язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Марказий банк, унинг таркибий бўлимлари ва муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.01.2018 й. ПФ-5296-сон "Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

09.01.2018 й.

N ПФ-5296



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Жаҳон молия тизимида юз бераётган жиддий ўзгаришлар, шунингдек мамлакатда миллий иқтисодиётни кенг кўламли ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар пул-кредит сиёсатини шакллантириш, амалга оширишда ҳамда банк тизимини янада ривожлантиришда янгича ёндашув ва принциплар қўлланилишини тақозо қилмоқда.

Холис тан олиш керакки, бугунги кунда пул-кредит сиёсати ва банкларни тартибга солишдаги имкониятлардан амалда тўлақонли фойдаланилмаяпти, пул-кредит инструментларининг лозим даражада ишлаши ва самарадорлигини таъминловчи трансмиссион механизмларнинг ривожланмаганлиги қўйилган мақсадларга эришишни қийинлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (кейинги ўринларда - Марказий банк) томонидан тижорат банкларининг бошқарув ва риск-менежменти сифатига таъсир қилиш механизмларининг такомиллашмаганлиги, банклар фаолиятига маъмурий аралашув амалиётининг давом этаётганлиги, айниқса, банклар томонидан ўз фаолиятига хос бўлмаган корхоналар ташкил этилиши, шунингдек уларнинг фаолият йўналишига мувофиқ бўлмаган вазифаларнинг юклатилиши банк назоратини таъсирчан амалга оширишни қийинлаштирмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, шунингдек пул-кредит сиёсати, умуман банк тизимининг барқарор фаолият кўрсатиши устидан самарали назоратни ва Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштиришни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагиларни таъминлаш Марказий банк фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишлари деб ҳисоблансин:

нархлар барқарорлиги;

банк тизими барқарорлиги ва ривожланиши;

тўлов тизими барқарорлиги ва ривожланиши.


2. Амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Марказий банк фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

биринчидан, асоссиз инфляцион кутилмаларни олдини олиш мақсадида инфляцион таргетлашнинг принцип ва механизмларини босқичма-босқич татбиқ қилиш билан пул-кредит сиёсати ва унинг инструментларини тубдан такомиллаштириш, ушбу усулга ўрта муддатли истиқболда тўлиқ ўтиш ва пул-кредит соҳасида амалга оширилаётган сиёсат ва чораларнинг шаффофлигини ошириш;

иккинчидан, инфляция омилларини чуқур ўрганиш ва тўлов балансини ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш тизимини тўлиқ шакллантириш асосида пул-кредит сиёсатини шакллантириш, қабул қилиш ва амалга ошириш услубларини такомиллаштириш мақсадида статистик, таҳлилий ва тадқиқот базасини ривожлантириш;

учинчидан, банк тизимини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини, шу жумладан тижорат банклар фаолиятида юзага келадиган муаммоларни дастлабки босқичларида аниқлаш ва уларни бартараф этувчи чоралар кўриш имконини берувчи тижорат банклар таваккалчилигини бошқариш ва баҳолаш тизимини такомиллаштириш;

тўртинчидан, ўрта ва узоқ муддат истиқболларда иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминловчи муҳим таркибий қисм сифатида банк тизимини ривожлантириш, тижорат банклар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро тўлиқ шериклик муносабатларини шакллантириш, аҳолининг банк тизимига ишончли институционал шерик сифатида ишончини мустаҳкамлаш учун рақобат шароитларни яратиш;

бешинчидан, тўлов тизимини янада ривожлантириш, шу жумладан реал вақт режимида тезкорлик билан ҳисобрақамларни бошқариш ва банк операцияларини ўтказиш имконини берувчи масофадан банк хизматлари кўрсатган ҳолда тижорат банкларининг самарали ахборот алмашинуви тизимини ташкил этиш;

олтинчидан, нобанк кредит ташкилотларининг молиявий барқарорлигини кучайтириш, шунингдек уларнинг фаолияти устидан назоратни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

еттинчидан, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий очиқликни ва уларнинг саводхонлик даражасини ошириш.


3. Қуйидагилар:

асосий вазифалари тегишлича банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, омонатчилар ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва Марказий банкнинг пул-кредит операцияларини ўтказиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш бўлиб ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси ва Кредит қўмитаси;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш департаменти негизида асосий вазифаси банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий очиқликни ва уларнинг саводхонлик даражасини ошириш бўлиб ҳисобланган Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг:

Республика банк кенгашини тугатиш;

Республика пул-кредит сиёсати комиссиясини тугатиш;

Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссиясини тугатиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Ўзбекистон Республикаси молия секторини ривожлантириш бўйича агентлиги" давлат унитар корхонасини тугатиш;

Марказий банк раиси ўринбосарига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Республика инкассация хизмати фаолиятига бевосита раҳбарлик қилишни юклаш амалиётини бекор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги бош директори лавозимини вазир ўринбосари лавозими мақомига тенглаштирган ҳолда, Марказий банк Раиси ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги бош директори лавозимини тугатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


5. Марказий банк фаолиятининг тасдиқланган устувор йўналишларини ва бошқарув тизими оптималлашганини ҳисобга олган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ташкилий тузилмаси ҳамда унинг марказий аппаратининг тузилмаси 1- ва 2-иловаларга* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича бош бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


6. Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ:

Марказий банк бошқаруви зарур ҳолларда Марказий банкнинг штатлар жадвалига, ташкилий тузилмасига, унинг марказий аппарати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича бош бошқармалари тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга эканлиги;

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳисобдорлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мутасаддилик қиладиган давлат органлари рўйхатидан чиқарилсин.


7. Марказий банк 2018-2019 йилларда ходимларнинг оқилона танловини, жой-жойига қўйиш ва ротациясини, кадрлар захирасини сифатли шакллантиришни, шунингдек ходимларнинг меҳнати самарадорлиги ва мотивациясини оширишни таъминловчи замонавий кадрлар хизматини босқичма-босқич жорий қилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сон "Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон "Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ:

а) қуйидагилар:

2017-2021 йилларда илғор банк амалиёти асосида банк-молия тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари комплекси;

2017-2021 йилларда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш ҳамда инфляциявий таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари комплекси тасдиқланганлиги;

б) Марказий банк, тижорат банклари, масалага алоқадор вазирлик ва идоралар зиммасига мазкур чора-тадбирлар комплексларида кўзда тутилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсан жавобгарлик юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


9. Марказий банк:

нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ликвидлик бериш ва қайтаришнинг замонавий турлари, механизмлари ва усулларини жорий қилган ҳолда пул-кредит сиёсати инструментларининг таъсирчанлигини ошириш чоралари кўрилишини;

жамоатчилик ва бизнес муҳитининг пул-кредит сиёсатидан хабардорлиги ва тушуниш даражасини оширишга йўналтирилган аниқ ахборот-коммуникацион сиёсат олиб борилишини;

Ўзбекистон Республикаси тўлов балансининг Халқаро валюта фонди методологиясига мувофиқ ҳисоби ва таҳлили тизимли асосда юритилишини;

банк тизимидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида инновацион технологиялардан кенг фойдаланилишини;

банклар томонидан иқтисодий нормативлар бажарилиши устидан, шу жумладан капитал етарлилиги, банк назоратининг халқаро тамойиллари талаблари доирасида белгиланган ликвидлилик бўйича таъсирчан назорат амалга оширилишини;

банк таваккалчиликларини баҳолашнинг замонавий тизимлари жорий қилинишини;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни замонавий банк хизматларини кўрсатиш учун тўсиқларни бартараф этиш ва шароит яратиш, шу жумладан чакана хизматларга ихтисослашган "рақамли" банклар ва банк бўлинмаларини ташкил этиш, инновацион банк технологияларидан фаол фойдаланган ҳолда масофавий банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш мақсадида танқидий қайта кўриб чиқилишини таъминласин.


10. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ:

банкрот деб эълон қилинган ёки кредит бўйича узилмаган қарздорлиги мавжуд корхоналарни тижорат банклари мулкига ўтказиш тартиби бекор қилинади;

бошқарув компаниялари, инвестицион компания ва фондлар, шунингдек банк фаолиятига хос бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар устав фондларида банкларнинг иштироки тақиқланади.


11. Марказий банк 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар илғор хорижий тажриба ва умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни чуқур ўрганиш, ихтисослашган халқаро молия институтларининг тегишли эксперт хулосалари асосида Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги хамда "Банк ва банклар фаолияти тўғрисида"ги қонунлари лойиҳаларини янги таҳрирда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки устав капиталидаги Марказий банк улушини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Марказий банк ходимларини тижорат банклари, хўжалик бошқарув органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига киритилишини тақиқлашни назарда тутувчи тартибни жорий қилиш;

Марказий банкнинг фаолият юритишини таъминловчи ўз идоравий бўйсунувидаги корхона ва ташкилотларнинг тегишли тузилмавий бўлинмаларини Марказий банк, шунингдек унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича бош бошқармалари ҳудуди ва биноларида бепул жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


13. Марказий банк бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси ва Кредит қўмитаси тўғрисидаги низомлар ҳамда уларнинг таркибини;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хизмати тўғрисидаги низомни;

Марказий банкнинг фаолият юритишини таъминловчи ўз идоравий бўйсунувидаги корхона ва ташкилотлар фаолияти ва бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


16. Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев



*) 1 - 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 9 январдаги

ПФ-5296-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритиладиган

ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 28 октябрдаги ПФ-1875-сон "Капитал қурилишни ташкил этишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" Фармонининг 2-бандидан "(Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси)" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 31 октябрдаги ПФ-3346-сон "Қимматбаҳо металлар харид қилиш, сақлаш ва сотиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонининг 3-банди тўртинчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раисининг ўринбосари ҳисобланади" деган сўзлар "мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 июлдаги ПҚ-1373-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Навоий кон-металлургия комбинати Кузатув кенгашини ташкил этиш тўғрисида" 2008 йил 3 мартдаги ПҚ-809-сонли қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қарори иловасининг ўн биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Сабиров Б.Б. - Қимматбаҳо металлар агентлиги бош директори".


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 ноябрдаги ПҚ-3388-сон "2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 5-иловасининг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Сабиров Б.Б. - Қимматбаҳо металлар агентлиги бош директори".






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 9 январдаги

ПФ-5296-сон Фармонига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган ҳужжатлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 8 ноябрдаги ПФ-985-сон "Ички бозорни дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан тўлдиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонининг 3-банди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 27 июндаги ПФ-1193-сон "Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг ички эркин алмаштирилишини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 4-банди, шунингдек унга илова.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 11 июлдаги ПФ-1492-сон "Республика пул-кредит сиёсати комиссияси таркиби тўғрисида"ги Фармони.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 18 февралдаги ПФ-1710-сон "Ўзбекинвест" экспорт-импорт миллий суғурта компаниясини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармонининг 4-банди.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 1 августдаги ПФ-1827-сон "Республика пул-кредит сиёсати комиссияси таркибини ўзгартириш тўғрисида"ги Фармони.


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 29 сентябрдаги ПФ-2720-сон "Айрим комиссияларнинг таркибини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармонига 9-илова.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 5 декабрдаги ПФ-2772-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармонига илованинг 2-бандини "б" кичик банди.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 2 октябрдаги ПФ-3143-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Фармони.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 15 ноябрдаги ПФ-3162-сон "Республика банк кенгашини тузиш тўғрисида"ги Фармони.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 1 октябрдаги ПФ-3323-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги Фармонининг 1-банди тўртинчи хатбоши.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 27 февралдаги ПФ-4087-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармонига илованинг 1 ва 2-бандлари.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 апрелдаги ПФ-4215-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Фармонига 2-илованинг 31 ва 33-бандлари.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 15 апрелдаги ПҚ-57-сон "Нақд пул муомаласини такомиллаштириш ва банкдан ташқари айланмани қисқартириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 4-банди.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 13 июндаги ПҚ-97-сон "2005 йилда Тошкент шаҳрида қурилиш ва реконструкция қилиш объектларини қўшимча молиялаштириш манбалари тўғрисида"ги қарорининг 7-банди.


15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 5 августдаги ПҚ-147-сон "Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида"ги қарорига илованинг 7-банди.


16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 27 мартдаги ПҚ-822-сон "Нақд пул маблағларини жалб қилиш ва унга бўлган эҳтиёжни таъминлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 4-банди.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 мартдаги ПҚ-2137-сон "Қурилиш ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 8-банди.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 октябрдаги ПҚ-3309-сон "Автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорининг 12-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 10 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 15 январь, 2-сон, 25-модда