язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.04.2018 й. ПҚ-3646-сон "Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.04.2018 й.

N ПҚ-3646



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚУРИЛИШ ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги "Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5392-сон Фармонига мувофиқ:


1. "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" давлат унитар корхонаси ташкил қилинсин ва куйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

белгиланган тартибда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини ташкил этиш ва ўтказишни таъминлаш;

архитектура-режалаштириш ва шаҳарсозлик ечимлари даражасини ошириш;

лойиҳа иши ва қурилиш ишлаб чиқаришини такомиллаштириш, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида илғор тажрибани ўрганиш ва оммалаштириш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасида буюртмачилар, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқиш.

Белгилансинки, ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектлари хам ушбу бандда назарда тутилган вазифаларни бажариш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги бир ой муддатда "Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси" давлат унитар корхонасининг уставини ишлаб чиқсин ва унинг ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаларининг тузилмалари 3 ва 3.1-иловаларга* мувофиқ;

қурилиш бўйича ҳудудий бўлинмалар бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларининг чекланган сони 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) марказий аппаратининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимлари чекланган сони 81 нафар этиб белгилансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирига:

зарур бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик ва идоравий мансуб ташкилотларнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Вазирлик фаолиятини кўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағлари ҳисобидан Вазирликнинг қўшимча ходимлар штат бирликларини киритиш;

Вазирликка юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва чет эл компанияларининг юқори малакали мутахассисларини маслаҳатчи сифатида жалб этиш;

юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш, Жамғарма маблағлари ҳисобидан уларга иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилсин.


5. Белгилансинки, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан тегишли йўналишда хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассисларга нисбатан Вазирликда қўлланилиши, истисно тариқасида. тавсиявий характерга эга.


6. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири, шунингдек, унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Вазирлик тизимидаги ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган устама ҳақлари ва қўшимча тўловлардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган холда Қурилиш вазири томонидан тасдиқланадиган қурилиш соҳаси ходимлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ аниқланадиган меҳнатдаги юқори натижалари учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан куйидаги миқдорларда рағбатлантирувчи тўловлар амалга оширилади:

лавозим маошига нисбатан 50 фоиз - 70 баллдан 80 баллгача тўплаган ходимларга;

лавозим маошига нисбатан 100 фоиз - 80 баллдан 90 баллгача тўплаган ходимларга;

лавозим маошига нисбатан 200 фоиз - 90 баллдан 100 баллгача тўплаган ходимларга.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги 414-сон қарорининг бюджетдан ташқари маблағларни ишлатиш қисмидаги талаблари Вазирликка нисбатан жорий этилмаслиги кўрсатиб ўтилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Вазирлик ва Жамғарма тўғрисидаги низомларни, жумладан Жамғарманинг даромад манбаларини аниқлаштирган ҳолда, шунингдек, Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг тузилмасини тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Вазирликнинг буюртмалари бўйича юклатилган вазифаларни ижро этиш учун жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларни вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш хамда уларнинг узайтирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Вазирликнинг буюртмалари бўйича юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун республикага чет эл мутахассисларини жалб қилишга рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, жалб қилинаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Содиқов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



*) 1 - 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 2 апрелдаги

ПҚ-3646-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 мартдаги "Қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2137-сон қарорининг 1, 2, 6 ва 7-бандлари.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2936-сон қарорининг 3-банди хамда 1-7-иловалари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 2 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 апрель, 14-сон, 276-модда