язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Тижорат банклари/ Айрим банклар фаолиятини тартибга солиш/ "Микрокредитбанк" АТБ/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.2018 й. ПҚ-3694-сон "Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банкининг молиявий холатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.05.2018 й.

N ПҚ-3694



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ ХАЛҚ БАНКИ ВА

"МИКРОКРЕДИТБАНК" АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ

БАНКИНИНГ МОЛИЯВИЙ ХОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ

ҲАМДА ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Мамлакатимизнинг банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича изчил амалга оширилаётган чора-тадбирлар тижорат банкларининг ликвидлилиги ва барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган банк хизматлари турларини кенгайтириш ҳамда сифатини ошириш имкониятини яратмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки (кейинги ўринларда Халқ банки деб юритилади) аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан фаол иш олиб бориш билан бир қаторда, ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш борасидаги фаолиятини кенгайтирмоқда, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳисобини юритиш, пенсия, нафака ва бошқа ижтимоий тўловларни жойларга етказиб бериш каби ижтимоий вазифаларни амалга оширмоқда.

"Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки (кейинги ўринларда - Микрокредитбанк) фаолияти асосан кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, ҳунармандчилик ва бошқа долзарб бизнес-ташаббусларни ривожлантириш учун имтиёзли микромолиявий хизматлар кўрсатишга йўналтирилган.

Олиб борилаётган кредит сиёсатида ижтимоий йўналтирилганликнинг устуворлиги сабабли Халқ банки ва Микрокредитбанкнинг рентабеллик даражаси пастлигича қолмоқда, уларнинг кредит портфели етарли даражада диверсификация қилинмаган, бу эса, ўз навбатида, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишга асосланган янги банк хизматларини жорий этишга тўсқинлик қилмоқда.

Ушбу банкларнинг филиал тармоқлари мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олганлигини ҳисобга олиб, улар фаолиятини энг янги ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш орқали самарали ташкил қилиш улар томонидан кўрсатилаётган банк хизматлари рўйхатини кенгайтириш ва хизматлардан максимал фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг зарур шарти ҳисобланади.

Халқ банки ва Микрокредитбанкнинг молиявий ҳолатини яхшилаш ва фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Халқ банки ва Микрокредитбанкни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

ахоли, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъат субъектларига чакана банк хизматлари кўрсатиш турлари рўйхатини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш, томорқа ерларидан, айниқса, қишлоқ жойларида самарали фойдаланишни рағбатлантиришнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

кўрсатилаётган хизматларнинг молиявий барқарорлиги ва жозибадорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан филиаллар ва бўлинмаларнинг фаолиятини, харажатлар таркиби ва банк хизматларига тариф сиёсатини оптималлаштириш;

банк хизматларининг замонавий инновацион ва мижозларга мўлжалланган турларини жорий этиш;

замонавий талабларга мувофиқ банкларни фаоллаштириш ва тизимли ривожлантириш мақсадида банк бўлинмаларини аҳолига банк хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш соҳасида долзарб вазифаларни самарали ҳал этишга қодир малакали, ташаббускор раҳбарлар ва мутахассислар билан янада тўлдириш, шунингдек, раҳбар ва мутахассисларни уларнинг фаолиятини баҳолашдан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш.


2. Халқ банки ва Микрокредитбанк кузатув кенгашларига ва ижро этувчи органлари раҳбарларига қуйидагилар тавсия этилсин:

бир ой муддатда банкларни молиявий соғломлаштириш бўйича, жумладан уларнинг филиал тармоқлари харажатларини ва штатлар сонини оптималлаштиришни назарда тутган ҳолда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

банк хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш ва уларнинг турларини кўпайтириш, чакана банк хизматлари, жумладан микромолиявий хизматларни кенгайтириш бўйича зарур чораларни кўриш;

инновацион ривожланишнинг замонавий тенденциялари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини ҳисобга олган ҳолда республиканинг барча ҳудудларида молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

кўрсатилаётган банк хизматларининг самарадорлигини ва зарар кўрмаслик даражасини ошириш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

кредитларни тезкорлик билан тақдим қилишнинг янги механизмларини фаол жорий этиш, мижозлар билан шериклик муносабатларини йўлга қўйишнинг замонавий ёндашувларини қўллашни ҳисобга олган ҳолда кредит учун аризаларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш;

сунъий тўсиқлар яратиш ва ортиқча бюрократия юзага келиши имкониятларига бархам бериш мақсадида тизимли камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қишлоқ жойларда оилавий ва кичик тадбиркорлик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва қуён етиштиришни ривожлантиришга ажратиладиган кредитлар бўйича кафиллик бериш соҳасида Халқ банки ва Микрокредитбанк билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминласин.


4. Халқ банки ва Микрокредитбанк бошқарув органлари, шунингдек, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг:

2018-2019 йилларда Халқ банки устав капиталини 1,6 триллион сўмга, шундан республика бюджети маблағлари ҳисобидан 1 триллион сўм ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан эквивалента 75 миллион АҚШ доллари, жумладан 2018 йилда тегишинча 250 миллиард сўм ва эквивалента 30 миллион АҚШ доллари миқдорида ошириш;

2018-2019 йилларда Микрокредитбанк устав капиталини республика бюджети маблағлари ҳисобидан 600 миллиард сўмга, шундан 2018 йилда - 100 миллиард сўмга ошириш;

жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2016 йил 4 октябрдаги ҳукмига кўра давлат даромадига ўтказилган "UzPaynet" МЧЖ устав фондидаги 37,5 фоиз улушни кейинчалик давлат улушини ошириш ҳисобига Халқ банкига ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бериш;

"UzPaynet" МЧЖни ихтиёрий равишда тугатиш ва жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича Халқ банкининг таркибий бўлинмасини тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


6. Халқ банки ва Микрокредитбанк 2023 йил 1 январга қадар қуйидаги тўловлардан озод этилсин:

барча турдаги солиқлардан, бунда мазкур имтиёзни бериш натижасида бўшайдиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Халқ банки ва Микрокредитбанк устав капиталидаги давлат улушини кўпайтиришга мақсадли йўналтирилсин;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган банк жиҳозлари ва техникаларини олиб кириш учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).


7. Халқ банки ижтимоий тўловлар олувчиларнинг хоҳишига кўра мазкур тўловларни халқаро тўлов тизими базасида миллий валютада амалга ошириш учун халқаро пластик карталарни муомалага чиқарсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг аҳолига пенсия, нафақа ва бошка ижтимоий тўловлар тўлаш учун Халқ банки филиалларига нақд пулни ташиш бўйича бепул хизмат кўрсатиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига бир ой муддатда микромолиявий хизматларнинг фоиз ставкаларини Микрокредитбанкнинг мазкур хизматларни кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритиш тавсия этилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги инновацион ечимлардан фойдаланиш ҳамда филиаллараро коммуникацияда ахборот хавфсизлиги даражасини сифатли ошириш имкониятини таъминлайдиган оптик толали ахборот-коммуникация тизимини жорий этишда Халқ банки ва Микрокредитбанк учун имтиёзли тарифлар қўлланишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Халқ банки ва Микрокредитбанкнинг ижтимоий рекламали ахборот бепул трансляция қилиниши ҳамда кенг ёритилишини, шунингдек, тижорат фаолияти билан боғлиқ реклама ва тематик лавҳалар учун трансляция қилиш нархидан 50 фоиз миқдорида имтиёз берилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Кузатув кенгашининг янгиланган таркиби иловага мувофиқ маъқуллансин.


14. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқ банки, Микрокредитбанк ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 4 майдаги

ПҚ-3694-сон карорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат

Халқ банки Кузатув кенгаши

ТАРКИБИ

     

Қўчқоров Ж.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири, Кузатув кенгаши раиси


Мирзаев M.M.

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари, Кузатув кенгаши раисининг ўринбосари


Турсунов Ё.Э.

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори


Хусанов Н.Ж.

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Молия бозори ва давлат активларидан даромадлар тушуми устидан назорат бошқармаси бошлиғи


Ибрагимов Д.К.

-

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Инвестиция лойиҳаларини экспертиза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари


       

Изоҳ: Кузатув кенгаши аьзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу ливозимларга янгидан тайинланган шахслар ёҳуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 7 май, 18-сон, 364-модда