язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.04.2018 й. ПФ-5418-сон "Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.04.2018 й.

N ПФ-5418



ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатда қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш учун зарур иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий асослар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва бозор муносабатлари механизмларини жорий қилишда фермер хўжаликлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги тармоғининг жадал ривожланиши, ўз навбатида, сув ресурслари истеъмолининг ортиб боришига олиб келади, ушбу ҳолат юзага келаётган чақирув ва хатарларга нисбатан ўз вақтида чоралар кўрилмаган тақдирда, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқаруви соҳасида узоқ вақт давомида ҳал этилмасдан келаётган тизимли муаммоларнинг мавжудлиги мазкур ҳолатни янада кучайтирмоқда, жумладан:

биринчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини ваколатли органлар ўзаро ҳамкорлигининг таъсирчан механизмисиз тарқоқ ҳолда режалаштириш ва таъминлаш қабул қилинаётган қарорлар ҳамда аниқ натижаларга эришиш учун жавобгарликнинг сусайишига олиб келмоқда;

иккинчидан, қишлоқ ва сув хўжалигида узоқ муддатли пухта сиёсатнинг шакллантирилмаганлиги сабабли мазкур соҳаларни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари белгиланмаган;

учинчидан, юзага келаётган муаммолар бўйича тезкор қарорлар қабул қилишда ваколатли органларнинг самарали мувофиқлаштирувчи роли ва ташаббускорлиги мавжуд эмас;

тўртинчидан, масъул идоралар томонидан ҳаққоний ахборотни йиғиш, таҳлил қилиш ва алмашиш механизмининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги сабабли ўзларига юклатилган вазифалар самарасиз амалга оширилмоқда;

бешинчидан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда сув истеъмоли соҳаларида мустақил назорат мавжуд эмас, бунинг натижасида тармоқларни модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ишларига етарлича эътибор қаратилмаяпти, инновацион технологиялар ва ишланмаларни жорий қилиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув истеъмоли соҳаларида ҳақиқий ҳолатни ва ривожланиш истиқболларини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни стратегик режалаштириш сиёсати бўйича таъсирчан ишларни йўлга қўйиш, мазкур йўналишлар бўйича бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 февралдаги "Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5330-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг асосий вазифа ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

сув ресурсларини бошқариш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини сув ресурслари билан барқарор ҳамда оқилона таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишини ва барқарорлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

ирригация ва мелиорация тизимлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг ишончли фаолият кўрсатишини таъминлаш, сув хўжалигининг йирик ва ўта муҳим объектлари муҳофаза қилинишини ташкил этиш;

сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилари масъулиятини ошириш, уларнинг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш;

сув хўжалиги соҳасида фан ва техника ютуқлари, замонавий сув тежовчи технологиялар, илғор тажрибалар, сув хўжалигини ва сувдан фойдаланишни бошқариш тизимида инновацион услубларни жорий қилиш;

сув хўжалиги соҳасида мутахассислар малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий муассасалар ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, фан ютуқларини амалиётга жорий этиш чораларини кўриш;

трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва техник кўмак маблағларини (грантлар) жалб қилиш, шунингдек, сув хўжалиги соҳасидаги халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш.


4. Қуйидагилар:

агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати, мазкур соҳада қонун ҳужжатлари ҳамда меъёрий ҳужжатлар талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади);

2018 йил 1 июлдан Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича марказ негизида лойиҳалар, шу жумладан, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш учун масъул бўлган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси таркибига кирувчи Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик) ташкил этилсин.

Агентлик Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича марказнинг ҳуқуқлари, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.


5. 2018 йил 1 августдан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси;

Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси;

Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси;

"Ўзсувназорат" республика сув инспекцияси;

"Ўздавуруғназоратмарказ" қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази тугатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тугатилаётган идора ва муассасалар ходимлари бандлигини таъминлашга кўмаклашсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Инспекция билан биргаликда икки ой муддатда Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекциясининг вазифа ҳамда функцияларини қайта тақсимлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Ўздонмаҳсулот" АКнинг:

Ғўза уруғчилиги республика маркази ва Бошоқли дон экинлари уруғчилиги республика маркази негизида, уруғликлар, шу жумладан, пахта ва бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона ва замонавий тизимини шакллантириш учун масъул бўлган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказини ташкил этиш;

уруғлик тайёрлаш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларда уруғлик олиш мақсадида етиштирилган пахта ва бошоқли дон экинларини кейинчалик алоҳида сақлаш шарти билан қайта ишлаш тартибини жорий қилиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Ўзпахтасаноат" АЖ ва "Ўздонмаҳсулот" АК билан биргаликда икки ой муддатда уруғлик тайёрлаш бўйича алоҳида ташкилотларнинг, цех ва омборларнинг пахта ҳамда бошоқли дон экинлари уруғлари учун ихтисослаштирилишини, шунингдек, уларни босқичма-босқич Уруғчиликни ривожлантириш марказига бериш бўйича таклифлар киритилишини таъминласин.

Инспекция пахта ва бошоқли дон экинлари уруғлигининг буюртмаси, тайёрланиши, алоҳида қайта ишланиши ва сақланиши бўйича талабларга риоя қилиниши устидан қатъий назоратни таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш, инновация технологияларини жорий қилиш ва ходимларни рағбатлантириш жамғармаси негизида:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ташкил қилинаётган жамғармалар фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқласин.


10. Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимида янгидан ташкил этилаётган идора ва муассасалар фаолиятини ташкил этиш бўйича Комиссия иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Комиссия (З.Т. Мирзаев):

тугатилаётган идора ва муассасаларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг мол-мулки ва пул маблағларини оқилона тақсимлаш мақсадида уларни хатловдан ўтказишни;

мазкур Фармонга мувофиқ идора ва муассасаларни тугатиш, шунингдек, янгидан ташкил этилаётган тузилмаларнинг моддий-техника базасини яратиш, улар ишини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган компьютер техникаси, алоқа воситалари билан, шу жумладан, тугатилаётган идора ва муассасаларнинг бинолари ва моддий-техника базасини бериш орқали жиҳозлашга доир тадбирларни ташкил қилишни;

янгидан ташкил этилаётган идора ва муассасаларни, уларнинг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш, шунингдек, улар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этишни;

янгидан ташкил этилаётган идораларни малакали кадрлар билан, шу жумладан, тугатилаётган идоралар ва муассасалар ходимлари ҳисобидан тўлдиришни белгиланган тартибда таъминласин.


11. Мазкур Фармонда назарда тутилган идора ва муассасаларни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда тугатилаётган идоралар ва муассасалар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.


12. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича Комиссия бир ой муддатда янгидан тузилаётган идоралар ва муассасалар фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг асосий вазифа, функция ва фаолият йўналишларини белгилаб бериш бўйича қарорлар лойиҳалари киритилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 17 апрелдаги

ПФ-5418-сон Фармонига

ИЛОВА



Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат

бошқаруви тизимида янгидан ташкил

этилаётган идора ва муассасалар фаолиятини

ташкил этиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

            

1. З.Т. Мирзаев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари. Комиссия раиси

2. Б.Т. Юсупов

-

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

3. Ш.Р. Хамраев

-

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

4. С.И. Самадов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари

5. Б.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири

6. И.Ю. Абдурахманов

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири

7. Ш.Д. Кудбиев

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

8. Р.А. Гулямов

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

9. Б.А. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

10. В.Ю. Пак

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари

11. А.Ж. Ташкулов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари

12. М.М. Мирсаатов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқарма бошлиғи

13. Ш.А. Туляганов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари АТД мудири

14. А.Э. Равшанов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари АТД мудири

             

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда Комиссия таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахс киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 апрель


"Халқ сўзи", 2018 йил 18 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 23 апрель, 16-сон, 327-модда