ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суднинг амалиёти / Жиноят ишлари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 12.10.2017 й. 5-1390/17-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИНИНГ

ҚАРОРИ

12.10.2017 й.

N 5-1390/17


(КЎЧИРМА)



Иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шахс айбсиз деб топилиши лозим


Жиноят ишлари бўйича туман судининг 2017 йил 20 апрелдаги хукмига кўра, О.Хусеновга (матндаги барча исм фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг 228-моддаси иккинчи қисми "б" банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил, 228-моддаси учинчи қисми билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб колган ҳолда 2 йил, ЖКнинг 59-моддаси тартибида ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, у 2016 йил 12 октябрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Мазкур ҳукм билан Г.Хусенова, Ф.Хусенова ва М.Хусенова ҳам судланган бўлиб, апелляция инстанцияси ажрими билан ҳукмнинг уларга оид қисми бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси (ЖПК) 83-моддасининг 2-бандига асосан иш тугатилган.

Суднинг ҳукмига кўра, О.Хусенов Озарбайжон Республикасининг Али-Байрамлы шаҳрида туғилиб, 1992 йил 2 июлдаги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистон Республикаси Сирдарё вилоятида доимий рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, ҳужжатларини қалбакилаштириш ва била туриб қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш мақсадида ўзининг номига Сирдарё тумани ИИБ томонидан 2013 йил 6 декабрда берилган АА N 3514839 рақамли фуқаролик паспортининг қалбаки эканлигини, ушбу фуқаролик паспорти унга асоссиз равишда берилганлиги ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши учун асослар йўқлигини билгани ҳолда ушбу қалбаки фуқаролик паспортидан фойдаланиб келганликда айбли деб топилган.

Дастлабки тергов ва суд томонидан О.Хусенов турмуш ўртоғи Г.Хусенова, фарзандлари Ф.Хусенова ва М.Хусенова билан расмий ҳуж- жатларни қалбакилаштириш ва била туриб қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш мақсадида олдиндан тил бириктириб, 1992 йил 2 июлга қадар Сирдарё вилоятида доимий рўйхатдан ўтмаганлиги ўзига маълум бўлса-да, унга Сирдарё тумани ИИБ томонидан асоссиз равишда берилган фуқаролик паспортидан ҳужжатнинг қалбаки эканлигини билгани ҳолда фойдаланиб келганликда айбдор деб топилган.

О.Хусенов судда айбли қилмиш содир этмаганлигини кўрсатиб, ҳақиқатан 1962 йил 1 апрелда Озарбайжон ССР Али-Байрамлы шаҳрида туғилгани, 1978 йилда собиқ СССР паспортини олгани, 1979 йилда Сирдарё вилоятига кўчиб келиб, бу ерда Г.Хусенова билан қонуний никоҳдан ўтгани, дастлаб Сирдарё тумани ИИБ томонидан фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси берилиб, 2013 йилда АА 3514839 рақамли Ўзбекистон фуқаролиги паспорти берилгани, жиноят содир этиш ҳақида ҳеч ким билан тил бириктирмагани ва жиноят содир этмагани ҳақида кўрсатув берган.

Гувоҳ Р.Боқиев судда туман ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи вазифасида ишлаб келиши, Хусеновлар оиласи Сирдарё туманида яшаб келишгани, эр-хотин О.Хусенов ва Г.Хусенова 1989 йилда Россия Федерацияси Мордовия АССРга ишлаш учун кетиб, 1992 йил октябрь ойида Сирдарё туманига қайтишгани, ўша вақтда уларга вақтинчалик "Форма-9" ҳужжати расмийлаштириб берилгани, кейинчалик 2013 йилда уларга берилган фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномалари қайтариб олиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари берилгани, ҳақиқатан Г.Хусенова 1989 йил июль ойида Сирдарё вилояти томонидан "комсомол йўлланмаси" билан Россиянинг Мордовия автоном республикасига кетгани, бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар туман архивида мавжудлиги, лекин унинг турмуш ўртоғи О.Хусеновга "комсомол йўлланмаси" берилмагани, уларнинг фарзандлари Ф.Хусенов ва М.Хусенова Ўзбекистонда туғилгани, уларга дастлаб мактабда ўқиш даврида Ўзбекистон фуқаролик паспорти берилгани ҳақида кўрсатув берган.

Гувоҳ С.Собиров Сирдарё тумани архивида ҳужжатлар билан ишловчи ижрочи вазифасида ишлаши, ҳақиқатан "Малек" қишлоқ хўжалигининг 1989 йил 12 июлдаги 198к-рақамли буйруғи билан Г.Хусенова "комсомол йўлланмаси" билан Россияга ишлаш учун кетгани сабабли Сирдарё туманидаги иш жойидан озод қилингани ҳақидаги ҳужжат, Г.Хусенованинг фермада ишлаганлигини тасдиқловчи китоб, О.Хусенов, Г.Хусенова ҳамда уларнинг фарзандлари М.Хусенова ва Ф.Хусенова Сирдарё тумани, "Даврон" хўжалиги ҳудудида яшагани, О.Хусенов ҳам ушбу хўжаликда 1986-1987 йилларда ишлаганлигини тасдикдовчи ҳужжатлар туман архивида мавжудлиги ҳақида кўрсатув берган.

Иш ҳужжатларига қараганда, "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалиги директори К.Алиев томонидан имзоланган 1989 йил 12 июлдаги 198к-сонли буйруққа кўра Г.Хусенова "комсомол йўлланмаси" билан Россия Федерацияси Мордовия АССРга қишлоқ хўжалигида ишлаш учун юборилган.

Г.Хусенованинг меҳнат дафтарчасида у 1980 йилдан Сирдарё туманидаги "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалигида соғувчи вазифасида ишлаб, 1989 йил июль ойида "комсомол йўлланмаси"га асосан ишлаш учун юборилаётгани муносабати билан ишдан бўшатилгани, шу йил август ойида Мордовия АССР "Восход" совхозига соғувчи вазифасига ишга қабул қилингани, 1992 йил сентябрь ойида ўз хоҳишига кўра "Восход" совхози ишчиси вазифасидан бўшатилгани ва 1993 йил июль ойида яна "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалиги соғувчиси вазифасига ишга қабул қилингани ҳақидаги ёзувлар қайд этилган.

Шунингдек, О.Хусеновга 1979 йилда Сирдарё туманидаги ўрта мактабни тамомлаганлиги ҳақида тўлиқсиз ўрта маълумот тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда Сирдарё шаҳри ҳарбий комиссариата томонидан 1981 йил 6 май куни ҳарбий билет берилган.

О.Хусеновнинг меҳнат дафтарчасида у 1980 йилдан Сирдарё туманидаги "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба ҳўжалигида молбоқар вазифасида ишлаб, 1981 йил май ойида ҳарбий хизматга кетаётганлиги муносабати билан ишдан бўшатилгани, ҳарбий хизматдан қайтиб 1983-1984 йилларда темир-бетон буюмлари заводида ишчи вазифасида ишлаб, 1984 йил октябрь ойида "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалигига молбоқар вазифасига ишга қабул қилингани, 1989 йил июнь ойида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилгани, шу йил июль ойида Мордовия АССР "Восход" совхозига молбоқар вазифасига ишга қабул қилингани, 1992 йил сентябрь ойида ўз хоҳишига кўра "Восход" совхози ишчиси вазифасидан бўшатилиб, 1994 йил май ойида яна "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалиги молбоқари вазифасига ишга қабул қилингани ҳақидаги ёзувлар қайд этилган.

Бу ҳолатдан кўринадики, О.Хусенов 1979 йилдан Сирдарё туманида доимий яшаб, турмуш ўртоғи билан "Даврон" ишлаб чиқариш тажриба хўжалигида ишлаб, гарчанд унинг номига йўлланма берилмаган бўлса-да, 1989 йилда турмуш ўртоғи Г.Хусенова ва икки нафар фарзанди билан Россия Федерацияси Мордовия АССРга бориб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган ҳамда 1992 йилда яна оиласи билан бирга Сирдарё туманига қайтиб келиб, 1992 йил 26 ноябрда паспортини доимий рўйхатга, ҳарбий билетини эса ҳарбий ҳисобга қўйган.

1992 йил 2 июлдаги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги ишларни юритувчи Ўзбекистон Республикасининг давлат идоралари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳисобланиши;

31-моддасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва тегишли ваколатлар берилган унга бўйсунувчи идоралар:

1) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахслардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига оид аризаларни қабул қилиши;

2) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризани асослаш мақсадида келтирилган далил ва ҳужжатларни текшириши;

3) фуқаролик масалаларига доир аризани зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссияга йўллаши;

4) Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаши;

5) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган ҳолларни қайд этиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида"ги Низомда республика ҳудудида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги:

1. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунининг 31, 35-моддаларига мувофиқ ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини унинг шахсий аризасига биноан, шунингдек унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги хусусида шубҳа юзага келган бошқа барча ҳолларда аниқлаши;

2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансубликни аниқлаш чоғида шахс ўзининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши ёки ундан маҳрум бўлиши сабабларини кўрсатиб, таржимаи ҳолини, яшаётган муддати ва оиласининг таркибини кўрсатиб, доимий истиқомат жойидан маълумотномани, учта фотосуратни тақдим этиши;

3. Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш якунлари бўйича асосли хулоса чиқарилиши, уни тегишли ички ишлар органининг раҳбари имзолаши ва шаҳар ёки туман ҳокими тасдиқлаши қайд этилган.

Сирдарё тумани ИИБ бошлиғи томонидан имзоланган ҳамда Сирдарё тумани ҳокими томонидан тасдиқланган Хусенов Ойдин Тарлан оглы ва Хусенова Гузалнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини аниқлаш юзасидан ўтказилган текширишнинг 2013 йил 7 октябрдаги хулосасига кўра, фуқаролиги бўлмаган шахслар О.Хусенов Г.Хусенова ва уларнинг фарзандлари Ф.Хусенова ва М.Хусенова Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланиб, уларга фуқаролик паспортлари берилиши лозим, деб топилган.

Шунга асосан О.Хусеновдан фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси олиниб, унга 2013 йил 6 декабрь куни АА 3514839 рақамли Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти расмийлаштириб берилган.

ЖКнинг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган.

ЖПКнинг 22-моддасида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши, айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам окдайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Суд ҳукми тўғрисида" 2014 йил 3 майдаги қарорининг 5-бандида ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлиги;

ушбу Қарорнинг 6-бандида ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли, улар далил ҳисобланмаслиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг тўлиқ айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оклов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши ҳақида тушунтиришлар берилган.

ЖПКнинг 463-моддасига мувофиқ айблов ҳукми тахминларга асос ланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Жиноят ишида О.Хусенов Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини асоссиз равишда олиш мақсадида бошқа шахслар билан тил бириктирганини ёки шу мақсадда расмий ҳужжатларни сохталаштирганини тасдиқловчи бирорта далил мавжуд эмас.

Бундан ташқари, унга фуқаролик паспорти қонуний ваколатлар берилган ички ишлар идорлари томонидан ўтказилган текшириш ва давлат органлари раҳбарлари томонидан имзоланган хулосага асосан берилган.

Шундай ҳолатда дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан О.Хусенов турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан олдиндан тил бириктириб, фуқаролик паспорти олиш мақсадида ҳужжатларни қалбакилаштириш ва уни қалбаки эканлигини билгани холда фойдаланиш жиноятида асоссиз равишда айбли деб топилган.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасида давлат йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган шахслар, агар улар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида туғилган бўлсалар ёки доимий яшаганликларини исбот қилган бўлсалар, бошқа давлатларнинг фуқаролари бўлмасалар ва ушбу Қонун кучга кирганидан кейин кечи билан бир йил ичида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган бўлсалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлиши белгиланган.

Апелляция инстанцияси мазкур иш бўйича Г.Хусенованинг давлат йўлланмаси билан Россияда ишлаб, кейин 1992 йил ноябрь ойида Сирдарё туманига қайтиб доимий рўйхатга қўйилганлигини инобатга олиб, Г. Хусенова ҳамда унинг фарзанддари Ф. Хусенова ва М. Хусенованинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги боис, ишнинг уларга оид қисмини ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатиш ҳақида тўғри тўхтамга келган.

Бироқ, апелляция инстанцияси О.Хусенов оила аъзолари билан бир гуруҳ бўлиб жиноят содир этишда айбланганига, ишда унинг ҳужжатларни қалбакилаштирганидан далолат берувчи далиллар мавжуд эмаслигига эътибор бермасдан, шунингдек унинг турмуш ўртоғи Г.Хусенова билан бир жойда ишлаб, кейин турмуш ўртоғи билан фарзандларини олиб бирга ишлаш учун кетиб, уч йилдан сўнг яна оила аъзолари билан бирга қайтиб келиб, илгариги истиқомат жойида доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келганига холисона ҳуқуқий баҳо бермасдан, О.Хусеновда давлат йўлланмаси бўлмагани ёки уни "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга киргунга қадар паспорт олиш ҳақида Сирдарё туман ИИБга мурожаат қилмаганлигини асос қилиб, ҳукмнинг унга тегишли қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Бундай ҳолда О.Хусенов бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб фойдаланиш жиноятларини содир этган деб бўлмайди.

ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Шу сабабли, судлов ҳайъати О.Хусеновнинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, унга оид суд ҳукми ҳамда апелляция инстанцияси ажримини бекор қилиб, жиноят ишини ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатишни лозим топади.



"Одил судлов", 2018 й., 1-сон

























































































Время: 0.0169
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск