язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси ("Ўздавэнергоназорат" инспекцияси) тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.03.2004 й. 96-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 1 мартдаги

96-сон қарорига

4-ИЛОВА



Электр энергетикада назорат бўйича давлат

инспекцияси ("Ўздавэнергоназорат"

инспекцияси) тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда матнда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси" деб юритилади) электр энергияси, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, истеъмол қилиш ва кўмирдан фойдаланиш соҳасида нормалар ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


2. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси тизимига Қорақалпоғистон Республикасидаги, Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларидаги ҳудудий бўлимлар ва Тошкент шаҳар бўлими киради.

Ҳудудий бўлимлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита "Ўздавэнергоназорат" инспекциясига ҳисобот беради.


3. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўз фаолиятини "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси ва давлат бошқарувининг бошқа органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техника таъминоти ҳамда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ойда:

ҳар йили тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган харажатлар сметаси бўйича "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясининг мажбурий ажратмалари;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун иқтисодий жазоларни қўллаш тўғрисида" 1994 йил 9 мартдаги 124-сон қарорида белгиланган тартибга мувофиқ, электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун иқтисодий жазолар қўлланилишидан тушадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади.


6. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. "ЎЗДАВЭНЕРГОНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

электр энергияси, иссиқлик энергияси оқилона ва самарали ишлаб чиқарилиши, узатилиши, истеъмол қилинишини ва кўмирдан фойдаланилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;

электр энергиясини, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришда, узатишда, истеъмол қилишда ва кўмирдан фойдаланишда хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган олдини олиш чора-тадбирлари амалга оширилишини назорат қилиш;

электр энергияси, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, истеъмол қилиш ва кўмирдан фойдаланиш соҳасида зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

8. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) белгиланган тартибда қуйидагиларни текширади:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, энергияни ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши;

корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда энергия истеъмолчилари томонидан электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда уларни сарфлаш нормаларига риоя этилиши, электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ва йўриқнома ҳужжатларга улар томонидан риоя этилиши;

истеъмолчиларнинг электр ва иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларининг техник ҳолати, электр станциялари, ёрдамчи станциялар ва тармоқларда техникадан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши;

электр станциялари, тармоқлар ва ёрдамчи станциялар қураётган қурилиш-монтаж ташкилотлари томонидан белгиланган технология талабларининг улар томонидан таъминланиши юзасидан нормалар ва қоидалар талабларига риоя этилиши;

назорат остидаги энергия истеъмол қилувчи объектлар қурилиши, реконструкция қилиниши ва уларни техника билан қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг энергия ва кўмирдан оқилона ва самарали фойдаланиш талабларига мувофиқлиги;

назорат остидаги объектларнинг энергия истеъмол қилувчи қурилмаларида режим-созлаш ишлари бажарилишининг сифати;

корхоналар, ташкилотлар, муассасалар томонидан электр ва иссиқлик энергияси истеъмоли ҳисоби юритилишининг ҳолати, шунингдек электр қурилмаларини ҳудудий электр тармоқлари корхоналари тармоқларига улашнинг техник шартлари истеъмолчилар томонидан бажарилиши;

корхоналар, ташкилотлар, муассасалар томонидан ишлаб турган ва фойдаланишга топширилаётган, шунингдек реконструкция қилинаётган ҳамда замонавийлаштирилаётган кўп энергия талаб қиладиган қурилмалар ва асбоб-ускуналарнинг баланс энергетика синовлари ўтказилиши;

электр энергияси ва кўмир ишлаб чиқариш, уларни тақсимлаш ва истеъмол қилиш балансларига риоя этилиши;

саноат корхоналарининг ва уларга тенглаштирилган электр энергияси истеъмолчиларининг электр қурилмаларида реактив қувват компенсациясининг мақбул даражаси таъминланиши;

б) қуйидагиларда қатнашади:

электр энергетика тармоғини ва кўмир саноатини ривожлантиришнинг концепциялари ва миллий дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек энергияни тежайдиган тадбирлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш;

лойиҳалар экспертизаси ва янгидан қурилган ва реконструкция қилинган объектларни электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан фойдаланишга қабул қилиб олиш ишлари, шунингдек истеъмол объектларининг энергия таъминоти лойиҳаларини уларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги ва техник шартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда келишади;

электр энергиясини истеъмолчиларга беришда электр энергияси сарфи нормативларини ишлаб чиқиш;

назорат остидаги корхоналар ва объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича давлат комиссиялари таркибида қатнашиш;

илмий тадқиқотлар, шу жумладан тикланадиган энергия манбалари дастурларини тузиш ва келишиш ҳамда тегишли ўқув юртларида энергетика объектлари (қурилмалар, асбоб-ускуналар, тизимлар ва аппаратлар)ни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашда хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар тайёрлаш;

назорат остидаги объектлардаги бахтсиз ҳодисалар ва ҳалокатларни текшириш;

в) белгиланган тартибда:

энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш ҳамда кўмирдан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини давлат бошқаруви органларининг кўриб чиқиши учун киритади;

энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилишга доир талаблар мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлари лойиҳаларини электр хавфсизлиги ва энергия самарадорлиги юзасидан кўриб чиқади ва келишади;

назорат остидаги объектлар ходимларини тайёрлаш ва ушбу объектларда ишларнинг бехатар олиб борилиши ва меҳнат муҳофазаси таъминланиши масалалари бўйича уларнинг билимларини текшириш тартибини белгилайди;

энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш ҳамда кўмирдан фойдаланиш юзасидан техник талабларни белгилайди;

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси органлари назорати остида бўлган объектларда ишлаб чиқаришнинг хавфсизлиги бўйича хорижий технологияларни қўллаш мумкинлиги тўғрисида эксперт хулосаси беради.

9. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек унга қарашли ҳудудий бўлинмалар орқали белгиланган тартибда ҳал этади.



III. "ЎЗДАВЭНЕРГОНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) қуйидагилар устидан назоратни амалга ошириш:

юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига, энергетика соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши;

корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда энергия истеъмолчилари томонидан электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда улар сарфи нормаларига риоя этилиши, улар томонидан электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ва йўриқнома ҳужжатларга риоя этилиши;

истеъмолчиларнинг электр ва иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларининг техник ҳолати, электр станциялари, ёрдамчи станциялар ва тармоқларда техникадан фойдаланиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши;

корхоналар, ташкилотлар, муассасалар томонидан электр ва иссиқлик энергияси истеъмоли ҳисоби юритилишининг ҳолати, шунингдек электр қурилмаларини ҳудудий электр тармоқлари корхоналари тармоқларига улашнинг техник шартлари истеъмолчилар томонидан бажарилиши;

саноат корхоналарининг ва уларга тенглаштирилган электр энергияси истеъмолчиларининг электр қурилмаларида реактив қувват компенсациясининг мақбул даражаси таъминланиши;

электр энергиясининг электр билан иситиш мақсадларида қўлланилиши;

б) белгиланган тартибда қуйидагиларни текширади:

электр станциялари, тармоқлар ва ёрдамчи станциялар қураётган қурилиш-монтаж ташкилотлари томонидан белгиланган технология талаблари улар томонидан таъминланиши юзасидан нормалар ва қоидалар талабларига риоя этилиши;

назорат остидаги энергия истеъмол қилувчи объектлар қурилиши, реконструкция қилиниши ва уларни техника билан қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг энергия ва кўмирдан оқилона ва самарали фойдаланиш талабларига мувофиқлиги;

назорат остидаги объектларнинг энергия истеъмол қилувчи қурилмаларида режим-созлаш ишлари бажарилишининг сифати;

корхоналар, ташкилотлар, муассасалар томонидан ишлаб турган ва фойдаланишга топширилаётган, шунингдек реконструкция қилинаётган ва замонавийлаштирилаётган кўп энергия талаб қиладиган қурилмалар ва асбоб-ускуналарда баланс энергетика синовлари ўтказилиши;

объектларда мутахассислар ва ишчиларнинг хавфсизлик қоидалари ва нормаларини, технология иш тартибларини ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни билиши;

корхоналар раҳбарлари ва муҳандис-техник ходимларининг хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари ва қоидаларини билиши;

в) зарурат бўлганда, вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар томонидан асбоб-ускуналар ва материалларнинг назорат синовлари, лойиҳа ва лойиҳа-конструкторлик ечимларининг мустақил экспертизаси ўтказилишини тайинлаш ҳамда электр энергияси электр билан иситиш мақсадларида қўлланилганда электр таъминоти лойиҳаларини келишиш;

г) вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар ва корхоналардан "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича зарур маълумотлар ва материалларни, шунингдек энергия ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда жорий назорат жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирлар бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш;

д) назорат остидаги корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларига қонун ҳужжатлари, қоидалар ва нормаларнинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

е) "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ваколатига кирадиган масалалар бўйича белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

ж) хавфсизлик қоидалари ва нормалари бузилган ҳолда олиб борилаётган ишларни тўхтатиб қўйиш;

з) энергия қурилмаларидан фойдаланиш бўйича қоидалар, нормалар ва йўриқномалар бузилганлиги учун мансабдор шахслар ва фуқароларни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳамда электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун жазолар қўллаш;

и) техника хавфсизлиги, электр, иссиқлик энергияси ва кўмирдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

к) фалокатларнинг ҳолатлари, сабаблари ва бахтсиз ҳодисаларни техник текширишда қатнашишда текшириш натижалари бўйича "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

"Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг электр, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, узатиш, сотиш ва истеъмол қилиш ҳамда кўмирдан фойдаланиш масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


11. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси бошлиғи мазкур Низомга мувофиқ:

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан ишлаб чиқилаётган электр энергетика ва кўмир саноати корхоналари фаолияти бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати;

электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш, истеъмол қилиш ва кўмирдан фойдаланиш соҳасида корхоналар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг тўлиқ бажарилиши;

электр энергетика ва кўмир саноати соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти масалалари бўйича "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси томонидан бериладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб берадилар.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари мансабдор шахсларининг маъмурий жазолаш чоралари қўлланилиши бўйича хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилинади.


12. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари мансабдор шахслари ўз хизмат мажбуриятлари зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



IV. "ЎЗДАВЭНЕРГОНАЗОРАТ" ИНСПЕКЦИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

"Ўздавэнергоназорат" инспекциясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошчилик қилади.

Бошлиқнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар ўринбосари бўлади.

Бошлиқ мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига, бошлиқнинг ўринбосарлари вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси бошлиғи лавозимига кўра бир вақтнинг ўзида Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланилиши устидан назорат қилиш бўйича бош давлат инспектори, унинг ўринбосари эса - Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланилиши устидан назорат қилиш бўйича бош давлат инспекторининг ўринбосари ҳисобланади. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳудудий бўлимларининг бош инспекторлари электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш устидан назорат қилиш бўйича катта давлат инспекторлари ҳисобланади.

14. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси бошлиғи:

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ҳамда инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурат бўлганда тузилмага ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси марказий аппаратининг штат жадвалини, шунингдек "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг таркибий бўлимлари тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлимларнинг бош инспекторларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади.

Бошлиқ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. "Ўздавэнергоназорат" инспекциясининг давлат назорати функциясини амалга оширувчи мансабдор шахсларига белгиланган намунадаги гувоҳномалар берилади.


16. "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси ходимларининг тегишли тоифаларига тенглаштирилади.


17. Ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширади.

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси ҳудудий бўлимларининг бош инспекторлари белгиланган тартибда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси бошлиғи томонидан тайинланадилар.


18. "Ўздавэнергоназорат" инспекциясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 9-сон, 105-модда.