язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2018 й. 70-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.01.2018 й.

N 70



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ

ХИЗМАТЛАРИ  АГЕНТЛИГИ  ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонини ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПҚ-3430-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармони билан тасдиқланган 2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, "ягона дарча" тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини амалга оширишга доир чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Агентлик ўз фаолиятида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳисобот беради;

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи сифатида олинадиган барча маблағлар, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва барча турдаги йиғимлар ҳажмининг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари ва барча турдаги йиғимлар ҳажмининг 10 фоизи миқдоридаги маблағлар, мансабдор шахслар томонидан давлат хизматлари кўрсатиш тартиби бузилганлиги учун қўлланиладиган маъмурий жарималар суммаси белгиланган тартибда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади;

Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тасдиқланадиган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказиладиган харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ Агентликни сақлаб туришга, унинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлашга, меҳнатга ҳақ тўлашга, Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари, давлат хизматлари марказлари ва фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш архивлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга ва бошқа мақсадларга йўналтирилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг 2-бандида кўрсатилган пул маблағлари тушишини алоҳида ҳисобга олиш учун даромадлар бўйича тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари очилишини таъминласин;

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базасини шакллантириш, уларнинг самарали ишини ташкил қилиш учун зарур бўлган компьютер ва нусха кўчириш техникаси, алоқа воситалари, дастурий воситалар, идора мебели билан жиҳозлаш, шунингдек, хизмат автотранспорт воситалари сотиб олиш ва уларни сақлаш учун бир ҳафта муддатда "ягона дарча" марказларининг фаолиятини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг номига махсус очилган шахсий ҳисоб рақамидан маблағ ажратсин;

Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисоб рақамига "ягона дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлар қолдиқлари, шу жумладан, тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган маблағлар ўтказилишини таъминласин;

"ягона дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, уларга тегишли бўлган транспорт воситалари, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, ҳужжатлар ва бошқа мол-мулк Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига белгиланган тартибда текин берилишини таъминласин.


4. Давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотлари тегишли маблағларни ўтказиш учун банк ва ғазначилик ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ушбу ҳисобварақларда мавжуд бўлган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда маълумотларни ўз вақтида тақдим этсинлар.


5. Белгилансинки:

мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш учун фойдаланадиган автотранспорт воситаларига хизмат транспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сон қарори билан белгиланган нормативлар қўлланилмайди;

Хизмат автотранспорти ҳайдовчиси лавозимларини жорий этишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг хизмат кўрсатувчи ҳамда техник ходимларини жорий этиш нормативлари ва шартлари Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига татбиқ этилмайди.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агентликнинг марказий аппаратига 3 та ва Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига 252 та, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматларини кўрсатиш учун 210 та автотранспорт воситаларини бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан сақлашга лимит ажратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси шахсий ҳисоб рақамларига Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божи ва барча бошқа турдаги йиғимлар суммасининг 20 фоизи миқдоридаги маблағлар ўз вақтида ўтказилиши механизмини ишлаб чиқиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин;

Агентликни белгиланган тартибда зарур телефон алоқаси, шу жумладан, ҳукумат алоқа тизими билан таъминласин.


8. Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси Тошкент шаҳри, Амир Темур шох кўчаси 14-уй манзили бўйича оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

9. Тошкент шаҳри ҳокимлигига Тошкент шаҳар, Амир Темур шоҳ кўчаси 14-уйда жойлашган Агентлик Тошкент шаҳар бошқармаси биносини таъмирлаш учун истисно тариқасида, танлов савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаш йўли билан пудратчи ва лойиҳалаш ташкилотларини белгилашга рухсат этилсин.


10. "Ўзавтосаноат" АЖ Агентликнинг буюртманомалари бўйича транспорт воситалари ажратилишини таъминласин.


11. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 февраль