язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Тижорат банклари/ Айрим банклар фаолиятини тартибга солиш/ Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.02.2018 й. 104-сон "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки корхоналари ва мулкини сотишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.02.2018 й.

N 104



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ

ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ МИЛЛИЙ БАНКИ

КОРХОНАЛАРИ ВА МУЛКИНИ СОТИШНИ

ЖАДАЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Инвестицияларни янада жалб қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг (кейинги ўринларда "Ўзмиллийбанк" деб аталади) инвестиция фаолиятини кенгайтириш, ресурс базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, банкрот корхоналар негизида рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 18 ноябрдаги ПФ-4053-сон Фармонига ва хўжалик судларининг банкрот деб эълон қилинган "Болалар таомлари холдинг" ОАЖ, "Ўзбек қоғози" ОАЖ ва "Ўзолмонхотелс" ҚК МЧЖ мулки "Ўзмиллийбанк"ка берилгани, улар негизида "Kinder Fruits", "Toshkent Qog`ozi" ва "Xorazm Palace" МЧЖлар ташкил этилганлиги;

"Namangan To`qimachi" МЧЖнинг. ишлаб чиқаришда фойдаланилмаётган умумий ер майдони 30,1 гектар бўлган мулки "Tubo Textile" МЧЖ УХКнинг харид тўловлари бўйича "Ўзмиллийбанк" олдидаги қарзини камайтириш ҳисобидан ушбу банкка берилганлиги;

"Ўзмиллийбанк"нинг "Kinder Fruits", "Toshkent Qog`ozi" ва "Xorazm Palace" МЧЖлар устав капиталидаги улушини, шунингдек, аввал "Namangan To`qimachi" МЧЖга тегишли бўлган ва нархни босқичма-босқич камайтириш механизмини белгиланган тартибда қўллаган ҳолда очиқ савдоларга бир неча марта қўйилган мулкни янги инвесторларга сотиш бўйича "Ўзмиллийбанк" томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар уларнинг баҳолаш ташкилотлари белгилаган нархи юқорилиги туфайли бўлажак инвесторларда қизиқиш уйғотмагани маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Ўзмиллийбанк"нинг "Kinder Fruits", "Toshkent Qog`ozi" ва "Xorazm Palace" МЧЖлар устав капиталидаги ўз улушини, шунингдек, илгари "Namangan To`qimachi" МЧЖга тегишли бўлган мулкни - инвесторлар томонидан фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ёки уларнинг негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд кредиторлик, шу жумладан "Ўзмиллийбанк" ва унинг инвестиция компаниялари киритган инвестициялар ҳамда заёмлар бўйича қарзларни қоплаш мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

"Ўзмиллийбанк"ка банкнинг "Kinder Fruits" МЧЖ устав капиталидаги улушини аукционга бирнеча марта (камида тўрт марта) қўйиш якунлари бўйича сотиб олиш юзасидан таклифлар тушмаган тақдирда, "Kinder Fruits" МЧЖнинг мол-мулкини алоҳида объектлар (филиаллар) сифатида сотиш ҳуқуқи берилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

ушбу карорнинг 2-банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган "Ўзмиллийбанк"нинг улуши ва мулк баланс қиймати бўйича кимошди савдосига қўйиш йўли билан сотилади;

"Kinder Fruits" МЧЖнинг мол-мулки аукционга қўйиш ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан бозор қиймати бўйича сотилади, аукцион бўлиб ўтмаган деб эълон қилинган тақдирда "Ўзмиллийбанк" ва унинг инвестиция компанияси олдидаги харид тўловлари билан қопланмаётган қарзлар ҳисобдан чиқарилади;

сотиб олиш билан боғлиқ тўловларни амалга оширишнинг энг узоқ муддати, харид қиймати қолдиқлари бўйича фоизлар ҳисобланмасдан, 7 йилдан ортиқ бўлмаган муддатни ташкил этади;

"Kinder Fruits", "Toshkent Qog`ozi" ва "Xorazm Palace" МЧЖларга "Ўзмиллийбанк" инвестиция компаниялари томонидан берилган қарзлар бўйича қарз шартномасининг фоизли даромадни ҳисобламаслик шартлари сақлаб қолинади;

ушбу қарорнинг 2-бандида қайд этилган улушлар ва мулк Вазирлар Маҳкамасининг "Тижорат банкларининг инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга ва банклар томонидан корхоналарни янги инвесторларга сотишни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2014 йил 27 мартдаги 71-сон қарорида назарда тутилган тартибда мазкур қарор қоидалари ҳисобга олинган ҳолда сотилади.


4. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 мартдаги 71-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 3-сон, 29-модда) билан тасдиқланган Корхоналар ёки уларнинг устав жамғармаларида тижорат банкларининг улушлари, шунингдек, тижорат банклари томонидан қарздорлар мажбуриятлари бўйича ундирилган ва янги инвесторларга сотиладиган мол-мулк рўйхатининг 1, 4 ва 5-позициялари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


5. Мазкур карорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси А.К. Мирсоатов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                  А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 19 февраль