонидан қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисобга олиш приборидан фойдаланган электр энергияси учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Маиший истеъмолчи ўз ҳисоблаш асбобини "Ўзстандарт" агентлигида мустақил қиёслов ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда электр таъминоти корхонаси маиший истеъмолчининг биринчи талабига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш приборини бепул ечиш, ўрнатиш, пломбалаш ва рўйхатдан ўтказишга мажбур.


57. Бюро ва Бюро кўрсатмаси бўйича ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари шахсий гувоҳномалари бўлган тақдирда, сутканинг исталган вақтида ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичларини ёзиб олиш ва кўрикдан ўтказиш учун истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ва уларнинг уланиш схемаларини тўсқинликсиз бориб кўриш ҳуқуқига эгадир.

Бюро ходимининг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини текширишига йўл қўймаслик далолатнома билан расмийлаштирилади. Истеъмолчи Бюро томонидан тузилган далолатнома билан танишиб, уни имзолаши зарур. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Рад этиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Далолатномани имзолашни рад этган истеъмолчи бунинг сабабини тушунтиришга ҳақли ва у далолатномага киритилган бўлиши лозим.

Истеъмолчининг далолатномани имзолашни рад қилгани уни электр тармоқларлардан узишга асос бўлади ва бу ҳақда у хабардор қилинган бўлиниши лозим.


58. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари ва электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари билан биргаликда фойдаланиладиган ўлчов трансформаторларини бошқа жойга ўрнатиш ва алмаштириш Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва кўрсатилган хизматлар ҳақи истеъмолчи томонидан тўланади.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини, ўлчов трансформаторларини ўзбошимчалик билан бошқа жойга ўрнатиш ва (ёки) алмаштириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Бюро ёки унинг кўрсатмасига кўра ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини электр тармоқдан узиб қўяди.

Қайтадан ҳисоб-китоб қилиш Бюро томонидан ҳудудий электр таъминоти корхонаси билан биргаликда мазкур Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


59. Электр энергиясини ҳисобга олиш схемасини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишлар фақат ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан Бюро вакили ва истеъмолчи иштирокида, бу ҳақида улар ёзма равишда хабардор қилингандан сўнг амалга оширилади. Ишларни бажариш даврида фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китоб қилиш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан белгиланган вақтинчалик схемалар бўйича амалга оширилади.



8-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ УЧУН

ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


§ 1. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб

қилишнинг умумий қоидалари


60. Бевосита "Ўзбекэнерго" АЖ ва (ёки) "Ўзбекгидроэнерго" АЖ корхоналарининг электр тармоқларидан ҳамда истеъмолчилар ёки субистеъмолчилар электр тармоқлари орқали узатиладиган электр энергияси учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар белгиланган тартибда тасдиқланган тегишли тарифлар бўйича электр таъминоти шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Барча электр энергияси истеъмолчилари (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин ҳар ой беш кун мобайнида фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузишлари шарт.


61. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида истеъмолчиларни тариф гуруҳлари бўйича тақсимланиши мазкур Қоидаларга мувофиқ белгиланади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномаси тузилгандан кейин истеъмолчининг айби билан истеъмолчини тегишли бўлмаган тариф гуруҳига киритиш ҳолати аниқланганда, ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан шартнома тузилган пайтдан, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган давр учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.


62. Электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш учун I тариф гуруҳи истеъмолчилари учун табақалаштирилган тариф қўлланилади.

Табақалаштирилган тариф сутканинг вақт зонаси бўйича истеъмол қилинган ҳар 1 кВт/с электр энергияси учун тўловдан иборат. Бунда:

ярим тиғиз давр - сутканинг ёруғ вақти (соат 9-00 дан 17-00 гача);

тиғиз давр - эрталабки ва кечки максимум (ягона электр энергетика тизимининг максимал юкламалар соатлари соат 6-00 дан 9-00 гача ва соат 17-00 дан 22-00 гача);

тунги давр - сутканинг қоронғи даври (ягона электр энергетика тизимининг минимал юкламалар соатлари соат 22-00 дан 24-00 гача ва соат 00-00 дан 06-00 гача).

Бунда ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламали соатларида фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни кўллаш орқали, энг кам юкламали соатларда эса белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентни кўллаш орқали ва ярим тиғиз пайтда ўрнатилган тариф бўйича амалга оширилади.

Белгиланган тариф II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун бир ставкали тарифга мос келади.


63. Электр энергияси учун ҳисоб-китоблар II, III, IV тариф гуруҳлари истеъмолчилари билан бир ставкали тариф бўйича амалга оширилади.

Бир ставкали тариф ҳисоб-китоб даврида истеъмол қилинган ҳар бир кВт/с электр энергияси учун тўловдан иборат.

Электр энергиясини реализация қилишда нархни шакллантиришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган ташкилотлар рўйхатида назарда тутилган, 750 кВАгача қувватга уланган, маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар электр энергияси учун тўловларни Ҳукумат қарори билан белгиланган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ тўлайди.


64. Бир неча тариф гуруҳларига мансуб истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар, ҳар бир тариф гуруҳига алоҳида ўрнатилган ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.


65. Электр энергияси учун ҳақ тўлаш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки истеъмолчининг томонидан ёзиладиган тўлов ҳужжатлари бўйича электр таъминоти шартномасига мувофиқ амалга оширилади.


66. ЭҲНАТга уланган ёки олдиндан ҳақ тўлаш қурилмаси ва ҳисобга олиш приборига эга бўлган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш олдиндан тўланган тўлов доирасида амалга оширилади.


67. Электр таъминоти шартномасида ҳисоб-китоб даври учун кўрсатилганидан 5 фоиздан ортиқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилинганда, истеъмолчилардан (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр таъминоти шартномасида кўрсатилгандан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси жами ҳажми учун белгиланган тарифнинг 1,15 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

68. Истеъмолчи юридик шахс сифатида тугатилган тақдирда, унинг электр қурилмасига ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси етказиб бериш тақиқланади.

Агар, электр энергияси етказиб бериш тўхтатилмаган бўлса, у ҳолда бунинг оқибати учун Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


69. Ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари ёзиб олинмаган ёки электр энергияси сарфи тўғрисидаги ҳисобот истеъмолчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси (шу жумладан актив ва реактив энергия) истеъмолининг шартномавий миқдори бўйича ёки ўтган ҳисоб-китоб давр учун электр энергияси истеъмолининг ўртача суткалик амалдаги миқдори тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари назорат тартибида Бюро томонидан ёзиб олингандан кейин амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Қайта ҳисоб-китоб истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ёхуд унинг иштирокисиз белгиланган тартибда амалга оширилади.


70. Электр энергияси учун тўлов қуйидаги тартибда амалга оширилади:

маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт;

мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчилар белгиланган тартибда электр тармоқларидан мажбурий узилади;

истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш, маиший истеъмолчилар бундан мустасно, 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Бунда, ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириш хоҳишини билдирган истеъмолчилар ҳисоб-китоб амалга ошириладиган даврни кўрсатиб ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин билдирги тартибида Бюрога мурожаат қилганлари тақдирда электр энергияси истеъмолчиларга, маиший истеъмолчилар бундан мустасно, 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида етказиб берилишига йўл қўйилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳамда 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаётган истеъмолчилар томонидан ойнинг охиригача якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган ҳолларда мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади.

71. Тўлов ҳужжатида хатолар ёки ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичида ноаниқликлар аниқланган тақдирда, истеъмолчи ҳудудий электр тармоқлари корхонасига дарҳол мурожаат қилиши керак, корхона эса, ўз навбатида, қайд этилган ҳолатлар тўғрисида Бюрога кечиктирмасдан хабар беради.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Бюро ва истеъмолчи билан бирга мурожаат қилган кундан бошлаб ўн суткадан кечиктирмай, ҳисоб-китобни текшириши, зарурат бўлганда эса ҳисобга олиш приборини ҳам кўрикдан ўтказиши керак.

Ҳисобга олиш приборини кўрикдан ўтказиш ёки тўлов ҳужжатидаги хатолар тўғрисидаги мурожаат қилинганда тақдирда ҳам истеъмолчи тўловни белгиланган тартибда тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.

Агар, ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларидаги четга чиқиш ушбу ҳисобга олиш прибори учун белгиланган аниқлик доирасидан ошмаса, бундай четга чиқишлар йўл қўйилиши мумкин деб ҳисобланади.

Агар, тўлов ҳужжатини текшириш ёки ҳисобга олиш приборини кўрикдан ўтказишдан кейин (шу жумладан истеъмолчи мурожаат қилмаса ҳам) қайта ҳисоб-китоб қилиш зарурлиги аниқланса, бундай қайта ҳисоб-китоб ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси учун навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзишда амалга оширилади.


72. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасида ҳисоб-китоб қилиш учун актив ва реактив энергияни ҳисобга олиш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегарасида амалга оширилади, ушбу Қоидаларнинг 74-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.


73. Ҳисоб-китоб даврида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси миқдори ва худди шу даврда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан қабул қилинган электр энергияси миқдори ўртасидаги тафовут (шу жумладан, электр энергиясининг амалдаги технологик сарфи норматив сарфдан ошиши ҳисобидан пайдо бўлаётгани), меъёрлар доирасида ушбу электр тармоқлар орқали электр энергиясини узатишдаги унинг технологик сарфининг ўрнатилган тартибда тасдиқланган нормативи ҳажми чиқариб ташланган ҳолда, ҳудудий электр тармоқларининг давр харажатларига ўтказилади ва юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди.


74. Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасида ўрнатилмаганда, электр тармоғининг чегарасидан ҳисобга олиш прибори ўрнатилган жойигача бўлган участкадаги актив ва реактив энергия технологик сарфининг ҳажми истеъмолчи билан биргаликда ҳисоблаш орқали аниқланади ва электр тармоғининг баланс бўйича мансублигига қараб ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ва истеъмолчининг ҳисобига ўтказилади.


75. Электр энергияси ягона электр энергетика тизимидан транзит бўйича истеъмолчининг электр тармоғи орқали ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг электр тармоғига узатилганда, истеъмолчи тармоқларидаги электр энергияси технологик сарфининг бир қисми, истеъмолчининг электр тармоғига келиб тушган электр энергиясининг умумий миқдорига нисбатан ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг электр тармоғига истеъмолчи томонидан узатилган электр энергияси миқдорига мутаносиб равишда, ягона электр энергетика тизимининг электр тармоқларидаги технологик сарфларга ўтказилади.


76. Истеъмолчининг айби билан электр таъминоти шартномасида кўрсатилган электр энергияси ҳажми тўлиқ истеъмол қилинмаган тақдирда, аванс тариқасида тўланган маблағлар қайтариб берилмайди ва электр энергияси учун кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади.


77. Истеъмолчининг электр энергияси ҳақини тўлаш, реактив энергия компенсацияси учун тарифга устамалар, шунингдек, ноқонуний фойдаланилган электр энергияси қайта ҳисоб-китоби ва пеня бўйича қарзи бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари қарзни қоплашга йўналтирилади ва аванс тўлови (олдиндан ҳақ тўлаш) сифатида ҳисобга олинмайди.


78. Истеъмолчи томонидан фойдаланилган электр энергияси (қуввати) учун ҳисоб-китоб бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини имзолаш рад этилган тақдирда, қарзни ундириш тузилган электр таъминоти шартномасига мувофиқ шартномавий ҳажмдан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйиш йўли билан амалга оширилади.


79. Истеъмолчи (маиший истеъмолчилардан ташқари) эгаллаб турган бинодан унинг топширилиши, сотилиши ёки бошқа сабабларга кўра кўчиб кетган тақдирда, у бу ҳақида ҳудудий электр тармоқлари корхонасини ёзма шаклда хабардор қилиши ҳамда электр энергияси учун кўчиб кетиш кунигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт, шундан сўнг ҳудудий электр тармоқлари корхонаси объектга электр энергияси етказиб беришни тўхтатади. Янги истеъмолчини расмийлаштириш ва электр қурилмаларини электр тармоғига улаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


80. Томонлар уларнинг хоҳиш ва ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган табиий офатлар ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар сабабли ушбу шароитларда қайтариб бўлмайдиган ва олдиндан билиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолатларни ўз ичига олган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) оқибатида ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажара олмаса, томонлардан ҳеч бири ўз мажбуриятларини тўлиқ ёки қисман бажармагани учун жавоб бермайди.


81. Агар кўрсатилган форс-мажор ҳолатлари мажбуриятларнинг шартномада белгиланган муддатларда бажарилишига таъсир қилса, у ҳолда ушбу муддатлар форс-мажор ҳолатларининг амал қилиш вақтига, аммо электр таъминоти шартномасининг амал қилиш муддатидан кўп бўлмаган вақтга узайтирилади.


82. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергияси учун тўловни йиғиш функцияларини белгиланган тартибда хусусий операторга ўтказиши мумкин.

Электр энергияси учун тўловни йиғиш функцияларини бажарувчи хусусий операторлар ўз фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширадилар.


83. Электр энергияси учун амалдаги тарифлар ўзгарган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси уларнинг кучга киришидан камида ўн беш кун олдин қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Бунда электр энергияси учун тарифлар ўзгарган санадан қатъий назар, электр таъминоти шартномаси ўз кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси учун янги тариф кучга кирган кундан бошлаб ҳақ тўлашга мажбурдир.

Тариф ўзгарган тақдирда, маиший истеъмолчилардан ташқари, истеъмолчилар электр энергияси (шу жумладан, актив ва реактив энергия)нинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кейинги 1 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда, маиший истеъмолчилар эса - кейинги 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда қўшимча тўлов тўлашдан озод этилади.


§ 2. Истеъмолчилар билан электр энергияси

учун табақалаштирилган тариф бўйича

ҳисоб-китоб қилиш


84. Уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган истеъмолчилар электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилади (бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно).

85. Истеъмолчининг цехлари ёки объектлари алоҳида жойлашган бўлса ва тақсимловчи умумий электр тармоққа эга бўлмаса, бу цехлар ёки бошқа алоҳида объектлар бўйича ҳисоб-китоблар истеъмолчининг ўзи билан ҳисоб-китоб қилишда қўлланадитган тарифдан қатъий назар, тегишли истеъмолчилар гуруҳлари учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.



§ 3. Истеъмолчилар билан электр энергияси

учун бир ставкали тариф бўйича

ҳисоб-китоб қилиш


86. Табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилмайдиган барча бошқа истеъмолчилар электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қилади.

88. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва коммунал-эксплуатация ташкилотлари умумий уй-жой эҳтиёжларига фойдаланиладиган электр энергияси учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномасига асосан электр тармоғининг баланс бўйича мансублик чегарасини ҳисобга олишнинг бўлиниш нуқтасида ўрнатилган электр энергияни ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари бўйича маиший истеъмолчилар учун белгиланган тарифга мувофиқ ҳисоб-китоб қиладилар.

89. Электр таъминоти корхонасининг электр тармоқлари ва уйларнинг ички электр тармоқларининг бўлиниш чегарасидан умумий мулк ҳисобланадиган ушбу тармоқлардан таъминланадиган маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларигача бўлган электр тармоқларидаги электр энергияси йўқотишлари ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг технологик йўқотишларида ҳисобга олинади.

90. Кўп хонадонли уй-жойларни бевосита бошқарганда уй-жой эгаларининг умумий йиғилиши билан вакил қилинган уй-жойларнинг эгалари уйнинг умумий эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар қилиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномаси тузиш ҳуқуқига эга.

Бунда уй-жой мулкдорлари умумий йиғилиши билан вакил қилинган бир ёки бир неча уй-жой мулкдори ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан муносабатларда уй-жой мулкдорлари номидан ҳаракат қилишга ҳақлидир.


91. Қабул қилиш комиссиясининг далолатномаларига асосан янгидан фойдаланишга топширилаётган кўп квартирали уй-жойларни ўз балансига қабул қилиб олган ташкилотлар ёхуд қурувчилар ушбу уйларни электр тармоғига улашга рухсат олиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасига ҳар бир уйда ЭҲНАТга мос келадиган электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ўрнатиш учун буюртманома тақдим этиши ва электр энергияни ҳисобга олиш асбобларининг ва уларни ўрнатиш бўйича кўрсатилган хизмат нархини тўлаши шарт.


92. Уй-жойларнинг электр ускуналари ва электр тармоқларидан фойдаланишга эксплуатация ташкилоти томонидан улар белгиланган тартибда қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан кейин рухсат этилади.


93. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари ва ижарачилар (юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар) билан электр таъминоти шартномасини тузади ва уларга шахсий ҳисоб рақамлари очади.

Битта хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бир неча ширкатларга бўлинганда ёки вақтинча турар жой ва нотурар жой фондининг уй-жойларини кимнингдир мол-мулкига ўтказиш масаласи вақтинча ҳал этилмаган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда, маълум бир уй-жойларнинг умумий эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган электр энергиясини етказиб беришни тўхтатади.


94. Шахсий ҳисоб рақамини бошқа истеъмолчига қайта расмийлаштириш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан турар жой ва нотурар жой фондининг янги мулкдорининг кадастр ҳужжатлари маълумотларига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий таркибий қисмлари кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин уч кун муддатда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига кўчмас мулк эгаси ҳақида маълумот юборади ва унга мувофиқ истеъмолчилар билан шартномалар қайта расмийлаштирилади.

Турар жой ва нотурар жой фонди биносига кўчиб кирган янги мулкдор уларни электр тармоғига улаш учун 30 кун мобайнида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан электр таъминоти шартномасини тузиши ва ўз номига шахсий ҳисобрақамни расмийлаштириши шарт. Шахсий ҳисоб рақами кўрсатилган муддатда расмийлаштирилмаса, тўлов тўланмаганлиги учун барча жавобгарлик турар жой ва нотурар жой фонди биносининг янги мулкдори зиммасига юкланади.

Кўчмас мулк олди-сотди битими давлат рўйхатидан ўтказиш органи томонидан давлат рўйхатига олингандан сўнг мулкдорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи, нотариал ҳаракат амалга оширилган кун ва қайд этилган рақам, кўчмас мулк кадастр рақами ва кўчмас мулкнинг умумий (турар жой) майдони, шунингдек, мобиль телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса) кўрсатилган маълумот юборилади. Бунда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маълумот тушгандан кейин бир ой муддатда мулкдор билан электр таъминоти шартномасини тузиши шарт.


95. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси турар жой ва нотурар жой фонди биноларининг эгалари билан электр энергияси учун ҳисоб-китобларни, турар жой ва нотурар жой биноларининг ижарачиларга (юридик шахс бўлган ижарачилар бундан мустасно) ёки ёлловчиларга топширилишидан қатъий назар, умумий ҳисобга олиш прибори бўйича амалга оширади.

Ижарачилар билан ёлловчилар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича низолар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


96. Коммунал хонадонда бир нечта оила яшаганда, ҳисоб-китоб даврида истеъмол қилинган электр энергиясини алоҳида оилалар ўртасида тақсимлаш назорат ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.

Назорат ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг рухсати талаб қилинмайди.

Назорат ҳисобга олиш асбобларининг тўғри ишлашини назорат қилиш, уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш ва электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш мажбуриятлари яшовчиларнинг зиммасига юкланади.

Умумий фойдаланиладиган жойларда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори алоҳида оилалар ўртасида амалда яшовчиларнинг сони бўйича тақсимланади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергиясидан умумий ҳисобга олиш прибори орқали фойдаланувчи фуқаролар билан ҳеч қандай ҳисоб-китобларни амалга оширмайди.


97. Электр энергияси учун ўз вақтида ҳақ тўлаш бўйича мазкур Қоидаларга риоя қилиш, турар жой ва нотурар жой фонди биносидаги ҳисобга олиш приборининг сақланиши ва бутлигини таъминлаш учун жавобгарлик турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси зиммасига юкланади.


98. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари зинапоя майдончаларида ўрнатилган тақдирда уларнинг сақланиши ва бутлиги учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда тасарруфида уй-жой бўлган идора, ташкилот жавоб беради.

Зинапоя майдончаларида ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига зарар етказилганда ёки ўғирланган тақдирда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва идора, ташкилот уларни ўз ҳисобидан тиклаши шарт.

Кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва хусусий хонадонлар ичида ўрнатилган ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши ва бутунлиги учун истеъмолчи жавоб беради.

99. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, уй-жой мулкдорлари ва турар жойлардаги ҳамда бошқа бинолардаги хоналарни ижарачиларга (юридик шахсларга ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларга) ижарага берувчи бошқа ташкилотлар ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг рухсатисиз ижарачиларга тегишли бўлган электр қурилмаларини (электр энергиясидан фойдаланиш мақсадларидан қатъи назар) уйнинг ички электр тармоқларига улаш ҳуқуқига эга эмас.


100. Ижарачилар (юридик шахслар ёки юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар) турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси билан шартнома тузгандан кейин уч кун муддатда, ижарага олинган бинода электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиши шарт.

Ижарачи бинодан кўчиб кетадиган бўлса, турар жой ва нотурар жой фонди биносининг эгаси ижарачидан ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг у кўчиб кетиш кунигача электр энергияси учун ҳисоб-китоб амалга оширганлиги ҳақидаги маълумотномани талаб қилиши шарт. Кўчиб кетган ижарачиларнинг электр энергияси учун қарзлари бўйича жавобгарлик ижарага берувчи зиммасида бўлади.


101. Ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан истеъмолчиларгача бўлган бўлиниш чегарасидан электр таъминотини узлуксиз таъминлаш билан боғлиқ умумий уй-жой ва уй ичидаги электр тармоқларининг техник ҳолати ва уларга хизмат кўрсатиш учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва тасарруфида турар жойлар бўлган ташкилотлари жавоб беради.



§ 4. Электр энергияси учун маиший

истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш


102. Маиший истеъмолчилар хонадонларда, шахсий уй-жойларда, ёрдамчи хўжаликлар, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида маиший эҳтиёжлари учун фойдаланилган электр энергияси учун маиший эҳтиёжларда қўлланиладиган ток қабул қилгичлар қуввати ва вазифасидан қатъи назар, аҳоли учун белгиланган ягона бир ставкали тариф бўйича ҳақ тўлайдилар.

ЭҲНАТга уланган, шунингдек, электр энергияси учун олдиндан тўлов қурилмаси билан жиҳозланган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига эга маиший истеъмолчиларга электр энергияси электр таъминоти шартномаси асосида ва олдиндан тўланган тўлов доирасида етказиб берилади.

Маиший истеъмолчилардан электр энергияси учун белгиланган тариф қийматидан ортиқча бирор-бир қўшимча маблағ ундириш тақиқланади, мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бундан мустасно.


103. Бирор-бир сабабга кўра, электр энергиясини ҳисобга олиш прибори бўлмаган ва/ёки мазкур турар жойда вақтинчалик яшамаётган маиший истеъмолчи электр энергияси учун нотўғри тўлов ҳисобланишининг олдини олиш учун Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасини бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.


104. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хонадонлар, хусусий уй-жойлар, боғ участкалари ва бошқа шахсий объектлардан фойдаланилганда, ишлатилган электр энергияси учун тадбиркорлик фаолиятининг (савдо, хизматлар кўрсатиш, товарлар ишлаб чиқариш ва бошқа) тури бўйича электр энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳига мувофиқ ҳақ тўланади.

Бунда тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган электр энергияси бўйича ҳисоб-китоблар учун алоҳида электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатилиши зарур.


105. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳар бир маиший истеъмолчи билан электр таъминоти шартномасини тузади ва электр энергияси ҳақини тўлаш учун унга белгиланган намунадаги ҳисоб-китоб дафтарчасини беради. Ҳисоб-китоб дафтарчасининг ҳар бир варағи квитанция ва билдиришномадан иборат бўлиб, уларда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисобрақами туширилган бўлиши керак.

Тўлов ҳужжатининг ҳар иккала қисми (билдиришнома ва квитанция) бир хилда, аниқ, ўчириб ёзишларсиз тўлдирилиши керак. Тўлов ҳужжатларида фамилия, манзил, тўловнинг жорий ва олдинги санаси ҳамда ҳисобга олиш приборининг уларга мувофиқ бўлган кўрсаткичлари, кўрсаткичлар тафовути ва тўлов суммаси кўрсатилиши керак.


106. Маиший истеъмолчи томонидан ҳисоб-китоб даврида амалда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари бўйича аниқланади.


107. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларидан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва тўлов ҳужжатини ёзиб бериш Бюронинг вакили ёки истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади.

Бюро вакили томонидан ёзиб берилган тўлов ҳужжати (билдиришнома) маиший истеъмолчига имзо қўйдириб топширилади, у бўлмаган тақдирда эса - у билан бирга бир хонадонда (хусусий уйда) яшовчи вояга етган шахсга топширилади ёки билдиришнома билан бирга буюртма хат орқали жўнатилади.

Бюро маиший истеъмолчилар хабардор қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан сўнг, мазкур Қоидаларнинг 71-бан ди талабларини инобатга олган ҳолда эса ўн беш кун муддат ўтгандан сўнг, келиб чиққан қарздорликни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу истеъмолчиларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатиладиган банк ҳисобварақларидан энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ҳар ойда чиқариш чораларини кўради.

108. Агар, навбатдаги айланиб чиқиш давомида электр энергиясини ҳисобга олиш прибори ўрнатилган хона ёпиқ бўлса, бу ҳақда маиший истеъмолчининг шахсий ҳисобрақамида тегишли белги қайд этилади.

Ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичларини назорат тартибида ёзиб олиш бўйича маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергияси истеъмолининг шартномадаги миқдори бўйича ёки олдинги давр учун амалдаги электр энергияси истеъмолининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларга асосан тўлов ёзиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳақида маиший истеъмолчининг ҳисобрақамида тегишли белги қўйилади. Бунда ҳисобга олиш асбобларидан назорат кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин амалда истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилинади.


109. Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили гувоҳномасини кўрсатган тақдирда, хонадондаги электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини соат 8-00 дан 20-00 гача ҳеч қандай қаршиликларсиз кўриш ҳуқуқига эгадир.

Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўздан кечириш учун Бюро ходимини қўймаслик далолатнома билан расмийлаштиради. Истеъмолчи далолатнома билан танишиши шарт. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, далолатномада бу ҳақда тегишли ёзув қайд қилинади. Рад этиш икки гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланади. Имзолашни рад этган истеъмолчи бунинг сабабини тушунтиришга ҳақли ва бу далолатномага киритилиши лозим.

Истеъмолчининг далолатномани имзолашни рад этиши уни электр тармоқларидан узиб қўйишга асос бўлади ва бу ҳақда у хабардор этилиши лозим.


110. Тўлов ҳужжатларини ёзиш ва ҳақ тўлаш пайтида йўл қўйилган хатолар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан даъво муддати мобайнида, ушбу хатоликлар аниқлангунига қадар ҳисобга олинади.


111. Тўлов тегишли ташкилот томонидан қабул қилиб олинган сана тўлов амалга оширилган сана деб ҳисобланади.

Тўлов электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилган тақдирда, пул маблағлари истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилган (транзакция) сана тўлов амалга оширилган вақт деб ҳисобланади.

Тўлов иш берувчи томонидан ходимларининг аризалари асосида иш ҳақидан чегириб қолиш йўли билан амалга оширилганда, ҳар бир истеъмолчи учун пул маблағлари ўтказилгандан кейин пул тўлаган ходимларнинг номи қайд этилган реестр ҳудудий электр тармоқлари корхонасига тақдим этилган сана тўлов амалга оширилган сана деб ҳисобланади.


112. Аҳолидан тўловларни қабул қиладиган ташкилот (тижорат банкларининг бўлимлари, "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамиятининг бўлимлари ва аҳолидан тўловни қабул қилиб олиш пунктлари) тўлов ҳужжатларини ўрам, бандероллар ва электрон реестрларга жамлайдилар.

Ҳар қайси бандеролда (банк бўлими томонидан маълум даврда қабул қилиб олинган маиший истеъмолчиларнинг тўлов ҳужжатлари тўпламида) уларни ҳудудий электр тармоқлари корхонасига бериш вақтида ёрлиқ бўлиши лозим, ёрлиқда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

бандеролни шакллантириш бошланган ва тугалланган сана;

бандеролдаги ҳужжатлар сони;

қабул қилиб олинган тўловларнинг умумий суммаси;

касса хизмати кўрсатилганлиги учун тўлов сифатида ушлаб қолинган сумма;

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳисобрақамига ўтказиладиган сумма.

Бунда аҳолидан тўловни қабул қилиб олувчи ташкилотлар электр энергияси учун тўлов сифатида келиб тушган пул маблағларини шартномада белгиланган муддатларда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига ўтказилишини таъминлаши шарт.


113. Маиший истеъмолчилар тўлов бўйича қарздор бўлганда, тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.

Пеня ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин ва амалга оширилган қайта ҳисоб-китоблардан сўнг, шунингдек, белгиланган тартибда киритилган олдиндан тўлов ҳисобга олинган ҳолда, ҳисоб-китоб давридан кейинги ойнинг 11-кунидан бошлаб маиший истеъмолчининг аниқлаштирилган қарздорлик (тўланманган қарз) суммасидан ундирилади.

Пеняни ҳисоблаш учун қарздорлик ҳосил бўлган ой аниқланади ва қарз тўланган ҳар бир ой бўйича муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня шу ойдан бошлаб ҳисобланади.

Истеъмол қилинган электр энергияси бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда маиший истеъмолчига тегишли бўлган турар жойда прописка қилинган вояга етган жисмоний шахслар қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгар бўладилар. Вояга етган жисмоний шахснинг солидар жавобгарлиги у маиший истеъмолчига тегишли бўлган турар жойга прописка қилинган вақтдан бошлаб вужудга келади ва пропискадан чиқарилган вақтгача амал қилади.

114. Арифметик хатоликлар, тарифларни нотўғри қўллаш туфайли пайдо бўладиган кам ва ортиқча тўловлар тегишли тариф бўйича кВт соатларда қайта ҳисоблаб чиқилади ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан даъво муддати доирасида кўрсаткичлардаги тафовут ёки қўшимчалар билан биргаликда ҳисобга олинади.


115. Тариф ўзгарганда, тариф ўзгарган санагача истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми олдинги тўлов вақтидан бошлаб ўртача суткалик истеъмол бўйича аниқланади ва унга эски тариф бўйича ҳақ тўланади. Ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари тўлов кунида ёзиб олинган деб ҳисобланади.

Тарифлар ўзгаргандан кейин истеъмол қилинган электр энергияси миқдори учун янги тариф бўйича ҳақ тўланади.


116. Маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.


§ 5. Электр энергиясини ҳисобга олиш

бузилганда ҳисоб-китобни амалга

ошириш тартиби


117. Истеъмолчининг (маиший истеъмолчидан ташқари) айби билан электр энергиясини ҳисобга олиш приборига зарар етказилган (пломбаси бузилса, ойнаси синса ва бошқалар), электр энергиясини ҳисобга олиш приборини улаш схемаси ўзгартирилган, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилган, электр энергиясини ҳисобга олиш приборидан ташқари электр қабул қилгичларни улаш ёки энергия бошқа усулда ўғирланган ҳолларда, Бюронинг ваколатли вакили белгиланган шакл бўйича қоидани бузиш далолатномасини тузади. Ушбу далолатнома асосида Бюро ёки унинг тақдимномаси асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўяди.

Ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдорининг қиймати ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан Бюро билан биргаликда энергия таъминоти шартномасида кўрсатилган истеъмолчининг иш соатлари сони ҳисобга олинган ҳолда электр қабул қилгичларнинг уланган қуввати бўйича қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

электр энергиясини ҳисобга олиш прибори, ўлчов трансформаторларини улаш схемалари ўзгартирилганда, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилганда ва ҳисобга олишни назорат қилиш асбобларидан ташқари электр қабул қилгичлар кўз билан аниқлаб бўлмайдиган яширин йўл билан (яширин электр симлари, переключателлар монтаж қилиниши ва шу кабилар) уланганда - электр энергияни ҳисобга олишнинг назорат асбоблари охирги алмаштирилган ёки уланиш схемалари текширилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборига истеъмолчининг айби билан зарар етказилганда (пломбаси бузилишига йўл қўйилган, ойнаси синган ва шу каби ҳолатлар) ёки электр энергияси айланиб чиқишда кўз билан аниқлаш мумкин бўлган бошқа усулда ўғирланган тақдирда - охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қийматини ҳисоб-китоб қилишда қоида бузиш аниқланишидан олдинги давр учун амалдаги тўловлар ҳисобга олинган холда, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилаётган вақтдаги тариф қўлланилади. Бунда I тариф гуруҳидаги истеъмолчилар учун ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдорининг қиймати ягона электр энергетикаси тизимининг максимал юкланиш соатларида амал қиладиган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

118. Истеъмолчилар (шу жумладан маиший истеъмолчилар) электр қурилмаларини ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг электр тармоқларига ўзбошимчалик билан улаган тақдирда, электр қурилмалари электр тармоғидан дарҳол узиб қўйилади, истеъмолчидан эса рухсатсиз истеъмол қилинган электр энергиясининг қиймати истеъмолчи расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўтган вақт мобайнида (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ёки даъво муддати учун электр энергиясини қабул қилгич қурилманинг уланган қувват бўйича суткасига 24 соат давомида ишлаши ва ўзбошимчалик билан уланган электр тармоғи (электр узатиш линияси ва трансформаторлар) участкасида йўқотилган қувват ҳисобидан ундирилади.

Ҳисобга олинмаган электр энергияси қийматини ундириш учун электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилишига йўл қўйган истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ёки унинг иштирокисиз, белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.


119. Электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб Бюрони хабардор қилган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори бўйича, ҳисобга олиш бузилишига қадар бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейинги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Электр энергиянинг ўртача суткалик сарфи бўйича ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги керак ва шу вақт ичида ҳисобга олиш тикланиши зарур.

Агар, электр энергияни ҳисобга олиш приборини объектив сабабларга кўра, кўрсатилган муддатда (ўлчаш трансформаторининг, ҳисобга олиш приборининг йўқлиги, ўтиб бўлмайдиган йўллар ва шу кабилар туфайли) тиклаш имконияти бўлмаса, истеъмолчига етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби ва ҳисобга олишни тиклаш муддати истеъмолчи ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ўзаро келишуви билан белгиланади.


120. Маиший истеъмолчида электр энергиясини ҳисобга олиш приборини улаш схемаси ўзгарганда, приборга зарар етказилганда (истеъмолчининг айби билан) ёки пломбалари бузилганда, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилганда, электр энергиясини ҳисобга олиш приборларидан ташқари бошқа электр қабул қилгичлар уланганда ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида бошқа қоида бузишларга йўл қўйилганда, Бюронинг вакили қоида бузилиши ҳақида белгиланган намунада далолатнома тузади.

Далолатнома асосида:

электр энергиясини ҳисобга олиш прибори, ўлчов трансформаторлари уланиши, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилиши ва ҳисобга олишни назорат қилиш приборларидан ташқари электр қабул қилгичлар кўз билан кўриб аниқланмайдиган яширин йўл билан (яширин электр симлари, ўзгартириш мосламалари монтаж қилиниши ва шу кабилар) уланиш схемалари ўзгарган тақдирда - ҳисобга олишнинг назорат асбоблари охирги алмаштирилган ёки уланиш схемалари текширилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборига зарар етказилганда (истеъмолчининг айби билан) ёки прибор мавжуд бўлмаганда, пломбалар бузилган ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган бошқа қоида бузишларга йўл қўйилган тақдирда (шу жумладан, электр энергиясини ҳисобга олиш приборидан бошқа электр қабул қилишлар уланганда) - охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати ҳисоб-китоб қилинади.


121. Қоида бузилган ҳолда фойдаланилган электр энергияси қийматини қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу Қоидаларнинг 120-бандига мувофиқ маиший истеъмолчида штепсел розеткалари мавжуд бўлганда (розеткалар ва электр энергияси қабул қилгичлар сонидан қатъи назар) бир суткада 24 соат 600 Вт қувватдан фойдаланиш ҳисобидан, 600 Вт дан ортиқ қувватли иситиш асбоблари ёки бошқа электр асбоб-ускуналари мавжуд бўлганда эса - маиший истеъмолчи фойдаланаётган электр энергияси қабул қилгичлардан бир суткада 24 соат фойдаланиш ҳисобидан келиб чиқиб, уларнинг амалдаги қуввати бўйича амалда ёритиш электр энергияси қабул қилгичлардан сутканинг ёруғ бўлмаган вақтида фойдаланиш ҳисобидан келиб чиқиб, ёритиш электр қабул қилгичларнинг қуввати бўйича амалга оширилади.

Ҳисобга олинмаган электр энергиясининг қайта ҳисоб-китоби белгиланган тартибда, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга, электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилишига йўл қўйган истеъмолчи ёки унинг вакили иштирокида ёхуд иштирокисиз ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан Бюро билан биргаликда қоида бузиш аниқланишидан олдинги давр учун амалда тўланган электр энергия миқдори ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

122. Электр энергиясидан фойдаланишда истеъмолчи томонидан йўл қўйилган қоидабузилишлар Бюронинг вакили ва маиший истеъмолчи томонидан имзоланган икки нусхадаги далолатнома билан расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси маиший истеъмолчига берилади ва Бюро ёки унинг тақдимномаси асосида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан ушбу Қоидаларни бузган истеъмолчи электр қурилмалари тармоқдан узиб қўйилади.

Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, қоида бузиш далолатномасида истеъмолчини таништирганлик тўғрисида белги қўйилади.


123. Ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори далолатнома асосида аниқланади ва тўлаш учун маиший истеъмолчига қўшимча тўлов ҳужжати ёзиб берилади.

Қоида бузилиши юзасидан тўлов ҳужжатини ёзишда амалдаги тариф қўлланади.

Маиший истеъмолчи белгиланган тартибда Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори юзасидан эътироз билдириш ҳуқуқига эга, бироқ бу уни қоида бузиш далолатномаси бўйича ёзилган қўшимча тўлов ҳужжатини белгиланган муддатда тўлашдан озод қилмайди.

Қўшимча тўлов ҳужжати бўйича ҳақ 10 кун муддатда тўланмаса, Бюро маиший истеъмолчидан кўрсатилган суммани мажбурий тартибда ундириш тўғрисида судга даъво аризаси беради.


124. Амалга оширилган электр энергияси сарфининг қайта ҳисоби истеъмолчини электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этмайди.


9-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


126. Электр энергияси истеъмолчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз электр қурилмаларини техник шартларга мувофиқ ҳудудий электр тармоқларига улаш;

сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига мувофиқ бўлган электр энергиясини олиш;

электр энергияси етказиб беришнинг тўхталиши ёки тўхтатиб қўйилиши сабаблари тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш;

ҳудудий электр тармоқлари корхонасига улар истеъмол қиладиган электр энергияси ҳажмларининг ўзгартирилиши тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш. Бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф мўлжалланаётган ўзгартиришдан 10 кун олдиндан (жорий ой тугагунгача) берилиши керак;

электр энергияси тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаслиги ёки сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига мувофиқ бўлмаган электр энергияси етказиб берилиши оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки электр таъминоти корхонаси томонидан етказилган зарарларни белгиланган тартибда қоплаш;

электр таъминоти шартномасини бекор қилганда фойдаланилмаган электр энергияси миқдори учун тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бир тарафлама тартибда электр таъминоти шартномасини бекор қилиш;

электр энергияси етказиб берилиши тўхтатилганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш;

электр таъминоти шартномаларини тузиш ва бажаришда юзага келаётган низоларни ҳал этиш учун судга ёки бўйсуниши бўйича юқори ташкилотга, мансабдор шахсга мурожаат қилиш.

Электр энергияси истеъмолчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


127. Электр энергияси истеъмолчилари қуйидагиларга мажбур:

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан белгиланган электр энергиясини истеъмол қилиш режимига риоя этиш;

фойдаланилган электр энергияси (қуввати) учун ўз вақтида ҳақ тўлаш;

ишлатилаётган электр қурилмалари, асбоблар ва асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолатини ва истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, ҳудудий электр тармоқлари корхонасига ёки электр таъминоти корхонасига электр асбоб-ускуналарининг носозлиги тўғрисида хабар қилиш;

электр энергиясидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

Бюро ва "Ўзэнергоинспекцияси"нинг ёзма кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

Электр қурилмаларининг тузилиши қоидалари талабларига риоя этиш;

ўрнатилган тартибда Бюро ва/ёки ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакилига электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўришига имкон бериш;

йил мобайнида янгидан ишга тушириладиган электр қурилмаларидан фойдаланиш бошланишидан камида бир ой олдин (маиший истеъмолчилардан ташқари) электр энергиясининг зарур миқдори учун ҳудудий электр тармоқлари корхонасига буюртманома бериш;

келгуси йил учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни аниқлашда электр энергиясини электр тармоқларидан узатишда, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишлар турларининг) технологик жараёни ишлаб чиқариш эҳтиёжларига, ишлаб чиқариш бинолари ва маъмурий биноларни ёритишга, иситишга, шамоллатишга электр энергия сарфини, шунингдек, ушбу электр тармоқларига уланган субистеъмолчиларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиш.

Уланган қуввати 5 МВт ва ундан ортиқ бўлган электр энергияси истеъмолчилари ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг талабига кўра қуйидагиларни ҳисобга олиши ва бу ҳақида хабар қилиши шарт:

истеъмол қилинаётган қувватнинг ҳар суткалик, ҳар ойлик сарфи ва амалдаги миқдори;

ягона электр энергетика тизимининг энг кўп ва энг кам юкламали даврларида реактив энергия ва қувватнинг ҳар суткалик сарфи;

ягона электр энергетика тизимининг энг кўп юкламасининг ўтиш даврида актив энергия (қувват)нинг ҳар 30 дақиқадаги сарфи.


128. Объектларидан магистрал электр тармоқлари сифатида фойдаланиладиган истеъмолчилар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан электр энергияси узатиш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга эмас.


129. Уланган қуввати 250 кВа ва ундан ортиқ бўлган истеъмолчилар мазкур Қоидаларнинг 127-бандида кўрсатилган мажбуриятлар билан биргаликда қуйидагиларга мажбур:

маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (ишларни амалга ошириш) учун электр энергияси сарфининг техник ва иқтисодий жиҳатдан асосланган илғор нормаларини ишлаб чиқиш - умумий ишлаб чиқариш ва технологик; якка тартибдаги ва гуруҳ бўйича; йиллик, чораклик ва ойлик - уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологияси такомиллаштирилиши (ўзгартирилиши) ва янги техника жорий этилишига қараб қайта кўриб чиқиш;

корхона бўйича, шу жумладан кўп энергия сарфлайдиган ускуналар, цехлар ва истеъмолчилар гуруҳлари бўйича электр энергияси балансларини тузиш ҳамда улар асосида ишлаб чиқариш жараёнларида электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш, электр энергиясининг самарасиз сарфланиши ва исроф бўлишини аниқлаш, уларни камайтириш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

келгуси давр учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ва электр тармоқларининг энергия ўтказиш қобилиятини ошириш, электр таъминоти схемаларини такомиллаштириш заруриятини аниқлаш мақсадида (маҳсулот ишлаб чиқаришнинг, бажариладиган иш турларининг мўлжалланаётган прогноз ҳажмларидан ва электр энергияси сарфи меъёрларидан келиб чиқиб, уларни камайтириш ва электр энергиясини тежашни ҳисобга олган ҳолда) электр энергиясининг бир йил ва келгуси давр учун балансларини тузиш;

маҳсулот (ишлар) бирлигига электр энергияси сарфининг тасдиқланган меъёрларига риоя қилиш ва уларни камайтириш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш;

электр энергиясини тежаш бўйича (йиллик ва узоқ истиқбол учун) ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



10-БОБ. ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ

КОРХОНАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


130. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

истеъмолчилардан электр таъминоти шартномасида белгиланган мажбуриятларни тегишли даражада бажаришни талаб этиш;

истеъмолчилар томонидан электр таъминоти шартномаси шартлари бажарилмаслиги ёки бузилиши оқибатида унга етказилган зарарнинг белгиланган тартибда қопланиши;

авария режимида Бюрони хабардор қилган ҳолда истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш (ўчириш);

Бюро кўрсатмаси бўйича истеъмолчиларни электр тармоқларидан, шунингдек, ЭҲНАТга уланган ва олдиндан тўланган маблағ тугагандан сўнг электр энергияси учун олдиндан тўловни амалга ошириш қурилмасига эга ҳисобга олиш асбоб мавжуд бўлган истеъмолчиларни узиш.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ёки Бюро мазкур Қоидалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолатларда истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш оқибатлари учун жавобгар бўлмайдилар.

131. Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қуйидагиларга мажбур:

электр энергиясини электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик бўлиниш чегарасига электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳажмда узлуксиз етказиб бериш;

ускуналарни, электр узатиш линияларини, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини эксплуатация қилиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ускуналарни таъмирлаш, шунингдек, ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида носозликларни бартараф этиш;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб туриш;

электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида камида 3 кун олдин огоҳлантириш;

истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг тўхтатиб турилиши ва бунинг сабаблари тўғрисида маълумот бериш;

жорий этиладиган чеклашлар ҳақида, чеклашнинг ҳажми ва вақтини кўрсатган ҳолда, ўз вақтида хабар қилиш;

Бюро кўрсатмаларига асосан алоҳида электр энергияси истеъмолчиларини 6-10 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқлардан узиб қўйишни амалга оширади;

истеъмолчиларнинг электр энергияси тўлиқ етказиб берилмаганлиги ёки электр таъминотида бошқа қоида бузилишлар тўғрисидаги аризаларини, истеъмолчидан ариза олинган кундан бошлаб 10 кундан кечикмай кўриб чиқиш, ушбу қоида бузилишларини бартараф этиш ва истеъмолчиларга ушбу Қоидаларга мувофиқ батафсил жавоб юбориш;

ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергиясининг технологик сарфларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

электр энергиясининг электр тармоқлари бўлиниш чегарасида ҳисобга олинмаган истеъмолини аниқлаш;

ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Бюрога тақдим этиш;

истеъмолчилар томонидан буюртма берилган электр энергияси ҳажмини етказиб беришнинг техник имкониятларини ва улардаги тижорат ҳисобга олиш тизимларининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича хулоса бериш;

истеъмолчиларнинг электр тармоқлари ва қурилмаларини ўз ҳудудий электр тармоқларига улаш юзасидан техник шартлар бериш;

истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясини белгиланган тартибда ҳисобга олиб бориш;

истеъмолчининг белгиланган тартибда киритилган таклифларига мувофиқ беш кун муддатда электр энергиясининг ойлик шартномавий ҳажмига ўзгартиришлар киритиш, электр энергиясининг ойлик шартномавий миқдорини кўпайтириш (камайтириш) мумкин бўлмаган тақдирда - бу ҳақида, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда, истеъмолчига хабар қилиш;

ҳар йили истеъмолчиларнинг барча тоифалари буюртманомаларини умумлаштириш асосида электр энергияси истеъмолининг прогноз кўрсаткичларини, шу жумладан аҳоли истеъмолини, ўз эҳтиёжларига ва келгуси йилда уни узатишга технологик сарфни шакллантириш, йил мобайнида янгидан ишга тушириладиган объектлар учун захираларни назарда тутиш ва 1 октябргача "Ўзбекэнерго" АЖга тақдим этиш;

келгуси йил учун электр энергияси истеъмоли миқдорларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишиш;

маиший истеъмолчининг аризасига асосан ариза берилган пайтнинг ўзида тўловларнинг ҳолати ва истеъмол қилинган электр энергияси учун қарздорликнинг мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) тўғрисида маълумотномалар тақдим этиш;

истеъмолчиларга ўрнатилган электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш асбобларини алмаштириш, ўрнатиш ва хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунингдек Бюро билан биргаликда уларни пломбалаш;

маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ўз вақтида қиёсловидан ўтказиш.

Ўзэнергоинспекция томонидан электр энергиясининг нооқилона сарфланиши, электр қурилмаларининг авария хавфини туғдирадиган ёки одамлар ҳаётига хавф соладиган қониқарсиз техник ҳолати, шунингдек, бошқа қоида бузарликлар аниқланганда, қоидабузарларни электр тармоқларидан узиб қўйиш чораларини кўриш учун улар тўғрисида зудлик билан Бюро ва электр тармоқлари ҳудудий корхонасига хабар берилади.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси:

истеъмолчи электр энергияси истеъмолининг белгиланган режимига риоя қилмай, электр энергияси истеъмоли ёки қувватининг шартномавий миқдоридан ошиб кетишига йўл қўйганда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан белгиланган электр энергияси истеъмолини чеклаш жадвалини бажармаган кунларда сифати паст электр энергияси етказиб берилганлиги учун;

заҳира манбаи автоматик ишга тушганда, автоматик қайта улаш ва автоматик тарзда тез-тез ўчиришлар вақтида электр энергиясини етказиб бериш борасидаги танаффуслар учун истеъмолчи олдида моддий жавобгар бўлмайди.

Электр таъминоти шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки зарур тарзда бажарилмаган ҳолларда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бунинг натижасида етказилган зарарни қоплашга, истеъмолчи эса етказилган реал зарарни қоплашга мажбур.


132. Истеъмолчилар электр тармоқларини ушбу Қоидалар бузилгани учун электр тармоқларидан узиб қўйиш ва қайта улаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Электр тармоқларидан аввал узиб қўйилган маиший истеъмолчиларни қайта улашда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, маиший истеъмолчи - юридик шахслардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади ва ушбу маблағлар уларни қайта улаган ташкилотнинг ҳисобрақамига ўтказилади (ЭҲНАТга уланган истеъмолчилардан ташқари).



11-БОБ. РЕАКТИВ ЭНЕРГИЯ КОМПЕНСАЦИЯСИ

УЧУН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАРИФИГА

ЧЕГИРМАЛАР ВА УСТАМАЛАР


133. Реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар (устамалар) ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига нисбатан амалга оширилади (бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно).


134. Реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар (устамалар) реактив энергияни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари асосида аниқланади ҳамда тегишли равишда истеъмол қилинган (ҳосил қилган) реактив энергиянинг 1 кВар.соат учун тўлов тарзида ундирилади.

Реактив энергиянинг шартномавий миқдори реактив энергиянинг иқтисодий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Реактив энергиянинг ҳар бир ҳисобот даври учун иқтисодий қиймати, шартномада кўрсатилган ва ўрнатилган тартибда аниқланадиган қувват коэффициентининг оптимал миқдори ҳисобга олиниб, ушбу давр учун актив энергиянинг шартномадаги миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Бир неча тариф гуруҳларига мансуб бўлган истеъмолчилар учун реактив энергиянинг шартномавий миқдори ҳар бир тариф гуруҳи бўйича аниқланади ва электр таъминоти шартномасида кўрсатилади.

Ҳисобот даврининг якуни бўйича реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори истеъмол қилинган актив энергия ва қувват коэффициентининг шартномавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Икки ва ундан ортиқ алоҳида объектларга (ҳудуд) эга бўлган истеъмолчига нисбатан реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори ва реактив энергиянинг амалдаги истеъмоли ҳар бир объект бўйича аниқланади. Бунда барча объектлар бўйича реактив энергия иқтисодий қийматининг амалдаги миқдори ва реактив энергия бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун фойдаланилган реактив энергия миқдори йиғиндиси аниқланади.


135. Устамалар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчи уланган электр тармоқнинг катта юклама соатларида реактив энергия истеъмол қилинганда ва ягона электр энергетика тизимининг кам юклама соатларида истеъмолчи реактив энергия ҳосил қилганда қўлланади.

Устама қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинмаган ҳолда актив энергия учун қуйидаги миқдорда аниқланади:

5% - реактив энергия мазкур Қоидаларнинг 134-банди бешинчи хатбошига мувофиқ аниқланган иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдори доирасида истеъмол қилинганда;

10% - реактив энергия мазкур Қоидаларнинг 134-банди бешинчи хатбошига мувофиқ аниқланган иқтисодий қийматнинг амалдаги миқдоридан ортиқ истеъмол қилинганда.

Реактив энергия коммпенсацияси учун электр энергияси тарифига устамалар жарима санкцияси ҳисобланмайди ва электр таъминоти шартномасига асосан ундирилади.

Реактив энергия ўрни етарлича қопланмагани ҳисобига қувват коэффициенти қийматининг истеъмолчилар томонидан электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан пасайтирилгани аниқланганда, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергияси йўқолиши қийматининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини амалга оширади, шунингдек, қувват коэффициенти кўрсаткичлари белгиланган нормативларга нисбатан пасайтирилгани учун истеъмолчилардан қўшимча маблағлар ундиради.

Бунда ҳисоб-китоблар ва қўшимча маблағларни ундириш ҳисоб-китоб даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан истеъмолчи томонидан қувват коэффициентининг амалдаги қийматини пасайтиришга йўл қўйилганлиги тўғрисида "Ўзэнергоинспекцияси"нинг тасдиқлови мавжуд бўлганда амалга оширилади.

136. Тариф чегирмалари истеъмолчи ягона электр энергетика тизими тармоғида электр тармоғининг катта юкламали соатларида реактив энергия ҳосил қилганда ва электр тармоғининг кичик юкламали соатларида ягона энергия тизими тармоғидан реактив энергия истеъмол қилинганда, агар истеъмолчининг бундай режимда ишлаш зарурати шартномада кўрсатилган бўлса, тақдим этилади.

Чегирма қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинмаган ҳолда актив энергия учун амалдаги тарифнинг 15% миқдорида белгиланади.


137. Электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатлари - бу сутканинг истеъмолчи томонидан реактив қувватнинг истеъмол қилиниши (ҳосил қилиниши) туфайли ягона электр энергетика тизимининг электр тармоқларида электр энергиясининг қўшимча равишда йўқотилишига олиб келадиган вақтларидир.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатларини, истеъмолчининг ва у фойдаланадиган тармоқнинг реактив юкламаси жадвалларини таҳлил қилган ҳолда, ҳар қайси истеъмолчи учун алоҳида белгилаши мумкин.

Ҳар бир суткадаги катта ва кичик юкламали соатлар йиғиндиси 24 соатга тенг, шу жумладан:

катта юкламали соатлар - соат 06-00 дан 22-00 гача;

кичик юкламали соатлар - соат 22-00 дан 06-00 гача.

138. Реактив энергиянинг истеъмол қилиниши ҳамда ҳосил қилиниши ҳисобга олиш приборлари ёрдамида қайд этилади.


139. Тизим оператори истеъмолчи томонидан ягона электр энергетика тизими тармоғида катта юкламали соатларда реактив энергияни ҳосил қилиш ва (ёки) кичик юкламали соатларда уни мажбурий истеъмол қилиш белгилаган бўлса, энергияни ҳисобга олиш усули ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасида келишилади ва электр таъминоти шартномасида қайд этилади.


140. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган ҳамда фойдаланишга рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этадиган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари (Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, насос станцияларидан ташқари) билан тузилган электр таъминоти шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ягона электр энергетика тизими тармоғидан ҳисобот даври учун истеъмол қилинадиган реактив энергиянинг иқтисодий қиймати;

талаб этиладиган қувват коэффициенти (косинус "фи");

ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламаларининг назорат соатлари (йилнинг ҳар бир ойи бўйича бўлиб чиқиш орқали);

электр тармоқларнинг катта юклама соатларида ойлик реактив энергия истеъмолини техник чегаралари. Ушбу чегаралардан ошиб кетганда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергиясининг ҳисоблаш нуқтасида кучланишни электр тармоғининг энг катта юкламали соатлари учун электр таъминоти шартномасида белгиланган даражасидан пасайиб кетиши учун жавоб бермайди;

электр тармоғининг катта юкламали соатларида ягона электр энергетика тизимининг электр тармоғига бир ойда ҳосил қилинадиган ва (ёки) бир ойда кичик юкламали соатларда мажбурий истеъмол қилинадиган реактив энергиянинг чегаравий қийматлари.

Ҳисобот даври учун реактив энергия истеъмолининг иқтисодий қиймати техник чегара ҳисобланиб, унинг ортишида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергиясининг ҳисобга олиш нуқтасидаги кучланиш электр таъминоти шартномасида белгиланган даражадан камайиб кетиши учун жавоб бермайди.



12-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИНГ СИФАТИ

УЧУН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАРИФИГА

ЧЕГИРМАЛАР (УСТАМАЛАР)


141. Электр энергияси сифати учун тарифга чегирмалар (устамалар) амалдаги тарифлар бўйича белгиланади. Электр энергияси сифати учун тарифларга устамалар жарима санкцияси ҳисобланмайди ва электр таъминоти шартномасига мувофиқ истеъмолчилардан (маиший истеъмолчилардан ташқари) ундирилади.


142. Электр энергияси учун ҳисоб-китобларда қўлланадиган электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари (ЭСК) рўйхати давлат стандартлари асосида электр таъминоти шартномасида белгиланади.


143. Агар, истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги улуши электр таъминоти шартномасида белгиланган йўл қўйилиши мумкин бўлган даражадан ошса, белгиланган қиймат тарифга устама ёки акс ҳолда - тарифга чегирма ҳисобланади.


144. Ҳар бир ЭСК бўйича чегирмалар (устамалар) миқдори кўриб чиқилаётган ЭСКнинг ҳисоб-китоб давридаги жами нисбий давомийлиги кўрсаткичларига (Т1 ва Т2) кўра, йўл қўйилиши мумкин бўлган нормал ва максимал қийматлар сифатида ҳисобланади. Т1 ва Т2 қийматлари ўлчаш вақти давомида аниқланади, ўлчаш вақтининг давомийлиги ҳар бир ЭСК бўйича шартномада белгиланади, лекин у 1 иш суткасидан кам бўлмаслиги керак. Автоматлаштирилган ўлчаш воситалари мавжуд бўлганда Т1 ва Т2 қийматлари узлуксиз равишда ўлчаниши лозим. Ҳисоб-китоб қилинадиган вақт оралиғини мунтазам ўлчаш электр таъминоти шартномасида (лекин бир чоракда бир мартадан кам эмас) белгиланади.


145. Истеъмолчининг электр таъминоти шартномасида қайд этилган ҳар қайси ЭСК бўйича электр энергияси сифатининг ёмонлашувидаги улушининг қиймати ҳар замонда ўлчашлар асосида белгиланади ва ўлчаш баённомасида қайд этилади. Амалдаги улушларнинг ушбу қийматларидан томонлардан бири уларни қайта кўриб чиқишни таклиф этмагунича фойдаланилади.


146. ЭСКни ўлчаш ишлари аккредитациядан ўтган синов лабораторияси томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи билан биргаликда электр таъминоти шартномасида белгиланган муддатларда ўтказилади. Электр таъминоти шартномасида ўлчашлар даврийлиги тўғрисида кўрсатмалар бўлмаганда, шунингдек, истеъмолчи ёки ягона электр энергетика тизимининг иш шароитлари кескин ўзгарганда, ўлчашлар томонлардан бирининг ташаббусига кўра аккредитациядан ўтган синов лабораторияси томонидан ўтказилиши мумкин. Иккинчи томон ўлчашларни ўтказишнинг аниқ санасини 3 кун муддатда келишиб олиши керак ва бу ишлар ташаббус кўрсатган томоннинг мурожаатидан кейин 10 кун муддатда бажарилиши лозим.


147. Кучланишдаги тафовутлар, номутаносибликлар коэффицентлари ва кучланишдаги ўзгаришлар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва истеъмолчи ўртасидаги келишув асосида фазалардан бирида ёки барча фазаларда аниқланади. Барча фазаларда ўлчашда Т1 ва Т2 ўртача қиймат сифатида аниқланади.


148. Истеъмолчининг электр энергияси сифати ёмонлашувидаги улушини аниқлаш тартиби электр таъминоти шартномасида кўрсатилади.



13-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИНИНГ

ТАРИФ ГУРУҲЛАРИ


149. Барча электр энергияси истеъмолчилари тўрт тариф гуруҳига бўлинади (I, II, III ва IV).


150. I тариф гуруҳига уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган, электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради. Бюджет ташкилотлари, сув таъминоти ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.

151. II тариф гуруҳига қуйидагилар киради:

электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар, маиший истеъмолчилардан ташқари;

"Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзбекгидроэнерго" АЖ таркибига кирадиган, ҳудудий электр таъминоти корхоналари, шу жумладан ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан электр қуввати оладиган корхона ва ташкилотларнинг, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу корхоналар ҳудудидан ташқарида алоҳида жойлашган объектларининг хўжалик эҳтиёжлари.

Бунда "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзбекгидроэнерго" АЖ таркибига кирадиган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ўзига тегишли тармоқларда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича фойдаланилган электр энергияси амалдаги таннарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.


152. III тариф гуруҳига маиший истеъмолчилар киради. Ушбу тариф гуруҳи бўйича аҳоли томонидан турмуш эҳтиёжлари учун уй-жойларда, хонадонларда, ётоқхоналарда, ёрдамчи хўжаликларда, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида, шу жумладан боғ ширкатлари ва дала ҳовлилар суғориш насослари, шахсий автомашиналар учун гаражларда сарфланадиган электр энергияси ҳақи ток қабул қилгичларнинг қуввати ҳамда ҳисобга олиш асбобларининг ўрнатилган жойидан қатъий назар, тўланади.

Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ҳақи ушбу тариф гуруҳига кирадиган амалдаги тарифнинг 50 фоизи миқдорида тўланади.

Бунда овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган электр энергияси истеъмолчилари мазкур банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган тариф бўйича ҳақ тўлайди. Ушбу уйлар ва ётоқхоналарни электр тармоқларига улаш бўйича техник шартларда аввал бошидан мазкур электр плиталарининг қуввати ҳисобга олинган, электр қурилмаларни (трансформаторлар, куч кабеллари, тақсимлаш шитлари, коммутация аппаратлари, электр узаткичлар ва бошқаларни) лойиҳалаштириш ва монтаж қилиш уларнинг техник шартларда кўрсатилган қувват ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

153. Бюджет ташкилотларидан ташқари электр энергиясидан биноларни электр билан иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тайёрлаш мақсадида фойдаланадиган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари томонидан сарфланадиган электр энергияси ҳажмининг ҳақи IV тариф гуруҳи бўйича тўланади.

Электр энергиясидан аҳолига электр энергияси етказиб бериш мақсадида фойдаланувчи идоравий ва муниципиал уй-жой фонди, юридик шахслар ётоқхоналари ва оилавий корхоналар, шунингдек, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонхоналарга маиший истеъмолчиларга белгиланган тариф қўлланилади.


14-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ ЧЕКЛАШ

ЁКИ УЗИБ ҚЎЙИШ ШАРТЛАРИ


154. Электр энергияси истеъмолини чеклаш, шунингдек, истеъмолчилар юкламалари жадвалларини тартибга солиш чора-тадбирлари, чеклашлар жадвалига мувофиқ "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан тасдиқланган тартибда амалга оширилади.


155. Қувват ва электр энергияси истеъмоли бўйича чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчилар билан биргаликда ишлаб чиқилади, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан келишилади, "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан тасдиқланади ва ягона электр энергетика тизимида электр қуввати ва энергия танқислиги пайдо бўлганда жорий этилади.

Маиший истеъмолчилар билан электр энергияси қуввати ва истеъмол қилиш бўйича чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари алоҳида тузилмайди.


156. Электр энергиясини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари электр станциялари ва электр тармоқлари ускуналарининг йўл қўйиб бўлмайдиган шароитларда ишлашининг олдини олиш, ягона электр энергетика тизимининг барқарор параллель ишлашини таъминлаш, авариялар юзага келишининг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларнинг тартибсиз узиб қўйилишини бартараф этиш мақсадида ягона электр энергетика тизимида электр энергияси ва қувват танқис бўлган ҳолларда тузилади.


157. Электр энергиясини чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари истеъмолчининг технологик ва авария бронини аниқлаш далолатномасига асосан, жорий йилнинг 1 октябридан кейинги йилнинг 1 октябригача бўлган давр учун тузилади ҳамда жадвалларга киритилган барча истеъмолчилар учун уларни бажариш мажбурий ҳисобланади.

Жадвалларнинг қуйидаги турлари тузилади:

ягона электр энергетика тизимида ёқилғи ёки гидроресурслар етишмаганда электр энергиясини (кВт соатда) чеклаш жадвали. Жадвалда электр энергия истеъмолини истеъмолчиларнинг технологик бронигача, кейинчалик эса авария бронигача (чеклашга мансуб бўлмаган объектлардан ташқари) ва бунда истеъмолни 5 та навбатга бўлган ҳолда қисқартириш назарда тутилиши лозим;

ягона электр энергетика тизимида қувват етишмаганда қувватни (кВтда) чеклаш жадвали. Жадвалда ягона электр энергетика тизимининг эрталабки ва кечки энг катта юкламалари юзага келадиган соатларда истеъмол қилинадиган қувватни истеъмолчиларнинг авария бронигача камайтириш ва бунда истеъмол қилинадиган қувватни 5 та навбатга бўлиш назарда тутилиши лозим;

қувват тақчиллиги юзага келиши натижасида авария хавфи пайдо бўлганда ва чеклаш жадвалларини жорий қилиш имконияти бўлмаганда, қувватни чеклаш жадвали. Жадвалда узиб қўйилиши мумкин бўлмаган объектлардан ташқари, ягона электр энергетика тизими истеъмолчиларини тўлиқ узиб қўйиш ва узиб қўйиладиган қувватни 5 навбатга бўлиш назарда тутилиши лозим.


158. Айрим ҳолларда истеъмолчиларни узиб қўйишнинг махсус жадвали ишлаб чиқилади.

Электр энергиясини узиб қўйиш жадвали ва махсус жадвалга асосан автоматика, телебошқарув қурилмаларига ёки доимий хизмат кўрсатувчи ходимлар ва ишончли телефон алоқасига эга бўлган подстанциялар киритилиши лозим. Истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилиши электр таъминотининг авария бронигача чеклаб қўйилиши мумкин.


159. Чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларини амалга киритиш тартиби қуйидагилар:

электр энергияси ва қувватни чеклаш ва узиб қўйиш жадваллари "Ўзбекэнерго" АЖ раҳбари фармойиши билан амалга киритилади. Диспетчерлик бошқарувининг барча даражаларида электр энергиясини чеклашни жорий этиш фармойиши оператив журналда чеклаш ҳажми, чеклаш бошланадиган ва тугайдиган вақт қайд этилган ҳолда берилади;

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчиларга кейинги суткаларда электр энергиясини чеклаш жадвалларининг амалга киритилиши тўғрисида жорий сутканинг соат 14-00 дан кечиктирмай, чеклаш ҳажми, чеклаш бошланадиган ва тугайдиган вақтини кўрсатган ҳолда маълум қилади.

Электр энергиясини чеклаш жадвалларини зудлик билан жорий этиш зарур бўлганда, бу ҳақидаги билдиришнома сутканинг вақтидан қатъи назар, чеклашнинг амал қилиши бошланишидан 1 соат олдин истеъмолчиларга етказилади.

Узиб қўйиш жадваллари истеъмолчилар томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан узиб қўйиш жадваллари жорий этилиши тўғрисидаги билдиришнома олингандан кейин дарҳол жорий этилади.

Электр энергияси истеъмолини узоқ вақтга камайтириш зарур бўлганда, қувватни узиб қўйиш жадвалига тенг бўлган электр энергияси ва қувватни чеклаш жадвали амалга киритилади.

Юридик шахслар - чеклаш ва узиб қўйиш жадвалига киритилган, шу жумладан узлуксиз ишлаб чиқариш технологик жараёнига эга корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар (чеклаш ва узиб қўйилиши мумкин бўлмаган объектлардан ташқари) чеклаш ва узиб қўйиш жадвалларининг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан кўрсатилган муддатда сўзсиз бажарилишини ташкил этиши шарт. Акс ҳолда, улар узиб қўйиш ва чеклаш жадваллари бажарилмаганлиги туфайли ягона электр энергетика тизими марказларидан мажбурий узиб қўйиш натижасида юзага келадиган оқибатлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергияси ва қувватини чеклаш жадвалларини амалга киритиш тўғрисидаги фармойиш истеъмолчилар томонидан бажарилмаганда, уларни огоҳлантиргандан сўнг электр энергияси ва қувват истеъмолининг белгиланган даражада камайишини таъминловчи миқдорда электр энергияси етказиб берилишини мажбурий равишда чеклайди ёхуд белгиланган тартибда таъсир чораларини кўриш учун Бюрога мурожаат қилади.

Бу борадаги технологик жараёнлар бузилишининг оқибатлари учун жавобгарлик истеъмолчилар корхоналарининг раҳбарлари зиммасига юкланади.


160. Ягона электр энергетика тизимида электр энергия ва қувватда танқислик вужудга келганда, аварияларга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларнинг тартибсиз узиб қўйилишининг олдини олиш мақсадида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўчириш вақтини кўрсатган ҳолда, истеъмолчилардан рекламалар, иллюминациялар, бино ва иншоотларни ёритгичларни, электр иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш қурилмаларини ўчириб қўйишни талаб қилишга ҳақли.


160-1. Мазкур Қоидаларнинг 70, 117, 118, 130, 154-159-бандларида назарда тутилмаган сабабларга кўра электр энергиясидан ўчирганлик учун ҲЭТКка нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий чоралар қўлланилади.


15-БОБ. БЛОК-СТАНЦИЯЛАРГА ЭГА

БЎЛГАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАР БИЛАН

ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАР


161. Ягона электр энергетика тизимининг электр тармоғига бевосита ёки истеъмолчиларнинг электр тармоқлари орқали уланган истеъмолчиларнинг электр станциялари блок-станциялар ҳисобланади. Улар ўзаро келишилган иш режимига риоя қилишлари ҳамда тизим операторининг ва юқори оператив-диспетчерлик хизматларининг кўрсатмалари ва фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Блок-станциялар бўйича электр энергияси ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажмлари ва блок-станциялар томонидан ягона электр энергетика тизимига электр энергияси етказиб беришнинг йиллик ҳажмлари "Ўзбекэнерго" АЖ ва блок-станция ўртасида тузиладиган шартнома билан тасдиқланади ва расмийлаштирилади.


162. "Ўзбекэнерго" АЖ электр энергиясининг ягона харид қилувчиси ва блок-станция ўртасида ягона электр энергетика тизимига электр энергиясини етказиб бериш бўйича тузилган шартномада назарда тутилган электр энергияси етказиб беришнинг ойлик миқдорига мувофиқ, блок-станцияларнинг ягона электр энергетика тизимига ҳар бир сутка учун юклама ва электр энергияси етказиб бериш жадвалини белгилайди.

Блок-станция томонидан юклама диспетчерлик жадвалида белгиланган миқдордан камайтирилса, "Ўзбекэнерго" АЖ блок-станция тегишли бўлган саноат ва идоравий мансуб истеъмолчилар бўйича қувватни блок-станция юкламани камайтирган миқдорда чеклаш жорий қилиш ҳуқуқига эга, блок-станция юкламасининг камайишига форс-мажор ҳолатлар сабаб бўлган ҳолатлар бундан мустасно.


163. Ягона электр энергетика тизимига етказиб бериладиган, шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан олинадиган актив электр энергияси блок-станция томонидан баланс бўйича мансублик чегарасининг бўлинишида ўрнатилган, актив электр энергиясини қабул қилиш ва етказиб беришни алоҳида қайд этадиган ҳисобга олиш приборлари ёрдамида ҳисобга олинади.

Блок-станцияга тегишли бўлган электр тармоғи хўжалигининг объектларида электр энергиясини ягона электр энергетика тизимига етказиб беришда ҳамда ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан олишда электр энергиясининг технологик сарфлари блок-станцияга ҳисобига тегишли бўлади.


164. Блок-станцияга эга бўлган истеъмолчи:

"Ўзбекэнерго" АЖ билан - ягона электр энергетика тизимига етказиб берилган электр энергияси учун;

ҳудудий электр тармоқлари билан - ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва блок-станцияга эга истеъмолчи ўртасида тузилган электр таъминоти шартномаси асосида олинган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилади.


165. Етказиб бериладиган ва истеъмол қилинадиган электр энергияси учун блок-станциялар билан ҳисоб-китоб белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар бўйича амалга оширилади.


166. Ҳисоб-китоб даврида ягона электр энергетика тизимига блок-станция айби билан тўлиқ етказиб берилмаган электр энергияси шартномада белгиланган электр энергияси ҳажми ва ягона электр энергетика тармоғига амалда етказиб берилган электр энергияси ҳажми ўртасидаги тафовут бўйича аниқланади.


167. Блок-станция форс-мажор ҳолатлар туфайли электр энергияси етказиб беришдаги танаффуслар учун жавоб бермайди.



16-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


168. Электр энергияси истеъмолчилари, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, электр энергияси учун тўловларни йиғиш функцияларини амалга оширувчи хусусий операторларнинг мансабдор шахслари ва Бюро мазкур Қоидаларни бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

          

               

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 16 январь