язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.02.2018 й. 130-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 20 февралдаги

130-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ҳисобот бериш тартибини белгилайди.


2. Давлат тест маркази таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда тест синовларини ўтказиш тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиш учун жавоб берадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Давлат тест маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Давлат тест марказининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


5. Давлат тест маркази тизимига унинг марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган бўлимлари киради.


6. Давлат тест маркази юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари юридик шахс ҳисобланмайди.


7. Давлат тест марказининг расмий номи:

давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, қисқартмаси - ДТМ;

рус тилида:

тўлиқ номи - Государственный центр тестирования при Кабинете Министров Республики Узбекистан, қисқартмаси - ГЦТ;

инглиз тилида:

тўлиқ номи - State test center under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси - STC.



2-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Давлат тест марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;

2) тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;

3) чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.


9. Давлат тест маркази ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш соҳасида:

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синови орқали танлаб олиш тартибларини ишлаб чиқиш;

бино ва иншоотларни тест синовларини ўтказиш учун жиҳозлаш борасида қўйиладиган талабларни тегишли вазирликлар ва идоралар билан ишлаб чиқиш;

тест синови иштирокчилари банкини шакллантириш, тест синовини ўтказиш тартиби бўйича улар учун амалий семинарлар ташкил қилиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда тест топширувчилар ҳақида маълумотлар банкини шакллантириш, уларнинг йўналишлар ва гуруҳлар бўйича тақсимотини амалга ошириш;

амалдаги ва ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида тест синовларини ташкил этишни такомиллаштириб бориш;

тест топширувчилар учун тест синови тартиби бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш;

тест синовларининг шаффофлигини таъминлаш учун тест синовлари иштирокчиларини белгиланган вазифаларига кўра гуруҳларга тақсимлаш;

тест синовларининг белгиланган тартиб ва қоидалар асосида ўтказилишини назорат қилиш;

тест синовлари назоратини амалга оширувчи масъул шахсларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантирувчи дастур ишлаб чиқиш, ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш;

тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш;

тест синовлари назоратини амалга оширувчи масъул шахсларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантирувчи амалий семинарлар ташкил қилиш ҳамда методик қўлланмаларни яратиш ва чоп этиш.

тест топшириқлари асосида кўп вариантли саволлар китобини шакллантириш ҳамда уларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда нашр қилиш;

тест синовларида ишлатиладиган жавоблар варақаларига ишлов бериш, текшириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тест синовлари натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

тест синови натижаларини ҳисоблаш,ҳар хил шаклларда таҳлил қилиш ва натижаларни эълон қилиш;

буюртмачиларнинг буюртманомаларига мувофиқ тест синовларини ўтказиш, тўлов нормативларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;

2) тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш соҳасида:

юқори малакали мутахассислардан иборат умумтаълим ва махсус фанлар экспертлари ҳақидаги маълумотлар банкини шакллантириш;

педагогик ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш талаблари бўйича методик кўрсатмаларни ишлаб чиқиш, экспертлар учун тестология асослари бўйича семинарлар ташкил этиш;

давлат таълим стандартларига мувофиқ бўлган фанлар бўйича турли хил мураккаблик даражасидаги тест топшириқларини ишлаб чиқиш, улар босқичма-босқич такомиллаштириб борилишини ташкил этиш;

амалдаги ва ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш асосида тест топшириқлари банкини шакллантириш технологиясини такомиллаштириш;

тест топшириқлари банкини шакллантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

тест топшириқлари махфийлигини сақлаш чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда тест топшириқлари банкини шакллантириш;

педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш бўйича мутахассислар учун ўқув семинарлари ташкил этиш;

3) чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш соҳасида:

халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари асосида чет тиллари бўйича тест топшириқлари тузилмасини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш;

чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш бўйича халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари талабларига мувофиқ тўлов асосида тест синовларини ўтказиш;

ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига таянган ҳолда тил кўникмаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш;

чет тиллари ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақига устама белгилаш учун кўп компонентли тест синовларини ўтказиш;

чет тилини билиш даражасига давлат намунасидаги тегишли малака сертификатини бериш;

чет тилидан тест синовларидан ўтувчи шахслар учун ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва нашр қилиш;

ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида тест синовлари технологиясини такомиллаштириш;

тест материалларини ишлаб чиқишда ҳамда улардан фойдаланишда таълим муассасаларига ва бошқа муассасаларга методик ёрдам кўрсатиш.

Давлат тест маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



3-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Давлат тест маркази ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовларини ўтказиш жараёнида таълим муассасалари раҳбарлари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа қарорларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш;

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Давлат бюджети ҳисобидан харажатлар сметасида назарда тутилган ва Давлат тест марказининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан унга юкланган вазифаларни бажариш учун тўлов асосида мустақил экспертларни ва имтиҳон олувчиларни жалб этиш;

ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқишда иштирок этиш, идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

шартнома бўйича жисмоний ва юридик шахсларга илмий-методик, ахборот-консалтинг ҳамда намунавий тест топшириқлари асосида диагностик тест синовлари ўтказиш хизматлари кўрсатиш;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда қарорлар ва бошқа ҳужжатларни биргаликда қабул қилиш;

ўзига юкланган вазифаларни ҳал этиш учун олимлар, етакчи педагог-мутахассислар ва хорижий экспертларни жалб этиш, шунингдек, ихтисослаштирилган, мақсадли ва вақтинчалик илмий-тадқиқот гуруҳлари ва ижодий гуруҳлар ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Давлат тест маркази фаолиятини кенг ёритиш мақсадида ижтимоий тармоқларда расмий веб-сайтлар, шунингдек, саҳифалар яратиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

ноширлик фаолияти билан шуғулланиш.

Давлат тест маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Қуйидагилар Давлат тест марказининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини ҳамда тест синовларини ўтказиш тартибига риоя этилиши устидан назоратни самарали амалга ошириш;

Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Давлат тест маркази томонидан қабул қилинадиган буйруқлар ижросини самарали амалга ошириш;

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови натижаларининг холисоналиги ва ишончлилигини таъминлаш соҳасида дастурлар, чора-тадбирлар режаси, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириш.



4-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


12. Қуйидагилар Давлат тест маркази директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Давлат тест марказининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Давлат тест марказига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини чуқур таҳлил қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларини бажариш;

6) ўз ўринбосарлари ва Давлат тест марказининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Давлат тест марказининг тегишли бошқарма, бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари (кейинги ўринларда бўлинма деб аталади) мансабдор шахсларининг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

7) Давлат тест марказининг фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Давлат тест марказининг ва ўз ўринбосарларининг иш режасини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

8) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Давлат тест маркази фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

9) Давлат тест маркази ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни ташкил этиш;

10) Давлат тест марказининг ходимларини танлаб олиш ва лавозимга тайинлаш, уларнинг самарали ишлаши учун зарур шароитларни яратиш, ходимлар захирасини ташкил этиш;

11) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Давлат тест марказига ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

12) фаолият соҳаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, улар "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида", "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

13) Давлат тест марказига тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

14) Давлат тест маркази раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

15) ўз ўринбосарлари, бўлинмалар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, бўлинмалар иш режаларини тасдиқлаш, ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

16) Давлат тест маркази ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, унинг эгаллаб турган лавозимида қолиш масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритиш, унинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

17) Давлат тест маркази ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Давлат тест маркази ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

18) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Давлат тест маркази тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

19) Давлат тест марказининг ҳамда бўлинмаларининг ишлари замонавий шаклларда ташкил этилишини таъминлаш;

20) Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва фойдаланиш имкониятини ошириш;

21) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

22) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Давлат тест маркази ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

23) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

24) Давлат тест маркази фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

25) Давлат тест маркази ходимларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

26) Давлат тест маркази ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

27) Давлат тест маркази тузилмаси ва штат жадвалини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ходимларнинг сони доирасида белгиланган тартибда тасдиқлаш;

28) Давлат тест маркази бўлинмаларининг низомларини тасдиқлаш.


13. Қуйидагилар Давлат тест маркази директори ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;

2) Давлат тест маркази директори вақтинча бўлмаганда унинг вазифасини тегишли буйруқ асосида бажариш;

3) Давлат тест марказининг бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мажбуриятларни ходимлари ўртасида тақсимлаш;

4) Давлат тест маркази бўлинмаларининг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган концепция, комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилишини чуқур таҳлил қилиш;

5) бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва ушбу вазифаларни сифатли бажариш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Давлат тест марказининг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида ижро интизоми бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

7) Давлат тест маркази директорининг буйруқлари ва топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

8) бўлинмаларга ходимларни танлаш ва лавозимга тайинлаш бўйича Давлат тест маркази директорига таклифлар киритиш, ўз касбининг устаси эканлигига, юқори касбий малакага, амалий иш тажрибасига ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эгалигига кафолат бериш, уларнинг касбий малакаларини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, ходимлар захирасини шакллантириш;

9) бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Давлат тест маркази директори кўриб чиқиши ва имзолаши учун кўриб чиқиб имзолаш, шунингдек, Давлат тест маркази директорининг топшириғига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ижро аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта ишлашда иштирок этиш;

10) Давлат тест марказига тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш;

11) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

12) бўлинмалар бошлиқлари фаолиятининг самарадорлигини ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, унинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

13) таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Амалий чора-тадбирларни белгилаш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уни Давлат тест маркази директорига киритиш;

14) бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни директорга киритиш, функционал ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

15) ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

16) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

17) Давлат тест маркази директорига давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича таклифлар киритиш;

18) давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни директорга киритиш;

19) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

20) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

21) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.


14. Қуйидагилар Давлат тест маркази бўлинма бошлиқларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

2) бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

4) прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинмалар ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифларни директор ўринбосарига киритиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Давлат тест маркази бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

6) Давлат тест маркази раҳбарларининг буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) бўлинманинг иш режаси ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, унда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминлаш;

8) бўлинмага юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

9) бўлинма фаолиятига оид масалалар юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун раҳбарларга киритиш;

10) бўлинмага кадрларни танлаш юзасидан директор ўринбосарига таклифлар тақдим этиш, профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, бўлинмада кадрлар захирасини шакллантириш;

11) бўлинма томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Давлат тест марказининг бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик раҳбарият томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, раҳбариятнинг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқишда иштирок этиш;

12) Давлат тест марказига тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;

13) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

14) бўлинма ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

15) ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

16) "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Давлат тест маркази тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

17) давлат хизматларининг самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифлар киритиш;

18) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган муддатларда ва тартибда кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

20) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.



5-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ

РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


15. Давлат тест маркази директори:

1) Давлат тест марказига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва ўз вақтида бажарилишига;

2) ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятлар бўйича;

3) ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган функционал вазифаларнинг сифатли бажарилишига шахсан жавоб беради.


16. Давлат тест маркази директори ўринбосарлари:

1) Давлат тест марказига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишига;

2) ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятлар бўйича;

3) ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган функционал вазифаларнинг сифатли бажарилишига шахсан жавоб беради.


17. Бўлинма бошлиқлари:

1) бўлинмага юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилишига;

2) ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятлар бўйича;

3) ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган функционал вазифаларнинг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



6-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Давлат тест маркази раҳбарияти


18. Давлат тест марказига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

Давлат тест маркази директори мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.


19. Давлат тест маркази директорининг икки нафар ўринбосари бўлади ва улар Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Давлат тест маркази директорининг икки нафар ўринбосари мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

20. Давлат тест маркази директори бўлмаган вақтда унинг ваколатларини директорнинг ўринбосари бажаради.


21. Давлат тест марказининг бош бошқармаси бошлиғи, бошқарма бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлим бошлиқлари ва ходимлари директор томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.



§ 2. Давлат тест марказининг бошқа давлат ва хўжалик

бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби


22. Давлат тест маркази ўз вазифа ва функцияларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


23. Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари ўз ваколати доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда фаолият юритади.



§ 3. Давлат тест марказининг ҳайъати


24. Давлат тест марказида унинг директори (ҳайъат раиси), директорнинг ўринбосарлари, шунингдек, Давлат тест маркази фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби Давлат тест маркази директорининг тақдимномасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


25. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Давлат тест маркази фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат тест марказининг бўлинмалари раҳбар ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрган ҳолда уларнинг ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

жойларда соҳага оид долзарб масалалар муҳокама қилиниши таъминланган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Давлат тест маркази марказий аппаратига ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Давлат тест маркази номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масаласини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Давлат тест марказининг бўлинмалари раҳбар ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Давлат тест маркази ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.


26. Ҳайъат мажлисига Давлат тест маркази ваколатига кирадиган масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар вакиллари таклиф этилиши мумкин.


27. Ҳайъат, агар унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.


28. Ҳайъат қарорлари Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан амалга оширилади.


29. Давлат тест маркази директори ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, директор юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини маълум қилиши мумкин.


30. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.



§ 4. Давлат тест марказининг илмий-методик кенгаши


31. Давлат тест марказида директор ўринбосари (илмий-методик кенгаш раиси), бош бошқарма, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда Давлат тест марказининг юқори малакали ходимларидан иборат таркибда илмий-методик кенгаш тузилади.

Илмий-методик кенгаш аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан тасдиқланади.


32. Низомга мувофиқ, Давлат тест марказига юкланган вазифаларнинг сифатли амалга оширилиши, Давлат тест маркази фаолиятига оид илмий, методик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда ҳайъат кун тартибига долзарб масалалар бўйича таклифлар киритиш илмий-методик кенгашнинг асосий вазифаси ҳисобланади.


33. Илмий-методик кенгаш, агар унинг мажлисида таркибининг учдан икки қисми қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.


34. Илмий-методик кенгаш қарорлари Давлат тест маркази директорининг буйруғи билан амалга оширилади.


35. Илмий-методик кенгаш фаолияти тартиби илмий-методик кенгаш томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.



7-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ

ИНДИКАТОРЛАРИ


36. Давлат тест маркази фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.


37. Давлат тест маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланадиган Давлат тест маркази фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

38. Давлат тест марказининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Давлат тест маркази раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Давлат тест маркази фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

Давлат тест марказининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатларига кўра белгиланади.



8-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ,

УНИНГ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


39. Давлат тест марказини моддий-техник таъминлаш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш - Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари, Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


40. Давлат тест маркази ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Давлат тест маркази ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар Давлат тест маркази директори томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ тўланади.


41. Давлат тест маркази ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборат.



9-БОБ. ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ ВАЗИРЛАР

МАҲКАМАСИГА, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ТЕГИШЛИ

ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАСИГА ВА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИГА

ҲИСОБОТ БЕРИШИ

42. Директор Давлат тест марказининг фаолияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ҳисобот беради.

43. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Давлат тест маркази раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун улар фаолияти устидан мониторинг олиб боради, Давлат тест маркази фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

44. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Давлат тест марказининг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


45. Давлат тест марказини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 21 февраль