язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Божхона тўловлари/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1997 й. 470-I-сон "Бож тарифи тўғрисида"ги Қонуни

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1997 й.

N 470-I



БОЖ ТАРИФИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонун бож тарифини шакллантириш ва қўллаш тартибини, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлардан бож ундириш қоидаларини белгилайди.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикасининг жаҳон иқтисодиёти билан самарали интеграциялашуви учун шарт-шароит яратиш ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида амал қилади.


2-модда. Бож тарифи

Бож тарифи - божхона чегарасидан олиб ўтиладиган, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси (бундан кейин матнда - Товар номенклатураси деб юритилади) принциплари ва қоидаларига мувофиқ ҳолда бир тизимга солинган товарларга нисбатан қўлланиладиган бож ставкаларининг тўпламидир.

Товар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


3-модда. Бож

Бож - Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан товарлар олиб ўтилаётганда божхона органлари томонидан ундириладиган тўлов.

Ўзбекистон Республикасида импорт божи, экспорт божи, мавсумий ва алоҳида (махсус, антидемпинг, компенсация) бож қўлланилади.

Алоҳида божларнинг қўлланилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


4-модда. Бож ставкаларининг турлари

Ўзбекистон Республикасида бож ставкаларининг қуйидаги турлари қўлланилади:

бож ундириладиган товарларнинг божхона қийматига нисбатан фоизларда ҳисобланадиган адвалор ставкалар;

бож ундириладиган товарлар бирлиги учун белгиланган миқдорда ҳисобланадиган хос ставкалар;

божнинг адвалор ҳамда хос турларини ўз ичига оладиган аралаш ставкалар.



5-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бож тарифи тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



6-модда. Импорт ва экспорт божи

Импорт божи халқаро шартномаларга мувофиқ белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий алоқаларда энг кўп қулайлик бериш тартибини қўллаётган мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар учун ундириладиган импорт божи ставкаларининг энг кам ёки энг кўп миқдори қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.

Савдо-иқтисодий алоқаларда энг кўп қулайлик бериш тартиби назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёки қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги аниқланмаган товарлар учун ундириладиган импорт божининг ставкалари икки баравар оширилади, ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси томонидан тариф преференциялари бериладиган ҳоллар бундан мустасно.

Импорт ва экспорт божининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.


7-модда. Мавсумий божлар

Мавсумий божлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиб, товарлар олиб кириш ва олиб чиқишни тезкор тартибга солиш учун қўлланилади. Бунда бож тарифида назарда тутилган бож ставкалари қўлланилмайди. Мавсумий божлар улар белгиланган вақтдан эътиборан олти ойдан ортиқ амал қилиши мумкин эмас.


12-модда. Божхона қиймати

Божхона қиймати - ушбу Қонунга мувофиқ белгиланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир.

Божхона қиймати ўтказиладиган божхона расмийлаштируви вақтида божхона органига декларант томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда маълум қилинади (декларацияга киритилади).

Божхона қийматини аниқлаш тўғри ва ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотларга асосланиши лозим.



13-модда. Божхона қийматини белгилашда

декларантнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Декларант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

божхона органига тақдим этилган, божхона қийматини белгилашда фойдаланилган маълумотларнинг тўғрилигини исботлаш;

эълон қилинган божхона қийматига аниқлик киритиш зарурияти вужудга келганида божхона органининг рухсати билан ўзи декларация берган товардан гаров қўйиб ёки вакил банкнинг кафолати остида ёхуд божхона органи чиқарган товарнинг божхона баҳосига мувофиқ божхона тўловларини тўлаб фойдаланиш;

божхона қийматини аниқлаш хусусида божхона органи чиқарган қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш.

Декларант қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

божхона органига божхона қийматини эълон қилиш;

божхона органининг талабига биноан божхона қийматини белгилашга доир маълумотларни тақдим этиш.

Декларант томонидан эълон қилинган товарнинг божхона қийматига аниқлик киритилиши ёки божхона органига қўшимча ахборот берилиши муносабати билан юзага келган харажатларни декларант тўлайди. Товарнинг божхона баҳосини аниқлаш муносабати билан уни божхонада расмийлаштириш муддатининг узайишидан декларант божни тўлаш муддатини амалда кечиктириш учун фойдаланиши мумкин эмас.



14-модда. Товарнинг божхона баҳоси устидан

назоратни амалга оширишда божхона

органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Товарнинг божхона баҳоси устидан назоратни амалга оширишда божхона органи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

декларант эълон қилган товарнинг божхона қиймати тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида қарор қабул қилиш;

башарти декларант ўзи фойдаланган маълумотларининг тўғрилигини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаса, товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант фойдаланган усулни қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида қарор қабул қилиш;

декларант эълон қилган товарнинг божхона қиймати тўғри аниқланганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмаса ёки декларант тақдим этган маълумотларни нотўғри ва (ёки) тўлиқ эмас деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлса, ўзида бор маълумотларга (шу жумладан, айнан бир хил бўлган ёки ўхшаш товарларнинг баҳолари ҳақидаги ахборотга) асосланиб, ушбу Қонунга мувофиқ тузатишлар киритиш йўли билан божхона қийматини аниқлаш усулларини бирин-кетин қўллаган ҳолда декларация берилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлаш.

Божхона органи декларантнинг ёзма сўровига биноан, у эълон қилган товарнинг божхона қиймати божхона органи томонидан қабул қилинмаганлигининг сабаблари кўрсатилган тушунтириш хатини декларантга тақдим қилиши шарт.



15-модда. Божни ҳисоблаб чиқариш,

тўлаш ва ундириш

Товар учун божни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва ундириш унинг божхона қиймати асосида Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Бож Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетига ўтказилади.


16-модда. Божхона баҳоси

Божхона баҳоси - Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар қийматини божхонада аниқлашнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлланиладиган усуллари тизимидир.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


17-модда. Божхона баҳосини чиқариш усуллари

Олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган битимнинг қийматига қараб баҳолаш товарнинг божхона баҳосини чиқаришнинг асосий усулидир.

Агар асосий усулдан фойдаланиб бўлмаса, божхона баҳосини чиқаришнинг қуйидаги усуллари бирин-кетин қўлланилади:

айнан бир хил товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб баҳолаш;

ўхшаш товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб баҳолаш;

қийматларни чегириб ташлаш асосида;

қийматларни қўшиш асосида;

резерв усул.

Қийматларни чегириб ташлаш ва қийматларни қўшиш асосидаги усуллар исталган кетма-кетликда қўлланилиши мумкин.


18-модда. Олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган

битим қийматига қараб божхона баҳосини чиқариш

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарнинг божхона қиймати битим қийматидан, яъни, олиб кирилаётган товар учун Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтиш вақтида амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган баҳодан иборатдир, башарти:

божхона қийматини эълон қилиш вақтида декларант фойдаланган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган ва тўғри бўлса;

харидорнинг товарларни тасарруф этиши ёки улардан фойдаланишига тааллуқли чекловлар бўлмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар бундан мустасно;

товарларнинг сотилиши ёки нархи баҳоланаётган товарларнинг божхона қиймати аниқлаб бўлмайдиган ҳолга олиб келадиган қандайдир шартлар ёки фикрларга сабаб бўлмаса;

харидор товарни кейинчалик қайта сотиши, тасарруф этиши ёки ундан фойдаланишидан келган тушумнинг бирон-бир қисми бевосита ёки билвосита сотувчига ўтмаса, фақат агар ушбу модда иккинчи қисмининг қоидаларига мувофиқ тегишли тузатишлар киритиш мумкин бўлмаса;

харидор ва сотувчи бир-бирига боғлиқ шахслар бўлмаса, бундай ўзаро боғлиқлик битим қийматига таъсир этмаганлиги декларант томонидан исбот қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Божхона қийматини аниқлашда олиб кирилаётган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган баҳога қуйидаги харажатлар қўшилади, башарти улар мазкур баҳога киритилмаган бўлса:

1) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб келтиргунга қадар қилинган харажатлар: ташиш қиймати; юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш билан боғлиқ харажатлар; суғурта суммаси;

2) харидор томонидан қилинган харажатлар: воситачилик ва брокерлик ҳақлари, товарни сотиб олиш чоғидаги воситачилик харажатлари бундан мустасно; контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишлар қиймати, агар улар баҳоланаётган товар билан бир бутун деб ҳисобланса; ўраш қиймати, бунга ўраш материаллари қиймати ва ўраш ҳақи киради;

3) хизматларнинг ҳамда сотувчи харидорга текинга ёки арзон нархда бевосита ёхуд билвосита берадиган бошқа товарларнинг қиймати;

4) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун харидор баҳоланаётган товарларни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши шарт бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

5) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, тасарруф этиш ёки ундан фойдаланишдан келган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган исталган қисмининг қиймати.

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун олиб кирилаётган товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб божхона баҳосини чиқариш усулидан фойдаланиш мумкин эмас, башарти:

харидорнинг баҳоланаётган товарга бўлган ҳуқуқлари чекланган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ва товар баҳосига жиддий таъсир қилмайдиган чекловлар бундан мустасно;

товарни сотиш ва битим қиймати таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса;

божхона қийматини эълон қилиш вақтида декларант фойдаланган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бўлса ёки улар нотўғри бўлса;

битим қатнашчилари бир-бирига боғлиқ шахслар бўлса, уларнинг ўзаро боғлиқлиги битим баҳосига таъсир этмаган ва бу нарса декларант томонидан исбот қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Бир-бирига боғлиқ шахслар дейилганда қуйида келтирилган белгиларнинг ақалли биттасига мос келадиган кишилар тушунилади:

битим қатнашчиларидан биттаси (жисмоний шахс) ёки битим қатнашчиларидан бирининг мансабдор шахси айни бир вақтда битимда қатнашаётган бошқа шахснинг мансабдор шахси бўлса;

битим қатнашчилари корхонага биргаликда эгалик қилувчи шахслар бўлса;

битим қатнашчилари меҳнат муносабатлари орқали ўзаро боғлиқ бўлса;

битим қатнашчиларидан бири битимда қатнашаётган бошқа шахс устав капиталининг овоз ҳуқуқини берувчи камида беш фоизига тенг бўлган улуш (пай) ёки акция эгаси бўлса;

битимнинг ҳар иккала қатнашчиси бевосита ёки билвосита учинчи шахс назорати остида бўлса;

битим қатнашчилари биргаликда бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилсалар;

битим қатнашчиларидан бири битимда қатнашаётган бошқа шахснинг бевосита ёки билвосита назорати остида бўлса;

битим қатнашчилари ёки уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлсалар.


19-модда. Айнан бир хил товар юзасидан тузилган

битим қийматига қараб божхона баҳосини чиқариш

Айнан бир хил товар дейилганида ҳар жиҳатдан, шу жумладан: физик хусусиятлари; сифати ва бозордаги қадри; қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги; ишлаб чиқарувчиси каби белгилари жиҳатидан баҳоланаётган товар билан бир хил бўлган товар тушунилади.

Товарнинг ташқи кўринишидаги жузъий фарқлар, агар у бошқа жиҳатлари билан ушбу модданинг биринчи қисми талабларига мос бўлса, уни айнан бир хил эмас, деб ҳисоблаш учун асос бўла олмайди.

Айнан бир хил товар юзасидан тузилган битим қиймати бож қийматини белгилаш учун асос қилиб олинади, агар бу товар:

баҳоланаётган товар олиб кирилгунга қадар кўпи билан 90 кун олдин Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириш учун сотилган бўлса;

тахминан ўшанча миқдорда ва (ёки) ўшандай тижорат шартларида олиб кирилган бўлса. Агар айнан бир хил товар кўп ёки кам миқдорда ва (ёки) бошқа тижорат шартларида олиб кирилган бўлса, баҳоланаётган товарнинг божхона қийматига ана шу фарқларни ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилади, башарти, бу тузатишларнинг асосли эканлигини божхона органига ҳужжатлар билан тасдиқлаб бериш мумкин бўлса.

Айнан бир хил товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб аниқланадиган божхона қийматига ушбу Қонуннинг 18-моддасида кўрсатилган харажатларни ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилиши лозим.

Тузатишлар декларант томонидан тўғри ва ҳужжат билан тасдиқланган маълумотлар асосида киритилиши лозим.

Агар ушбу усулни қўллаш вақтида айнан бир хил товар юзасидан тузилган битимнинг икки ва ундан ортиқ нархи мавжудлиги аниқланса, олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини белгилаш учун уларнинг энг паст нархи қўлланилади.


20-модда. Ўхшаш товар юзасидан тузилган битим

қийматига қараб божхона баҳосини чиқариш

Ўхшаш товар дейилганида ҳар жиҳатдан бир хил бўлмаса-да, ўхшаш хусусиятларга эга бўлганлиги ва таркибий жиҳатдан ўхшашлилиги туфайли баҳоланаётган товар билан бир хил вазифаларни бажара оладиган ва тижорат нуқтаи назаридан унинг ўрнини боса оладиган товар тушунилади.

Товарнинг ўхшашлигини аниқлашда унинг қуйидаги белгилари: сифати, товар белгисининг мавжудлиги ва бозордаги қадри; қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги; ишлаб чиқарувчиси ҳисобга олинади.

Ўхшаш товар юзасидан тузилган битим қийматига қараб божхона баҳосини чиқариш усулидан фойдаланганда ушбу Қонун 19-моддаси учинчи, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмларининг қоидалари қўлланилади.

19-модда ва ушбу модданинг қоидалари асосида божхона баҳосини чиқариш усулларидан фойдаланилганида:

агар товар баҳоланаётган товар ишлаб чиқарилган мамлакатда ишлаб чиқарилмаган бўлса, у баҳоланаётган товар билан айнан бир хил ёки ўхшаш ҳисобланмайди;

баҳоланаётган товарнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан эмас, балки бошқа шахс томонидан ишлаб чиқарилган товар, баҳоланаётган товарни ишлаб чиқарган шахс томонидан ишлаб чиқарилган айнан бир хил товар ҳам, ўхшаш товар ҳам бўлмаган тақдирдагина эътиборга олинади;

агар товарни лойиҳалаш, унинг устидаги тажриба-конструкторлик ишлари, унинг бадиий безаги, дизайни, эскизи, чизмалари ва бошқа шунга ўхшаш ишлар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган бўлса, бундай товар айнан ёки бир хил ўхшаш ҳисобланмайди.


21-модда. Қийматларни чегириб ташлаш

асосида божхона баҳосини чиқариш

Агар баҳоланаётган, айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар ўзининг дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилса, қийматларни чегириб ташлаш асосида божхона баҳосини чиқариш амалга оширилади.

Қийматларни чегириб ташлаш асосида божхона баҳосини чиқариш усулидан божхона қийматини аниқлаш учун асос сифатида фойдаланилганда товар бирлигининг баҳоланаётган, айнан ёки бир хил ўхшаш товарлар олиб келинган вақтдан бошлаб камида 90 кундан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида катта туркумларда битимнинг сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган иштирокчисига сотилган баҳоси қўлланилади.

Товар бирлигининг баҳосидан қуйидаги харажатлар чегириб ташланади:

воситачилик ҳақи тўлашга қилинган харажатлар, фойдага қўйиладиган одатдаги устамалар ва олиб келинган бир хил классдаги ва турдаги товарларни Ўзбекистон Республикасида сотиш билан боғлиқ умумий харажатлар;

товарлар олиб кириш ёки сотиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасида тўланиши лозим бўлган импорт божлари, солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар суммаси;

Ўзбекистон Республикасида транспортда ташиш, суғурталаш, юклаш ва тушириш учун қилинган харажатлар.

Олиб кирилаётган вақтда қандай ҳолатда бўлса, шу ҳолатда баҳоланган, айнан бир хил бўлган ёки ўхшаш товарлар сотилган ҳоллар мавжуд бўлмаса, декларантнинг илтимосига биноан ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қоидаларига риоя этган ҳолда ҳамда қўшилган қийматга тузатиш киритилиб, қайта ишланган товар бирлигининг баҳосидан фойдаланиш мумкин.


22-модда. Қийматларни қўшиш асосида

божхона баҳосини чиқариш

Қийматларни қўшиш асосида божхона баҳосини чиқариш усулидан фойдаланилганда, товарнинг:

баҳоланаётган товарни ишлаб чиқариш муносабати билан тайёрловчи томонидан сарфланган материаллар қийматини ва бошқа харажатларни;

айни бир турдаги товарларни олиб чиқилаётган мамлакатдан Ўзбекистон Республикасига сотишга хос бўлган умумий харажатларни, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтиш жойигача транспортда ташиб келтириш, юклаш ва тушириш, суғурталаш харажатларини;

айнан ёки бир хил ўхшаш товарларни Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш натижасида экспортёр томонидан одатда олинадиган фойдани қўшган ҳолда чиқариладиган баҳоси божхона қийматини белгилаш учун асос сифатида қабул қилинади.


23-модда. Резерв усул ёрдамида божхона

баҳосини чиқариш

Агар товарнинг божхона қийматини ушбу Қонуннинг 18-22-моддаларида кўрсатилган усуллар ёрдамида аниқлаш мумкин бўлмаса, баҳоланаётган товарларнинг божхона қиймати божхона органида мавжуд бўлган нархларга доир ахборот асосида белгиланади. Бунда товарнинг божхона қийматини белгилашда қуйидагиларга асосланиш мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ўхшаш товарнинг сотув нархига;

икки ва ундан ортиқ муқобил қийматларнинг энг юқорисига;

товарнинг олиб чиқилган (экспорт қилинган) мамлакат ички бозоридаги баҳосига;

олиб чиқилган (экспорт қилинган) мамлакатдан учинчи мамлакатларга етказиб берилган товарнинг баҳосига;

энг паст божхона қийматларига, шунингдек товарларнинг ўзбошимчалик билан қўйилган ёки ўз тасдиғини топмаган сохта қийматларига.


24-модда. Товар ишлаб чиқарилган мамлакат

Товар батамом ишлаб чиқарилган ёки ушбу Қонунда белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ва башарти, товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.


25-модда. Муайян мамлакатда батамом

ишлаб чиқарилган товарлар

Қуйидагилар муайян мамлакатда батамом ишлаб чиқарилган товарлар ҳисобланади:

унинг ҳудудидан ёки ҳудудий сувларидан ёхуд континенталь шельфидан ва денгиз остидан олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат денгиз остини қазиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;

мамлакат ҳудудида ўстирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;

мамлакатда туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;

мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотлари ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;

мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;

мамлакат кемаларида ёки у ижарага олган (фрахт қилган) кемаларда жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулотлари;

мамлакатдаги ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг натижаси бўлмиш иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;

мамлакатга қарашли ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ космосда олинган юқори технология маҳсулотлари;

мамлакатда ушбу моддада кўрсатиб ўтилган маҳсулотлардангина ишлаб чиқарилган товарлар.


26-модда. Товарнинг етарли даражада қайта

ишланганлиги мезони

Агар товарни ишлаб чиқаришда икки ёки ундан ортиқ мамлакат иштирок этаётган бўлса, унинг ишлаб чиқарилган жойи шу товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонига мувофиқ аниқланади.

Муайян мамлакатда товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонлари қуйидагилардан иборат:

товарни қайта ишлаш натижасида унинг Товар номенклатурасидаги ўрнининг (товарнинг таснифловчи кодининг) дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгариши (умумий қоида);

фойдаланилган материаллар қийматининг ёки қўшилган қийматнинг фоизлардаги улуши етказиб берилаётган товар баҳосининг қайд этилган улушига етганда (адвалор улуш қоидаси) товар қийматининг ўзгариши.

Қуйидагилар товарнинг етарли даражада қайта ишланганлиги мезонларига жавоб бермайди:

сақлаш ёки транспортда ташиш вақтида товарларнинг бут сақланишини таъминлаш бўйича операциялар;

товарларни сотиш ва транспортда ташишга тайёрлаш бўйича операциялар (товар туркумини майдалаш, товарларни жўнатишни ташкил қилиш, саралаш, қайтадан ўраш);

оддий йиғув операциялари;

товарларни (таркибий қисмларни) аралаштириб ҳосил қилинган маҳсулотга унга дастлабки таркибидан жиддий фарқлантирадиган хусусиятларни бермаслик;

юқорида кўрсатилган операцияларнинг иккитаси ёки ундан ортиғини бир вақтда амалга ошириш;

чорва молларини сўйиш.

Муайян товарлар ҳамда мамлакатлар учун етарли даражада қайта ишланганлик мезони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда жорий этилади ва қўлланилади.


27-модда. Товарлар туркум-туркум қилиб етказиб берилганда

уларни ишлаб чиқарган мамлакатни аниқлаш

Ишлаб чиқариш ёки транспорт шароитларига кўра, товарларни битта туркум қилиб жўнатишнинг иложи бўлмаганлиги сабабли улар бўлиб-бўлиб ёки йиғилмаган ҳолда етказиб берилса, шунингдек бир туркум товар нотўғри тақсимланиши натижасида бир неча туркумга бўлинган бўлса, уни ишлаб чиқарган мамлакатни аниқлашда бундай товарлар декларантнинг хоҳишига кўра, ягона товар деб қаралиши керак. Ушбу қоидани қўллаш шарти қуйидагилардан иборат:

бўлакларга бўлинган ёки йиғилмаган товарнинг бир неча туркумга тақсимланганлигини, бундай тақсимлаш сабабларини, Товар номенклатурасига кўра товарларнинг кодлари, ҳар бир туркумга кирадиган товарларнинг қиймати ва уларни ишлаб чиқарган мамлакатни кўрсатган ҳолда ҳар бир туркумнинг батафсил таснифини божхона органига олдиндан маълум қилиш;

товар бир неча туркумга нотўғри тақсимланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

барча туркумдаги товарларнинг битта мамлакатдан битта етказиб берувчи орқали юборилганлиги;

товарларнинг барча туркумлари битта божхона органи орқали олиб кирилганлиги;

барча туркумдаги товарлар контрактда кўрсатилган муддат ичида етказиб берилганлиги.


28-модда. Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни тасдиқлаш

Товар муайян бир мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқишига доир сертификат билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни олиб чиқиб кетиш вақтида товарнинг келиб чиқишига доир сертификат ваколатли орган томонидан берилади, башарти, унинг зарурлиги тегишли контрактларда, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларида қайд этилган ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товар олиб кирилганида товарнинг келиб чиқишга доир сертификат қуйидаги ҳолларда албатта тақдим этилади:

бож тарифи бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан преференция берилган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

муайян мамлакатдан олиб кирилиши миқдорий чекловлар (квоталаш) орқали ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа чоралари орқали бошқариб туриладиган товарларга;

божхонада расмийлаштиришга тақдим этилган ҳужжатларда товарлар қаерда ишлаб чиқарилганлигига доир маълумотлар бўлмаган ёки божхона органида товарни декларациясида товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатига доир нотўғри маълумотлар кўрсатилган деб тахмин қилишга асос бўлган ҳолларда;

башарти, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса.



29-модда. Товарнинг келиб чиқишига доир сертификат

Товарнинг келиб чиқишига доир сертификат мазкур товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигидан аниқ далолат бериши ва унда:

жўнатилаётган товарнинг тегишли келиб чиқиш мезонларига мослиги ҳақида товар жўнатувчи томонидан берилган ёзма ариза;

сертификатда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги тўғрисида товар олиб чиқиб кетилаётган мамлакатнинг сертификат берган ваколатли органининг ёзма гувоҳномаси бўлиши лозим.

Товарнинг келиб чиқишига доир сертификат божхонада расмийлаштириш учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади. Сертификат йўқотилган тақдирда, унинг расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади.

Сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан, товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, Ўзбекистон Республикасининг божхона органи қўшимча ёки аниқлик киритадиган маълумот беришини сўраб ушбу сертификатни берган органга ёки сертификатда товар ишлаб чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

Ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда товарнинг келиб чиқишига доир тегишли суратда расмийлаштирилган сертификат ёки сўралган қўшимча маълумотлар тақдим этилмагунига қадар товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмайди.


30-модда. Товарни чиқаришни рад этиш асослари

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарларини чиқариш мумкин бўлмаган мамлакатда ишлаб чиқарилган деб тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, божхона органи бундай товарни божхона чегарасидан чиқаришни рад этиши мумкин.

Бошқа ҳолларда сертификат ёки товарнинг келиб чиқишига доир маълумотлар тақдим этилмаганлиги товарни божхона чегарасидан чиқаришни рад этишга асос бўлмайди.



31-модда. Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни

аниқлашга доир қўшимча қоидалар

Божхонада расмийлаштириш амалга оширилганидан кейин узоғи билан бир йил ичида товарлар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақида тегишли гувоҳнома олинса, товарларга нисбатан энг кўп қулайлик бериш тартиби ёки преференциал режими қўлланилиши (қайта тикланиши) мумкин.

Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашда уларни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган энергия, машиналар, ускуналар ва асбобларнинг қаерда ишлаб чиқарилганлиги инобатга олинмайди.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига учинчи мамлакатлардан олиб кириладиган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудидан олиб кириладиган товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



32-модда. Тариф имтиёзлари ва преференциялар

Товарларга нисбатан тариф имтиёзлари ва преференциялар ушбу Қонун билан белгиланади ва улар индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмас, ушбу Қонуннинг 33, 34 ҳамда 35-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тариф имтиёзлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.


33-модда. Бож ундиришдан озод қилиш

Бож ундиришдан қуйидагилар озод қилинади:

халқаро йўналишда юклар, багаж ва йўловчилар ташийдиган транспорт воситалари, шунингдек уларнинг йўлда, оралиқ тўхташ жойларида бир маромда ишлаши учун зарур бўлган ёки транспорт воситаларида юз берган аварияларга (носозликларга) барҳам бериш учун чет элларда сотиб олинган моддий-техника таъминоти буюмлари ва асбоб-анжомлари, ёнилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа мол-мулк;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг валютаси, чет эл валютаси (нумизматика учун ишлатиладиган валюта бундан мустасно), шунингдек қимматли қоғозлар;

денгизда ов билан банд бўлган Ўзбекистон Республикаси кемаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари томонидан ижарага олинган (фрахт қилинган) кемаларни таъминлаш мақсадида божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиладиган моддий-техника таъминоти буюмлари ва анжомлар, ёнилғи, озиқ-овқат ва бошқа мол-мулк, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган ов маҳсулотлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат мулкига айлантирилиши лозим бўлган товарлар;

чет давлатлар вакилларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ёки халқаро шартномаларига мувофиқ бож тўламасдан буларни олиб кириш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг расмий ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланишига мўлжаллаб божхона ҳудудига олиб кириладиган ёки бу ҳудуддан олиб чиқиладиган буюмлар;

табиий офатлар, қуролли можаролар, бахтсиз ҳодисалар ёки фалокатлар юз берганида ёрдам кўрсатиш учун инсонпарварлик ёрдами ва беғараз техник кўмак сифатида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар, шунингдек давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар томонидан ҳайрия мақсадларида олиб кириладиган товарлар;

бепул ўқув, даволаш ва мактабгача тарбия болалар муассасалари учун мўлжалланган ўқув қўлланмалари;

учинчи давлатлар учун мўлжалланган ва божхона назорати остида Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан транзит тартибида олиб ўтиладиган товарлар;

божхона қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ва ишлаб чиқариш ёки бошқа тижорат фаолиятини олиб бориш учун мўлжалланмаган товарлар;

эркин савдо режими ўрнатилган давлатларга мансуб бўлган ва улардан олиб кириладиган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан ёки унинг кафолати остида тузилган ҳукуматлараро ва кредит битимлари бўйича етказиб бериладиган товарлар;

устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган мол-мулк;

чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулк;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси эллик миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан олиб кириладиган товарлар, башарти олиб кириладиган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;

маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда қатнашаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарлар, ишлар ва хизматлар, шунингдек инвестор томонидан олиб кириладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулот;

рекламалар ва тақдимотлар учун олиб кириладиган товарлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик жиҳозлар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик жиҳозларни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса. Импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил ичида экспортга реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши имтиёзлар қўлланилган бутун давр учун бож тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади;

ваколатли органнинг ёзма тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ва тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизими техник воситалари.

Ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи, ва ўн бешинчи хатбошиларида назарда тутилган имтиёзлар юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган истеъмол товарларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу модда биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошисида назарда тутилган имтиёз юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган истеъмол товарларига нисбатан татбиқ этилмайди, меҳмонхона хизматлари кўрсатиш учун олиб кириладиган истеъмол товарлари бундан мустасно.

Товарларни истеъмол товарлари жумласига киритиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



34-модда. Тариф преференциялари бериш

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларини амалга оширишда:

Ўзбекистон Республикаси билан бирга эркин савдо зонаси ёки божхона иттифоқини ташкил қилган ёхуд шундай зона ёки иттифоқ тузиш мақсадини кўзловчи битимни имзолаган давлатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган Ўзбекистон Республикаси миллий преференция тизимидан фойдаланувчи ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан бож тўлашдан озод қилиш, бож ставкаларини камайтириш ёки преференциал тартибда товар олиб киришга (олиб чиқишга) тариф квоталари белгилаш каби преференциялар йўл қўйилади.



35-модда. Тариф имтиёзлари бериш

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо сиёсатини унинг божхона ҳудуди доирасида амалга оширишда:

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида белгиланган тегишли божхона режимлари доирасида божхона назорати остида Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ёки ундан вақтинча олиб чиқиладиган товарларга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ чет элда инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик объектларини қуриш учун бутловчи буюмлар таркибида олиб чиқиладиган товарларга;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан давлат эҳтиёжлари учун экспортга ажратилган ҳажмларда олиб чиқиладиган товарларга;

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг чет эл корхоналарининг устав фондларига улуш сифатида олиб кириладиган товарларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимларда назарда тутилган ҳолларда шундай корхоналар олиб чиқиб кетадиган ўзлари ишлаб чиқарган товарларнинг айрим турларига нисбатан илгари тўланган божни қайтариш, бож ставкасини камайтириш ва алоҳида ҳолларда бождан озод қилиш каби тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов