язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик тўғрисида умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.05.2018 й. ПҚ-3723-сон "Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.05.2018 й.

N ПҚ-3723



ЖИНОЯТ ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ

ҚОНУНЧИЛИГИ ТИЗИМИНИ ТУБДАН

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигининг самарали тизимини яратиш давлатнинг қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари, тинчлик ва хавфсизликни ишончли ҳимоя қилиш бўйича устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, суд-тергов амалиёти таҳлили, шунингдек, халқ билан бевосита мулоқот натижалари ушбу соҳада бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди, хусусан:

биринчидан, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги;

иккинчидан, жиноятларни профилактика қилиш ва олдини олиш, шунингдек, фуқароларга юксак ҳуқуқий маданият ва қонунга ҳурмат ҳиссини сингдириш борасидаги ҳуқуқий механизмларнинг етарли даражада самарадор эмаслиги;

учинчидан, алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги;

тўртинчидан, тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши;

бешинчидан, халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмаганлиги, жумладан юридик шахслар жиноий жавобгарлигининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги.

Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:

жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш;

жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш;

фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш;

жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;

жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;

жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи "Электрон жиноят иши" дастлабки лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган жиноят ишларини юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:

жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув органларининг прокуратура органлари, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш;

ҳужжатнинг ягона идентификаторини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг суриштирув органлари, судлар, прокуратура органлари билан Интернет тармоғи орқали ахборот алмашинувини таъминлаш;

жиноят ишлари бўйича суриштирув амалиётида жиноят-процессуал ҳужжатларининг ягона электрон шаклини ишлаб чиқиш;

жиноят ишларини юритиш жараёнларини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритувда тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш орқали оптималлаштириш;

процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, жумладан электрон шаклда санкциялар олиш, далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштириш.


3. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб юритилади) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Идоралараро комиссия (О.Б. Муродов):

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш, шунингдек, "Электрон жиноят иши" дастлабки лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этсин ва уларнинг иш режаларини тасдиқласин;

2018 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод туманларида "Электрон жиноят иши" дастлабки лойиҳаси (кейинги ўринларда - дастлабки лойиҳа) амалга киритилсин;

2019 йил 1 октябрга қадар дастлабки лойиҳанинг синовлари натижаларидан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритуви жорий қилиниши муносабати билан жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

2019 йил 1 декабрга қадар ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаларини киритсин.

Ушбу бандда белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида:

жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи соҳасидаги илғор халқаро тажрибани, умумэътироф этилган норма ва стандартларни, жумладан жойларга чиққан ҳолда ўрганишни;

илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ташкил этишни таъминласин.


5. Дастлабки лойиҳа иштирокчилари рўйхати ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


6. Белгилаб қўйилсинки, дастлабки лойиҳани амалга ошириш доирасида:

бир вақтнинг ўзида ҳужжатларнинг қоғоз ва электрон шаклларидан фойдаланилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси "Электрон жиноят иши" лойиҳасининг амалга оширилиши ва юритилишига масъул бўлган ваколатли орган ҳисобланади;

иш ўринларини жиҳозлаш, ички локал-ҳисоблаш тармоқларини ташкил этиш тегишли вазирлик ва идоралар - дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

алоқа каналлари билан таъминлаш "Ўзбектелеком" АК томонидан Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

"Электрон жиноят иши" тизимини яратиш ва жорий этиш, уни дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг мавжуд ахборот тизимлари ва ресурслари билан интеграция қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш "UNICON.UZ" ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази билан биргаликда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.


7. Идоралараро комиссия раисига юклатилган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, республиканинг илмий ва таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар маслаҳатчиларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.


8. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу қарорнинг ўз вақтида ва самарали ижроси учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Идоралараро комиссияга хорижий мамлакатларга сафарларни ташкил этиш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашув ва музокараларни ўтказишда ҳар томонлама кўмаклашсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик ва идоралар ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий ва амалий чоралар кўрилишини таъминласин.


11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б. Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 майдаги

ПҚ-3723-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг

жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини

такомиллаштириш бўйича Идоралараро комиссия

ТАРКИБИ

      

1. О.Б. Муродов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Комиссия раиси

2. Б.М. Мавлонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари

3. Б.Ш. Мирбабаев

-

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси

4. К.Ф. Камилов

-

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

5. Д.Х. Игамов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати раисининг ўринбосари

6. П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири

7. Р.К. Давлетов

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири

8. М.Б. Азимов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

9. А.И. Ахмедходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

10. Ш.Ш. Садыков

-

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси

11. У.С. Мухамедов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари

12. Ш.А. Аминов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари

13. Е.С. Каньязов

-

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари - Тошкент давлат юридик университети ректори

14. Ж.А. Ачилов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи

15. У.Х. Мухамедов

-

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари

         

Изоҳ.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга тайинланганлар ёхуд тегишли функциялар бажарилиши юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 майдаги

ПҚ-3723-сон қарорига

3-ИЛОВА



Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод

туманларида "Электрон жиноят иши" дастлабки

лойиҳаси иштирокчиларининг

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси


2. Тошкент шаҳар Яккасарой туман прокуратураси


3. Тошкент шаҳар Миробод туман прокуратураси


4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар Яккасарой тумани бўлими

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар Миробод тумани бўлими

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси


8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Яккасарой тумани бўлими


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар Миробод тумани бўлими


10. Ўзбекистон Республикаси Олий суди


11. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой тумани суди


12. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани суди


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги


14. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси


15. Тошкент шаҳар Миробод тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси


17. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 14 майдаги

ПҚ-3723-сон қарорига

4-ИЛОВА



Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Миробод

туманларида "Электрон жиноят иши" дастлабки

лойиҳасини  амалга ошириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

        

T/p

Тадбирлар

Амалга ошириш

шакллари

Ижро муддатлари

Масъул

ижрочилар

I. ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР


1.

Суриштирув органлари билан муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида прокуратура, ИИВ, ДБҚ, суд органлари, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат юридик масалалар бўйича ишчи гуруҳи (1-ишчи гуруҳ) таркиби, иш режасини тасдиқлаш ва унинг устувор вазифаларини белгилаш.

1-ишчи гуруҳ таркиби

ва иш режасини

тасдиқлаш

Икки ҳафта

Комиссия (О. Муродов)

2.

Суриштирув органлари билан ташкилий-техник ҳамкорликни яратиш учун прокуратура, ИИВ, ДБҚ, суд органлари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "UNICON. UZ" ДУК, "Ўзбектелеком" АК, Мажбурий ижро бюроси АКТ жорий этиш Маркази вакилларидан иборат ишчи гуруҳи (2-ишчи гуруҳ) таркиби, иш режасини тасдиқлаш ва унинг устувор вазифаларини белгилаш.

2-ишчи гуруҳ таркиби

ва иш режасини

тасдиқлаш

Икки ҳафта

Комиссия (О. Муродов)

3.

Жиноят ишлари юритишни самарали рақамлаштиришни таъминлаш мақсадида қуйидагиларни ўрганишни назарда тутган ҳолда суд-тергов фаолиятини танқидий таҳлил қилиш:

суриштирувчилар томонидан амалга ошириладиган жиноят ишлари бўйича амалдаги жиноят-процессуал ишларини юритиш тартибини;

суриштирув органларининг давлат органлари, шунингдек бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тартибини;

прокурор ва суд органининг санкциясини олиш, шунингдек прокурор назоратини амалга ошириш тартибини;

суд муҳокамаси тартибини;

жиноят ишларини юритиш жараёнлари тартибини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича электрон иш юритувида тартиб-таомилларни қисқартириш ва ортиқча босқичларни чиқариб ташлаш йўли орқали оптималлаштириш нуқтаи назаридан;

суд қарорларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан амалдаги жиноий-ижро қилиш тартибини.

Таҳлилий

маълумотнома

2018 йил

1 июнга қадар

1-ишчи гуруҳ, манфаатдор

вазирлик ва идоралар

4.

Дастлабки лойиҳа иштирокчилари бўлган органларнинг ахборот-коммуникациявий инфратузилмасини, шу жумладан уларда қўлланилаётган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини танқидий ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш.

Таҳлилий

маълумот

2018 йил

1 июнга қадар

2-ишчи гуруҳ

5.

Жиноят ишларини юритишни рақамлаштириш учун керак бўлган техник ва дастурий воситаларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш.

Техник лойиҳани ишлаб чиқиб ва тасдиқлаш.

Техник лойиҳа

2018 йил

15 июнга қадар

2-ишчи гуруҳ,

"UNICON. UZ" ДУК,

Мажбурий ижро бюроси

АКТ жорий этиш маркази

6.

Жиноят процессини рақамлаштириш соҳасидаги хорижий давлатларнинг илғор халқаро тажрибасини, жумладан жойларга сафар қилиш орқали ўрганиш.

Таҳлилий

маълумот

2018 йил

1 июлга қадар

Комиссия (О. Муродов)

ТИВ (Б. Асадов)

7.

Қуйидагиларни назарда тутган ҳолда "Электрон жиноят иши" тизимини яратишнинг техник шартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

суриштирувни ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш тартибларини, шу жумладан, электрон шаклда санкциялар олиш, далилларни тўплаш, экспертизалар, суд муҳокамаси ўтказиш ва суд қарорларини ижро этиш орқали соддалаштиришни;

тергов ҳаракатларини амалга оширишда далилларни процессуал мустаҳкамлаш механизмларини;

тизимни суриштирув органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашувини;

жиноят иши бўйича далиллар ва процессуал ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларнинг тизимда ишончли ҳимояланишини таъминлаш, жиноят процесси босқичлари тўғрисидаги маълумотларга ҳимояланган тарздан киришни таъминлаш;

жиноят ишлари бўйича статистикани юритишни автоматлаштириш ва электрон хабар беришни жорий қилишни;

ҳужжатнинг ягона идентификаторини жорий этиш;

жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг қонуний вакилларини тизим билан ўзаро муносабатлари учун Интернет тармоғида веб-сайт яратиш;

суриштирув, прокуратура, суд органлари, Мажбурий ижро бюроси ходимларидан иборат бўлган тизим фойдаланувчилари учун идоралараро ҳимояланган веб-сайт яратиш.

Техник

топшириқ

2018 йил

1 августга қадар

"UNICON. UZ" ДУК,

1, 2-ишчи гуруҳлар,

Мажбурий ижро бюроси

АКТ жорий этиш маркази

8.

Жиноят ишлари бўйича иш юритишнинг электрон шаклини ва идоралараро ахборот алмашинувини жорий этиш, суриштирув иш юритувида жиноят-процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон шаклларини шакллантиришни кўзда тутувчи "Электрон жиноят иши" ахборот тизимини ишлаб чиқиш.

Ахборот тизимлари

комплекси

2018 йил

1 ноябрга қадар

"UNICON. UZ" ДУК,

1, 2-ишчи гуруҳлар,

Мажбурий ижро бюроси

АКТ жорий этиш маркази

9.

Дастлабки лойиҳа доирасида жиноят ишларини юритиш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш ва тизимдан фойдаланувчиларга етказиш, дастлабки лойиҳа иштирокчилари - органлар масъул ходимларини жиноят ишларини электрон юритиш бўйича ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича курслар ташкил этиш.

Услубий тавсиялар

Ўқув курслари

2018 йил 1 сентябрга қадар

1, 2 - ишчи гуруҳлар

10.

Фуқаролик жамияти институтлар, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар вакиллари ва хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот-анжуманлари ташкил этиш.

Учрашувлар,

семинарлар, давра

суҳбатлари ва

матбуот-анжуманлари

ташкил этиш

Дастлабки

лойиҳасини амалга

ошириш даврида

Комиссия (О. Муродов),

Дастлабки лойиҳа

иштирокчилари, манфаатдор

вазирлик ва идоралар

11.

Дастлабки лойиҳа иштирокчилари бўлган органларнинг ахборот-коммуникация инфратузилмасини республика миқёсида, шу жумладан уларда қўлланилаётган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини танқидий ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш.

Таҳлилий

маълумот

2019 йил

15 январга қадар

Комиссия (О. Муродов),

Дастлабки лойиҳа

иштирокчилари

12.

"Электрон жиноят иши" тизимини республика бўйича босқичма-босқич жорий этиш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш.

"Йўл харитаси"

лойиҳаси

2019 йил

1 мартга қадар

Комиссия (О. Муродов),

1, 2 - ишчи гуруҳ

II. ТАШКИЛИЙ-ТЕХНИК ТАДБИРЛАР

13.

Зарур компьютер ва офис техникаси, планшетлар, электрон рақамли имзо калитлари билан жиҳозланган ишчи ўринларини ташкил этиш.

Техник жиҳозланган

иш ўринлари

2018 йил

1 октябрга қадар

Комиссия (О. Муродов),

Дастлабки лойиҳа

иштирокчилари,

"UNICON. UZ" ДУК

14.

Дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг туманларда жойлашган органлари биноларигача оптик толали алоқа тармоқларини ўтказиш.

Оптик жиҳозларни сотиб олиш ва ўрнатиш.

Фойдаланишга

топшириш акти

2018 йил

1 ноябрга қадар

"Ўзбектелеком" АК

15.

Дастлабки лойиҳа иштирокчиларининг туманлар миқёсидаги органларининг ички локал ҳисоблаш тармоғини ташкил этиш (зарур бўлган тақдирда).

Фаолият юритаётган

тармоқ

2018 йил

1 ноябрга қадар

Манфаатдор вазирлик

ва идоралар

16.

Маълумотларни узатувчи ҳимояланган идоралараро тармоқ яратиш.

Фаолият юритаётган

тармоқ

2018 йил

15 ноябрга қадар

"Ўзбектелеком" АК

17.

"Электрон жиноят иши" тизимида жиноят иши материалларига нисбатан тегишли тарздаги электрон реквизитларни (имзо, муҳр, штамп ва бошқалар), шунингдек электрон процессуал ва бошқа электрон ҳужжатларнинг ягона шаклларини қўллаш.

Ахборот тизимлари

комплекси

2018 йил

1 декабрга қадар

1, 2 - ишчи гуруҳ,

"UNICON. UZ" ДУК,

Мажбурий ижро бюроси

АКТ жорий этиш маркази

18.

"Электрон жиноят иши" тизимини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида тизим серверини жойлаштирган ҳолда ишга тушириш.

Фаолият юритаётган

тизим (веб-сайтлар билан)

2018 йил

1 декабрга қадар

Комиссия (О. Муродов),

"UNICON. UZ" ДУК,

Мажбурий ижро бюроси

АКТ жорий этиш маркази,

2 - ишчи гуруҳ

        

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 май


"Халқ сўзи", 2018 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 21 май, 20-сон, 420-модда