язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2018 й. 130-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2018 й.

N 130




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини топширувчи абитуриентлар сонининг ошиб бориши йилига ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. Хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 мингдан ортиқ абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентларнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши тегишли равишда тест синовлари жараёнига давлат бошқаруви органлари билан келишилган ҳолда жалб этилаётган назоратчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ ишлар ҳажми ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Тест синовлари жараёнига жалб этилаётган иштирокчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ иш ҳажмининг ортиб бориши танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши белгиланган талабларга жавоб бермаслигига, бинолар олий таълим муассасаларида ташкил этилган бош штабдан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашишига олиб келди. Бунинг натижасида тест синовларини назорат қилиш сифатининг тушиб кетиши,амалдаги тартибда тест синовларини ўтказишда қатор муаммолар юзага келиши кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 16 ноябрдаги ПҚ-3389-сон қарори билан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб кириш тест синовларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларни катта сиғимдаги биноларда видеокузатувлар орқали кенг жамоатчиликка онлайн режимда кузатиб бориш имкониятини яратган ҳолда ўтказиш, тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига расмий веб-сайтда эълон қилиш белгиланди.

Тест синовлари билан боғлиқ бўлган ишларни сифатли, ўз вақтида ва самарали амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) вазифалари ва функцияларини, ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқишни, шунингдек, унинг ҳудудлардаги бўлимларини ташкил этишни тақозо этмоқда.

Давлат тест марказининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва унга юкланган вазифаларнинг ижросини юқори даражада таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Давлат тест маркази таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона ваколатли давлат бошқаруви органи деб ҳисоблансин.


2. Қуйидагилар Давлат тест марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;

тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;

чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.


3. Давлат тест марказининг марказий аппарати тузилмасида Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилсин.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат тест маркази директорига, зарур ҳолларда, тузилмага ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


5. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари (5 фоизгача миқдорда), абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган йиғим ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Давлат тест маркази фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин.

6. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат тест марказига 5 та, шу жумладан, 3 та бириктирилган, 1 та навбатчи ва 1 та махсус автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратади;

Давлат тест маркази Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси, 12-уй манзилида жойлашади.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда Давлат тест марказининг бўлимлари учун ҳудуд марказларида жойлашган, коммуникация тизимларига эга бўлган бинолардан 3 тадан алоҳида хона ажратсин ҳамда уларнинг зарур моддий-техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланишини таъминласин.


8. Давлат тест маркази ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 17 июлдаги 508-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 йил, 29-сон, 697-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М. Каримов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 21 февраль