язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Педагог ходимлар меҳнати учун ҳақ тўлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.02.2018 й. ПҚ-3571-сон "Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.02.2018 й.

N ПҚ-3571



ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИ ХОДИМЛАРИНИНГ

АЙРИМ ТОИФАЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ

ТЎЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, юқори малакали кадрларни, шу жумладан, ёш битирувчиларни жалб этиш, жамиятда давлат мактабгача таълим муассасалари педагогларининг нуфузини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари айрим тоифаларининг:

а) 2018 йил 1 мартдан бошлаб - мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини - 30 фоизга;

б) 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

олий маълумотли тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда - 30 фоизга;

олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячи ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини - 20 фоизга;

мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини - 10 фоизга табақалаштириб ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Ургут, Булунғур ва Пахтачи туманларида, Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл ва Янгиобод туманларида, Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод, Ховос ва Сардоба туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳамда Фарғона туманининг "Шоҳимардон" ва "Ёрдон" қишлоқларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача бўлган муддатда икки баравар пасайтирилсин.

3. 2018 йил 1 мартдан бошлаб давлат мактабгача таълим муассасаларида тарбиячининг ёрдамчиси меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб жорий этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2018 йилда ушбу қарорга мувофиқ давлат таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини ошириш бўйича қўшимча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштирилишини таъминласин, 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин;

давлат мактабгача таълим муассасаларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармасини шакллантиришга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қатъий равишда 15 фоизи миқдорида қўшимча маблағлар ажратилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси маблағларидан мақсадли ва манзилли фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин, давлат мактабгача таълим муассасалари харажатлари сметаларида улар алоҳида сатрда ажратилишини назарда тутсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида" 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорининг 32-иловасига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 28 февралдаги

ПҚ-3571-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий

макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат

бюджети параметрлари тўғрисида" 2017 йил

29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарорининг

32-иловасига киритиладиган

ўзгартиришлар


Изоҳ қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"* Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Навоий вилоятининг Тандим, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳри, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар томонидан ҳар ойда болалар таъминоти учун тўланадиган ҳақ миқдори ўрнатилган тарифнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 февраль


"Халқ сўзи", 2018 йил 1 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 5 март, 9-сон, 152-модда