язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Фермер хўжаликлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.05.2018 й. 320-сон "Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.05.2018 й.

N 320




ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ

НАСОС АГРЕГАТЛАРИ ВА СУҒОРИШ

ҚУДУҚЛАРИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛАДИГАН

ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ҚИЙМАТИНИ ҚОПЛАШ

УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

БЮДЖЕТИДАН СУБСИДИЯЛАР АЖРАТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ер ва сув ресурслари ҳамда электр энергиясидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.


2. Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини улардан фойдаланувчи тегишли фермер хўжаликларига сув истеъмолчилари уюшмаларининг розилиги билан белгиланган тартибда 2018 йил 1 июнга қадар бепул ўтказиб беришни таъминласинлар;

ҳар йилнинг 1 апрель ҳолатига фермер хўжаликлари насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг техник ҳолатини, уларга бириктирилган суғориладиган ер майдонларини, жумладан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириладиган ерларни хатловдан ўтказсинлар ҳамда тегишли далолатномаларни расмийлаштирсинлар;

ҳар йил 1 майга қадар келгуси йилда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси прогноз қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича асосланган талабномаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 10 кун муддатда сув манбаларининг сувлилигига қараб сув олиш лимитларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаб жойлардаги барча сувдан фойдаланувчиларга етказсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар молия бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича тақдим қилинган талабномаларга асосан ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 2018 йил учун тегишли миқдорда Давлат бюджети маблағини ажратсин ҳамда келгуси йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда эътиборга олсин;

пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатсин.


6. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг йил якуни бўйича иқтисод қилинган қисми тегишли насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш ҳамда электр энергиясини тежовчи технологияларни жорий этиш учун фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилсин.


7. "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини шартнома ва олдиндан тўлов асосида ўз вақтида электр энергияси билан таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги 2018 йил тажрибасидан келиб чиқиб зарур ҳолда фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартибини янада такомиллаштириш бўйича 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 май